17.10.2013

АХБОРОТ ОЛИШ ЭРКИНЛИГИ КЕНГАЙМОҚДА

Бу фуқароларнинг ижтимоий фаоллиги ошишига хизмат қилади

Ахборот олиш ҳуқуқи ҳар қандай ҳуқуқий демократик давлатнинг фундаментал асосини ташкил этади. Давлат ҳокимияти ва бош­қаруви органлари фаолияти юзасидан ахборотга эга бўлиш кишиларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинлигини рўёбга чиқариш, манфаат­ларини таъминлашга, давлат ҳам­да жамият бошқарувида иштирокини фаоллаштиришга хиз­мат қи­лади. Жисмоний ва юридик шахслар давлат ҳо­кимияти ҳамда бош­қаруви органлари фаолияти тўғрисидаги ахборотни ҳеч қандай монеликсиз олиши, улар фаолияти устидан жамоатчилик назорати самарали амалга оширилишига хизмат қилади.

Маълумки, Бухоро ҳамда Самарқанд вилоятларида «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви ор­ганлари фаолиятининг очиқ­лиги тўғрисида»ги Қонун ло­йиҳаси синови бўйича ҳуқуқий эксперимент ўтказилаяпти. Қо­нун лойиҳасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ўзлари қабул қиладиган қарорлар юзасидан масъу­лиятини ошириш, фаолияти тўғ­рисидаги ахборотдан юридик ва жисмоний шахслар кенг фойдалана олишларини таъминлаш, фуқароларнинг ахборот олиш бўйича конституциявий ҳуқуқини амалга ошириш шаклларини кенгайтириш каби асосий вазифалар белгиланган. Бу Конституциямизнинг 30-моддасида мустаҳкамлаб қўйилганидек, яъни барча давлат органлари, жамоат бирлаш­малари ва мансабдор шахс­ларнинг фуқароларга уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор бўлган ҳужжатлар, қа­рорлар ва бошқа материаллар билан танишиб чиқиш имко­ниятини яратиб бериш мажбуриятидан келиб чиқади. Таъкидлаш жоизки, мазкур қонун лойиҳасида белгиланган вазифалар Ўзбекистон Халқ демократик партияси дастурий мақсадларига ҳамоҳангдир.

Давлат органлари фаолияти ҳақида энг тезкор ва батафсил маълумот тақдим этиш манбаларидан бири расмий веб-сайтлар ҳисобланади. Қонун лойиҳаси талабларидан келиб чиқиб, расмий веб-сайт­ларда жойлаштириладиган ахборотлар барча фуқаролар, жумладан, ЎзХДП электорати учун ҳам жуда муҳим аҳамиятга эга. Чунки давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фао­лияти бўйича ахборот сўраб мурожаат этган фуқаро батафсил маълумот олишга интилади. Бунда ахборотдан фойдаланувчи нафақат давлат органининг вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, раҳбарияти, фуқароларни қабул қилиш тартиби ҳақида ахборот олади, балки мазкур давлат ҳокимияти ва бошқаруви органи томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, уларнинг матнлари, кўрсатиладиган хизматларнинг рўйхати, хизмат кўрсатиш тартиби, таҳлилий маърузалар, ахборот тусидаги шарҳлар, ваколатига тааллуқли вазифаларнинг амалга оширилиши, шунингдек, ҳисобот давридаги фаолияти, режалари ҳақидаги маълумотлар, танловлар, аукционлар ва бошқа тадбирлар тўғрисидаги ахборотлардан фойдаланиш ҳуқу­қига ҳам эга.

Президентимизнинг 2013 йил 20 мартдаги «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси синови бўйича ҳуқуқий эксперимент ўтказиш ҳақида»ги Фармойишига мувофиқ, ҳуқуқий эксперимент субъектларига тегишли веб-сайтлар сони Самар­қанд вилоятида 27 тадан 83 тага, Бухоро вилоятида эса 28 тадан 56 тага ўсди.

Ҳуқуқий тажриба давомида Самарқанд ва Бухоро вилоятлари давлат органлари веб-сайтларида фуқаролар билан қайта алоқа ривожланди. Шундай қилиб, ҳуқуқий эксперимент ўтказиш жараёнида фуқаролар ҳамда давлат органлари ўзаро ахборот алмашувининг электрон базаси вужудга келди. Самарқанд вилоят ҳокимлиги веб-сайтига бир ойда ўртача 12,5 минг кириш қайд этилган. Бу ўтган йилга нисбатан 1,8 маротаба кўпдир. Бухоро вилояти ҳокимлиги веб-сайтига кириш эса 1,4 мартага ошди.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг расмий веб-сайтларини ривожлантиришнинг яна бир муҳим аҳамиятга эга жиҳати шундаки, улар орқали фуқаролар интерактив давлат хизматларидан унумли фойдаланишлари мумкин. Агар сайтдан фойдаланувчи ўзини қизиқтирган бирон-бир маълумотни топа олмаса, у сайт орқали мурожаат қилиш ёки сўров йўллаш имкониятига эга. Албатта, сўровлар ўрнатилган тартибда қайд этилиши ва расмийлаштирилиши лозим. Шунингдек, қонун лойиҳасида белгиланган муддатларда уларга жавоб қайтарилиши қатъий белгилаб қўйилмоқда. Бундай нормалар Ўзбекистон ХДП электоратининг ижтимоий соҳага тааллуқли сўровларига жавоб олиш учун ҳам катта имконият яратади.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, жисмоний ва юридик шахс­лар, оммавий ахборот воситаларининг сўровлари асосида тегишли муддатдан кечиктирмасдан оғзаки, ёзма шаклда ахборот тақдим этиш қонун ло­йиҳасида белгиланган давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашга қаратилган усуллардан яна биридир.

Мазкур усулни самарали амалга ошириш Ўзбекистон Халқ демократик партияси дас­турий мақсадларини ҳаётга чуқурроқ татбиқ этиш борасида қўшимча имконият яратади. Чунки фуқаро мурожаати ва сў­ровига давлат органлари бефарқ бўлмаслиги, ўз вақтида жавоб қайтариши демокра­тиянинг асосий тамойилларидан келиб чиқади.

Шу кунга қадар Бухоро вилоя­ти ҳокимлигига 183 та, шаҳар, туман ҳокимликларига 316 та, корхона ва ташкилотларга 1014 та, жами 1 513 та, Самарқанд вилояти бўйича жами 2836 та сўров келиб тушган ҳамда уларга қонун лойиҳасида белгиланган тартибда жавоблар қайтарилган.

Ҳуқуқий экспериментнинг асо­сий босқичи давомида қо­нун лойиҳасида сўровларга жавоб қайтариш учун белгиланган муддатлар юзасидан пар­тиямиз электорати томонидан хилма-хил фикрлар айтилмоқда. Масалан, шошилинч сўровларга тезда жавоб қайтариш ҳақида меъёр киритиш таклиф этилмоқда. Олайлик, оммавий ахборот воситалари томонидан бериладиган шундай сўровлар бўладики, уларга жавоб бериш учун белгиланган етти кун муддат ахборотнинг эскириб қолишига олиб келади. Шундай ҳо­латларни инобатга олиб, қонун лойиҳасида тезкорликни талаб қилувчи сўровлар тушунчасини кўрсатган ҳолда сўровга жавоб бериш муддатларини қайта кў­риб чиқиш юзасидан таклифлар ўртага ташлашмоқда.

Ахборот тайёрлаш ва тарқатиш, оммавий ахборот восита­лари ҳамда жамоатчилик билан ишлашда ахборот хизмати алоҳида ўрин эгаллайди. Ахборот хизматининг фаолияти тегишли идора ёки ташкилот иши ҳақида аҳолини хабардор этиш, жамоатчилик фикрини шакллантиришдан иборатдир. Бундан ташқари, идоранинг матбуот билан муносабатларини ҳам ахборот хизмати йўлга қўяди. «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолия­тининг очиқлиги тўғрисида»ги Қонун лойиҳасида ахборот хизматларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, мақсад ва вазифалари акс эттирилган. Ҳуқу­қий эксперимент ўтказилаёт­ган Са­марқанд ва Бухоро вилоятларининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ах­борот хизматлари фаолияти­да ўтган етти ой давомида бир қатор ижо­бий натижаларга эри­шилди.

Биргина Бухоро вилояти мисолида таҳлил этадиган бўлсак, ҳудуддаги 89 та давлат ҳокимияти ва бошқаруви органида ахборот хизматлари ташкил эти­либ, уларнинг моддий-техника базаси шакллантирилди, тегишли кадрлар бириктирилди.

Самарқанд вилоятида фаолият юритаётган 91 та давлат ҳо­кимияти ва бошқаруви органида ҳам ахборот хизматларининг самарали ишлаши учун барча шарт-шароитлар яратилган. Таҳлиллар бундай чора-тадбирлар натижасида фуқароларнинг ахборот олиш эркинликлари кенгаяётгани, бу фуқароларнинг ижтимоий фаол­лиги ошишига хизмат қилаётганини кўрсатмоқда.

Шу ўринда таъкидлаш ўринлики, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши ҳуқуқий эксперимент ўт­казилаётган вилоятларда пар­тиямиз фаоллари ва маҳаллий Кенгашлардаги депутатларининг қонун лойиҳаси синовида фаол иштирокини таъминлаш бўйича қатор чора-тадбирлар белгиламоқда. Шунингдек, ҳу­қуқий эксперимент жараёни­да вужудга келган таклиф ва фикр-мулоҳазаларни умумлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Бу эса қонун лойиҳаси нормаларини янада такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этади.

Дилбар ХОЛИҚОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси.



DB query error.
Please try later.