Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Noyabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 31 1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 1 2
17.10.2013

КУРАШИШ ЎЗБЕКЛАРНИНГ ҚОНИДА БОР

Бу Украина кураш федерацияси президенти Владимир МАЧУГИНнинг фикри

— Владимир Михайлович, ўзбек кураши ҳақидаги илк таассуротларингиз қачон пайдо бўлган?

— Болалигимдан турли спорт нашр­ларини кузатиб бораман. Махсус журналлардан бирида биринчи марта ўзбек кураши ҳақида ўқиганман. Бундан таш­қари, Анатолий Харлампиев ҳақидаги «Енгилмас» бадиий фильми менинг таассуротларимни тўлдирган эди. У ўтган аср­нинг 20-йилларида самбони яратиш орзусида юрган пайтида, Марказий Осиёга боради ва ўзбек кураши сир-синоатларини ўрганади.

Јолаверса, Кураш халқаро ассо­циа­цияси президенти Комил Юсупов ҳам менга кураш ҳақида жуда кўп маълумотлар берган.

Лекин ўзим спорт билан шуғулланиб юрган пайтимда кураш тўгараги йўқ бўлганидан афсусланаман. Мен самбо бўйича спорт устасиман. Юқорида айтганимдек, самбо асосчиси Харлампиев жуда кўп усулларни курашдан олган. Шунга таяниб айтаманки, мен ўша йилларда курашга оид бўлган кўплаб усулларни қўллаганман. Ҳозир шахсан ўзим Киевда спортчиларни кураш билан шуғуллантираман.

Профессионал спортчи сифатида айтинг-чи, ўзбек курашининг ўзига хос қандай жиҳатлари бор?

— Кураш — жуда ҳам қизиқарли, томошабоп спорт тури. У нафақат шуғулланувчилар, балки томошабинларга ҳам завқ-шавқ улашади. Курашчилар ўртасидаги баҳс ўта муросасиз кечади. Бунинг асосий сабабларидан бири бошқа кураш турларидан фарқ­ли ўлароқ, ўзбек курашида тик ҳолатда беллашув олиб борилади. Курашчилар ўзларининг кучини, абжирлигини, олишув олиб бориш санъатини кўрсатиши керак. Чиройли ва техник жиҳатдан мукаммал бажарилган усуллар ғалаба келтиради. Яна бир аҳамиятли томони, барчага маълум — ўзбек курашида бўғиш, оғриқли усуллар қўлланилмайди.

— Украина кураш федерациясининг бугунги фаолияти билан таништирсангиз?

— 2008 йилда Украина Оила, ёшлар ва спорт вазирлиги томонидан кураш расман юртимиздаги спорт турлари қаторига киритилди. Федерациямиз Украинада курашнинг ривожланиши ва оммалашуви йўлида катта ишларни олиб бормоқда. Айни пайтда Интернетда ўзимизнинг веб-сайтимиз бор, информацион буклетлар чиқар­япмиз, турли фестивалларда асосан ёшлар ва ўсмирлар жамоаси билан қатнашяпмиз. Бу йил жанг санъати олимпиадасида тўртинчи бор қатнашдик. Февраль ойида вазирлигимиз ёшлар ва ўсмирлар мактаблари учун кураш ўқув дастурини тасдиқлади. Биз ҳозирда спорт мактабларида кураш бўлимини очиш юзасидан иш олиб боряпмиз. Бу Украина курашчиларини болаликдан тарбиялаш йўлида асосий омиллардан бири бўлади. Ҳар йили юртимизда ўтказиладиган жисмоний тарбия ва спорт мусобақаларининг йиллик календари тузилади. Ундан кураш мусобақалари ҳам ўрин олади.

Федерациямиз томонидан катталар, ёшлар, ўсмирлар ва болалар ўртасида Украина чемпионати мунтазам ўтказиб келинмоқда. Катталар ўртасида Украина кубоги ҳам шулар жумласига киради. Мазкур турнирларда юртимизнинг турли минтақаларидаги спорт уюшмаларидан курашчилар иштирок этади. Јисқа қилиб айтганда, бу 100 нафардан 300 нафаргача спортчи иштирок этадиган ҳақиқий мусобақадир. Ушбу мусобақалар ғолибларига «Кураш бўйича Украина спорт устаси», «Кураш бўйича Украина спорт усталигига номзод» унвонлари, турли разрядлар берилади.

Шу билан бир қаторда, бизнинг спортчиларимиз Кураш халқаро ассоциацияси томонидан ҳар йили ўтказиб келинадиган халқаро мусобақаларда иштирок этишади. 2009 йилда ватандошимиз Галина Коваль кураш бўйича жаҳон чемпиони бўлди. 2005 ва 2007 йилларда эса у жаҳон чемпионати совриндори бўлганди. Спортчиларимиз Нугзар Месаблишвили 2005 йилда, Денис Белецкий эса 2006 йилда ёшлар ўртасида жаҳон чемпионатларида совринли ўринларни қўлга киритишди. 2007 йилда фахрийларимиз Василий Болотов ва Николай Шарилев жаҳон чемпиони бўлишди. Бизнинг сўнгги яхши натижамиз 2011 йилда қайд этилди — Ўзбекистонда бўлган жаҳон чемпионатида Антонина Хруленко 3-ўринни қўлга киритди. Афсуски, 2012 йилда айрим сабабларга кўра, Буюк Британиядаги жаҳон чемпионатига бора олмадик. Шунга қарамай, 2013 йилда Туркиянинг Истанбул шаҳрида бўладиган жаҳон чемпионатида курашишга, совринли ўринлар учун даъвогарлик қилишга тайёрмиз.

— Курашнинг келажаги ҳақида нима дея оласиз?

— Халқаро спорт турлари қаторига кирган ўзбек кураши ҳали анча ёш, унинг тан олинганига энди 15 йил бўлди. Бироқ шу ўтган давр ичида кураш дунёнинг 5 та қитъасига кириб борди. 2003 йилда кураш расман Осиё ўйинлари рўйхатига киритилди. Бу катта ютуқдир. Куни кеча Осиё Олимпия қўмитаси томонидан 2014 йилда Таиландда пляж спорт турлари бўйича ўтказиладиган Осиё ўйинлари рўйхатида кураш борлиги маълум қилинди. Бу бутун дунё кураш мухлисларини жуда қувонтирди. Биз айни пайт­да ўзбек кураши олимпиада спорт турлари қаторидан жой олишини истаймиз ва бу воқеа яқин йилларда амалга ошишидан умидвормиз. Бу йўлдаги ҳаракатларни эса сира тўхтатмаймиз.

— Сўнгги йилларда қайси давлатларда кураш тез ривожланмоқда?

Ҳозирда кураш дунёнинг 121 давлатига кириб борди. Билишим бўйича, сўнгги йилларда Африкада жуда тез суръатларда ривожланмоқда. У ерда асосан ёшлар шуғулланмоқда. Африка континентал кураш конфедерациясининг ишлари мақтовга лойиқ.

Илгари кураш бўйича мусобақаларда ўзбекистонлик спортчилар яққол устунлик билан чемпион бўларди. Эндиликда рақобат асосан қайси давлатлар ўртасида бормоқда?

— Украиналик спортчилар ҳали-ҳануз ўзбек курашчиларини кучли рақиб деб ҳисоблайди. Ахир курашиш ўзбекларнинг қонида бор. Сўнгги йилларда Мўғулистон, ЖАР, Јозоғистон, Япония ва Эрон курашчилари кучли рақобатни юзага келтирмоқда. Умуман олганда, ҳозирда жаҳоннинг турли мамлакатларида кўплаб кучли спортчилар бор.

— 13-14 сентябрь кунлари «Украина спорти ва спорт индус­т­рияси» кўргазмасида ўзбек кураши ҳам намойиш этилди. Шу ҳақда тўхталсангиз?

— Киевдаги «Украина уйи» кўргазмалар марказидаги намойишда Олимпиада ўйинлари таркибига киритилган ва киритилмаган спорт турлари бўйича федерациялар иштирок этди. Украина кураш федерацияси бу кўргазмада ўзбек кураши ва унинг ривожи бўйича қилинаётган ишларни намойиш этди. Айтиш керакки, бу анжуман юртимизда илк бор ташкил этилди.

Биз курашни борлигича кўрсатишга ҳаракат қилдик. Бунда турли экс­позициялар ташкил этилди. Кўргазмага ташриф буюрганлар кураш тарихи, унинг халқаро миқёсдаги ва Украинадаги тараққиёти билан танишди. Мактаб ўқувчиларига федерациямиз рамзи туширилган суратлар ва кураш ҳақида маълумотлар йиғилган буклетлар тақдим этдик. Шунингдек, кўргазмада қатнашган федерациялар алоҳида залда ва «Украина уйи»нинг майдончасида Украина терма жамоаси аъзолари иштирокида кўргазмали чиқишлар ҳам намойиш этишди.

14 сентябрь куни кўргазмага Киев шаҳар давлат маъмурияти бошлиғи Александр Попов ташриф буюрди. У ўзбек кураши ҳақидаги маълумотларни катта қизиқиш билан тинглади, Украина кураш федерацияси фаолияти билан танишди. Суҳбат сўнгида у федерациямиз ишларига юксак баҳо берди.

— Ўзбекистонда дўстларингиз кўпми?

— Курашчилар даврасида ўтган давр ичида Ўзбекистонда кўплаб дўстлар орттирдим. Ўзбеклар — очиқ­кўнгил ва меҳмондўст халқ. Ўзбекистон менга жуда ҳам ёқади. Юртингизга борар эканман, худди қариндошларимникига кетаётгандек сезаман ўзимни.

Мен ўзимни Ўзбекистоннинг дўсти деб ҳисоблайман ва бу юртни чин дилимдан севишимни айтмоқчиман. Кураш халқаро ассоциацияси томонидан менга билдирилган юксак ишончни оқлашга, Украинада курашнинг ривожига ўзимнинг муносиб ҳиссамни қўшишга ҳаракат қиламан.

«Ўзбекистон овози» мухбири

Темур АЪЗАМ суҳбатлашди. 



DB query error.
Please try later.