15.10.2013

ЖАМИЯТНИНГ ЕТАКЧИ КУЧИ

Ундан оқилона фойдаланиш партиямиз мақсадларини рўёбга чиқаришга хизмат қилади

Ўзбекистон Халқ демократик партияси ўз Дастурида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, оилада ва жамиятда муносиб ўрин топишига кўмаклашишни устувор вазифалар сифатида белгилаган. Айни пайт­да бу мақсадлар партия ташкилотлари, «Фаол аёллар» қа­ноти орқали амалга ошириб келинмоқда.

Хотин-қизларнинг манфаатини ҳимоя қилиш, ижтимоий фаол­лигини ошириш, элу-юрт тараққиё­тига муносиб ҳисса қўшиши учун кенг йўл очиб беришга кўмаклашиш Ўзбекистон Халқ демократик пар­тиясининг дастурий мақсадларидан ҳисобланади.

Шу боис хотин-қизларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимини мустаҳ­камлаш, ижтимоий фаоллигини ошириш керак бўлади. Айни чоғда партия дастурий мақсад ва ва­зифаларини амалга оширишда улар кучидан самарали фойда­ланиш зарур. ЎзХДП Марказий Кенгаши «Фаол аёллар» қаноти ташкил этган икки кунлик семинарда бу борада батафсил сўз юритилди.

Семинар очилишида иштирок этган ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси Ҳотамжон Кетмонов масаланинг асосий жиҳатларига эътибор қаратди.

— Давлат ва жамият бошқарувини демократлаштиришда хотин-қизлар иштирокини кучайтириш муҳим аҳамиятга эга, — деди у. — Партиямизнинг 2011-2014 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастурида ҳам хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг бандлигини таъминлаш, касаначилик асосида меҳнат қилувчи аёлларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш каби муҳим вазифалар белгиланган. Жойларда ўтказилаётган бугунгидек амалий тадбирлар, учрашувлар бу вазифалар ижросини таъминлашга қаратилмоқда.

Бугун жамиятнинг бирор соҳаси йўқки, унда хотин-қизларнинг иштироки бўлмаса. 2006 йилдан буён партия тизимида «Фаол аёллар» қаноти фаолият юритиб келаяпти. Партия аъзоларининг 158 минг нафардан ортиғини аёллар ташкил этаётгани ҳам хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ошиб бораётганига мисол бўлади. 2009 йилги сайлов натижаларига кўра, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига партиямиздан 8 нафар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамда халқ депутатлари вилоят Кенгашларига 43, туман Кенгашларига 384 нафар хотин-қиз депутат этиб сайлангани вакиллик ҳокимияти, сиёсат майдонида ҳам хотин-қизларнинг ўз ўрни борлигини кўрсатади.

Мазкур семинар фаол аёлларимиз учун тажриба алмашиш, қанот фаолиятини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади. Чунки ҳар битта вилоятнинг ўз тажрибаси бор. Илғор тажрибаларни ўрганиб, уларни ҳудудларда тарғиб этиш фаолиятимиз самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.

Комила КАРОМОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Давлат ва жамият бошқарувида хотин-қизларнинг ўрни ва ролини ошириш, оилаларни мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини ҳаммамиз ўз ҳаётимиз мисолида кўриб турибмиз. Биз депутатлар мана шу ишларни аҳоли орасида кенг тарғиб қилиш, аҳоли, айниқса, хотин-қизларни мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳияти билан яқиндан таништиришга алоҳида эътибор бериб келяпмиз. Қолаверса, учрашувларда аёлларни ўйлантираётган, қизиқтираётган масалалар хусусида фикр алмашиб, муаммолар ечими бўйича ҳаётий таклифлар тайёрланяпти. Партиямиз сафидаги депутат аёллар ва «Фаол аёллар» қаноти етакчилари куч ва имкониятларини бирлаштирсак, жамиятда хотин-қизлар нуфузини ошириш ишларига муносиб ҳисса қўшишга эришамиз.

Жамила ШУКУРАЛИЕВА, «Фаол аёллар» қаноти Жиззах вилоят бўлими етакчиси:

— Вилоятимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаолли­гини ошириш, иқтисодий-ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш, улар­ни оилавий тадбиркорлик ва касаначиликка жалб этиш ҳамда ижтимоий-маиший шароитларини янада яхшилаш мақсадида қанотимиз ташаббуси билан қатор тад­бирлар ташкил этилди. Масалан, «Мустаҳкам оила — жамият таянчи» ҳамда «Аёллар бандлиги — обод турмуш гарови» лойиҳалари доирасида амалий тадбирлар ўтказилди. Жумладан, депутатлар, қанот етакчилари Меҳнат ва аҳо­лини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармаси билан ҳамкорлигида 81 нафар хотин-қиз ишга жойлаштирилди, ижтимоий нафақалар ўз вақтида олинишида амалий кўмак берилди ва 63 нафар оилага моддий ёрдам кўрсатилди. 7 нафар хотин-қизга ўз ишини бошлаши учун имтиёзли кредит олиши учун ёрдам кўрсатилди.

Бу йўналишдаги ишларимизни янада кучайтиришда бугунги семинар айни муддао бўлди. Тажриба алмашиш жараёнида хотин-қизларнинг қизиқиш ва имкониятларини тўғри йўналтириш, уларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ижтимоий ҳимоялаш бўйича аниқ тавсияларга эга бўлдим. Вилоятимизнинг барча ҳудудларида мазкур йўналишдаги семинарларни ташкил этсак, бу — аёллар орасидан етакчилик салоҳиятига эга бўлганларни аниқлаш, уларнинг келгусида партия ташкилотларида ишлаш, депутатликка номзод сифатида тайёрлаш, партия дастурий мақсадлари тарғиботини кучайтиришга хизмат қилади.

Барно СОЛИЕВА, «Фаол аёллар» қаноти Андижон вилоят бўлими етакчиси:

— Аёлларнинг ижтимоий-сиёсий жараёнларда фаол иштироки улар билан боғлиқ муаммоларни самарали ҳал этиш имконини кенгайтиради. Чунки хотин-қизлар бу борада ҳаётий таклифларни илгари суради. Шу боис, партия­миз тизимида хотин-қизлар фаоллигини оширишга бағишланган тадбирлар таъсирчанлиги ва изчиллигига алоҳида эътибор қаратяпмиз.

Жойларда ташкил этилаётган семинар-тренинглар, сиёсий ўқувларда қа­нот аъзолари катта қизиқиш билан иштирок этиб, мавзу бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирмоқда. Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий жараёнларга фаол жалб этишда, мустаҳкам фуқаролик позициясини шакл­лантиришда бу муҳим аҳамиятга эга.

Тадбирларда умумэътироф этилган илғор сиёсий технологиялар, замонавий ахборот-коммуникация воситаларидан кўпроқ фойдаланиш зарур. Шунда тадбирнинг таъсирчанлиги юқори бўлади, кўзланган мақсадга эришилади.

Гулчеҳра АЗИЗОВА, «Фаол аёллар» қаноти Тошкент шаҳар бўлими етакчиси:

— Тадбирларни шунчаки ўтказишдан ҳеч кимга наф йўқ. Хўш, бунинг учун нимага эътибор қаратиш лозим? Нима қилсак қанот фаолияти самарадорлиги ошади? Қанотимизнинг ҳар бир фаоли бу ҳақда жиддий ўйлаб кўриши керак. Менимча, аввало, тадбирларни режалаштиришда ундан аниқ мақсадни кўзлашимиз, шунга мувофиқ тарзда мутасадди ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликни кучайтиришимиз талаб этилади.

Қанот етакчилари учун партиянинг бошқа тузилмалари билан ҳамкорликда республика миқёсида амалий ўқув семинарлар ташкил этиш, тадбирларни партия дастурий мақсадларига мос равишда режалаштириш зарур. Хотин-қизлар манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича белгиланган ишларни тизимли олиб бориш, хотин-қизларни иш билан таъминлаш юзасидан муқобил таклифларни кўпайтириш билан боғлиқ вазифалар мазкур тадбирларда ўз ифодасини топса, мақсадга мувофиқ бўлади.

Дилноза ЎРИНБОЕВА, «Фаол аёллар» қаноти Наманган вилоят бўлими етакчиси:

— Хотин-қизларнинг ижтимоий манфаатларини муҳофаза этишда ҳамкор ташкилотлар, депутатлар, корхона ҳам­да ташкилотларда тузилган бошланғич ташкилотлар билан биргаликда иш олиб бораяпмиз. Айниқса, иш билан банд бўлмаган хотин-қизларнинг маълумот даражаси бўйича олиб борилаётган мониторинг жараёнида мазкур ҳамкорлик катта самара бераяпти. Муҳими, бу — таклифларимизнинг ҳаётий ва пухта бў­лишига хизмат қилмоқда.

Хотин-қизларни иш билан таъминлаш масаласи муҳокама этиладиган йиғилишларда нафақат қанот фаоллари ва депутатлар, балки шунга алоқадор бошқа ташкилотлар вакилларининг ҳам иштироки таъминланса, бу кўплаб масалалар ечим топишига олиб келади.

Айни кунда оилавий тадбиркорлик ва касаначилик билан шуғулланиш истагида бўлган кишиларга жуда катта қулайлик яратилаётгани барчамизга маълум. Солиқ имтиёзлари ва преференциялар ишлаб чиқаришни ривожлантириш, янги иш ўринлари ташкил этилишига катта имкон яратмоқда. Биз эса бундан партиямиз электорати, хусусан, уйда ўтирган вақтинча ишсиз хотин-қизлар манфаатларини ҳимоя қилишда самарали фойдаланишимиз зарур, деб ҳисоблайман.

Семинарда қанот ва депутатлар ҳамкорлигида хотин-қизларни қийнаётган муаммолар мунтазам равишда ўрганиб борилиши, уларнинг ечими бўйича ташаббус кўрсатиш бўйича билдирилган таклиф-мулоҳазалардан келиб чиққан ҳолда фаолиятимизни янада такомиллаш­тиришимиз керак бўлади.

*  *  *

Семинар-тренингда «Фаол аёллар» қаноти етакчилари ва фаолларининг сиёсий билимларини янада мустаҳкамлаш, қанот фаолиятини такомиллаштириш, сиёсатчи аёлларнинг партия ташкилотлари ҳамда депутатлик гуруҳлари билан ҳамкорлигини тизимли йўлга қўйиш масалаларига эътибор қаратилди.

«Сиёсатчи аёл қандай бўлиши керак?», «Хотин-қизларни ижтимоий ҳимоялашда «Фаол аёллар» қанотининг ўрни», «Фаол аёллар» қаноти аъзолари билан ишлаш тамойиллари» каби мавзуларда интерфаол усуллар орқали машғулотлар ўтказилди.

Тадбирда партия Марказий Кенгаши раиси ўринбосарлари Рустам Комилов, Шарбат Абдуллаева, «Фаол аёллар» қаноти етакчиси Мухтасар Абдураҳмонова иштирок этди.

Семинар сўнггида қанот фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича таклиф-тавсиялар ишлаб чиқилди. Бу пар­тиямиз «Фаол аёллар» қаноти фаолиятини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбирлари.



DB query error.
Please try later.