15.10.2013

ҚУЙИ БЎҒИН ТАШАББУСИ

сиёсий партиянинг устувор вазифаларини амалга оширишда муҳим ўрин тутади.

Чунки улар электорат билан бевосита алоқада фаолият кўрсатади, аҳолини ўйлантираётган масалалардан яхши хабардор бўлади. Қуйи бўғини фаолияти кучайиши орқали партия ўз таъсир кучига, хайрихоҳлари, тарафдорлари ҳамда қўл­лаб-қувватловчилари билан мунтазам иш олиб бориш механизмига эга бўлади.

— Биз қуйи ташкилотлар фаолиятини замон талаб­ларига мос равишда ташкил этиш­га ҳаракат қилаяпмиз, — дейди ЎзХДП Олмазор туман кенгаши раиси Камолиддин Акромов. — Туманимизда партиямизнинг 3700 нафарга яқин аъзоси 122 та бошланғич ташкилотга бирлашган. Бугунги кунда «3-автобус саройи» ОАЖ, туман давлат со­лиқ инспекцияси, давлат санитария эпидемиология назорати маркази, 15-, 14-оила­вий по­ликлиникаларда энг фаол бошланғич ташкилотларимиз фаолият юритади. Уларнинг кўпчилигида пар­тиянинг дас­турий мақсадларини амалга ошириш, мамлакатимизда кечаётган демократик ислоҳотларнинг маз­мун-моҳиятини тарғиб этиш бораси­да катта тажриба тўпланган. Туман партия кенгаши бундай бошланғич ташкилотларни кўпайтиришга, уларнинг партия дастурий мақсадларини ҳаётга жорий этишга қаратилган ташаббусларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бевосита бошланғич ташкилотларнинг ўзида ҳу­қуқшунос, сиёсатшунос ва бошқа мутахассис­лар иштирокида бугунги кун­нинг долзарб мавзулари хусусида фикр алмашилмоқ­да. Буларнинг барчаси БПТ ва унинг атрофида бирлашган аъзолар фаоллиги, сиё­сий маданиятини оширишга хиз­мат қилади.

— Жамоамиз шаҳар ичи ва атрофида 21 та йўналиш бў­йича аҳолига транспорт хизмати кўрсатиб келмоқда, — дейди «3-автобус саройи» очиқ акция­дорлик жамияти бошқаруви раиси Анвар Жўраев. — Бу ерда 660 нафарга яқин ишчи-ходим меҳнат қилади. Уларнинг 80 фоизи ёшлардан иборат. Ишга келаётган ёшларни ўқитиш, малакасини оширишни ташкил этиш тизимли йўлга қўйилган. Аммо бевосита аҳоли билан ишлайдиган транспорт корхонаси ходими нафақат касбий нуқтаи назардан, балки, сиёсий, ҳуқуқий жиҳатдан ҳам етарли билимга эга бўлиши керак, деб ҳисоблайман. Шу маънода ЎзХДП бош­ланғич ташкилоти фаолияти барчамизга қўл келмоқда. Туман партия кенгаши билан ҳамкорликда тез-тез ўтказиладиган учрашувлар, семинарларда ўзим ҳам қизиқиш билан иштирок этаман.

— Партиямиз сафида бў­лишни истаганлар сони кў­пайиб бораяпти, — дейди иш­лаб чиқариш техника таъминоти бўлими бошлиғи, БПТ етакчиси Тоҳир Носиров. — Биринчи навбатда уларни партия Сайловолди дастури ва мақсади билан таништирамиз. Ҳозирда 33 нафар аъзомиз бор. Улар ходимларнинг сиёсий-ҳу­қуқий билимини оширишга қаратилган тадбирларни янада кўпроқ ўтказиш таклифини билдиришмоқда.

Яқинда 4 нафар ёш ҳайдовчимиз партиямизга аъзо бўлди. Жамоамизда ёшларнинг кўплиги, сиёсий-пар­тиявий фаолиятга қизиқувчилар сони ортиб бораётга­нини ҳисобга олиб сиёсий ва ҳуқуқий маданият, меҳнат ҳуқуқи, манфаатларни ҳимоялаш масалаларига қа­ратилган тренинглар ташкил этаяпмиз. Буларнинг ҳаммаси Ўзбекистон Халқ демократик партияси Дастурий вазифаларидан ҳи­собланади.

— Биз ҳар куни турли одам­лар билан учрашамиз, мулоқотда бўламиз, — дейди 50-йўналиш ҳайдовчиси, ЎзХДП аъзоси Асадилло Тўлаганов. — Улар ўз ютуқлари, муаммолари ҳақида сўзлашади. Биз ҳамкасблар билан биргаликда улар билдирган фикр-мулоҳазаларни таҳлил этамиз. Шулар асосида бошланғич ташкилотимиз орқали туман пар­тия кенгашига турли масалалар бўйича таклифларимизни бериб борамиз.

— Бугун нафақат пойтахтимиз, балки бошқа шаҳар ва олис туманларда ҳам бир-биридан чиройли, замонавий автоуловлар йў­ловчилар узоғини яқин қилмоқда, — дейди ҳайдовчи, Ўзбекистонда хизмат кўр­сатган транспорт ходими Латипжон Абдугаппаров. — Биз эски автобуслар захматини чекканмиз, қийналганмиз. Бугун йўлларимиз, кўприкларимиз, бекату-шоҳбекатларимизни кўриб, хурсанд бўламиз. Менинг икки ўғлим Абдушукур ва Абдусаматлар ҳам 118- ва 85-йўналишларда ҳайдовчи бўлиб, халқимизга хизмат қил­моқда. Бизнинг муҳим вазифаларимиздан бири кечаги кунимиз билан бугунги ҳаётимизни таққослаб, мус­тақиллик беқиёс имкониятлар бераётганини шу каби оддий мисоллар билан ёш­ларга тушунтириб боришдан иборатдир...

Бошланғич партия ташкилоти фаолияти билан танишиб, у партия электорати орасига тобора чуқурроқ кириб бораётганига амин бўлдик. Энг муҳими, бу ерда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини ташвишга солаётган масалаларни ўрганиб, туман партия кенгаши, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги депутатлик гуруҳимизга таклифлар бериб бориш бўйича яхши тажриба тўпланган. Амалий ишлари туфайли бу бошлан­ғич ташкилот ташаббускор сиёсий кучга айланиб бораяпти.

Басандабону ЖАЛИЛОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.