15.10.2013

ТОЗА СУВ ҚАДРИ

Жиззах вилоятида аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашда олиб борилаётган ишлар, кўрилаётган чора-тадбирлар хусусида

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотига қараганда, бугун ер юзи аҳолисининг қарийб 2,5 миллиарди тоза ичимлик суви тан­қислиги муаммоси яна 20-25 йилдан кейин дунё­даги ҳар икки кишидан бирининг шу муаммога дуч келиши башорат қилинмоқда. Жаҳон Соғлиқни Сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, инсонларда учрайдиган касалликларнинг 30 фоизи нотоза ичимлик суви истеъмол қилиш оқибатида пайдо бўлаётганини ҳисобга олсак, тоза сув ҳаётимизда нақадар муҳим аҳа­миятга эгалиги маълум бўлади.

Республикамизда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашга алоҳида аҳамият қаратиб келинмоқда. Жумладан, Жиззах вилояти аҳолисини 2020 йилгача тоза ичимлик суви билан барқарор таъминлашга қаратилган чора-тадбирларга халқаро молия инс­титутларининг маблағлари, имтиёзли кредитлар, хорижий ин­вес­тициялари ҳам жалб этилган. Бу борада Президентимизнинг 2012 йил 15 февралдаги Андижон шаҳрида оқова сув тармоқларини қуриш ва таъмирлаш. Осиё Тараққиёт банки иштирокида Жиззах ва Хоразм вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикаси аҳоли пунктларида ичим­­­лик суви таъминотини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори катта аҳамиятга эга бўлди. Айни пайтда вилоятдаги «Қўй­тош» сув узатиш тармоғини 2013-2016 йиллар ичида қайта қуриш ва мукаммал таъмирлашга мўл­жалланган йирик ло­йиҳа амалга оширилмоқда. Ло­йиҳа Жиззах туманининг Қулписар, Зафар­обод ва Арнасой қишлоқлари ҳамда Дўстлик туманининг Боғзор ва Бунёдкор қишлоқларини қамраб олган бўлиб, вилоятнинг қарийб 200 минг аҳолисини тоза ичимлик суви билан барқарор таъминлаш имконини беради.

Бу йўналишдаги ишлар Осиё Тараққиёт банкининг «Санитария ва гигиена» лойиҳаси бўйича амалга оширилади.

— Албатта, ажратилган кредит ва техник ёрдам маблағлари натижалари мунтазам таҳлил этилмоқда, — дейди лойиҳани амалга ошириш Жиззах гуруҳи мутахассиси Алишер Юсупов. — Таҳлил жараёнида амалга оширилаётган ишлар аҳоли турмуши ва саломатлигига қай даражада таъсир кўрсатаётгани, бундан одамлар қандай манфаат ҳамда фойда топаётгани баҳоланиб, эътиборга олиняпти.

Лойиҳа доирасида 2020 йилга қадар вилоятдаги шаҳар ва шаҳарчалар аҳолисининг марказлашган ичимлик суви таъминоти даражасини 100 фоизгача, қишлоқ аҳоли пунктларини 85-90 фоизгача, оқова сув тизимлари мавжуд бўлган шаҳар ва шаҳар типидаги аҳоли пунктларида оқова сув хизматини 70 фоизгача етказиш режалаштирилган. Бунинг учун вилоятга Зарафшон дарёсидан сув келтириш, «Қўйтош» сув иншооти ва ичимлик сув таъминоти тизимини реконструкция қилиш бўйича жами 32,3 миллион АҚШ доллари қийматидаги ишларни бажариш талаб қилинади. Шунингдек, 2 та сув ишлаб чиқариш, 15 та сув тақсимлаш иншоотлари, 10 та қудуқ, 85 километр узунликдаги ичимлик суви келтирувчи ва тарқатувчи тармоқлар мукаммал таъмирланади. Янгиларини қуриш, сув ўтказиш тизимларидан фойдаланиш учун олинаётган замонавий техника ва механизмлар, ускуналар, компьютер ҳисоблагичлар, автоматик-диспетчерлик бош­қаруви жараёнлари йўлга қўйилади.

Буларнинг барчаси аҳо­лининг турмуш фаровонлигини ошириш, уларга етарли шарт-шароит яратиш ва саломатлигини муҳофаза қилишга йўналтирилган сайъ-ҳаракатлардир. Бу ишлар катта маблағ талаб қи­лади. Шу ўринда бир мулоҳазани айтиб ўтмоқчимиз. Сув қадрига етиш, сувдан оқилона фойдаланиш масаласига етарли эътибор бермаслик ҳолатлари ҳамон учраб туради.

Тасаввур қилинг: чанқаб турибсиз. Шунда бир пиёла тоза ичимлик суви бўлса-ю, уни охирги томчисигача симирсангиз, вужудингиз қандай яйрайди, қай даражада роҳатланасиз. Аммо, унутмаслик керак, шу бир пиёла сувда она табиатнинг сизу бизга кўрсатаётган беқиёс инъому эҳсони, жуда кўп кишиларнинг заҳматли меҳнати, фидойилиги мужассам.

Дунёда тоза ичимлик суви захиралари кўп эмас. Улар ҳам йил сайин кама­йиб бораётир. Бу бебаҳо неъмат энг зарур ҳаётий эҳтиёжга айланаётган бир шароитда унинг ҳар томчисини қадрлаш, мақсадли ишлатиш, исроф қилмаслик, буни фарзандларимиз учун ҳам кўникмага, одатга айлантириш ҳаммамизнинг бурчимиз, мақсадимиз бўлиши зарур. Шунда шаҳару қишлоқларимизда ичимлик суви таъминотининг бар­қарор бўлишига эришамиз.

Парда Шукуров,

Жиззах вилояти «Сувоқова» ишлаб чиқариш бошқармаси бошлиғи ўринбосари.



DB query error.
Please try later.