15.10.2013

ҚЎШНИНИНГ ҲАҚИ

Халқимизда азал-азалдан қўни-қўшничилик қадрланиб келинади. Яхши-ёмон кунларда ҳамсоялар билан баҳамжиҳат иш кўрилган. Қўшничилик одоб ва одатларига қаттиқ риоя қилинган. «Узоқдаги қариндошдан яқиндаги қўшни афзал», «Ҳовли олма, қўшни ол», деган ҳикматлар шу боис пайдо бўлган.

Йиллар давомида бир маҳаллада яшаб, бир-бирига елкадош бўлган қўшнилар бора-бора ўзаро  қариндошга айланади. Мабодо яшаш манзили ўзгарганда ҳам, меҳр ришталари узилиб кетмаслигига ҳаракат қилинади.

Қўшничилик олий қадрият бўлиши билан бирга, унинг нозик томонлари ҳам бор. Ҳатто таомда ҳам ҳамсоянинг ҳақи бўлади. Зеро, муборак ҳадиси шарифда «Шўрва қилсангиз, сувидан кўпроқ солиб қўшнингизга ҳам улашинг», дейилган.

Ота-боболаримиз хонадонларида бирор тансиқ таом пиширилса, албатта, қўшнига ҳам илинганлар. Ҳақиқатан, уйда пиширилаётган таом ҳиди қўшниникига ҳам чиқдими, унинг насибасини  ажратиб қўйиш одати эзгу анъаналар сирасига киради. Шунингдек, байрамлар арафасида, ҳашарларда маҳалла аёллари йиғилиб сумалак, ҳалим каби тансиқ таомларни таёрлаши ҳам ибратли тадбирлардан саналади. Бундан кўзланган асосий мақсад фақат таом ейиш эмас, шу баҳона маҳалла аҳлини бир жойга йиғиш, уларни бир-бирига янада яқинлаштиришдир.

Агар қўшни сафарга кетса, оиласидан хабар олиб турилади, уй-жойи, мулки, хонадон аҳли ҳимоя қилинади.

Расул алайҳиссалом буюрадилар:

— Биласизми, қўшнининг ҳақи нима? Ёрдам сўраса, ёрдам берасиз. Қарз сўраса, қарз берасиз. Камбағаллашса, рўзғорига мадад бериб турасиз. Хасталанса, зиёратига борасиз. Вафот этса, жанозасига қўшиласиз.

Омад кулиб боқса, уни қутланг. Бошига мусибат тушса, таъзиясида бирга бўлинг. Ундан рухсат бўлмаса, уйингизни қўшнининг уйидан баланд қилиб қурманг. Чунки уйингизни баланд қилиб қурсангиз, унинг нимасигадир тўсқинлик қилган бўласиз. Бирон мева олган пайтингизда ҳамсоя­нгизга ҳам беринг. Агар бунинг иложиси бўлмаса, уйга олиб келганингизни кўрмасин. Болангизни қўлига мева бериб таш­қарига чиқариб юбормангки,  қўшнингиз боласининг кўнгли ўксимасин. Қозонингизда қайнаган гўшт ҳиди қўшнининг уйига ҳам таралади. Бу ҳолат мақбул эмас. Агар келтирган гўштингиздан бир парчасини унга берган бўлсангиз, бунинг айби йўқ.

Замонлар оша сайқалланиб келаётган гўзал қадрият ва урф-одатларимизни ҳар қанча таърифласак арзийди. Лекин, афсуски, бугун бу анъаналарга бироз бепарво қараётган одамлар ҳам учраб турибди.

Қўшни устида қўшнининг ҳурмати  худди онасининг ҳурмати каби бўлади. Агар қўшни бирор нарса сўраса, дарров берилади. У чақириб келса, эҳтиёжини қондириб ёрдамлашилади. Борди-ю, қўшни касал бўлиб қолса, хабар олинади ва қўлдан келганича ёрдам кўрсатилади. Унга мусибат етса, қайғусига ҳамдард бўлинади, сабр тилаб, тасалли-далда берилади.

Можаролар кўпроқ қўни-қўшниларнинг болалари ўртасида содир бўлиб туради. Шундай пайтда ота-оналар айбни бир-бирларига ағдаравермасдан ўз фарзандларига танбеҳ бериб, одобга чақириб  турсалар, айни савоб иш қилган бўладилар.

Нуроний отахонларимиз яхши эслашади, авваллари ҳовлиларда, кўча дарвозасидан ташқари, қўшниларни боғловчи даричалар бўларди. Буни оқибат, меҳр даричаси, десак адашмаймиз. Тандирда ёпилган икки дона иссиқ нон, бир коса овқат билан ўша эшик орқали бир-бирини йўқлаб туришган. Қолаверса, бу дарча вақти бемаҳал қўшнига кўмак бериш, унинг ҳолидан тез хабар олиш имконини ҳам берарди.

Пайғамбаримиз ­(с.а.в)нинг: «Жаброил алайҳиссалом менга қўшнининг ҳақи тўғрисида шу қадар кўп васият қилардиларки, мен қўшни қўшнидан мерос олармикан, деб ўйлаб қолдим», деган сўзлари ҳам қўшничилик нақадар нозик масала эканини англатади.

Бугун 15 октябрь бутун мамлакатимизда Қурбон ҳайити айёми кенг нишонланади. Президентимизнинг фармони билан мазкур сана дам олиш куни деб эълон қилинди. Ушбу байрамнинг энг муҳим жиҳатларидан бири беморлар, етим-есирлар ҳолидан хабар олиш, қўни-қўшниларга ҳайит таомлари улашишдир. Шунингдек, бу байрам жамиятимизда меҳр-оқибат туйғуларини янада юксалтиришга, эзгу амаллар кўпайишига хизмат қилади.

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ,

Тошкент шаҳридаги «Хўжа Аламбардор» жомеъ масжиди имом хатиби.



DB query error.
Please try later.