Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
12.10.2013

ЖАҲОН ФОРТЕПЬЯНОСИ ҚИРОЛИ

Беҳзод Абдураимовнинг бетакрор оҳанглари дунёни лол қолдирмоқда

Ўзбекистонлик Беҳзод Абдураимовнинг номи жаҳон мусиқа оламида тобора баландроқ янграмоқда. Фортепьяно қироли ҳақида 2013 йил июнь ойида Франциянинг Liberation нашрида мақола чоп этилди. Бунинг учун журналист Эрик Даан Беҳзоднинг Испанияда бўлиб ўтган концертида қатнашди.

2009 йил Лондонда бўлиб ўтган нуфузли танловда мутлақ ғолиб бўлган ўзбекистонлик пианиночи Беҳзод ­Абдураимов Испанияда биринчи марта концерт берди.

Беҳзод Москвада концерт бергач, тунги рейс билан Тошкентга, ўзи туғилган шаҳарга учди. У ерда унинг онаси ва опаси яшайди. Беҳзод оила аъзолари билан 2012 йилнинг декабрь ойидан бери кўришмаган эди. Икки кун давомида у яқинлари ва дўстларининг «Копенгагенда концерт қандай ўтди? Лондонда-чи?» деган саволларига жавоб берди. Бувиси эса унга келин қидиришаётганини айтди.

Беҳзод Абдураимов яқинлари билан узоқроқ бирга бўлишни хоҳласа ҳам, Испанияга, ҳали унинг куйларини тингламаган диёрга бориши керак эди. Ўзбекистонлик пианиночи эндигина 23 ёшга тўлди. У 1990 йил 11 сентябрда Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрида туғилган. 8 ёшидан бошлаб катта саҳналарга чиқмоқда. Шунинг учун ҳам бу борада унда жуда катта тажриба бор.

Июнь ойида Беҳзод Колорадо штатидаги Боулдер шаҳрида Бетховен куйлари асосида концерт берди. «Мен Бетховен куйларини яхши кў­раман. Унинг сонаталарини янада ­чуқурроқ ўрганишга ҳаракат қиляпман. Улар одамни ўйга толдиради» дейди у.

Биз бирга тушлик қилдик. Суҳбатимиз бошланди. У устози, асли тошкентлик, айни пайтда Канзас-Сити университетида ишлаётган Станислав Юденич ҳақида шундай деди: Юденичдан кўп нарса ўргандим. Ундан доим маслаҳат сўрайман. У мени жуда яхши тушунади. Шунинг учун ҳам устозимга ҳаммадан кўпроқ ишонаман...

Оркестр жўрлигидаги репетиция жуда яхши ўтди. Беҳзод тажрибали мусиқачи сифатида ҳар бир ҳаракатга алоҳида эътибор қаратди.

2012 йилда Беҳзод Абдураимов Франциянинг бир қатор шаҳарларида ўз концерт дастурини тақдим этди. Бу йил эса Монпельедаги Радио Франс фестивалида қатнашиши айтилмоқда. Бундан ташқари, Тулузадаги фестивалда ҳам мухлислари уни интизорлик билан кутишмоқда. Охирида эса Луврда, Франция пойтахти Парижда ўзининг илк яккахон концертини беради.

Театрнинг қуруқ акустикаси ва унчалик яхши бўлмаган мусиқий асбобларда Беҳзод Абдураимов Чай­ков­ский сонаталарини ижро этди. Мусиқачининг чап қўли ҳайратланарли даражада кучли. Унинг ижросидаги куйлар ҳаётий ва ранг-баранг оҳангга эга.

Беҳзод Абдураимовнинг илк концерт дастури 2013 йилда тақдим этилди. Сабаделл аҳолиси бундай катта миқёсдаги тадбирни ҳар доим кўравермайди. Ўзбекистонлик фортепьяно қироли уларнинг олдига қора костюмда чиқди. Столдаги альбомга дастхат қўйди.

Эртаси куни тонгда у Барселонага отланди. Беҳзоднинг мақсади концертдан олдин тайёргарлик кўриш эди. Йўл-йўлакай у бизга онаси фортепьяно бўйича ўқитувчи эканлигини айтди. Шунингдек, унинг муваффақиятларида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи, марҳум Тамара Поповичнинг хизмати катта. Унинг отаси физика-математика фанлари доктори бўлган. Беҳзод 9 ёшлик пайтида отаси юрак хуружидан вафот этган экан. Ўшанда у кислород босимида ишлайдиган машина устида илмий иш олиб бораётганди.

«2002 йилда Францияда машина учун патент олишди. Лекин айнан ме­нинг отам бу ишни бошлаганди. У глобал кашфиёт бўлиши мумкин эди. Отам бу машинанинг дастлабки тажриба нусхасини ҳам яратганди. Соа­тига 20 км тезликда юрадиган ушбу машинада 6 ёшлик пайтимда сайр қилганман» дейди Беҳзод.

Беҳзод 13 ёшлик пайтида Манхэттендаги Жульярд мактабига тажриба ошириш мақсадида келганди. Бу ерда у махсус стипендия билан тақдирланди. Беҳзод ҳақида эшитган Станислав Юденич уни Италиянинг Комо оролидаги ёзги академияга таклиф этди. «Мен пиа­нино чалишни бошлаганимда ус­тозим менга «Мен се­ни кутгандим» деди. Юденич менга ишонди, қўллаб-қувватлади. 2007 йилда Канзас-Ситидаги Парк универ­ситетига, айнан Юденич ишлайдиган жойга ўқишга кирдим» дейди Беҳзод Абдураимов.

Орада маълум вақт Беҳзоднинг қўли оғриди. «Нью-Йоркдаги концертимни бекор қилишимга тўғри келди. Врачлар маълум муддат пианинога яқинлашмасликни маслаҳат беришди. Мен ўн етти кун давомида пианино чалмадим. Шундан кейин тушкунликка тушиб қолаётганимни сездим. Ўзимни қўлга олиб, оғриқ қолдирувчи дорилар қабул қилдим. Шундан сўнг Европадаги концертларимга отландим» дея ўша кунларни эслайди у.

Беҳзод Абдураимов ижро маҳоратининг ажралиб турувчи жиҳати шундаки, у бошқалардан ўн баробар яхшироқ куй чалади. Ўзбекистонлик пианиночи саҳнага чиқиб таъзим қилди. Унинг аудитория билан ишлаш қобилиятига тан бериш керак. Концертдан кейин Беҳзод видеоёзувларни кўриб чиқди. Беҳзоднинг концертига рафиқаси ва фарзандлари билан келган бир одам 2010 йилда Абдураимовнинг Вигмордаги концертига кирганини ва концерт унда катта таассурот қолдирганини айтди. У пианино қиролининг Лондонда яна яккахон концерт беришини кутаётганлигини билдирди.

Ҳамкасблари ҳақида гапирар экан, Беҳзод Альфред Кортонинг мухлиси эканлигини таъкидлайди. «Унинг куйлари жуда ҳам ажойиб. Артур Шнабелнинг Бетховен куйларини секин ҳаракатлар орқали ижро этгани ҳам менга маъ­қул келган».

Суҳбатимиз давомида Беҳзод севимли пианиночилари ижодини, ижро услубини таҳлил қилиб: «Бир хил чалиши мумкин бўлган иккита пианиночи бўлмайди. Бунинг имкони ҳам йўқ. Баъзи бир ўқитувчилар ўз талабаларидан катта санъаткорлардек, масалан, Станислав Юденич сингари пианино чалишини талаб қилади. Аслида эса биз уларнинг куйларини ўзимизнинг овозимизни, ижро йўлимизни топиб олиш мақсадида ўрганамиз.

Liberation нашридан

Темур АЪЗАМ таржимаси.



DB query error.
Please try later.