10.10.2013

ЎЗБЕКИСТОН ПАХТАСИГА ТАЛАБ ОРТМОҚДА

Пахта — тўқимачилик саноати учун энг зарур хомашё. Ғўза ўсимлиги алоҳида парвариш билан бирга, етарлича қуёш нурини ҳам талаб қилади. Бинобарин, пахтанинг сифати ҳам, унга бўлган талаб ҳам айнан шу омилларга боғлиқдир. Шу боис жаҳонда пахта экспорт қиладиган кам сонли мамлакатлардан бири бўлган Ўзбекистон халқаро сифат стандартига мувофиқ пахта толасини таснифлаш ва сертификатлаш бўйича ягона миллий тизимни жорий қилди.

Бизнинг деҳқон­ларимиз етишти­радиган пахта ­жаҳон бозорида ўзининг юқори сифати, пишиқ­лиги, юксак техник кўрсаткичлари ва замонавий тўқимачилик саноати талабларига тўла жавоб бериши билан машҳур. Буларнинг барчасига Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ­соҳани ислоҳ қилиш, янги технологияларни жорий этиш асосида юқори сифатли пахта толаси олиш, уни сотишда бозор иқтисодиё­ти тамойиллари ва меха­низмларидан кенг фойда­ланиш эвазига эришилди. «Сифат» Ўзбекистон пахта толасини сертификатлаш маркази томонидан толани таснифлаш тизимининг такомиллаштирилаётгани унинг сифатини оширишга хизмат қилмоқда.

2001 йилда ташкил қилинган уш­бу марказ фао­лияти ишлаб чиқа­рувчиларга ҳам, харидорларга ҳам боғлиқ эмас. Пахта бўйича халқаро маслаҳат қў­митаси ва Бремен пахта ассоциацияси аъзоси бўлган «Сифат» маркази пахта сифатини баҳолашда халқаро амалиётда қабул қилинган талаб ва стандартларга амал қилмоқда. Унинг ўн учта ҳу­дудий лабораторияси мамлакатимиз пахта тозалаш корхоналарида тайёрлан­ган маҳсулотлар учун мувофиқлик сертификатини бера­ди. Пахта толаси сифатини аниқ баҳолашни таъминлаш мақсадида марказ томонидан ISO 9001 сифат менежменти тизими жорий этилган.

«Сифат» Ўзбекистон пахта толасини сертификатлаш маркази бош директори­нинг биринчи ўринбосари ­Э.Мақсудовнинг сўзларига кўра, пахта тойларини синовдан ўтказишни сертификатлаш жараёни толанинг барча хусусиятларини аниқлашга ёрдам берадиган замонавий ускуна — HVI тизимидан фойдаланишга асосланган. Бу агротехника қоидаларини яхшилаш ва янги селекция навларини жорий этиш билан бир қаторда, узунлиги бир хил ва тўқимачилик тармоғида талаб юқори бўлган тўртинчи тип пахта толаси улушининг узлуксиз ошишига кўмаклашмоқда. Масалан, 2011-2012 йилларда олинган ҳосил натижалари таққосланадиган бўлса, тўртинчи тип пахта толасининг улуши 77,6 фоиздан 80,8 фоизга ошганига ишонч ҳосил қилиш мумкин.

Сўнгги йиллардаги пахта мавсумида пахтанинг 1-нав­лари ҳамда «олий» ва «яхши» синфлари улушини оширишда барқарор кўрсаткич кузатилмоқда ва сақланмоқда. 2012 йил мавсуми якунларига кўра, умумий ҳажмда пахтанинг олий синфлари улуши 84 фоиздан ошди. ­Хоразм, Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида етиштирилган жами пахта толасининг 95 фоиздан зиёдини «олий» ва «яхши» синфлар ташкил қилади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, селекция навлари хусусиятларининг мунтазам яхшиланиб бораётгани бир қанча кўрсаткичлар бўйича етиштирилаётган пахта толаси сифатига бевосита таъсир кўрсатмоқда. Масалан, «Бухоро-8», «Омад», «Андижон-36», «Бухоро-102» навларининг толаси узун. «Наманган-34», «С-2610», ­«С-6524», «Бухо­ро-8», «Бу­хо­­­­­­­ро-6», «Бухоро-102» нав­лари пишиқлиги, «Бухоро-8», «Бухоро-6», «Бухоро-102», «Омад», «Султон», «Келажак» навлари микронейр кўрсаткичлари, «Наманган-34», «С-2610», «Наманган-77», «С-6524», «Андижон-36», «Бухоро-6», «Бухоро-8» навлари толаси узунлигининг бир хиллиги билан ажралиб туради.

Пахтанинг оқлиги ҳам унинг муҳим кўрсаткичларидан ­биридир. «С-6541», «Уч­­қўр­­ғон-2», «Наманган-34», ­«Хо­разм-127», «Хоразм-150», «Меҳнат» ва бошқа навлар шундай хусусиятга эга. Уларнинг ҳаммаси IX Халқаро ўзбек пахта ва тўқимачилик ярмаркасида намойиш этилади. Ушбу пахта навларининг сифат кўрсаткичлари билан «Сифат» марказида батафсил танишиш мумкин.

Яна шуни таъкидлаш керакки, Ўзбекистонда жаҳон бозорида ўзбек пахтасининг рақобатбардошлигини ошириш мақсадида пахта толасини сертификатлаш бўйича миллий тизим такомиллаштирилмоқда. Жорий йилда «Сифат» Ўзбекистон пахта толасини сертификатлаш марказини 2013-2017 йилларда модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш дастури қабул қилинди. Дастур синов ускуналари ва ёрламчи қурилмалар паркини модернизация қилиш, пахта толаси сифатини баҳолаш учун HVI тизимлари паркини технологик қайта жиҳозлаш ҳамда ахборот тармоқлари ва технологияларини ривожлантириш йўналишлари бўйича амалга оширилади.

М.МАМЕТОВА,

ЎзА мухбири.



DB query error.
Please try later.