10.10.2013

АҲОЛИНИ УЙ-ЖОЙ БИЛАН ТАЪМИНЛАШ

оила фаровонлигига хизмат қилади

Республика Марказий банки томонидан «Ипотека кредити: аҳолини уй-жой билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ва истиқболдаги вазифалар» мавзуида матбуот анжумани ўтказилди. Унда Республика Марказий банкининг кредит ташкилотлари фаолиятини лецензиялаш ва тартибга солиш департаменти директори ­Ботир Зарипов, «Ипотекабанк» бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Равшан Баҳромов, «Қишлоққурилиш» банки бошқаруви раисининг ўринбосари ­Алишер Муродов ва бош­қалар иштирок этди.

— Мамлакатимизда аҳолининг турмуш даражасини юксалтириш, ижтимоий ҳимоясини таъминлаш мақсадида янги уй-жойлар барпо этилмоқда, қиш­лоқ инфратузилмасини янада ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Президентимизнинг бир қатор фармон ва қарорлари ушбу йўналишдаги ишлар кўламини кенгайтириш, аҳолини замонавий турар-жойлар билан таъминлашдек эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда, — дейди Республика Марказий банкининг кредит ташкилотлари фаолиятини лецен­зия­лаш ва тартибга солиш департаменти директори Ботир Зарипов. — «Обод турмуш йили» Давлат дастурига мувофиқ тижорат банкларининг маблағлари эвазига ҳудудларда 105 та кўп қаватли турар-жой биноси қурилиши давом эттирилмоқда. 2013-2015 йилларда фойдаланишга топшириладиган ушбу уй-жойлар ипотека кредитлари воситасида 3 йиллик имтиёзли давр билан фоиз ставкаси Марказий банкнинг амалдаги қайта молиялаш ставкасидан ортиқ бўлмаган миқдорда ёш оилаларга тақдим этилади. Шунингдек, ипотека кредитидан фойдаланаётган ёш оилаларнинг даромадларидан солиқ олинмайди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, аҳолини уй-жой билан таъминлаш мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар дастурининг муҳим, ҳал қилувчи қисми ва моҳиятан иқтисодий ислоҳотларнинг «ўзбек модели» самарадорлиги ҳамда изчиллигининг амалдаги тасдиғидир.

Шу йилнинг 1 сентябрь ҳолатига кўра, мамлакатимиз банкларининг ипотека кредитлари қолдиғи ҳажми 2 триллион 379 миллиард сўмни ташкил этмоқда. Жорий йилнинг ўтган саккиз ойи давомида ажратилган салкам 777 миллиард сўм миқдоридаги банк кредитлари эвазига мижозлар янги уй-жой қуриш, харид қилиш ва қайта таъмирлаш имконига эга бўлдилар.

Бугунги кунда аҳолини замонавий уй-жойлар билан таъминлаш борасида мамлакатимизда қўлланилаётган механизм ва тўпланган тажриба шу йил баҳорида «Замонавий уй-жой қурилиши — қишлоқ жойларни комплекс ривожлантириш ва қиёфасини ўзгартириш ҳамда аҳоли ҳаётининг сифатини яхшилаш омили» мавзусида ўтказилган халқаро конференция­да тажриба эътироф этилди. Жаҳоннинг бошқа давлатлари намуна олса арзигулик экани таъкидланди.

Мамлакатимиз қишлоқ жойларида якка тартибда уй-жой қуриш комплекс дастурининг амалга оширилаётгани оилаларни замонавий, қулай уй-жойлар билан таъминлаш, қишлоқ инфратузилмасини юксалтириш, янги иш ўринларини яратиш, қишлоқ аҳли турмуш фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилаётир. Дастур доирасида 2009-2012 йилларда намунавий лойиҳалар асосида 159 та қишлоқ туманида 650 та янги уй-жой массиви барпо этилди. Умумий майдони 3,2 миллион квадрат метр бўлган 23,6 мингдан ортиқ якка тартибдаги уй-жой қурилди. Ушбу мақсадларга 1,2 миллиард АҚШ долларидан зиёд миқдорда инвестициялар йўналтирилди.

Жорий йилда ҳам қишлоқ жойларида уй-жойларни кенг кўламда қуриш ишлари давом эттирилмоқда. 353 та қишлоқ массиви ҳудудида 1,4 миллион квадрат метр бўлган 10 мингта уй-жой қуриш кўзда тутилган. Бунинг учун банклар томонидан 1 триллион 385 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратиш режалаштирилган.

Яна шуни таъкидлаш мумкинки, замонавий уй-жойларни ипотека кредити асосида харид қилиш учун одамларга катта қулайлик яратилган. Яъни қурилаётган уй-жойларнинг эгаларига банклар томонидан 15 йил муддатга йиллик 7 фоиз ставка бўйича кредитлар ажратилмоқда. Харидор дастлаб намунавий ло­йиҳа асосида қурилган уй нархининг 25 фоиз миқдоридаги бошланғич бадал пулини тўлайди ва қурилиш жараёнини назорат қилиб боради. Уй битгач, у шахсий мулк сифатида қабул қилиб олинади, газ, сув, электр энергияси ва бошқа муҳандислик тармоқларига ҳеч қандай қўшимча тўловларсиз уланади. Банк кредитлари ҳисобидан якка тартибда уй-жой қураётган қишлоқ аҳолиси кредитларни қайтариш ва уларнинг устама фоизларини қоплашга йўналтириладиган даромад солиқларини тўлашдан озод этилган. Бундан таш­қари, улар сотиб олган уй-жойдаги мулк учун ипотека кредитини тўлиқ тўлагунга қадар солиқ тўламайди.

Тадбирда журналистларга аҳолини ипотека кредитлари билан таъминлаш учун тижорат банклари ресурслари билан бирга хорижий молия инс­титутларининг маблағларини жалб этиш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида ҳам батафсил маълумот берилди.

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.