Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Mart 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
25 26 27 28 1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 31
10.10.2013

ДИЛШОД НУРАЛИЕВ: «МАҚСАДИМИЗ — ЖАҲОННИНГ ЭНГ КУЧЛИ ТЎРТ ЖАМОАСИ САФИДАН ЖОЙ ОЛИШ»

Шу йилнинг 17 октябрь — 8 ноябрь кунлари Бирлашган Араб Амирликларида футбол бўйича ўсмирлар (U-17) ўртасида навбатдаги жаҳон чемпионати бўлиб ўтади. Унда дунёнинг энг сара 24 терма жамоаси ғолиблик учун кураш олиб боради.

Дилшод Нуралиев бош мураббийлигидаги терма жамоамиз қуръага кўра, жаҳон чемпионати финал босқичининг «С» гуруҳида Хорватия, Марокаш, Панама футболчилари билан баҳс юритади.

Ўсмирларимиз гуруҳдаги дас­т­лабки ўйинни 18 октябрда панамалик тенгқурлари билан ўтказади. Орадан уч кун ўтгач, терма жамоамиз Марокаш вакиллари билан учрашади. 24 октябрда бўладиган охирги турда эса Хорватия ўсмирлар терма жамоаси билан куч синашадилар.

Ёдингизда бўлса, бундан икки йил муқаддам Алексей Евста­феев бош мураббийлигидаги Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Мексикада ўтказилган жаҳон чемпионатида кучли саккизликдан жой олган эди. Бу галги мусобақа олдидан мухлисларимиз мамлакат ўсмирлар терма жамоасидан янада юқори натижа кутишаётгани табиий. Чунки ўтган йили Эронда ўсмирлар (U-16) ўртасида ўтган Осиё чемпионатида Дилшод Нуралиев бош мураббийлигидаги жамоамиз футболимиз тарихида илк маротаба қитъа чемпиони, деган шарафли номни қўлга киритганди.

Хўш, Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси нуфузли мусобақага қандай ҳозирлик кўрди? Таркибда қандай ўзгаришлар бор? Шу каби саволларга жавоб то­пиш мақсадида бош мураббий ­Дилшод Нуралиев билан суҳбатлашдик.

— Жаҳон чемпионати Осиё биринчилигидан тубдан фарқ қилади, — дея сўз бошлади Дилшод НУРАЛИЕВ. — Беш қитъанинг энг кучли терма жамоалари қаторида майдонга тушамиз. Бу бизни чўчита олмайди, албатта. Унда ижобий натижа қайд этиш, мухлисларни қувонтириш учун бор куч-имкониятимизни ишга соламиз. Аввало, шуни таъкидлашни истардимки, мусобақага пухта ҳозирлик кўришимиз учун Ўзбекистон футбол федерацияси Терма жамоалар билан ишлаш маркази томонидан барча шарт-шароитлар яратиб берилди. Аниқ режа ва дастур асосида шу йилнинг январидан бошлаб бугунгача бир қатор ўқув-машғулот йиғинлари ташкил этилди. Терма жамоага номзод футболчилар билан нафақат юртимизда, балки Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари, Австрия, Испания сингари мамлакатлардаги йиғинларда қатнашдик. Кўплаб давлатлар ўсмирлар терма жамоаларига қар­ши ўртоқлик учрашувларини ўтказдик.

— Яқинда жамоа охирги ўқув-машғулот йиғинини Ис­па­­ния­нинг Марбелья шаҳрида ўтказиб қайтди. Ўтказилган ўртоқлик учрашувларидан қандай хулосалар чиқарилди?

— Испанияда терма жамоамиз аъзолари билан ўзига хос халқаро «Тўртлар турнири»да иштирок этиб қайтдик. Унда ер куррасининг турли минтақаси вакиллари бўлган — Кот-Д’Ивуар, Мексика ҳамда Аргентина ўсмирлар терма жамоалари билан ўзаро куч синашдик. Гарчи, унда Африка қитъаси вакили билан (0:0) дуранг ўйнаб, Мексика (0:2), Аргентина (0:3) футболчиларига имкониятни бой берган бўлсак-да, мазкур сафаримиз биз учун ўзига хос сабоқ вазифасини ўтаб берди. Таркибимизда қайси чизиқда муаммолар мавжудлигини, ўйин тактикасида қандай камчиликларимиз борлигини яна бир бор синовдан ўтказиб олдик. Бундан таш­қари, гуруҳимизда Африка, Америка қитъаси вакилларининг рақиб эканлигини ҳисобга олсак, уларга қарши қандай ўйнашимиз лозимлиги хусусида маълум тасав­вур ҳосил қилдик.

— Жаҳон чемпионати олдидан терма жамоамиз таркибида қандай ўзгаришлар бор?

— Осиё чемпионатидан кейин ўтган охирги бир йил давомида мусобақага ҳозирлик кўрдик. Бу даврда таркибда ўзгаришлар бўлиши табиий, албатта. Жумладан, Осиё чемпиони унвонини қўлга киритган футболчиларимиздан Муҳиддин Одилов ҳамда Улуғбек Давлатовлар, афсуски, саломатлиги туфайли жаҳон чемпионатига бора олишмайди. Албатта, ўқув-машғулот йиғинлари чоғида улар ўрнини бошқа номзодлар билан тўлдиришга ҳаракат қилдик.

— Бирлашган Араб Амирликларида бўладиган жаҳон чемпионатида Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси олдига қан­дай вазифа қўйилган?

— Албатта, ҳар қандай мусобақа олдидан жамоа олдига аниқ мақсад қўйилади. Биз жаҳон чемпионатига Осиё чемпиони сифатида ташриф буюрамиз. Шу боис терма жамоамизнинг ҳар бир ўйини барчанинг диққат марказида туради. Бу эса жамоамиз аъзолари зиммасига катта масъулият юклайди. Ўзбекистон футбол федерацияси томонидан аниқ вазифа қўйилган, камида ярим финалга чиқишимиз керак. Футболчиларимиз нуфузли мусобақада халқимиз ишончини оқлаш, чиройли ўйин намойиш этишга ҳар томонлама шай, деб бемалол айта оламан. 6 октябрда Испания­дан қайтиб келган бўлсак, мана орадан уч кун ўтиб, Тошкентда сўнгги ўқув-машғулот йиғинини бошладик. Ҳозирда ҳар бир шогирдим кўтаринки кайфият ва ўйинга чан­қоқлик билан машғулотларда астойдил тер тўкмоқда. Режага кўра, 14 октябрда жаҳон чемпионатида қатнашиш учун Бирлашган Араб Амирликларига жўнаб кетамиз.

Эркин ХОЛБОБО

суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.