08.10.2013

ЎЗБЕКИСТОН СУДЛАРИ ФАОЛИЯТИГА

ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш имконият ва истиқболлари

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик суди томонидан БМТ Тараққиёт дастури, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) кўмагида ташкил этилди. Унда мамлакатимиз Олий суди ва Олий хўжалик суди, умумий юрисдикция судлари судьялари, ҳуқуқшунос олимлар, Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси вакиллари, Малайзия, Жанубий Корея, АҚШ, ГФР, Эстониядан экспертлар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Б.Мустафоев ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини қуриш борасида ўз йўлини танлаган мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ҳамда манфаатлари ички ва ташқи сиёсатнинг устувор йўналиши сифатида белгиланганини таъкидлади. Судлар инсон ҳуқуқ ва эркинлигини ҳимоя қилиш тизимида муҳим ўрин тутмоқда.

Жисмоний ва юридик шахслар ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида судларга мурожаат қилаётгани ҳам суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлиги ошаётганидан далолат беради. Бу жараёнда замон талабларига мос суд-ҳуқуқ амалиётида янги ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишни кенгайтириш муҳим аҳамиятга эга.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди фаолияти эътиборга лойиқдир. Унинг расмий сайтида ҳужжатларни қабул қилиш, суд ишлари иштирокчиларини хабардор қилиш ва уларга электрон шаклдаги суд ҳужжатларини юбориш имконини берадиган «Электрон қабулхона» очилган.

Экспертларнинг фикрича, одил судловнинг очиқ-ошкоралиги ва ундан фойдаланиш имкониятини таъминлаш электрон судлов тизимини жорий қилишнинг асосий самарасидир. Бу принципларни ҳаётга татбиқ этиш суд ахборотидан фойдаланиш ҳуқуқини таъминлаш билан чамбарчас боғлиқдир. Бу борадаги жамоатчилик фикри, шубҳасиз, судлар иши самарадорлигини, суд тизими ходимлари масъулиятини оширади, суд ҳокимияти нуфузининг юксалишига хизмат қилади.

— Суд жараёнларини бошқариш бўйича ишончли электрон тизимларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш самарали, замонавий ҳамда ҳисоб берувчи суд тизимини шакллантиришда муҳим технологик асос бўлиб хизмат қилади, — деди Массачусетс штати олий суди судьяси Роберт Корди (АҚШ). — Бу судьялар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ва суд иши томонлари зиммасидаги юкни енгиллаштиришга ёрдам беради. Шуни мамнуният билан таъкидлашни истардимки, Ўзбекистонда суднинг барча босқичлари фаолиятига ахборот-коммуникация технология­ларини жорий қилиш учун зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Семинар қатнашчилари судлар фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш бўйича миллий ва халқаро тажрибани кенг муҳокама этиб, Ўзбекистонда суд ишини юритиш соҳасида ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотлар нафақат судья­лар ва суд аппарати ходимларининг иш самарадорлигини оширишга ёрдам бериши, балки, энг муҳими — ишларни судда ошкора кўриб чиқиш принципини, ахборот очиқлиги, одил судловдан фойдаланиш ва унинг ошкоралигини таъминлашга хизмат қилишини алоҳида таъкидладилар.

Сардор ТОЖИЕВ,

ЎзА мухбири



DB query error.
Please try later.