Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
08.10.2013

УЙ-ЖОЙ-КОММУНАЛ СОҲАДАГИ МАСАЛАЛАР

ЎзХДП ташкилотлари ва депутатлик гуруҳларининг диққат-эътиборида туриши зарур

ЎзХДП Марказий Кенгаши ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан шу мавзуга бағишланган давра суҳбати ўтказилди. Унда иштирок этган партия Марказий Кенгаши масъул ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги депутатлик гуруҳи аъзолари таъкидлаганидек, қишлоқларда замонавий инфратузилмани ривожлантириш, коммунал соҳада учраётган масалаларга ўз вақтида ечим топиш борасида барча партия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳлари изчил фаолият олиб бориши муҳим аҳамият касб этади.

Айтиш керакки, партия Сайловолди дастурида бу борада белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида қатор амалий ишлар қи­линди. Масалан, Самарқанд, Сирдарё ва бошқа ҳудудларда аҳоли пунктларини тоза ичимлик суви билан таъминлашни янада яхшилаш, коммунал соҳадаги муаммоларни бартараф этиш ҳамда тегишли мутасадди идора ва ташкилотлар масъулиятини ошириш юзасидан таъсирчан депутатлик ҳамда жамоатчилик назоратини кучайтириш борасида вилоят партия кенгашларининг Ҳаракат дастурлари қабул қилинди. Мазкур дастурлар бажарилишига эришиш уй-жой-коммунал соҳада учраётган муаммолар ечимига хизмат қилади.

Тадбирда ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Рустам Комилов мавзунинг аҳамияти, партия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳлари зиммасидаги вазифалар ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдирди.

— Жамиятда сиёсий партия­ларнинг ўрни мустаҳкамланиб боргани сари масъулияти ҳам ошади, ҳар бир соҳада иштироки, таъсири кенгайиб боради, — деди у. — Шу маънода партиямиз электорат ман­фаатларига хизмат қилади­ган ташаббуслар билан чиқи­ши долзарб вазифа ҳисобланади. Айниқса, уй-жой-коммунал соҳада бевосита аҳо­ли, электорат манфаатларига доир масалалар кўп.

Ўтган 9 ой мобайнида ҳудудларда соҳага оид 30 га яқин масала ЎзХДП депутатлик гуруҳлари томонидан ўрганилди.

Жойларда уй-жой-коммунал хўжалигида кузатилаётган камчиликларни бартараф этишда ташаббускорлик, талабчанлик муҳим ўрин тутади. Шунинг учун бар­ча даражадаги партия таш­ки­лотлари ва депутатлик гуруҳлари бу йўналишда янада жид­дий ишлаши, хусусан, Жамоатчилик қабулхонала­рига тушаётган мурожаат­ларни ўз вақтида ҳал этишга эътиборни ку­чайтириши керак. Бу бора­да амалга оширилган иш­ларни атрофлича таҳлил қилиб бориш, соҳада қабул қи­линган қарорлар ва дастурлар ижросини чуқур ўрганиш, тегишли идора ва ташкилотларнинг масъулиятини ошириш бўйича депутатлик гуруҳлари ваколат доирасида фаолият юритиш мақсадга мувофиқ.

Уй-жой-коммунал соҳадаги ислоҳотларнинг ҳу­қуқий асослари, бу борада қонун ижодкорлигининг айрим масалалари хусусида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Анвар Бойқулов сўз юритди.

— Коммунал хизмат кўрсатиш сифатининг яхшиланиши, аввало, аҳолининг турмуш даражаси юксалишига хизмат қилади, — деди у. — Ўзбекис­тон Халқ демократик партияси коммунал соҳада рақобат муҳитини яратиш, кўрсати­лаётган хизматлар сифатини ошириш билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш, аҳолининг ижтимоий муҳофазага муҳтож қисмига коммунал хизматлар кўрсатишни янада яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар кўришга алоҳида эътибор беради.

Коммунал хизматлар кўрсатиш билан боғлиқ қонун ҳужжатлари ижросини таъминлаш маҳаллий ҳокимият органлари томонидан амалга оширилади. Шу ўринда таъкидлаш керакки, соҳадаги муносабатлар қатор қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади. Хусусан, Шаҳарсозлик кодекси, «Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги, «Истеъмолчиларнинг ҳу­қуқларини ҳимоя қилиш тўғ­рисида»ги, «Ижара тўғрисида»ги, «Электр энергияси тўғ­рисида»ги, «Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида»ги, «Чиқиндилар тўғрисида»ги қонунлар шулар жумласидандир. Демак, мазкур қонунлар ижроси бўйича депутатлик назоратини изчил йўлга қў­йиш муҳим аҳамиятга эга.

Бунинг учун аҳоли билан доимий мулоқотда бўлиб, жойларда бу борадаги муаммолар, кишиларни ўйлантираётган масалалардан хабардор бўлиш керак. Шунингдек, депутатлик бирлашмалари масалаларни назорат-таҳлил тартибида ўрганиши, бу жараёнда тегишли қонун ва бош­қа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга алоҳида эътибор бериши мақсадга мувофиқ, албатта. Бу уй-жой-коммунал соҳа­даги масалаларни тўғри таҳлил қилишга, депутатлик сў­ровлари изчиллигини оширишга, таъсирчан таклифлар ишлаб чиқишга асос бўлади.

Коммунал хизматлар сифатини ошириш, аҳоли мурожаатларини ҳал этиш борасида ЎзХДП Тошкент шаҳар кенгаши томонидан олиб борилаётган ишлар ҳақида шаҳар кенгаши раи­си, халқ депутатлари шаҳар Кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари Учқун Шойимқулов тўхталди.

— Партия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳимиз томонидан уй-жой-коммунал соҳада учраётган айрим муаммоларни мутасадди идора ва ташкилотлар ҳамкорлигида бартараф этишга ҳаракат қилаяпмиз, — деди у. — Бу борада Жамоатчилик қабулхоналарига тушаётган мурожаатлар билан тизимли ишлаш муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Хусусан, 2012 йилда Жамоатчилик қабулхоналарига айнан коммунал соҳа билан боғлиқ 70 га яқин мурожаат тушган бўлса, уларнинг аксарияти ижобий ҳал этилган. Жорий йилнинг ўтган 8 ойи давомида эса соҳага доир умумий 43 та мурожаатдан 37 таси бўйича амалий ишлар олиб борилган.

Ўйлашимча, уй-жой-коммунал соҳадаги масалаларни ҳал этишда ҳудудлар бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқиш талаб этилади.

Шунингдек, давра суҳбатида ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим мудири Боймурод Юсупов, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги депутатлик гуруҳи аъзоси Нигора Эшметова ва бошқалар ўз таклиф-мулоҳазаларини билдирди.

Тадбир давомида таъкидланганидек, Обод турмуш йили Давлат дастури асосида уй-жойлар, замонавий йўл ва коммуникация тармоқлари барпо этиш, аҳоли пунктларини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, коммунал хизмат соҳасидаги муаммоларни ечиш масалаларида кенг кўламли ишлар қилинмоқда. Дастурий мақсадлардан келиб чиқиб, партия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳлари мазкур вазифалар ўз вақтида ҳамда самарали амалга оширилиши устидан назорат олиб бориши, жойларда бу масалаларни комплекс ҳал этиш бўйича таклифлар киритиб бориши зарур. Бундай ташаббуслар партия Сайловолди дастурида, айни пайтда, Обод турмуш йили Давлат дастурида белгиланган устувор мақсадлар самарали амалга ошишига хизмат қилади.

Нурали ОРИПОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.