05.10.2013

НАМАНГАН ВИЛОЯТИ: ТИНЧЛИК, ТАРАҚҚИЁТ ТАНТАНАСИ «ТИНЧЛИК СТЕЛЛАСИ»

Наманган. Бош майдон. Йил ўн икки ой муттасил ранго-ранг гуллар очилиб ётадиган, фаввораларнинг зилол қўшиғидан зеболанган гулафшон гўшада мармар кошинли устун бор. Устун узра саккиз гулбарг товланади. Гулбарг ичра ер шарининг рамзи. Кумуш тусли замин бўйлаб бир жуфт турна мовий осмонга интилади. Тинчлигимиз, фаровон турмушимиз, меҳр-муҳаббат ва орзу ишончларимиз тимсоли — рангин байроқчалар ҳилпираётган хиёбон ҳамиша гавжум.

Бу — Президентимиз таклиф ва ташаббуси билан 2004 йилда барпо этилган Наманганнинг бош май­донидаги «Тинчлик стелласи»нинг тасвири. Вилоятдаги йўл­ларнинг барчаси худди шу жойга — бетак­рор кўрк ва юксак мазмун уйғунлашган Бош майдонга туташади.

Гулзорлар қуршовидаги йўлакдан борилар экан, ният қилинади. Оила қураётганлар, илк бор фуқаролик паспорти олувчилар, халқаро спорт мусобақасига отланаётганлар, Ватан ҳимоясига бел боғлаган ўғлонлар, халқаро кўрик-танлов ва фан олимпиадасига бораётганлар худди шу манзилдан куч оладилар...

ИСЛОҲОТ ИСЛОҲОТ УЧУН ЭМАС — АВВАЛО ИНСОН УЧУН

Наманган вилоятида биргина энг улуғ, энг азиз айём — Мустақиллигимизнинг 22 йил­лиги шарафига 200 дан зиёд янги объект ва иншоотлар фойдаланишга топширилди. Уларнинг 84 таси маҳаллий ҳокимликлар томонидан тасдиқланган режа-лойиҳа асосида бунёд этилди. Шундан 67 таси саноат, савдо ва маи­ший хизмат кўрсатиш корхоналари, 60 таси қишлоқ массивларида қад ростлаган намунавий лойиҳа асосидаги уй-жой, 15 таси қурилиш маҳ­сулотлари ишлаб чиқарадиган кор­хона, 11 таси тиббиёт ва маданий соҳа объектлари ҳамда 9 таси замонавий спорт кошоналаридир.

Президентимизнинг Наманган шаҳрини 2009-2012 йилларда ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмасини ривожлантириш Дастури, Вазирлар Маҳкамасининг Наманган вилоятини 2009-2012 йилларда индустриал ривожлантириш ва ишлаб чиқаришни модернизациялаш Дастури, ҳамда 2009-2012 йилларда Наманган вилоятида кичик бизнес, тадбиркорлик ва касаначиликни ривожлантириш Дастурлари асосида амалга оширилган бун­ёдкорлик ишлари вилоят қиёфасини тубдан ўзгаришига, обод бўлишига, энг муҳими наманганликлар қалбида эртанги кунга ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

ЎЗБЕК ШАҲАРСОЗЛИГИНИНГ ОЛТИН ДАВРИ

— Истиқлолнинг кейинги ўн йи­ли ўзбек шаҳарсозлигининг олтин даври бўлди, — дейди 91 ёшни қаршилаган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, меҳнат фахрийси Саримсоқ Низомов. — Салкам бир аср яшаб бундай замонни, тўкинчиликни, фаровонликни, инсоннинг бу даражада қадрланганини кўрганим йўқ. Шукур қилиш керак. Бу кунларни қадрига етишимиз лозим. Вилоят «Нуроний» жамғармаси, хотин-қизлар қўмитаси, ёшлар ташкилоти вақти-вақти билан кексалар, хотин-қизлар, ёшлар вакилларини янги қурилган мажмуалар ва сайқалланган зиёратгоҳлар бўйлаб саёҳат қилдиради. Бундай мулоқотларда биз ёшларга ўтмишнинг оғир кунлари ҳақида сўзлаб берамиз. Таққослаймиз. Мустақилликни қадрига етиш кераклигини уларга уқтирамиз.

Дарҳақиқат, 21,7 гектар майдонни ўз ичига олган ёшлар боғи, энг сўнгги русумдаги ахборот коммуникация воситалари билан жиҳозланган «Ёшлар маркази», вилоят мусиқали драма ва комедия театри, муҳташам университет, Бобур ва Навоий шоҳ кўчаларидаги мафтункор манзаралар, ўзига хос табиий иқлим яратган ям-яшил хиёбонлардаги гўзал ҳаёт ва обод турмуш симфонияси бўлган фавворалар, Хотира майдони, «Баркамол авлод» спорт мажмуаси, халқаро мусобақалар майдонига айланган «Дўстлик» теннис корти...

Наманганнинг бугунги тароватини нафақат вилоят, шаҳар, туман марказлари мисолида, балки чекка қишлоқ ҳудудларидаги қу­рилиш ободончилик ишлари тимсолида ҳам яққол кўрамиз.

Чортоқнинг Коросконидан Ҳазра­тишоҳгача, Мингбулоқнинг Момохонидан — Ўзгаришгача, Попдан — Чодаккача, Нориннинг Марғизоридан — Кемабошигача, Косонсой­нинг Гўрмиронидан — Ободонигача, барча қишлоқлар, маҳалла гузарлари обод бугун. Уларда энг замонавий савдо, маиший ва сервис хизматлари кўрсатилмоқда.

— Бизнинг болалигимиз оғир йилларга, мураккаб даврларга тўғри келган, — дейди Тў­рақўрғон туманидаги «Хади­ча ая» фермер хўжалиги раҳ­бари, Ўзбекистон Қаҳрамо­ни, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳи аъзоси Халчахон МИРЗАЕВА. — Мактаб дейиш­га ҳам тилинг бормайдиган, мослаштирилган биноларда ўқиганмиз. Ҳаёт қийин эди. Ўша йилларда оддий бир касалликдан ҳам одамлар, айниқса болалар нобуд бў­ларди. Бугун эса олис қишлоқларда, маҳалла гузарларида замонавий тиббиёт масканлари, мактабларни кўриб қувонасиз. Набирам билан гузарга чиқсам, интернет клубга кирди-ю бир қан­ча маълумотларни олиб чиқди. Сўрасам, дарсда фойдаланаман, дейди. Бугунги ёшларга яратилган шароит­ларни, таълим тизимидаги юксалишларни хорижликлар ҳам ҳавас билан эътироф этишаётгани бежиз эмас-да.

АХБОРОТ ТЕХНОЛОГИЯЛАРИ ВА ТАРАҚҚИЁТ

Наманган вилоятида мавжуд умумтаълим мактабларининг 536 таси компьютерлашган бўлиб, мультимедиа маркази томонидан 18 та фан йўналиши бўйича 6060 та электрон дарслик ва ўқув қўл­ланмалари билан таъминланган. 616 та умумтаълим мактаби Халқ таълими вазирлигининг «ZiyoNET» республика жамоат ахборот таълим порталига уланиши ўқувчиларнинг интернет тармоғи ор­қали жаҳонга чиқиш, масофадан туриб ўқитиш имкониятларидан фойдаланишига кенг йўл очди.

— Осиё Тараққиёт банки билан ҳамкорликда мактабларни замонавий компьютерлар билан жиҳозлаш лойиҳаси ижроси жойларда «Етакчи класстер мактаблар ва ахборот ресурс марказлари» фао­лиятини жонлантирди, — дейди вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Собитхон ТУРҒУНОВ. — Бу нафақат ўқув­чилар балки ҳудудлардаги барча аҳоли қат­ламлари учун тезкор ахборот манбаига айланди.

ЯНГИ ИШ ЎРИНЛАРИ — ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯ КАФОЛАТИ

Яқинда Ўзбекистон Республи­каси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳот­лар масалалари қўмитаси билан халқ депутатлари вилоят Кенгашининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди. Унда «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолат­лари тўғрисида»ги қонуннинг На­манган вилоятида ижро этили­шини ўрганиш натижалари ҳақи­даги масала кўриб чиқилди.

2013 йилнинг 1 июль ҳолатига ви­лоят бўйича 26765 та кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъ­екти фаолият юритиб, уларнинг улуши вилоят қишлоқ хўжалигида 99 фоизни, қурилишда 87,7 фоизни, аҳолига пуллик хизматлар кўрсатиш бўйича 53,6 фоизни, саноатда 41 фоизни ташкил этган.

— Аҳолини ижтимоий му­ҳофа­за қилишнинг муҳим шарти бу — янги иш ўринлари ташкил этиш, — дейди ЎзХДП «Фаол аёллар» қаноти вилоят бўлими етакчиси Сайёра ТУРДИЕВА. — Айниқса, хотин-қизларни муқим иш жойи, доимий маош билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қа­ратилмоқда.

«Обод турмуш» йили Дав­лат Дастурига кўра, уй меҳ­натининг барча шаклларини ташкил этиш ҳисобидан 23 мингга яқин иш ўринлари яратилди. Шунингдек, касаначилик, ҳунармандчилик, оилавий тадбиркорлик ҳисобидан 3500 га яқин иш ўрни ташкил этилди. Бу борада ХДПнинг ҳам ўзига хос ўрни бор. Замон талабларига монанд кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга, электоратимизнинг хоҳиш-интилишларидан келиб чиқиб ҳисса қўшмоқдамиз.

Дарвоқе, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами манфаатларини ҳимоя қилишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган Ўзбекистон ХДПнинг «Маҳалла — аҳо­лини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш маркази», «Электорат манфаатларини ўрганиш, қишлоқ жойларида сервис ва хизмат кўр­сатиш соҳасини янада ривожлантириш» лойиҳаларини алоҳида таъ­кидлаш зарур. Бугунги кунда юзлаб наманганлик ҳунармандлар ЎзХДП лойиҳаси асосида тижорат банкларидан имтиёзли кредитлар олиб, ўз бизнесини йўлга қўйди ва вилоятни иқтисодий ривожланишига ҳисса қўш­моқда.

АҲОЛИ САЛОМАТЛИГИ — БОШ МАСАЛА

Президентимиз Конституциямизнинг 20 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нут­қида тиббиёт соҳасига алоҳида тўхталиб, Обод турмушнинг яна бир муҳим шарти бу — инсон саломатлигини мустаҳкамлаш билан боғлиқ, деб таъкидлаган эди.

Наманганда Кардиология маркази фаолият бошлагани, илгари фақат пойтахт клиникаларида бажариладиган, юрак билан боғлиқ энг мураккаб жарроҳлик амалиётларининг шу ерда муваффақиятли амалга оширилаётгани тиббиёт соҳасида эришилаётган ютуқларга мисол бўла олади. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида ҳиндистонлик, германиялик мутахассисларнинг вилоятимизда бўлиб, тажриба алмашишгани, республика ва халқаро анжуманларга Наманган тиббиётчиларининг мезбонлик қилишгани ҳам бу борада муҳим қадамлар ташланаётганини кўрсатади.

Ўнлаб шифокорлар хорижий мамлакатларда давлат гранти асосида тажриба ўр­ганиб қайтишмоқда. Қишлоқ врачлик пунктлари «Саломатлик-1», «Саломатлик-2» лойи­ҳалари асосида мукаммал жиҳозланганини алоҳида таъкидлаш керак.

Эътироф этиш ўринлики, бугун наманганлик врачларнинг 23 фоизи инглиз тилида бемалол сўзлаша олади. Бу халқаро талаб ва стандартларни ўзлаштиришда қўл келмоқда.

— Мен оддий ҳайдовчиман, — дей­ди Наманган шаҳар тез тиббий ёрдам маркази ходи­ми, ЎзХДП аъзоси Содиқжон ХЎЖАЕВ. — Илгари «Тез тиббий ёрдам» хизмати техник марказида эски автоуловлар бор эди. Техник носозликлар туфайли чақирувга кеч етиб борган вақтларимиз кўп бўл­ган. Ўшанда дори-дармон йўқлиги учун беморга ёрдам кўрсатилмаган ҳолларга ҳам гувоҳ бўлганман.

Бугунги кунда вилоятда «Тез тиббий ёрдам» учун алоҳида марказ ташкил этилган. «Дамас-амбуланс»да барча зарур тиббий муолажа воситалари ва дори-дармон мавжудлиги, ҳатто йўлда кетаётиб ҳам шифокорнинг беморга ёрдам кўрсатиш имкони яратилган.

Яқинда Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида шошилинч тиббий ёрдам хизмати ходимларининг республика кўрик-танловида қатнашдим ва «Тез тиббий ёрдамнинг энг интизомли ҳайдовчиси» номинацияси бў­йича ғолиб бўлдим.

ЙЎЛЛАР ҲИКМАТИ

Наманганда истиқлол йилла­рида энг эътибор берилган соҳалардан бири бу — йўлсозлик бўл­ди. Фар­ғона ҳалқа йўлининг маълум километрларида ички ва трас­­са йўллар, шунга монанд кўприклар қурилди, таъмирланди.

Фарғона билан оралиқ масофани 50 километрга қисқартириб, Сирдарё узра тикланган кўприк узоғимизни нечоғли яқин қилган ва иқтисодиётимизга фойда келтирган бўлса, вилоятни Андижон билан боғлаб турувчи кўприк ҳам шу қадар муҳим аҳамиятга эга.

Мустақиллигимизнинг 22 йиллик байрами нишонланаётган кунларда бир миллиард сўм маблағ ҳисобига таъмирланган Наманган — Норин — Андижон кўприги вилоятимиз иқтисодий-ижтимоий ҳаётида алоҳида ўринга эга.

Президентимиз халқ депутатлари Андижон вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Фарғона водийси вилоятларини мамлакатимиз темир йўл тизими билан боғлайдиган лойиҳа хусусида гапирган эди.

Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлганида юқоридаги лойиҳа бўйича ҳам фикр алмашилди. Мамлакатлар ўртасида энг қисқа темир йўл тармоғини барпо этиш ўзаро иқтисодий ҳамкорликнинг долзарб стратегик йўналишларидан бири сифатида таъкидланди.

«Ўзбекистон темир йўллари» давлат акциядорлик темир йўл компанияси ва Хитойнинг «China Railway Tunnel Group» компанияси ўртасида Ангрен — Поп темир йўл линиясини қуриш бўйича умумий қиймати 455 миллион долларлик шартнома имзоланиб, бу борада дастлабки амалий ишлар бошлаб юборилди.

— Ангрен — Поп темир йўли қу­рилиши муносабати билан кўплаб ҳамюртларимиз бизни қутлашди, — дейди «Ғайрат» станцияси бош­лиғи, ЎзХДП фаоли Ҳакимжон МАМЕДОВ. — Мустақиллик туфайли халқимиз кўплаб тарихий воқеаларга гувоҳ бўлаяпти. Буюк ўзгаришлар, янгиланишлар, яратиш ва бунёдкорлик жараёнларида иштирок этмоқдамиз. Шуни фахр билан айтаманки, ушбу темир йўлнинг қурилиши давлатимиз куч-қудратини яна бир марта бутун дунёга намоён этади.

ЎзХДП ДЕПУТАТЛАРИ ФАОЛЛИГИ ОШМОҚДА

Бугунга келиб вилоятда 34 минг нафардан зиёд Ўзбекистон Халқ демократик партияси аъзолари бўлиб, улар 746 та бошланғич таш­килотга бирлашган.

Халқ депутатлари вилоят Кенга­шида ЎзХДПдан сайланган 27 нафар, халқ депутатлари шаҳар, туман Кенгашларида 258 нафар депутат фаолият кўрсатмоқда.

— Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳлари ташаббуси билан доимий комиссия ва сессиялар муҳокамасига электорат манфаатлари ҳимояси, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган долзарб масалалар киритилмоқда. — Жорий йил­нинг ўтган даври мобайнида халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессияларида ЎзХДП депутатлик гуруҳи ташаббуси билан Ҳаракат дастурида белгиланган Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъ­­минлаш Дастури ижроси, Ёшлар масалалари, маиший ва сервис хизмати сифатини яхшилашга доир 3 та масала кўриб чиқилган. Ҳозирда сессия қарорлари иж­росини таъминлаш бўйича депутатлик гуруҳимиз изчил фаолият кўрсатмоқда.

Бундан ташқари, ЎзХДП депутатлари томонидан транспорт хизматини тартибга солиш, ўрта махсус касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш, коммунал хизматларни такомиллаштириш билан боғлиқ қатор долзарб масалалар маҳаллий Кенгашлардаги доимий комиссиялар йиғилишларида кўриб чиқилди.

Партиямиз ғоясини кенг тар­ғиб этиш, дастурий мақсадла­рига эришиш юзасидан пар­тия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари изчил фао­лият кўрсатмоқда. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида шу мақсадга йў­налтирилган семинар-тренинг ўт­казилди.

Бундан ташқари, партия фаоллари вилоят партия ташкилот­ла­ри қошидаги Жамоатчилик қабулхоналарига тушган мурожаатларни ўз вақтида ўрганиш ва уларга тегишли ташкилотлар кўмагида ечим топишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Хусусан, жорий йилнинг ўтган олти ойи давомида Жамоатчилик қа­булхоналари­га 350 га яқин мурожаат тушган. Уларнинг аксарияти коммунал со­ҳа ва иш билан таъминлаш масаласи юзасидан. Ҳозирга қадар мурожаатларнинг 70 фоизи тегишли ташкилотлар ёрдамида ва депутатларимиз ваколати доирасида ижобий ҳал қилинди.

Тинчлик бор юртда тараққиёт бўлади. Тўкинчилик, фаровонлик, тотувлик ҳукм суради. Одамлар ўз ҳаётидан рози, эртанги кунга, буюк келажакка ишонч билан яшайди. Ушбу тамойиллар бар­қарор Наманганда бугун тинчлик, тараққиёт тантана қилмоқда...

Носиржон ДЕҲҚОНОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.