05.10.2013

МАМЛАКАТ ЭКСПОРТ САЛОҲИЯТИНИНГ ОРТИШИ

иқтисодиётни юксалтиради,  иш ўринлари барқарорлигини  таъминлашга хизмат қилади

Хусусий тадбиркорсиз, маҳсулот ишлаб чи­қа­раяп­сиз, фойда олаяпсиз. Янги иш ўринлари яратаяп­сиз. Ички бозорда ўз ўрнингиз, мавқеингиз бор.

Лекин шу билан тўхтаб қолманг. Зеро, ишлаб чиқарган маҳсулотларингиз хориж бозорларига кириб бориши, «Made in Uzbe­kis­tan» ёрлиғи остида танилишини ўзингиз ҳам истайсиз. Шунда янада кўпроқ фойда қиласиз, янги иш ўринлари яратасиз. Корхонангиз маҳсулотлари эса жаҳон бозорига чиқади.

Бунинг учун нима қилиш кераклигини билмаяпсиз. Мана шу пайтда Жамғарма сизга беғараз ёрдам беради. Маҳсулотингизни экспорт қилиш механизмини яратиб беради...           

Мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлашда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳаси муҳим ўрин тутади. Шу боис давлатимиз томонидан ушбу соҳани янада ривожлантириш, қулай шароит яратиш, уларга кенг имтиёз ва имкониятлар бериш ҳамда ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида муҳим ислоҳотлар ўтказилмоқда.

Президентимизнинг «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экс­портини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғ­рисида»ги қарори қабул қилиниши ҳам  ислоҳотларнинг изчил давомидир. Мазкур муҳим ҳужжат кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъ­ект­лари томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар экспортини янада кенгайтириш имконини беради.

Қарорга кўра, Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки ҳузурида Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жам­ғармаси ташкил этилди. Жам­ғарманинг таъсисчилари кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки, Савдо-саноат палатаси, шунингдек, бош­қа қатор тижорат банклари ва молия институтларидир.

Жамғарманинг асосий вазифаси сифатида ташқи бозорларнинг чуқур маркетинг тадқиқотларини ўтказиш, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни экспорт қилиш имкониятларини аниқлаш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулот турларини тизимли асосда таҳлил қилиш, уларнинг ташқи бозордаги рақобатбардошлик даражасини аниқлаш, тегишли маълумотлар базасини шакллантириш, экспортга ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг жаҳон минтақавий бозорларидаги талаб-эҳтиёжга мос келишини таъминлаш белгилаб қў­йил­ган.

Яқинда Жамғарма Кенгашининг йиғилиши бўлиб, унда олдинда турган муҳим устувор масалалар муҳокама этилди. Йиғилишда Жам­ғарма фаолиятининг асосий йўналишлари белгилаб олинди. Хусусан, таш­қи савдо амалиётларини тартибга солувчи мамлакатимиз ва хорижий давлатларнинг қонунчилик талабларини чуқур ўрганиш, юртимизда кичик бизнес, хусусий ва оилавий тадбиркорлик билан шуғулланаётганлар билан учрашув ва мулоқотлар ўтказиш ва уларга экспорт фаолиятини ташкил этиш бўйича зарур тавсиялар бериш Жам­ғарма фаолиятининг устувор йўналишлари этиб белгиланди.

Мазкур тузилма, бундан ташқари, тадбиркорлик ­суб­ъ­­­­ектлари маҳсулотларини ташқи бозорга чиқариш, харидорларни излаш, экспорт шартномалари тайёрлаш ва тузиш, шу билан боғлиқ операцияларни амалга ошириш, экспорт қилувчиларни эҳтимолий хавф-хатарлардан ишончли ҳимоя қилиш, шунингдек, зарур лицензия, сертификат ва бошқа рухсатнома ва йиғимларни олиш ва тўлашда тадбиркорларга юридик, молиявий ва ташкилий кўмак беради.

Жамғарманинг ижро этувчи дирекцияси Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банкининг Тошкент шаҳар бў­лими биносида жойлашган. Унинг ҳудудий филиаллари эса банкнинг вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикаси бўлимларида фаолият кўрсатади.   

Бугунги кунда мамлакатимизнинг ялпи ички маҳсулотининг катта қисми айнан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик тизими ҳиссасига тўғри келади. Демак, бу секторни янада ривожлантириш, унга кенг йўл очиб бериш иқтисодий салоҳиятимизни ортиши билан бирга янги иш ўринлари ташкил этиш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш каби долзарб масалаларнинг ҳал этилишига ҳам хизмат қилади.

Нурали ОРИПОВ



DB query error.
Please try later.