03.10.2013

ДЕПУТАТЛИК НАЗОРАТИ

партия электорати манфаатларини ҳимоя этиш ҳамда ижро ҳокимиятининг масъулиятини оширишга хизмат қилиши зарур

ЎзХДП Марказий Кенгаши ташаббуси билан Гулистон шаҳрида ташкил этилган амалий семинар ҳам айнан депутатлик назорати, уни янада кучайтириш ҳамда бу борада Сирдарё вилоят партия ташкилотларида амалга оширилаётган ишлар таҳлилига бағишланди. Унда партия Марказий Кенгаши масъул ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари аъзолари, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ходимлари ҳамда қатор ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Бугунги кунда халқ депутатлари Сирдарё вилоят Кенгашида 44 нафар, туман ва шаҳар Кенгашларида 313 нафар депутат фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг 160 нафари Ўзбекистон Халқ демократик партияси вакиллари ҳисобланади. Вилоятда қонун ва қарорлар ижросини таъминлаш, Давлат дастурларини амалга ошириш ҳамда партия электорати манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида ЎзХДП депутатлик гуруҳлари изчил депутатлик назорати олиб бораяпти. Хусусан, ўтган йил давомида айнан қонун ва ҳукумат қарорлари ижроси юзасидан партия депутатлик гуруҳлари томонидан 370 дан ортиқ депутатлик сўрови юбо­рилган. Сўровларда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, инфратузилмани яхшилаш, иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш масалалари алоҳида эътиборда бўлган.

Депутатлик назоратини амалга оширишнинг асосий шаклларидан бири депутатлик сўровидир. «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида»ги қонунда депутатлик сўровини амал­га ошириш билан боғлиқ масалалар тартибга солинган. Хусусан, унда депутат тегишли ҳудудда жойлашган давлат ҳокимияти ва бошқаруви ор­ганларининг мансабдор шахс­ларига уларнинг ваколатларига кирадиган масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки ўз нуқ­таи назарини баён қилиш талаби билан депутат сўрови юборишга ҳақ­ли экани белгилаб қўйилган. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахслари депутат сўровига жавобни мазкур сўров олинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай юборишга мажбурдир.

Депутатлик назоратини амал­га ошириш учун яратилган ҳуқуқий асослардан сама­рали фойдаланиш, шу орқали электорат манфаатларини барча ҳудудларда ишончли ҳимоя қилиш лозим.

Алишер ТОШМАТОВ, ЎзХДП Сирдарё вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари:

— Жорий йилнинг ўтган дав­ри мобайнида партия депутатлик гуруҳлари томонидан Ҳаракат дастурида белгиланган 3 та масала сессиялар му­ҳокамасига киритилди. Хусусан, 2013 йил 22 ян­варда халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиясида вилоят туман ва шаҳарларида замонавий йўл ком­муника­ция тармоқларини барпо этиш, аҳоли пунктларини тоза ичим­лик суви билан таъминлашни янада яхшилаш, коммунал хизмат соҳасидаги муаммоларни ечиш орқали маҳаллаларни обод қилиш, бу борада мутасадди идоралар фаолияти самарадорлигини ошириш юзасидан таъсирчан депутатлик назорати ўрнатиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилиб, тегишли қарор қа­бул қилинган эди. Сессия қарори ижросини таъминлаш бўйича депутатлик гуруҳимиз изчил фаолият кўр­сатди. Хусусан, депутатлик гуруҳимиз ташаббуси билан «Сувоқава» масъулияти чекланган жамияти ҳамда «Ўзавтойўл» вилоят бошқармалари раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди.

Таъкидлаш керакки, сессия қарорида кўзда тутилган чоралар Обод турмуш йили Давлат дастурида белгиланган устувор вазифалар бажарилишида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Шунингдек, семинарда ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим мудири Боймурод Юсупов, Боёвут туман кенгаши раиси, халқ депутатлари туман Кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари Раббимқул Ибрагимов ҳамда партиянинг бошқа фаоллари депутатлик назорати бўйича ҳуқуқни қўллаш амалиётини кучайтириш, депутатларнинг ташаббускорлигини ошириш масалалари юзасидан таклиф-мулоҳазаларини билдирди.

Тадбир якунида халқ депутатлари Сирдарё вилоят, туман ва шаҳар кенгашларидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳларининг депутатлик назо­ратини тизимли олиб бориш билан боғлиқ фаолиятини яна­да кучайтириш, бу борада депутатларнинг масъулиятини оширишга қаратилган тавсия­лар ишлаб чиқилди.

ЎзХДП САЙЛОВОЛДИ ДАСТУРИДАН:

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги ЎзХДП гуруҳлари ҳудудий ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурлари ва бошқа мақсадли дастурлар бажарилиши устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини олиб боради. Шу орқали кучли ижтимоий сиёсат асосини ташкил этадиган давлат қарорларининг жойларда аниқ ижро этилиши бўйича давлат бошқаруви маҳаллий органлари ходимлари ­масъу­лия­тини оширишга ало­ҳида эътибор қаратади.

Нурали ОРИПОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.