03.10.2013

МАҲАЛЛА БИЛАН ҲАМКОРЛИК

ижтимоий ҳимояни кучайтиришнинг муҳим кафолати

ЎзХДП Дастурига кўра, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа жамоатчилик инс­титутларини кенг иштирок этишга рағбатлантирадиган ижтимоий бирдамлик муносабатларини ривожлантириш муҳим масала сифатида белгиланган.

Кимнинг уйида тўй, кимникида маросим, ким ёрдамга муҳтож, кимнинг ёнида туриш керак? Буларни ким билади? Маҳалла билади, маҳалланинг ўзи ҳал қилади...

ЎзХДП Сайловолди дастурига мувофиқ қўл­лаб-қувватлашга муҳтож кишиларга ёрдам кўрсатиш, ўз ишини очиш, қишлоқларда кичик ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш, хотин-қизлар ҳамда ёш­ларни иш билан таъминлашга кўмаклашиш мақсадида амалга ошири­лаётган турли лойиҳаларда маҳалла институти билан ҳамкорликни такомиллаш­тиришга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.

Бу институт мустақиллик йилларида ўзига хос тузилма сифатида қайта тикланди ва ривожланди. Конституциямизда мазкур институтнинг ҳу­қуқий асоси мустаҳкамланиши маҳалланинг давлат ва жамият бошқарувидаги ўрнини оширишда катта аҳа­миятга эга бўлди.

Бугун республикамизда 10 мингга яқин ўзини ўзи бошқариш органлари фаолият юритмоқда. Ҳудудларда тинчлик-тотувликни таъминлаш, фаровонликни оширишда уларнинг ўз ўрни бор. Мустақиллик йилларида маҳалланинг ўзини ўзи бошқариш органи, фуқаролик жамиятининг ўзига хос институти сифатида эътироф этилгани фуқароларимизнинг фаоллиги ошишида, жамиятда ижтимоий бирдамлик кучайишида муҳим омил бўлди. Буни кўплаб ҳаётий мисолларда кўриш мумкин.

Маълумотларга кўра, жорий йилнинг биринчи чораги мобайнида «Ма­ҳалла» хайрия жамоат фонди томонидан маҳаллалар идораси атрофидаги бўш ер майдонларида республика бўйича жами 566 та янги кичик боғ ташкил этилган. 234 та болалар майдончаси қайта таъмирланган. Қишлоқ жойларда аҳолига маиший хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш мақсадида маҳаллаларда 800 дан ортиқ маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси очилишига, 17 мингдан ортиқ иш ўрни яратилишига кўмаклашилган.

Ўзбекистон Халқ демократик пар­тияси ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш бўйича маҳаллаларда қилинаётган ишларни эътироф этади, айни пайтда, электорат манфаатини ҳимоя қилишда ушбу институт билан ҳамкорликни мустаҳкамлашни ўзининг муҳим вазифаларидан, деб ҳисоблайди.

Аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришда маҳаллаларда фаолият юритаётган ЎзХДП ҳудудий ташкилотлари ўзига хос ўрин тутмоқда. Партия аъзолари, электорат вакилларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш мақсадида режали тадбирлар ўтказилмоқда. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзолари иштирокида кўчма Жамоатчилик қабулхоналари ташкил этилаяпти. Шулар орқали ЎзХДП маҳаллалар ривожига, ижтимоий ҳимоя ва ижтимоий бирдамлик кучайишига интилмоқда, ўз сайловолди дастури ижросини таъминламоқда.

— «Фуқароларнинг ўзини ўзи бош­қариш органлари тўғрисида»ги қонун янги таҳрирда қабул қилиниши ор­қали маҳалланинг ҳуқуқ ва имкониятлари янада кенгайди. — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Алия Юнусова. — Ҳозирда фуқаролар йиғинлари 30 дан ортиқ вазифани амалга оширмоқда. Пре­зиденти­миз ғояси асосида маҳалла фаолиятига жорий қилинган янги меъёрлар аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашда, ҳудудларда оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчиликни ривожлантиришга кўмаклашишда, давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати олиб боришда маҳалла институти­нинг ваколат ва вазифаларини кенгайтиришга қаратилгани билан аҳа­миятли.

Маҳалла ҳалқнинг кўз ўнгидаги идора, унга одамлар яхши-ёмон кунида маслаҳат, ёрдам сўраб келади. Шу маънода, маҳаллани юксалтириш, тинчлик-осойишталикни таъминлашда фуқаролар йиғини раисининг ўрни беқиёс. Ушбу лавозимга энг муносиб, катта ҳаётий тажрибага эга, ҳурмат ва ишончга сазовор кишилар сайланиши долзарб масала. Шунинг учун «Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида»ги қонунга раислар ҳамда уларнинг маслаҳатчилари сайловини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Унга кўра, йиғин раиси лавозимига кўрсатилган номзод маҳалла ҳудудида сайловга қадар камида 5 йил доимий яшаши, давлат органлари ёки нодавлат нотижорат ташкилотларида ёхуд хўжалик ва тадбиркорлик фаолияти соҳасида муайян иш тажрибасига, юқори маънавий-ахлоқий фазилатларга эга бўлиши лозим.

— Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши маҳаллалар билан ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Электорат вакиллари манфаатини самарали ҳи­моя этиш мақсадида қатор амалий тадбирлар ўтказилмоқда, — дейди ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Шарбат Абдуллаева, — Бу ҳақда гап кетганда, «Маҳалла — аҳолини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш маркази» лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган тизимли ишларни алоҳида таъкидлаш лозим. Лойиҳа бўйича жорий йилда ўтказилган тадбирлар давомида кўчма Жамоатчилик қабулхоналари ҳам ташкил этилди. Уларда Қонунчилик палатасидаги партия фрак­цияси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари аъзолари аҳоли вакилларининг мингдан ортиқ мурожаатини қабул қилишди. Ҳозирга қадар уларнинг 80 фоиздан ортиғи тегишли идора ва ташкилотлар ёрдамида ижобий ҳал этилди.

 

Лойиҳанинг яна бир муҳим йўналиши ҳамкор ташкилотлар иштирокида бўш иш ўринлари ярмаркалари ташкил этилгани бўлди. Жорий йилда ўтказилган 30 га яқин ярмаркада 300 дан ортиқ корхона ва ташкилот қатнашди. Натижада 1500 нафарга яқин электорат вакиллари ишга йўлланма олди. Ушбу лойиҳадан кўзланган асосий мақсад, аҳоли, айниқса, партия электорати орасига чуқур кириб бориш, уларни ўйлантираётган масалаларни ўрганиб, вакиллик ҳокимияти орқали ўз жойида ҳал этишда кўмаклашиш, шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган пар­тиямиз вакиллари орқали тегишли қонунларни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишдан иборат бўлмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, маҳалла институти ривожланиши, маҳалла билан ҳамкорлигимизнинг мустаҳкамланиши партиямиз электорати манфаатига хизмат қилмоқда.

Басандабону ЖАЛИЛОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.