03.10.2013

«ЖИЗЗАХ» МАХСУС ИНДУСТРИАЛ ЗОНАСИ

янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадларини янада ошириш имконини беради

Республикамиз Президентининг «Жиззах» махсус индус   триал зонасини барпо этиш тўғрисида»ги фармони жиззахликлар кўнглини кўтарди, уларни катта ишларига руҳлантирди. Бугун Жиззах ва қўшни Сирдарё вилоятларининг ишлаб чиқариш ҳамда ресурс салоҳиятидан самарали фойдаланиш, шу асосда янги иш жойларини яратиш ва аҳоли даромадларини оширишдек эзгу мақсадларни кўзлаб қабул қилинган мазкур фармоннинг ижросини таъминлаш учун амалий ҳаракатлар бошлаб юборилган.

— Иқтисодиётни янада ривожлантириш, юқори қўшилган қийматга эга рақобатбардош маҳсулот тайёрлашни таъминлайдиган замонавий, юксак технологияли ишлаб чиқаришларни ташкил этишда хорижий ва маҳаллий инвестицияларни жалб этиш, бунинг учун қулай сармоявий шарт-шароитларни шакллантириш муҳим аҳамиятга эга, — дейди Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигининг вилоят ҳудудий бош­қармаси бошлиғи Алишер Қодиров. — Юқоридаги фармон мазкур йўналишдаги ишларни том маънода янги босқичга олиб чиқди. Шу тариқа «Жиззах» махсус индустриал зонаси Жиззах шаҳрининг саноат ҳудудида 526 гектар ҳамда ушбу зонага филиал сифатида Сирдарё вилояти ҳудудида 200 гектар ер майдонларида амалга оширилиши белгилаб олинди.

Жорий йилнинг апрель ойида индустриал зона ишчи гуруҳи аъзолари Хитой Халқ Республикасида бўлди. Ташриф жараёнида Хитойнинг 20 дан зиёд йирик компаниялари билан енгил саноат, электротехника, автомобиль саноати, қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва бошқа соҳаларда жами 51 та лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган келишувларга эришилди.

Шу йилнинг 2-4 июнь кунлари Тошкент шаҳрида «Жиззах» махсус индустриал зонаси — хитойлик компаниялар учун қулай инвестицион имконият» мавзуида бизнес-форум ўтказилди. Тадбир якунида Хитойнинг йирик компаниялари вакилларидан иборат 30 кишилик ишбилармонлар делегацияси Жиззах вилоя­тида бўлиб, махсус индустриал зонадаги шарт-шароитлар, мавжуд инфратузилма, қулайликлар билан яқиндан танишди. Форум натижаларига кўра, қиймати қарийб 100 миллион АҚШ долларига тенг 21 та ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишув битимлари имзоланди.

Бугун шаҳарнинг саноат ҳудудидаги каттагина майдонда улкан қурилиш, ободонлаштириш ва бун­ёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Махсус индустриал зона бўйлаб замонавий йўллар ва кўприклар, инфратузилма объектлари, коммуникация тармоқлари, савдо ва сервис хизмати шохобчалари барпо этилаяпти.

— Махсус индустриал зона маҳалламизга яқин, — дейди «Қангли» маҳалла фуқаролар йиғини ­раиси, ЎзХДП аъзоси Тўлқин ­Аҳроров. — Ўн уч минг нафардан кўпроқ аҳолимиз бор. Янги корхоналарнинг ишга тушиши эса маҳалламиз аҳолиси, айниқса, ёшлари учун қўшимча иш ўрни яратади, даромад манбаига айланади.

Давлатимиз раҳбари вилоятимизга қилган яқиндаги ташрифи чоғида ҳудуднинг иқтисодий салоҳияти ва ички имкониятларига юқори баҳо берди. Вилоятда толани қайта ишлайдиган ҳамда тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган замонавий корхоналар қуриш, бундай корхоналарда хотин-қизлар ва ҳаётга катта умид билан кириб келаётган ёшларнинг ишлашини таъминлаш ғоят муҳим вазифа эканлигини алоҳида таъкидлади, — дейди Жиззах шаҳар ҳокимининг ўринбосари, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси Назира Мухторова. — Бугун шаҳримизда истиқомат қилаётган 161 минг нафар аҳолининг 811 минг нафарини хотин-қизлар, 74 минг нафарини эса ёшлар ташкил қилади. Индустриал зонада барпо этилажак корхоналарда асосан уларнинг меҳнат қилиши бандлик муаммосини ҳал этиш, аҳоли турмуш фаровонлигини янада оширишга хизмат қилиши шуб­ҳасиздир.

Шуни таъкидлаш ўринлики, бугунги кунда вилоятда давлатимиз раҳбари томонидан ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни жадал давом эттириш бўйича белгилаб берилган устувор вазифаларнинг ижросини таъминлашга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Ўзгариш ва натижалар кишини қувонтиради. Масалан, 2000 йилда вилоят бўйича бор-йўғи 90 та саноат корхонаси фаолият кўрсатган бўлса, бугун уларнинг сони 1307 тага етди. Бундай корхоналар асосан қурилиш, машинасозлик, кимё, қишлоқ хўжалиги ва табиий ресурсларни қайта ишлаш тармоқларини ўз ичига олган. Махсус индустриал зона доирасидаги лойиҳаларнинг босқичма-бос­қич амалга оширилиши муносабати билан уларнинг сони янада кўпаяди. Бу эса ҳудудларнинг қиёфасини тубдан ўзгартирибгина қолмасдан жиззахликлар, айниқса, ёшлар учун минг­лаб янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадларини янада ошириш имконини ҳам беради.

Иброҳим ЖОНУЗОҚОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири. 



DB query error.
Please try later.