01.10.2013

ҚАШҚАДАРЁ ВИЛОЯТИНИНГ ТАРАҚҚИЁТИ ЎЗИМИЗГА БОҒЛИҚ

Вилоят миқёсидаги кўп йиғилишларда қатнашганман. Лекин ҳеч қачон бугунгидек ҳаяжонланмаганман. Айниқса, Президентимизнинг қашқадарёликлар ҳақидаги самимий сўзлари, бизга билдирган ишонч ва истакларидан ғурурландим, кўксим тоғдек кўтарилди. Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарлари келажагига, воҳа одамлари тақдирига дахлдор режалар барчамизни тўлқинлантирди.

Сессияда воҳа оқсоқолларидан бири ҳақли равишда таъкидлаганидек, Юртбошимиз энг мушкул, энг мураккаб даврда вилоятга раҳбар бўлиб келган эди. Ўша оғир, таҳликали кунларда одамлар қалбида эртанги кунга умид уйғотиш, иқтисодни кўтариш, ободончилик ишларини йўлга қўйиш осон кечмади. Етакчининг одамлар билан очиқ, самимий суҳбатлари, ҳамжиҳатлик туфайли вилоят қадди-бастини кўтарган, катта бунёдкорликлар амалга оширилган эди. Мустақиллик йилларида Президентимиз ташаббуси билан вилоятда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Бунга кўплаб мисоллар келтириш мумкин.

Президентимиз сессияда Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарларини ободонлаштириш учун 1 триллиондан ортиқ маблағ ажратилишини айт­ганларида, қалбимиз фахр-ифтихорга тўлди. 2013-2016 йилларда Қашқадарё вилоятининг саноат салоҳиятини ривожлантириш Дастури тўғрисидаги қарор ҳам вилоят истиқболи порлоқлигидан дарак беради.

Катта имкониятларга, ер усти ва ер ости бойликларига эга бўлган вилоятимизни иқтисодий ва ижтимоий ривожлантиришга доимо катта эътибор бериб келинмоқда. Мустақилликнинг дастлабки кунларидаёқ Кўкдумалоқ ва бошқа нефть ҳамда газ конларини ишга тушириш биринчи галдаги вазифа қилиб белгиланган эди. Бугун Кўкдумалоқ нефть кони, Муборак ва Ғузор туманларидаги газни қайта ишлаш заводлари мамлакат тараққиётида муҳим ўрин тутмоқда. Сессияда «Шўртангазкимё» мажмуи яқинида бунёд этилаётган синтетик ёқилғилар қўшма корхонасининг мамлакатимиз иқтисодиётидаги улкан аҳамияти ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.

Сессия ҳақида ўйлар эканман, ўз корхонамиздаги ишларни кўз олдимга келтираман. Жамоамиз билан янги корхонага асос солдик.  Ҳозирда 70 киши меҳнат қилаяпти. Бундан таш­қари, 12 киши ишлаётган қурилиш жамоасини туздик. Айни кунларда ташкилотларга пишиқ ғишт етказиб бериш баробарида, ўзимиз ҳам «Шайхали» маҳалласида намунавий лойиҳалар асосида уй-жойлар қура бошладик. Ҳозир 28 та уй-жойни қуриш ишлари жадал давом этмоқда.

Сессияда билдирилган фикр-мулоҳазалар, танқидий гаплардан келиб чиқиб хулоса чиқарадиган бўлсак, зиммамизда турган вазифалар қанчалик муҳимлигини англаймиз. Биз раҳбар сифатида ҳам, депутат ёки шу юртнинг фуқароси сифатида ҳам ўз фаолиятимизни қайта кўриб чиқиб, вазифаларни аниқ белгилаб олишимиз зарур. ЎзХДПнинг барча даражадаги ташкилотлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари ҳудудларни ривожлантириш, иш ўринлари ташкил этиш, айниқса, ёшларни иш билан таъминлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларни қўллаб-қувватлашда ҳаётий таклиф ва ташаббусларни кўпроқ илгари суриши талаб этилади. Шунда сессияда белгилаб берилган устувор вазифалар бажарилишида, вилоятимиз барча соҳаларда барқарор ривожланишида муносиб иштирок этган бўламиз.         

Бобоназар ҚУЛМУРОДОВ,

«Сополли қувурлар заводи» МЧЖ раҳбари, халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгашидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳи аъзоси.



DB query error.
Please try later.