01.10.2013

ДАСТУРИЙ ТАЪМИНОТ ТИЗИМИ РИВОЖЛАНАДИ

Бугун дунёда ахборот-коммуникация технологиялари учун дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқаришга алоҳида эътибор берилаётгани бежиз эмас. Дастурий маҳсулотлар индустриясининг ривожланиши иқтисодиёт тараққиёти билан бевосита боғлиқдир.

Президентимизнинг куни ке­ча қабул қилинган «Мамлакатимизнинг дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчиларини рағбатлантиришни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори ахборот-коммуникация технологиялари учун мамлакатимизда халқаро стандартларга мос дастурий таъминот воситаларини ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш, уларнинг сифати ва рақобатбардошлигини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятли.

Маълумки, дастурий таъминот чиқарувчи корхоналар харажатининг асосий қисми меҳнатга ҳақ тўлаш ва шу билан боғлиқ бошқа харажатлардан иборат. Касаначиликни ривожлантириш асосидаги ишлаб чи­қариш ва хизматлар ўртасида кооперацияни кенгайтиришни рағбатлан­тириш чора-тадбирларига мувофиқ белгиланган меъёрлар бундан кейин касаначилар билан меҳнат шартномалари тузган дастурий таъ­минот ишлаб чиқарувчи юридик шахсларга ҳам тегишлилиги белгиланди. Унга кўра, ишлаб чиқарувчи корхоналар меҳнат шартномаси асосида касаначиларга тўланадиган маблағларга тенг миқдорда, меҳнатга ҳақ тўлаш фондидан ягона ижтимоий тўловни тў­лашдан озод қилинди.

Бугунги кунда ягона ижтимоий тўлов миқдори 25 фоизни ташкил этишини ҳисобга олсак, бундай чора маблағларни тежаш ҳамда моддий-техника базасини ривожлантириш, шунингдек, ходимларни рағбатлантириш учун кенг йўл очади.

Бу эса дастурий таъминот ишлаб чиқарувчилар учун қу­лай шарт-шароит яратиш билан бирга, Ўзбекис­тон Халқ демократик партияси электорати манфаатига ҳам хизмат қилади. Меҳнат шартномаси асосида касаначилар буюртма маҳсулотлар ишлаб чиқариши, хизматлар кўрсатиши учун зарур асбоб-ускуна, жиҳозлар ва инвентарларни текин ёки ижара шарти билан, жумладан, лизинг (молиявий ижара) асосида олиши мумкин. Корхоналар билан меҳнат шартномаси тузган касаначилар иш билан банд ҳи­собланади ва уларга меҳнат дафтарчаси берилади. Пенсия ва ижтимоий суғурта бў­йича нафақалар тайинлашда ишлаган вақти меҳнат стажига қўшилади. Буларнинг барчаси янги иш ўринлари ярати­лиши ҳамда дастурий таъминотчиларни рағбатлантиришга хизмат қилади.

Қарорга асосан, дастурий таъминот ишлаб чиқувчи корхоналар қатор имтиёзларга эга бўлди. Хусусан, мазкур корхоналар 2017 йилнинг 1 январига қадар барча тур­даги солиқлар ҳамда мажбурий ажратмалар тўлашдан, шунингдек, Ўзбекистонда ишлаб чиқа­рилмайдиган, Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича ўз эҳтиёжлари учун олиб келинадиган ускуналар, бутловчи қисмлар, деталлар, узеллар, технология ҳужжатлари, дастурий таъминот воситаларига бож тўловлари (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) тўлашдан озод қи­линди.

Дастурий таъминот ишлаб чиқувчилар учун ҳозирги кунга қадар экспорт шартномасини қайд этиш имконияти мавжуд эмас эди. Бу экспорт ҳажмини баҳолаш ва Appls Store, Google Play ва шунга ўхшаш бошқа онлайн дўконлар орқали савдо қилиш имкониятини бермасди. Қарорга асосан, software.uz интернет-порталида жойлаштирилган дастурий маҳсулотлар ва уларни ишлаб чиқувчиларнинг миллий каталоги негизида электрон шаклда онлайн режимда юритиладиган Дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчиларининг миллий реестри тузилади.

Ушбу реестрни юритишнинг асосий вазифалари ва йўналишлари истиқболли лойиҳаларни ҳамда инновацион компьютер технологияларини яратиш билан машғул истеъдодли ёш дастурчиларни қўл­лаб-қувватлаш, ички ва ташқи бозорларда рақобатбардош, сифатли миллий дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқишни рағбатлантириш этиб белгиланган.

Эндиликда реестрга киритилган дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчилари (юридик шахслар) дастурий таъминот воситаларини ишлаб чиқариш ва уларга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ ишлар ҳамда хизматларни Интернет тармоғининг онлайн дўконлари орқали, экспорт шартномаси мавжуд бўлмасдан, хорижий валютага экспорт қи­лиш ҳуқуқига эгадирлар.

Қарорда назарда тутилган солиқ имтиёзлари берилиши муносабати билан бўшайдиган маблағлар реестрга киритилган дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчиларининг (юридик шахслар) ходимларини рағбатлантириш, моддий-техник базасини ривожлантириш ва мустаҳкамлашга йўналтирилади. Агар уларнинг ўзлари ишлаб чиқарган дастурий таъминот воситаларини экспорт қилиш ҳажми улар сотган товарлар (ишлар, хизматлар) умумий ҳажмининг камида 50 фоизини ташкил этса, солиқ имтиёзлари муддати яна 2 йилга узайтирилади.

Юқоридаги имтиёз ва преференциялардан фойдаланиш учун дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчилар миллий реестрдан рўйхатдан ўтиши керак.

Мазкур қарорнинг қабул қилиниши соҳалар ва тармоқларда фойдаланиш учун замонавий миллий дастурий маҳсулотлар яратилишига, уларнинг ташқи ва ички бозорда сифати ва рақобатбардошлигини оширишга, қобилиятли ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.

Дилбар ХОЛИҚОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси аъзоси



DB query error.
Please try later.