28.09.2013

Президент Ислом Каримовнинг Халқ депутатлари Қашқадарё вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясидаги нутқи

Ассалому алайкум, ҳурматли депутатлар!

Қадрли дўстлар!

Авваламбор, барчангизни соғ-омон кўриб, сизларга, сизлар орқали бутун Қашқадарё аҳлига ўзимнинг чуқур ҳурматимни билдиришдан хурсандман.

Ҳаммангизга яхши маълум: Қашқадарё менинг ҳаётимда, менинг таассуротимда алоҳида ўрин тутади. Шунинг учун ҳам Қашқадарё аҳли ва фаоллари билан кўп вақт учрашмасам, сизларни соғиниб қолганимни сезиб тураман.

Бугун мана шу залда сиз, азизлар билан учрашувда мен худдики ўз яқин дўстларимни кўргандек бўламан. Минг афсуски, турли-турли ташвишлар Қашқадарёга кўпроқ келишга, сизлар билан учрашиб, жайдари қилиб айтганда, бемалол гурунг қилишга имкон бермайди.

Орадан қанча вақт ўтмасин, мен айни шу заминда сизлар билан яхши-ёмон кунларда бирга бўлганим, нон-тузингизни татиганим – буларнинг барчаси ҳеч қачон ёдимдан чиқмайди.

Қашқадарё, ҳақиқатан ҳам, бағри дарё, беқиёс ўлка. Бу воҳа одамлари билан бирга ишлаш насиб этгани, ҳаётимнинг энг жўшқин, энг ҳаракатчан даврида мард ва танти Қашқадарё аҳли билан бир тану бир жон бўлиб меҳнат қилганим, менга шундай ҳаёт мактабини ўташ бахтини бергани учун тақдирдан миннатдорман.

Бугунги мажлисимиз, бугунги учрашувимизнинг асосий мақсади авваламбор Қашқадарё воҳасидаги аҳвол, аҳолининг кайфияти, дарди, амалдаги ўзгаришлар ва ечимини кутаётган муаммолар, эришилаётган марралар, олдимизда турган вазифаларни муҳокама қилиш, десам, айни ҳақиқатни айтган бўламан.

Халқимизнинг фидойи меҳнати билан қўлга киритган ютуқларимиз билан бирга, йўл қўйилган хато ва камчиликлар ҳақида холисона ва атрофлича фикр юритиб, тегишли хулосалар чиқариш зарурати борлигини, ўйлайманки, ҳаммамиз сезиб турибмиз.

Энг муҳими – бугун ҳаётимизнинг устувор ва ҳал қилувчи йўналишлари бўлмиш иқтисодий, ижтимоий, маданий-маънавий соҳалар ривожини таҳлил қилиб, мавжуд муаммоларни ечиш йўллари ҳақида маслаҳатлашиб олсак, ҳар қайсимиз ўз ўрнимизда бизга юкланган вазифаларни аниқлаб олсак, айни муддао бўлар эди.

Қашқадарё охирги йиллар давомида тараққиёт йўлида эришаётган ютуқ ва марралар ҳақида гапирганда, қуйидаги рақам ва далилларни олиб келиш мумкин.

Аввало, 2012 йилда вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот 4,5 фоизга, қишлоқ хўжалиги 7,3 фоизга, чакана савдо 19,7 фоизга, қурилиш ишлари 12 фоизга, пуллик хизматлар 18,6 фоизга ўсгани ва бошқа кўрсаткичларни таъкидлаш зарур. Жорий йилда ҳам бундай ўсиш суръатлари давом этмоқда.

Эътиборли томони шундаки, вилоят ялпи ҳудудий маҳсулотида саноатнинг улуши 39 фоизни ташкил қилади. Ҳозирги вақтда мамлакатимиз ялпи саноат маҳсулотининг қарийб 11 фоизи айнан Қашқадарё вилоятида ишлаб чиқарилмоқда.

Бундай натижаларга эришишда вилоятда фаолият кўрсатаётган, мамлакатимиз иқтисодиётининг фахри бўлган йирик замонавий корхоналар катта ҳисса қўшаётганини эътироф этиш лозим. Йилига 125 минг тонна полиэтилен ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган Шўртан газ-кимё комплекси негизида иқтисодиётимизда мутлақо янги тармоқ – газни чуқур қайта ишлаш тармоғи вужудга келганини, ушбу корхона янги-янги замонавий индустриал мажмуаларни барпо этишда асосий таянч вазифасини бажараётганини алоҳида таъкидлаш керак. Юртимизда шу соҳага мансуб, умумий қиймати 10 миллиард доллардан зиёд бўлган йирик лойиҳаларни амалга ошириш, жумладан, Қашқадарёда энг юксак технологияларга асосланган Шўртан синтетик ёқилғи ишлаб чиқариш мажмуаси, Муборак газ-кимё комплекси каби замонавий саноат корхоналари шулар қаторига киради.

Йирик инвестиция лойиҳаси асосида Талимаржон иссиқлик электр станциясида йилига 900 мегаватт электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган иккита буғ-газ қурилмасини қуриш ишлари бошлаб юборилди.

Яқин ўтмишимизда тасаввур қилиш ҳам қийин бўлган, ҳақиқатан ҳам энг замонавий технологияларга асосланган бундай лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган режаларимиз барчамизни қувонтиради. Шу билан бирга, вилоят иқтисодиётида кўзга ташланаётган, ҳаммамизда ташвиш уйғотадиган салбий ҳолатлар ҳам бугун кам эмас.

Бу ҳақда гапирганда, аввало маҳаллий хомашёни қайта ишлаш негизида юқори қийматга эга бўлган рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича вилоят мамлакатимиз эришган марралардан орқада қолаётганини афсус билан айтишга тўғри келади. Масалан, республикамиз миқёсидаги кўрсаткичларга нисбатан вилоят саноати таркибида енгил саноатнинг улуши 1,7 баробар, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг улуши 3,3 баробар, қурилиш материаллари саноатининг улуши эса 3,6 баробар паст экани шундан далолат беради.

Вилоятда саноат корхоналарининг жойлашувида номутаносиблик ҳолатлари мавжуд. Асосий ишлаб чиқариш қувватлари Қарши шаҳри, Муборак, Ғузор ва Деҳқонобод туманларида жойлашган бўлиб, бошқа туманларнинг бу борадаги ҳиссаси орқада қолаётганини қайд этиш зарур.

Ҳозирги вақтда вилоят бўйича хорижий инвестициялар иштирокидаги 55 та корхона рўйхатга олинган, лекин улардан 7 таси турли сабаблар билан фаолият кўрсатмаяпти.

Маҳаллийлаштириш дастури доирасида яратилган имтиёз ва имкониятларга қарамасдан, вилоятда импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш жиддий оқсоқликка юз тутмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида ана шундай маҳсулотларнинг саноат таркибидаги улуши 0,2 фоизни ташкил этмоқда. Айтинглар, бундай мутлақо қониқарсиз аҳволни қандай изоҳлаш мумкин? Ваҳоланки, бу ерда саноатни ривожлантириш бўйича қандай қулай шарт-шароитлар, жумладан, табиий газ, нефть, калий, мармар, марганец, литий, сланец, қўрғошин, рух, қурилиш материаллари хомашёси ва бошқа кўплаб ноёб қазилма бойликларнинг захиралари мавжуд экани ҳақида ортиқча гапириб ўтиришнинг ҳожати йўқ.

Қашқадарё воҳаси қадимдан катта савдо йўллари чорраҳасида жойлашган, турли ўлка ва минтақаларни ўзаро боғлайдиган муҳим стратегик ҳудуд бўлиб келгани ҳаммамизга маълум. Бугунги тил билан айтганда, Қашқадарё айнан йўл-коммуникация, транзит масаласида доим катта салоҳият ва имкониятга эга бўлиб келмоқда.

Вилоятда автомобиль йўллари, темир йўл, ҳаво йўлларининг кенг тармоқлари ва тегишли инфратузилма шаклланган. Лекин, транзит масаласи Қашқадарё учун энг муҳим, катта истиқболга эга масала бўлса-да, ана шундай улкан имкониятдан оқилона фойдаланиш, мавжуд транспорт-коммуникация тармоқларининг бугунги ҳолати, уларнинг самарадорлигини ошириш масаласи бирон марта жиддий муҳокама қилинмаганини афсус билан қайд этиш лозим.

Эсингиздами, бир пайтлар, Қашқадарё воҳасида собиқ марказдан келган “десантчи”лар ҳукм сурган оғир дамларда, қандай қийин бўлмасин, сизлар билан бирга қанча ишларни амалга оширган эдик.

Қандай янги қурилишлар, қанча янги йўллар барпо қилган эдик. Мана шу Қарши шаҳрининг ўзида 100 километрдан зиёд йўл қурдик. Шуларни эсласам, мен ҳозир ҳам беихтиёр тўлқинланиб, руҳланиб кетаман.

Қани, айтинглар, ўша вақтда бизга четдан келиб биров ёрдам берганмиди? Йўқ. Аввало, Қашқадарёга, унинг халқига раҳмат, у ўзининг ташаббуси, куч-ғайрати, азму шижоати билан шундай катта ишларни амалга оширишга қодир бўлди.

Мен Қашқадарё вилоятига раҳбар бўлиб келганимда, бу ерда “пахта иши” билан айбланиб, бир ярим минг одам қамалган эди. Уларнинг оила аъзолари, қариндош-уруғларини ҳисобга олганда, 150 минг одам совет тузумидан жабр кўрган эди. Ана шу одамларнинг кайфиятини кўтариш, уларни ишга руҳлантириш осонмиди? Ўша пайтда яшаш шароитимиз ҳам қандай бўлгани маълум: кўп нарсани четдан олиб келар эдик, қийинчилик, етишмовчилик кўп эди. Лекин, шунга қарамасдан, одамлар ўртасида меҳр-оқибат, ҳурмат кучли эди. Ана шундай фазилатларни биз доимо асраб-авайлашимиз, мустаҳкамлашимиз керак. Чунки бундай хусусият ва аломатлар бугунги кунда ҳар қачонгидан ҳам ўткир аҳамият касб этмоқда.

Мен ана шундай фазилатларини сақлаб, ўзлигини доимо улуғлаб келаётган, ғурури баланд, ориятли Қашқадарё халқининг фидокорона меҳнати билан бу замин, унинг барча қишлоқ ва шаҳарлари обод ва фаровон бўлишига ишонаман.

Ҳурматли депутатлар!

Мамлакатимизда иқтисодиётимизнинг ҳал қилувчи тармоқларидан бирига айланиб бораётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳаси вилоятда изчил ривожланмоқда. Ялпи ҳудудий маҳсулот таркибида бу соҳанинг улуши 52,4 фоизни ташкил этаётгани, иш билан банд аҳолининг 77 фоиздан зиёди ушбу секторда меҳнат қилаётгани, аҳоли даромадларининг ярмидан кўпи мазкур тармоқ ҳисобидан шаклланаётгани айни шу соҳа бугунги ва эртанги кунимизни ҳал қилувчи тармоққа айланиб бораётганининг яққол исботидир.

Ана шундай муҳим натижаларни эътироф этган ҳолда, бу соҳада айрим муаммолар борлигини ҳам очиқ айтишга мажбурмиз. Масалан, вилоятда рўйхатга олинган 47 минг 400 та кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектидан 3 минг 450 га яқини амалда фаолият кўрсатмаяпти.

Кичик бизнес субъектлари ўз ишини ташкил этиши учун уларга бинолар, ер участкалари ажратиш, муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш масалаларида турли тўсиқлар ҳали-бери учраб турибди.

Энг ёмони, турли назорат идоралари томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ноқонуний аралашиш ҳолатлари кўзга ташланмоқда. 2013 йилнинг биринчи ярмида назорат органлари томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолияти юзасидан 14 та ноқонуний текшириш ўтказилгани аниқланган. Шунингдек, бир қатор туманлардаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш инспекциялари фаолиятида тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини бузиш ҳолатлари қайд этилган.

Шу муносабат билан яна ва яна бир бор таъкидлаб айтмоқчиман: ўз хусусий ишимни очиб, нафақат ўзимни, оиламни боқаман, эл-юртга ҳам наф етказаман, деб ҳаракат қилаётган одамларнинг йўлига, тадбиркорлик йўлига ғов бўлиш – бу давлат сиёсатига, Президентнинг сиёсатига қарши чиқиш, деб баҳоланиши керак. Буни барча амалдор шахслар қулоғига қўрғошиндек қуйиб олсин.

Бу дунёда ҳасад билан эмас, ҳавас билан яшаш, ҳасад, кўролмаслик деган иллатлардан жудо бўлиш керак. Агар ҳар қайси инсон – у фермер бўладими, тадбиркор бўладими – ўзининг ҳалол меҳнати билан даромад топаётган, бойлик орттираётган бўлса, қандини урсин!

Қашқадарёнинг саховатли замини, бу ерда яшаётган деҳқон ва фермерларнинг машаққатли меҳнати, ўз ери, ўз касбига садоқати ҳақида ҳар қанча ҳурмат ва миннатдорлик билан гапирсак арзийди.

Ҳозирги вақтда юртимизда дон ва пахта маҳсулотларининг энг катта қисмини – 12 фоиздан зиёдини айнан Қашқадарё вилояти етказиб бермоқда. Жорий йилда вилоят ғаллакорлари 1 миллион тоннадан ортиқ дон тайёрлаб, мамлакатимиз ғалла хирмонига улкан ҳисса қўшдилар.

Юртимизда пахта терими қизғин паллага кирган шу кунларда қашқадарёлик омилкор деҳқонлар 420 минг тонналик юксак маррани эгаллаш учун қаттиқ бел боғлаб меҳнат қилмоқдалар.

Қашқадарёнинг мард, миришкор деҳқонларини, уларнинг нималарга қодир эканини мен яхши биламан ва уларнинг фидойилиги билан доимо фахрланаман ва шу фурсатдан фойдаланиб, вилоятнинг барча деҳқон ва фермерларига катта куч-ғайрат, бахт ва омад тилашни, уларнинг олижаноб меҳнати учун самимий миннатдорлик билдиришни бугун ўзимнинг бурчим, деб биламан.

Ҳаммамиз яхши тушунамиз – бундай мўл ҳосил етиштириш учун аввало тупроқ унумдорлигини, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш талаб этилади. Шу борада қабул қилинган давлат дастури доирасида Қашқадарё вилоятида кейинги беш йил мобайнида 71 миллиард сўм ҳажмидаги ишлар амалга оширилди. Жумладан, жорий йилнинг ўзида бу мақсадлар учун 14 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди.

Сўнгги йилларда сув хўжалиги ташкилотларига лизинг асосида жами 14 миллиард 200 миллион сўмлик 130 та замонавий техника етказиб берилгани ирригация-мелиорация ишларининг самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Ана шундай тадбирлар натижасида вилоят бўйича 81 минг гектар суғориладиган майдоннинг мелиоратив ҳолати яхшиланди, ўртача ва кучли шўрланган майдонлар ҳажми 8,5 минг гектарга камайди.

Вилоятда катта-катта майдонларда интенсив мевали боғлар, токзорлар, енгил конструкцияли иссиқхоналар барпо этилаётгани, чорвачилик, паррандачилик соҳалари барқарор ривожланиб, гўшт, сут ва тухум етиштириш ҳажми сезиларли равишда ортиб бораётганини қайд этиш ўринлидир.

Шу билан бирга, қишлоқ хўжалиги соҳасида кўпгина масалалар ўз ечимини кутиб турибди. Жумладан, пахтачилик тармоғида энергия ва сув ресурсларини тежайдиган, замонавий технологияларни жорий этиш, айнан Қашқадарё заминига мос бўлган тезпишар, касаллик ва зараркунандаларга чидамли, серҳосил ғўза навларини кўпайтириш масаласи ҳамон долзарб бўлиб қолмоқда.

Шунингдек, кўп тармоқли фермер хўжаликларини кўпайтириш ва улар ишлаб чиқарадиган маҳсулотлар бозорини ташкил этиш, қайта ишлаш тармоқларини ривожлантиришда уларга керакли ёрдам ва кўмак бериш каби муҳим вазифалар эътиборимиз марказида туриши лозим.

Биз фермерларни қўллаб-қувватлаш ҳақида кўп гапирамиз. Бугунги кунда фермерларимизнинг ўзига хос муаммолари борки, улар ҳақида ҳам жиддий бош қотиришимиз керак. Ҳозирги вақтда кўп тармоқли фермер хўжаликларини тузиш, ривожлантиришни тавсия қиляпмиз. Тавсия бериш осон, лекин бу ишни ташкил қилиш қийин.

Ўзингиз айтинг, кўп тармоқли фермер хўжаликларининг фаолиятини йўлга қўйиш учун фақат фермерларнинг кучи етадими?

Бу борада энг оғир масала шуки, фермер ўзи етиштирадиган, ишлаб чиқарадиган маҳсулотларни кимга ва қандай сотади? Шунинг учун аввало бундай маҳсулотларнинг бозорини ташкил қилиш ҳақида ўйлаш зарур.

Бу масалада биринчи навбатда давлат, маҳаллий ҳокимликлар ёрдам бериши лозим. Таъбир жоиз бўлса, фермернинг дардини давлатнинг дарди сифатида кўришимиз керак.

Ҳурматли сессия иштирокчилари!

Биз мана шундай мажлисларда қандай муҳим масалаларни муҳокама қилмайлик, биринчи навбатда улар одамларимизнинг кундалик ҳаётига қандай таъсир кўрсатиши, инсон манфаатларига қанчалик жавоб беришини ҳеч қачон эсимиздан чиқармаслигимиз керак.

Бугунги кунда Қашқадарё вилоятида 2 миллион 830 минг аҳоли яшамоқда. Уларнинг 17,5 фоизини мактаб ёшидаги болалар, 27 фоиздан ортиғини ёшлар, қарийб 50 фоизини эса аёллар ташкил этади. Кейинги 10 йилда вилоят аҳолисининг сони 1,2 баробар ўсди.

Табиийки, ҳаёт ўзгаришлари билан бирга инсонларнинг талаб ва эҳтиёжлари, орзу-ниятлари, керак бўлса, ташвиш-муаммолари ҳам ўсиб боради. Бу эса биз – раҳбар ва етакчилардан ўз ишимизни танқидий баҳолаб, узоқни ўйлаб, янада фаол ва самарали иш олиб боришни талаб этади.

Шу нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, вилоятда аҳолининг реал даромадлари 2000 йилга нисбатан жон бошига 9,7 баробар кўпайгани, шу даврда ўртача ойлик иш ҳақи 23 марта, пенсия ва ижтимоий нафақалар 12,7 марта ортгани барчамизни қувонтиради.

Охирги ўн икки йилда вилоятда 320 та умумтаълим мактаби, 89 та академик лицей ва касб-ҳунар коллежи, 132 та соғлиқни сақлаш муассасаси, 98 та болалар спорти объекти фойдаланишга топширилгани нафақат шаҳар ва қишлоқлар қиёфасини, балки одамларимизнинг дунёқараши, ҳаётга муносабатини тубдан ўзгартиришга хизмат қилмоқда, уларнинг эртанги кунга ишончини кучайтирмоқда.

Айни пайтда вилоятда ижтимоий соҳа объектларини қуриш учун бюджетдан ажратилган маблағларни ўзлаштиришда баъзан оқсоқлик ҳолатларига йўл қўйилаётганини, масалан, 2013 йили 2 та касб-ҳунар коллежи, 11 та мактаб белгиланган муддатда фойдаланишга топширилмаганини айтиш лозим.

Биз учун устувор аҳамиятга эга бўлган яна бир масала – қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида замонавий уй-жойлар қуриш дастури доирасида Қашқадарё вилоятида кейинги тўрт йилда 2 минг 510 та янги, шинам уй-жой ва инфратузилма объектлари барпо этилди.

"Обод турмуш йили" деб ном олган жорий йилда эса яна 1 минг 50 та уй-жой, 32 километр ичимлик суви, 28 километрдан зиёд электр тармоқлари, 40 километрдан ортиқ табиий газ тармоқлари ва 24 километрдан зиёд йўл қуриш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Лекин, афсус билан айтиш керакки, айрим туманларда пудрат ташкилотларини сафарбар этиш, тегишли моддий-техник ресурслар билан узлуксиз таъминлаш, муҳандислик коммуникацияларини олдиндан барпо этиш ишлари талаб даражасида ташкил этилмаган. Бундай ҳолат бугунги кунда белгилаб олган режаларимизни амалга оширишда энг катта тўсиқ бўлиб қолмоқда.

Қурилиш соҳасида пудратчи ташкилотларга алоҳида эътибор бериш, уларнинг муаммоларини ечиш керак. Чунки бундай катта қурилишларни амалга оширишда охирги натижани биринчи навбатда биз кимдан сўраймиз? Пудратчилардан сўраймиз.

Мана, ҳаммангиз хабардорсиз, Шўртан газ-кимё мажмуасини барпо этдик. Бундай ноёб ва улкан саноат комплексини четдан келиб биров қуриб бергани йўқ, ўзимизнинг мутахассисларимиз, қурувчиларимиз бу ишни амалга оширди.

Шу маънода, биз қишлоқларимизда намунавий уй-жойлар қуриш лойиҳасини шундай юксак талаблар даражасида бажаришимиз керакки, токи шаҳарда яшаётган одамлар ҳам қишлоққа келиб, шундай уйларни олишга талабгор бўлсин.

Мамлакатимизда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш масаласи ҳозирги вақтда энг муҳим ва долзарб вазифамиз бўлиб, бу борада катта ишлар қилинмоқда. Бироқ, Қашқадарё вилоятида бу масаланинг нафақат иқтисодий, балки ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга эканини чуқур тушуниб етмаслик ҳолатлари кўзга ташланмоқда. Масалан, 2012-2013 ўқув йилида касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг 12 фоизи коллеж ва корхона ҳамкорлик тизими бўйича ишлаб чиқилган чора-тадбирлар доирасида иш билан ҳанузгача таъминланмаган.

Такрор айтишга тўғри келади: бу масалага жавобгар ва масъул бўлган туман ва шаҳар ҳокимлари, қолаверса, шахсан вилоят раҳбарларининг бундай ҳолатларга йўл қўйишга ҳаққи йўқ.

Агарки биз инсон тақдири, унинг ҳаётий манфаатларини асосий ўринга қўймасак, ёшларимизни иш билан таъминламасак, фарзандларимиз, келажагимиз олдида хиёнат қилган бўламиз.

Демоқчиманки, агар ёшларни замонавий иш ўринлари билан таъминлаш вазифасини ҳал қилишга ҳам қатъий киришадиган бўлсак, мен аминман, бу борада биз жуда катта имкониятларга эгамиз. Албатта, бу масалада биринчи навбатда иқтисодий замин яратиш керак, акс ҳолда қуруқ даъватлар билан одамларни улуғ ишларга сафарбар этиб бўлмайди.

Бу ҳақда кўп гапириш мумкин. Мана, масалан, биз 1997 йилда қабул қилган Кадрлар тайёрлаш миллий дастурини олайлик. Ўша даврда бу дастурни ишлаб чиқиш ва амалга оширишдаги дастлабки қадамлар қандай қийин бўлганини, аввало мутасаддилар, тегишли вазирлик ва идораларнинг раҳбарларига келажагимизни ҳал этадиган бундай буюк ишнинг аҳамиятини тушунтириш, уларни шунга ишонтириш осон бўлмаганини мен яхши эслайман.

Бугунги кунда, ўзингиз кўряпсиз, ана шу миллий дастуримизни, унинг асосида амалга оширилган улкан ишларимизни дунё ҳамжамияти тан олмоқда.

Ҳар қайси ҳудуд ва минтақада одамларнинг кайфияти, маънавий муҳит ва ижтимоий вазият авваламбор қонун ва адолат устуворлигини таъминлашга боғлиқ экани ҳақида кўп гапиришнинг зарурати йўқ, албатта.

Шу кўз билан қараганда, Қашқадарё вилоятида кейинги пайтда ҳуқуқ-тартибот соҳасида ҳам айрим камчилик ва нуқсонларга йўл қўйилаётганини айтиш керак. Буни 2012 йилда вилоят бўйича умумий жиноятлар сонининг ошгани, жумладан, қасддан одам ўлдириш 33 фоиздан зиёд, товламачилик 83 фоиз, ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари 8 фоиз, безорилик 6 фоиздан зиёд кўпайгани ҳам кўрсатмоқда.

Энг ёмони, ҳуқуқ-тартибот идораларининг баъзи ходимлари ўртасида қонунга хилоф хатти-ҳаракатлар содир этиш, ўз вазифасини суиистеъмол қилиш ҳолатлари учраб турибди. Масалан, кейинги бир ярим йил давомида ички ишлар идоралари ходимларидан 10 нафари жиноий жавобгарликка тортилган. Ўз фаолиятида камчиликларга йўл қўйгани учун вилоят прокурори Х.Турдибоев, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи С.Ҳайдаров, Миришкор тумани прокурори А.Журалов, Яккабоғ тумани прокурори С.Юлдошев, Чироқчи тумани ички ишлар бўлими бошлиғи И.Ишмуродов, Миришкор тумани ички ишлар бўлими бошлиғи Ш.Айизов эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.

Буларнинг барчаси вилоятда қонунчиликни таъминлаш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, аввало ёшлар билан ишлаш бўйича мутасадди бўлган ходимларнинг етарлича иш олиб бормаётгани билан боғлиқ. Бундай камчиликларга барҳам бериш, вилоятда ҳуқуқ-тартибот ишларини самарали йўлга қўйиш юзасидан тегишли идоралар томонидан тез кунларда аниқ чора-тадбирлар кўриш зарур.

Ҳурматли мажлис қатнашчилари!

Қашқадарё воҳасининг бугунги ва эртанги куни, келажаги ҳақида сўз юритар эканмиз, бир муҳим масалага эътиборингизни жалб этмоқчиман. Агарки ўзимиз йўл қўйган камчилик ва хатоларга аввало ўзимиз холисона баҳо бериб, уларни бартараф этмасак, ҳеч ким четдан келиб бизнинг ишимизни қилиб бермайди. Бу – ҳаммамизга аён ҳақиқат.

Бугун замон, ҳаётимизнинг ўзи талаб қилаётган тадбир ва режаларимизни амалга оширишда, биринчи навбатда кўпдан бери ечилмасдан, йўлимизни тўсиб турган муаммоларни ҳал қилиш, лўнда қилиб айтганда, вилоятни ҳар томонлама равнақ топтириш билан боғлиқ устувор вазифалар ҳақида авваламбор бош қотиришимиз керак.

Айни шундай кўз билан қараб, Қашқадарё вилоятининг тараққиёт суръатларини тезлаштириш, бугунги кунда ривож топаётган тармоқлар билан бирга, замонавий технологиялар билан қуролланган, қўшимча қийматга эга бўлган, дунё бозоридаги талабга жавоб берадиган тайёр маҳсулотлар чиқарадиган лойиҳаларни амалга ошириш зарур.

Қисқача айтганда, вилоятда орқада қолаётган енгил, озиқ-овқат, қайта ишлаш саноатини ривожлантириш, информация ва коммуникация соҳаларининг йўлини очиб бериш, шу билан бирга, қурилиш ишлари соҳасига янги куч-қувват бериш масалалари бугун эътиборимиз марказига қўйилмоқда.

Бу борада Ўзбекистон ҳукуматининг Қашқадарё вилояти бўйича мана шундай режаларни ўзида мужассам этган 3 та қарори яқинда қабул қилингани олдимизга, аввало Қашқадарё вилояти фаоллари олдига оғир бўлса ҳам, лекин шарафли вазифалар қўймоқда.

Айниқса, саноат соҳасининг янги турларини ривожлантириш мақсадида келгуси тўрт йилда умумий қиймати – шунга эътибор беринг – 2 миллиард 98 миллион долларга тенг бўлган 555 та лойиҳани амалга ошириш, энг муҳими, 13 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратиш кўзда тутилаётганининг ўзи, ўйлайманки, бу ишларнинг кўлами ва миқёсидан яққол далолат беради. Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш натижасида вилоятда саноат маҳсулотлари ҳажми 1,2 баробар, жумладан, озиқ-овқат маҳсулотлари 1,6 баробар, қурилиш материаллари 1,8 марта, машинасозлик ва кимё саноати 2,9 карра, ноозиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми эса 1,7 баробар ортиши режалаштирилган.

Дастурда, жумладан, вилоятдаги енгил саноат корхоналарини ривожлантириш орқали экспортбоп замонавий тайёр газлама ва тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича умумий қиймати 100 миллион доллардан иборат бўлган 82 та лойиҳани амалга ошириш белгиланган. Бу эса 2016 йилга бориб, вилоятда етиштириладиган пахта толасини қайта ишлаш ҳажмини ҳозирги 6 фоиздан 35 фоизга етказиш ва энг муҳими, 4 мингта янги иш ўрни яратиш имконини беради.

Қадрли дўстлар!

Мустақиллик йилларида бутун юртимиз қатори Қашқадарё вилоятини, унинг маркази бўлмиш Қарши шаҳрини янада гўзал ва обод қилиш мақсадида катта ишлар олиб борилаётганига барчамиз гувоҳ бўлмоқдамиз.

Айниқса, шаҳарнинг 2700 йиллиги муносабати билан қандай кенг кўламли қурилиш ва ободончилик дастурлари амалга оширилганини ҳаммамиз яхши эслаймиз ва шундай ишларга ҳисса қўшганимиз билан доимо фахрланиб яшаймиз. Лекин, бошлаган ишларимизни давом эттириш, узоқни кўзлаб, ҳар қайси шаҳар, туман маркази, турар жойларнинг бош режаси лойиҳаларини тузиб, амалга ошириш билан боғлиқ йиғилиб қолган жуда кўп муаммоларни кечиктирмай ҳал қилишни бугун ҳаётнинг ўзи талаб этмоқда.

Айни шу мақсадларни рўёбга чиқариш йўлида авваламбор Қарши шаҳрини янада гўзал, замонавий, барчанинг ҳавасини тортадиган марказга айлантириш учун унинг 2030 йилгача мўлжалланган бош режасини амалга ошириш, шаҳар инфратузилмасини реконструкция қилиш ва таъмирлаш бўйича мамлакатимиз ҳукуматининг қарори ва махсус дастури қабул қилинди.

Ана шу дастурга мувофиқ, биринчи навбатда, Қарши шаҳрининг ҳудудини кенгайтириш кўзда тутилмоқда. Бугунги кунда унинг умумий майдони 8 минг 500 гектардан иборат бўлса, келгусида бу рақам икки баробар ортиб, қарийб 17 минг 700 гектарни ташкил этади.

Йўл-транспорт инфратузилмасини тубдан яхшилаш мақсадида шаҳарни айланиб ўтадиган, узунлиги 56 километр бўлган ҳалқа йўл қурилиши бошлаб юборилди. Мазкур йўлнинг темир йўл ва автомобиль йўллари кесишадиган нуқталарида 6 та замонавий йўл ўтказгич қуриш белгиланган.

Бу лойиҳанинг аҳамиятини шунда кўриш мумкинки, ҳалқа йўл ишга тушиши билан оғир юк машиналари, кўпгина транспорт воситалари шаҳарни айланиб ўтадиган бўлади. Бу эса ўз навбатида ҳаракат хавфсизлигига, экологик муҳит тозалигига ижобий таъсир кўрсатади.

Умумий узунлиги 30 километрдан зиёд бўлган 6 та радиаль магистраль йўлни ҳамда шаҳардаги ички йўлларни кенгайтириш ҳисобидан автомобиль транспорти ва пиёдалар учун қулай шарт-шароитлар яратилади.

Шунингдек, Шаҳрисабз, Бухоро, Самарқанд, Термиз йўналишларида янги 5 та автостанция ҳамда Қарши автовокзали қурилади. Бешкент автостанцияси капитал таъмирланади. Шаҳар аҳолисига транспорт хизмати кўрсатиш сифатини ошириш учун ўзимизда, Самарқандда ишлаб чиқарилган 150 та “Исузу” автобуси лизинг асосида харид қилинади.

Қарши шаҳри учун энг ўткир масалалардан бири бўлган ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида қарийб 55 километрлик сув тармоқларини янгитдан қуриш ва модернизация қилиш вазифаси ҳам дастурда ўз ифодасини топган.

Шаҳардаги канализация тизимининг техник ҳолатини яхшилаш учун хорижий сармоялар ҳисобидан тозалаш иншоотлари ва 100 километрдан ортиқ оқова сув тармоқлари қурилади ва реконструкция қилинади, юқори қувватга эга бўлган электр тармоғини қуриш, 100 километрдан ортиқ тармоқни реконструкция қилиш режалаштирилмоқда.

Воҳанинг иқлим ва табиий шароитини ҳисобга олган ҳолда, Қарши магистраль канали, Қашқадарё ва бошқа каналлар ҳудудида янги инфратузилма объектлари, оилавий дам олиш масканлари барпо этилади.

Бундан ташқари, шаҳарда 9 та янги майдон, 8 та хиёбон қуриш, мавжудларини реконструкция қилиш, шу тариқа шаҳар аҳолиси ва меҳмонлари учун қулай шарт-шароит яратиш вазифалари ҳам мазкур дастурдан ўрин олганини айтиш лозим.

Шаҳардаги эски, яроқсиз ҳолга келиб қолган бир қаватли айрим бинолар ўрнида 2-3 қаватли замонавий уй-жойлар қад ростлайди. Уларнинг биринчи қаватида аҳолига хизмат кўрсатиш объектлари жойлашади.

Бундай мисолларни яна кўплаб олиб келиш мумкин.

Бир сўз билан айтганда, Қарши шаҳрида кенг кўламли мазкур дастурни амалга ошириш учун жами 1 триллион сўмдан зиёд маблағ йўналтириш кўзда тутилмоқда.

Азиз дўстлар, барчамиз яхши биламизки, Қашқа воҳасида бутун халқимизнинг фахри, ифтихори бўлган яна бир тарихий шаҳар бор. У ҳам бўлса, қадимий Кеш – Шаҳрисабздир. Бу гўзал шаҳарнинг мамлакатимиз тарихида, бугунги ҳаётимизда тутган ўрни ва нуфузини ҳисобга олиб, уни ривожлантириш бўйича ҳам махсус дастур асосида катта ишлар режалаштирилмоқда.

Ана шу дастур доирасида Шаҳрисабзнинг юртимиз ижтимоий ва маданий тараққиётидаги аҳамиятини янада ошириш, уни замонавий туризм марказига айлантириш учун мавжуд инфратузилма иншоотларини янгилаш ва реконструкция қилиш бўйича кенг кўламдаги ишлар бажарилади.

Энг аввало, Амир Темур майдонини, унинг ён-атрофидаги ҳудудни янада кенгайтириш, Оқсарой комплекси билан Дорус-саодат, Дорут-тиловат, Чорсу бозори, Кўк гумбаз каби тарихий обидаларни боғлаб турадиган янги, гўзал хиёбон барпо этиш орқали бу маскан яхлит тарихий-меъморий мажмуага айланади.

Шаҳрисабзнинг тарихий марказини туташтириб турадиган асосий йўлларни, яъни Ипак йўли кўчасини кенгайтириш, Тарағай Баҳодир ва Шерозий кўчаларини капитал таъмирлаш орқали шаҳарнинг ички ҳалқа йўлини барпо этиш таъминланади.

Шаҳарнинг туристик салоҳиятини янада юксалтириш мақсадида, Осиё тараққиёт банкининг кредити ҳисобидан Шаҳрисабз ва Қарши шаҳарларини боғлайдиган 129 километрлик магистраль йўлни қуриш бўйича тайёргарлик кўрилмоқда.

Белгиланган ана шу барча режа ва лойиҳаларни оқилона, самарали амалга ошириш учун ҳаммамиз бир ёқадан бош чиқариб иш олиб борсак, ўйлайманки, Қарши ва Шаҳрисабз наинки мамлакатимиз, балки минтақамиздаги энг гўзал ва обод шаҳарларга айланади, иншоолло.

Азиз дўстлар!

Ҳаммамиз яхши тушунамиз, юқорида тилга олинган қарорлар, дастур ва режалар ортида Қашқадарёда яшаётган минг-минглаб одамларнинг ҳаёти, эртанги куни, тақдири турибди.

Бундай улуғвор вазифаларни бажаришда кўп нарса Қашқадарё вилояти бошқарувида раҳбарлик вазифасида ўтирган шахсларга, энг аввало, вилоятда ишни ташкил этиб, узоқни кўзлаб, шу мақсадга интилган фаолларни ўз ортидан эргаштира оладиган биринчи раҳбарнинг масъулиятига боғлиқ.

Кейинги икки йил давомида Қашқадарё вилояти ҳокими вазифасида ишлаб келаётган Туробжон Жўраевнинг авваламбор иш фаолиятига баҳо берадиган бўлсак, кўзга ташланаётган салбий ҳолатлар тобора кўпайиб бораётганини сезмаслик, кўрмаслик мумкин эмас.

У ҳам бўлса, етакчи вазифасини зиммасига олган раҳбар ва кўпчилик фаоллар ўртасида, аҳоли ўртасида узилиш пайдо бўлган ва бу ҳолни афсус билан таъкидлашимиз даркор.

Қашқадарёдек катта бир вилоятга раҳбар бўлиш масъулиятини елкасига олган бу одамнинг авваламбор кенг миқёсда фикрлашга, ён-атрофидаги раҳбарлар ва фаоллар билан тил топишиб ишлаш, керак бўлса, ўзини оддий инсонларнинг ўрнига қўйиб, ўзини улар каби тасаввур қилишга, лўнда қилиб айтганда, аҳоли ҳаёти билан яшаш, вилоятнинг кўпгина ўзига хос тамойилларини, сирларини ўрганишга, чуқур англаб олишга қурби етмади.

Т.Жўраевнинг қўл остидаги одамларга ҳурмат ва ишонч билдириб, улар билан баҳамжиҳат ишлаш, уларни умумий мақсадларга сафарбар қилиш, фаолларнинг фикрига, маслаҳатларига суяниш ўрнига манманликка берилгани носоғлом вазиятга, нохуш ҳолатларга олиб келди.

Икки йил давомида вилоятнинг кўпқиррали иқтисодиётининг ўта мураккаб тармоқларидаги турли муаммоларнинг, жойларда мавжуд бўлган, одамларни қийнайдиган ғам-ташвишларнинг ичига чуқур кириш, ҳар томонлама ўйлаб иш тутиш ўрнига, буйруқбозлик услубидан кўпроқ фойдаланиб раҳбарлик қилишга бугунги замон чидамайди.

Ўзининг иш фаолиятида атрофдагиларга юқоридан қараш, уларни менсимаслик, одамларга нисбатан қўполлик, ўзини тутолмаслик раҳбарнинг обрўсига ҳеч қачон обрў қўшмайди. Шу борада Амир Темур бобомизнинг бизга қолдирган чуқур маъноли насиҳатларини, “Куч – адолатда” деган ўлмас фикрларини ҳеч эсимиздан чиқармасликни истардим.

Қашқадарё эли яхшиликнинг қадрига етадиган, ўзини ҳурмат қилган одамга албатта ҳурмат кўрсатадиган, керак бўлса, уни эъзозлаб, бошига кўтарадиган халқ. Буни тушунган – тушунади, тушунмаган – тушунмайди.

Қашқадарё халқи кўпни кўрган, оқкўнгил, заҳматкаш, ишнинг негизини биладиган халқ сифатида ном қозонган. Ўзини раҳбар деган инсон одамлар назарида қандай обрў-эътиборга лойиқ эканини доимо сезиб, англаб юриши, у бошқарадиган халқ ҳаёти билан яшаши, ўзига зеб қўймаслик билан бошқаларга ўрнак бўлиши шарт. Ана шундагина бундай раҳбар нафақат ақл-заковати, қатъият ва талабчанлиги билан, балки ўзининг юриш-туриши билан эл-юрт ўртасида обрў қозонади.

Афсуски, вилоят ҳокими Т.Жўраев бу ерда яшаётган одамларга мансуб хусусиятларни, уларнинг фикру зикрини, дарду ташвишларини ҳар томонлама тушуниб, англаб етиш, вилоятнинг улкан салоҳиятидан фойдаланиб, ишни тўғри ва самарали ташкил этишда заифлик қилди.

Ишда йўл қўйган хато ва камчиликларини Т.Жўраевнинг ўзи ҳам тан олиб, эгаллаб турган вазифасидан озод қилишни сўраб, ариза билан мурожаат қилган. Шу муносабат билан сизлардан Т.Жўраевни Қашқадарё вилояти ҳокими лавозимидан озод қилиш бўйича ўз фикрингизни билдиришингизни сўрайман.

Энди ижозатингиз билан вилоятнинг янги ҳокимини сайлаб олиш масаласига ўтсак.

Биз вилоят ҳокими лавозимига номзод танлашда депутатлар ва фаоллар, кўпни кўрган оқсоқоллар билан атрофлича маслаҳатлашдик. Ана шундай фикр алмашувлардан кейин ҳозирги вақтда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири бўлиб ишлаб келаётган Зафар Рўзиев номзодини Қашқадарё вилояти ҳокими лавозимига тавсия этишга қарор қилдик.

Ўйлайманки, бу номзодни барчангиз яхши танийсиз, яхши биласиз. Унинг таржимаи ҳоли ҳақида қисқача тўхталадиган бўлсак, у 1964 йилда Қашқадарё вилоятининг Китоб туманида туғилган. Мутахассислиги инженер-механик, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини битирган. Қашқадарё вилояти ҳокимлигининг котибияти мудири, вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари, Яккабоғ тумани ҳокими, қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг ўринбосари, қишлоқ ва сув хўжалиги вазири вазифасини бажарувчи каби масъул лавозимларда хизмат қилган. 2010 йилдан буён қишлоқ ва сув хўжалиги вазири бўлиб ишлаб келмоқда.

Бир сўз билан айтганда, бу инсон етарлича ҳаёт ва иш тажрибасига эга, энг муҳими, у Қашқадарё вилоятининг пасту баландини, бу заминда яшаётган одамларнинг табиати, орзу-интилишларини яхши билади.

Сиз, ҳурматли депутатлардан ана шу номзод бўйича ўз муносабатингизни билдиришингизни сўрайман.

Қадрли дўстлар!

Қашқадарёнинг қутлуғ заминида улуғ ишларга, катта мардлик ва матонат кўрсатишга қодир бўлган халқ яшайди. Ўз юрти, ўз ғурурини доимо қадрлаб яшайдиган ана шундай бағрикенг, иродаси мустаҳкам элга бош бўлиш, етакчилик қилиш, айтиш керакки, ҳар қандай раҳбар учун улкан бахт, улкан шарафдир.

Мен ишонаман, ҳозиргина сизлар билан бирга сайлаб олган янги ҳоким, мана шу ҳақиқатни чуқур англаган ҳолда, шу элнинг ҳурматини қозониш, унинг бунёдкорлик салоҳиятини юзага чиқариш учун ўзини аямасдан, бутун борлиғини бериб меҳнат қилади.

Айни шу аснода олдимизда турган катта вазифаларни амалга ошириш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш, Қашқадарёни мамлакатимизнинг энг жадал ривожланаётган, бошқаларга ўрнак ва намуна бўладиган вилоятига айлантириш йўлида барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, хонадонларингизга файзу барака тилайман.



DB query error.
Please try later.