Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
26.09.2013

СИРДАРЁ ВИЛОЯТИ: ҲАЁТИДАН РОЗИ ОДАМЛАР

яратиш, бунёд этиш мақсади билан яшайди

— Юртимиздаги тинчлик ҳар бир оила фаровонлигида, одамларнинг кўнгил ободлигида намоён бўлади, — дейди «Сирдарё иссиқлик электр станцияси» ОАЖ директори Ўзбекистон Қаҳрамони, ЎзХДП фаоли Мирзаҳмат ШАИМОВ. — Эрталаб биз катталар ўз ишимизга, ўғил-қизлар мактабга, набиралар боғчага шошилади. Кузатиб турсангиз ҳамманинг, бутун халқимизнинг кўнглидан шундай бир ўй ўтади: аввало, тинчлик бўлсин. Ишга кетаётиб кўзим қувнайди. Болаларнинг бирини қўлида спорт сумкаси. У кураш тўгарагига бораяпти. Яна бир қизнинг қўлида скрипка. У мусиқа мактабига кетаяпти. Коллежга, лицейга, олий ўқув юртига бораётганлар, ўз ишига, даласига, станоги ёнига интилаётганларга қарасангиз, уларнинг барчаси ҳаётидан рози. Мана шу одамлар қалбида эртанги кунга ишонч бор. Тинчлик шукронаси бор. Яратиш, бунёд қилиш, обод этиш уларнинг умр мазмунига айланган...

Шу йил июнь ойида Президентимиз Сирдарё вилоятида бўлганида оқолтинлик комбайнчи Азизбек Жўраевдан «Сиздан оилангиз розими?» деб сўради. Бу эса ҳар бир инсон қалбида оилага, турмуш ўртоғига, фарзандларига нисбатан масъулият ҳиссини уйғотади.

Ҳаётдан рози бўлиб яшаш туйғуси инсоннинг онг-шуурини ўзгартиради. Юксалтиради. У тинчликни, мустақилликни, Ватанни қадрлаш кераклигини тушуниб етади. Розилик, миннатдорлик, шукроналик, орзулар оғушида яшайди, меҳнат қилади.

Кўнгил тўқлиги тўкинчиликдан

2013 йилнинг ўтган даврида вилоятда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 109,5 фоиз, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 106,8 фоиз, капитал инвестициялар ҳажми 118,1 фоиз, чакана товар айланмаси 116,2 фоиз, жами хизматлар 115,1 фоизни ташкил этиб, белгиланган прогноз кўрсаткичларига нисбатан ўсишга эришилди.

Айтиш жоизки, ҳудуднинг саноат салоҳиятини ошириш мақсадида 2013-2015 йилларда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш билан боғлиқ Дастур ишлаб чиқилган. Мазкур ҳужжатга мувофиқ, 2013-2015 йилларда 266,2 миллион АҚШ доллари қийматидаги 1054 та лойиҳа амалга оширилади. Бунинг натижасида 22 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган. 2013 йилнинг ўзида эса қиймати 155,5 миллион долларлик 1019 та лойиҳа амалиётга жорий этилмоқда.

Дастурда асосий устувор йўналиш сифатида енгил саноатни ривожлантириш қайд этилган. Вилоят миқёсида 2012 йилда пахта толасини қайта ишлаш 18 фоизни ташкил этган. Мазкур йўналишдаги лойиҳаларни амалга ошириш натижасида бу кўрсаткич 33 фоизга етади. Қолаверса, икки турдаги енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

— Бу йил сирдарёлик деҳқонлар 207 минг тоннадан ортиқ ғалла хирмони кўтаришди, — дейди «Нуроний» жамғармаси вилоят бўлими раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳи аъзоси Ўтбосар АБДИЕВ. — Хирмонларимиз баракаси, дастурхонларимиз тўкинлиги, тўйларимиз файзи, одамларимизнинг шоду — хуррамлиги юртимиздаги тинчликдандир.

Мен тадбирларда, ёшлар даврасида мустақиллигимизни, тотувлигимизни қадрига етиш ҳақида доим гапираман. Ҳаётда кўрган — билганларимдан мисоллар келтираман. Тинчлик — бебаҳо неъмат. Унинг қадрига барчамиз етишимиз керак.

Барқарор иш ўринлари

Инсон қачон ҳаётидан рози бўлади? Аввало, меҳнатидан барака топса, оиласи фаровон бўлса, болаларининг камолини кўрса.

— 2013 йилнинг биринчи ярмида иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш Дастурига кўра, Сирдарё вилоятида 22 мингга яқин янги иш ўрни яратилди, — дейди Меҳнат ва аҳолини ­ижтимоий муҳофаза қи­лиш бошқармаси бошлиғи ­Фахриддин СУЮНОВ. — Хусусан, уларнинг 8 мингдан ортиғи кичик бизнес, оилавий тадбиркорлик, касаначилик, ҳунармандчилик ҳамда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш ҳисобига ташкил этилди. Гулистон шаҳрида лойиҳа қиймати 250 минг АҚШ долларига тенг «Сирдарё гўшт-сут савдо» МЧЖнинг тикувчилик корхонаси ҳамда лойиҳа қиймати 500 минг АҚШ долларига тенг нон маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган «Баққол дон» МЧЖлари ишга тушиши муносабати билан асосан хотин-қизлар, касб-ҳунар коллежи битирувчиларидан 100 нафари муқим иш ўринларига эга бўлди. Оқолтин туманида «Сардоба текстиль» қўшма корхонаси ишга туширилди. Буларнинг ҳисобидан яна 400 та янги иш ўринлари яратилди.

— Партиямизнинг 2011-2014 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастурида оилавий тадбиркорлик, касаначилик ва ҳунармандчиликни ривожлантириш ҳисобига янги иш ўринлари ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилган, — дейди ЎзХДП Сирдарё вилоят кенгаши раиси ўринбосари, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги депутатлик ­гуруҳи аъзоси, «Эл-юрт ­ҳурмати» ордени соҳиби ­Ҳаётхон ОРТИҚБОЕВА. — Шу боис барча партия ташкилотлари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги депутатлик гуруҳларимиз томонидан аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринлари ташкил этиш масалаларида қатор ташаббуслар илгари сурилмоқда. Хусусан, ўтган йили партия­миз депутатлик гуруҳи томонидан ­Гулистон ва Ширин шаҳарларида ҳудудий инвестиция дас­турларини амалга ошириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш тўғрисидаги масала ўрганилди. Бу аввал, тегишли тартибда вилоят Кенгашидаги депутатлик гуруҳида, сўнгра доимий комиссия­да кўрилди, сессия муҳокамасига олиб чиқилди.

Обод манзиллар

Сирдарё вилоятида намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган уй-жойлар қишлоқлар қиёфасини бутунлай ўзгартирмоқда. Шаҳар шароитларидан кам бўлмаган янги массивлар пайдо бўлди, замонавий инфратузилма кириб келди. 2013 йилда вилоятнинг 8 та туманида намунавий лойиҳалар асосида 430 та уй-жой, кўплаб ижтимоий соҳа объектлари, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари қурилиши режалаштирилган. Шунингдек, 16,7 километр табиий газ, 29,5 километр ичимлик суви, 15,5 километр электр энергия тармоқлари ва 13,5 километр йўл қурилиши белгиланган.

— Бизда пишиқ ғишт ишлаб чиқариш заводи йўқ эди, — дейди ЎзХДП Боёвут туман кенгаши раиси, халқ депутат­лари туман Кенгашидаги депутатлик гуруҳи ­раҳбари Раббимқул ­ИБРАГИМОВ. — Ҳозирда «Сайхун ғишт саноати», «Боёвут бунёдкори», «Олтинтепа ғишт саноати», «Боёвут фаровонлиги» каби корхоналар ўз фаолиятини бошлади. Мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда, яна 4 та ғишт заводида қурилиш-монтаж ишлари давом эттирилмоқда. Бу биринчи навбатда арзон ва сифатли маҳсулотга бўл­ган талабни қондирса, иккинчидан, муҳим ижтимоий масала — аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилади.

Партия дастурий мақсадларида аҳолини иш билан таъминлаш, иш топишда қийинчиликка дуч келаётган ёшларни қўл­лаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилган. Шундан келиб чиққан ҳол­да, депутатлик гуруҳимиз ташаббуси билан туман Кенгаши сессиясига касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлаш, ҳудудий ин­вес­тицион дастурлар ижроси, ҳудудларни обод қи­лиш, замонавий йўл ва коммуникация тармоқларини барпо этишга қаратилган қатор масалаларни олиб чиқишга эришдик.

Тинч мамлакатга инвестиция киритилади

Бугун касб-ҳунар коллежларини тугатган ёшлар компьютер технологияларига асосланган бошқарув пультларида, замонавий корхоналарда фаолият қўрсатишмоқда. Чет эл инвестициялари ҳисобига иш бошлаётган қўшма корхоналарда асосан ёшлар меҳнат қилаяпти. Демак, бизда нафақат ёшларни иш билан таъминлаш, балки жаҳон андазаларига жавоб берадиган корхоналар иш бошлаши учун ҳам қулай инвес­тицион муҳит яратилган.

Хусусан, жорий йил июль ойида «PENG SHENG» қўшма корхонасига 1,6 миллион АҚШ доллари миқдорида хорижий инвес­тиция киритилиши натижасида энг сўнгги андазалардаги UZTE русумли мобил телефон аппаратлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Биргина чарм пойабзал ишлаб чиқариш бўйича қиймати 2,6 миллион АҚШ долларига тенг 7 та лойиҳа амалга оширилиши натижасида 300 га яқин янги иш ўринлари барпо этилиши ва йилига 3,8 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Яқин кунларда Сайхунобод туманида мазкур йўналишга ихтисослашган «Сайхун Зафар чарм», Янгиер шаҳрида «Янгиер чарм-пойабзал», Оқолтин туманида «Азиан трайд линк» хорижий корхоналари ишга туширилиши мўлжалланган.

Баркамол авлод орзуси

Сирдарё вилояти аҳолисининг 65 фоизини ёшлар ташкил этади. Бугунги кунда вилоятда битта олий ўқув юрти, 4 та академик лицей, 48 та ўрта махсус касб-ҳунар коллежи, 301 умумтаълим мактаби фаолият юритмоқда. Мазкур таълим масканларидан 52 таси 2012-2013 ўқув йилида 8 миллиард 956 миллион сўмлик замонавий ўқув жиҳозлари билан таъминланди.

Шунингдек, жорий йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, режада белгиланган 10 та объект ўрнига, 16 та ижтимоий соҳа объектлари, жумладан, 11 та умумтаълим мактаби, 2 та соғлиқни сақлаш ва 3 та касб-ҳунар коллежлари таъмирланган.

Шунингдек, 9 та болалар спорти объектида жами 7,3 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилди. Хусусан, Оқолтин мусиқа ва санъат мактаби, Гулистонда болалар спорти мажмуаси ҳамда болалар шаҳарчаси бунёд этилди. Яратилаётган бу каби имкониятлар ўз самарасини бермоқда. Иқтидорли ёшлар кўплаб спорт турлари бўйича мамлакатимиз, осиё ва жа­ҳонда тенгсиз эканликларини исботламоқда. Нафақат сирдарёликлар балки бутун мамлакатимиз фахрига айланган Сарвиноз Қурбонбоева шу кунгача шоҳмотдан 11 карра мамлакат чемпиони бўлди. Шунингдек, у қизлар ўртасида Малайзияда ўтказилган Осиё чемпионатининг олтин медалини қўлга киритди.

— Бугун ўзбекистонлик ёшларнинг футболдаги маҳорат ва имкониятини бутун жаҳонга намойиш қилаётган Аббосбек Махс­талиев, Сардор Раҳмоновлар сирдарёлик эканидан доим фахрланамиз, — дейди Гулистон давлат университети талабаси, «Ёш сиёсатчи» кўрик-танлови совриндори Мадинабону Абдусаломова. — ЎзХДП «Истиқбол» ёшлар қаноти вилоят бўлимида 3 мингга яқин ёшлар бирлашган. Уларнинг сиёсий-ҳуқуқий маданиятини ошириш, мамлакатимизда кечаётган чуқур ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти билан яқиндан таништириш ва бу жараёнларда фаол иштирокини таъминлашга ҳаракат қилаяпмиз.

Мустақиллигимизнинг 22 йиллигига бағишлаб ўтказилган «Биз — буюк юрт фарзандларимиз!» шиори остидаги вилоят ёшлари фестивалида  касб-ҳунар коллежларининг 320 нафар битирувчисига тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши учун имтиёзли кредитлар олиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар топширилди. Бу ёшлар яқин келажакда мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини юксалтиришда, кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришда, фермерлик ҳаракатини юксалишида муносиб иштирок этишига ишонаман.

Партиямизнинг муносиб ўрни бор

— Бугунги кунда халқ депутатлари Сирдарё вилоят Кенгашида 14 нафар, туман ва шаҳар Кенгашларида 138 нафар ЎзХДПдан сайланган депутат фао­лият кўрсатмоқда, — дейди ЎзХДП Сирдарё ви­лоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари Алишер ТОШМАТОВ. — Улар ўтган йилда қонунлар ва ҳукумат қарорлари ижроси юзасидан 370 дан ортиқ депутатлик сўровлари юборишган. Сирдарё вилояти ижтимоий-сиёсий ҳаётида партиямиз ташкилотлари ўзига хос ўринга эга. Буни турли соҳаларда меҳнат қилаётган партиямиз аъзолари фаолияти мисолида ҳам кўрамиз. Айни чоғда вилоятда партиямизнинг 13 мингдан ортиқ аъзоси 320 га яқин бошланғич ташкилотга бирлашган.

Партиямиз ғоясини кенг тарғиб этиш, дастурий мақсадларига эришишда партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари изчил фаолият кўрсатмоқда. Хусусан, жорий йилда шу мақсадга йўналтирилган бир қатор семинар-тренинглар ўтказилди.

Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳлари ташаббуси билан доимий комиссия ва сессиялар муҳокамасига электорат манфаатлари ҳимояси, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган долзарб масалалар киритилди. 2012 йилда Ховос ва Оқолтин туманларида хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш ҳисобига аҳоли бандлиги даражасини ошириш тўғрисидаги, Сирдарё ва Сардоба туманларида янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли банд­лигини таъминлаш, касаначиликни ташкил этишнинг замонавий шакллари тўғрисидаги ҳамда бош­қа бир қатор масалалар халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиялари муҳокамасига олиб чиқилди.

2013 йилнинг ўтган даври мобайнида партия депутатлик гуруҳлари томонидан Ҳаракат дастурида белгиланган 3 та масала сессия кун тартибига киритилди. Хусусан, жорий йил 22 январда халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиясида вилоят туман ва шаҳарларида замонавий йўл коммуникация тармоқларини барпо этиш, аҳоли пунктларини тоза ичимлик суви билан таъминлашни янада яхшилаш орқали маҳаллаларни обод қилиш, бу борадаги мутасадди идоралар фаолияти самарадорлигини ошириш юзасидан таъсирчан депутатлик назоратини ўрнатиш бўйича масала кўриб чиқилиб, тегишли қарор қабул қи­линган эди. Ҳозирда сессия қарори ижросини таъминлаш бўйича депутатлик гуруҳимиз изчил фаолият кўрсатмоқда.

Бундан ташқари, партия фаоллари вилоят партия ташкилотлари қошидаги Жамоатчилик қабулхоналарига тушган мурожаатларни ўз вақтида ўрганиш ва уларга тегишли ташкилотлар кўмагида ечим топишга алоҳида эътибор қаратишмоқда. Хусусан, жорий йилнинг ўтган олти ойи давомида Жамоатчилик қа­булхоналарига 300 га яқин мурожаат бўлган. Уларнинг аксарияти коммунал соҳа ва иш билан таъминлаш масаласи юзасидан. Ҳо­зир­ги вақтга қадар мурожаатларнинг 72 фоизи тегишли ташкилотлар ёрдамида ва депутатларимиз ваколати доирасида ижобий ҳал қилинди.

...Бугунги ҳаёт, инсонларнинг дунёқараши, оилага муносабати, ёшлар тарбияси ҳақида Ўзбекистон Қаҳрамони Мирзаҳмат ШАИМОВ шундай дейди:

— Ниҳол экасиз. Боғ яратасиз. Ҳавас билан иморат қурасиз. Йўл соласиз. Мактаб, спорт иншоотлари тикланишида ўз ҳиссангизни қўшасиз. Маҳалла, шаҳар, қишлоқ обод­лиги йўлида жонбозлик кўрсатасиз... Бунинг замирида бир мақсад, бир орзу, бир умид мужассамлашган. Президентимиз айтганидек, авлодларга Биздан озод ва обод Ватан қолсин!

Нурали ОРИПОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.