26.09.2013

ҚОНУНЧИЛИКНИ ДЕМОКРАТЛАШТИРИШНИНГ САМАРАЛИ МЕХАНИЗМИ

Самарқанд шаҳрида «Фуқаролик институтлари ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг жамоатчилик экспертизаси: қонунчиликни демократлаштириш масалалари» мавзусида халқаро илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.

Тадбир Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ­томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти, Адлия вазирлиги, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси билан ҳамкорликда ЕХҲТнинг мамлакатимиздаги лойиҳалари мувофиқ­лаштирувчиси, Германиянинг Ф.Эберт номидаги жамғармаси ва Миллий демократия инс­титути (АҚШ) ҳамда БМТ Тараққиёт дас­турининг ваколатхоналари кўмагида ташкил этилди.

Семинарда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, давлат ва жамоат ту­зилмалари, ЮНЕСКО, ЕХҲТ, ­Ф.Эберт ва К.Аденауэр номидаги жамғармалар, Миллий демократия институти (АҚШ) вакиллари, Бельгия, Болгария, Германия, Жанубий Корея, Россиядан халқаро экспертлар иштирок этди.

Мамлакатимизда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида истиқлолнинг дастлабки йилларидан инсон, унинг ҳуқуқлари ва эркинлиги олий қадрият ҳисобланган демократик ҳуқуқий давлат ва очиқ фуқаролик жамиятини барпо этишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар изчил ва бос­қичма-босқич амалга оширилмоқда. Белгиланган мақсадларга эришиш учун Конституциямизга асосланган демократик ислоҳотларнинг қонунчилик базаси яратилиб, тобора такомиллаштирилмоқда.

Мамлакатимизда қабул қилинаётган қонунлар сифати ва самарадорлигини янада ошириш, қонун ижодкорлиги жараёнини меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш ва қабул қилишнинг очиқ-ошкоралик принципларига мувофиқ такомиллаштириш, аҳоли турли қатламларининг ҳуқуқлари, эркинлик ва манфаатларини ҳар томонлама ҳисобга олиш, фуқаролар ҳамда фуқаролик жамияти институтларини ушбу жараёнга фаол жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилаётир. Буларнинг барчаси аҳолининг сиёсий-ҳуқуқий маданиятини ошириш, одамлар онгида демократик қадриятларни мустаҳкамлаш, фуқароларда мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик туб ўзгаришларга дахлдорлик туйғусини ва уларни ҳаётга татбиқ этишга оид масъулиятни шакллантиришга хизмат қилмоқда.

Қонунчиликни такомиллаштириш, уни демократлаштириш жараёнида мамлакатимизда икки палатали парламент – кўппартияли асосда шакллантириладиган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ташкил қилинди, унинг палаталари, сиё­сий партияларнинг парламент қуйи патлатасидаги фракциялари, жойлардаги депутатлар гуруҳларининг қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил фаолияти самарадорлигини ошириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларини шакллантиришда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш, қонун ҳужжатларининг ижро ҳокимияти органлари томонидан бажарилиши устидан парламент ҳамда депутатлар назоратини амалга оширишга доир чора-тадбирлар кўрилди.

Давлат ишларини бошқариш, демократик ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этиш устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишда фуқаролар иштирокини кенгайтириш мақсадида нодавлат нотижорат ташкилотлари, жамоат тузилмалари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳуқуқ ҳамда ваколатларини янада мустаҳкамлашга доир улкан ишлар бажарилди. Улар бугунги кунда демократик қадриятлар ва фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, мамлакатимизда фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг кафолати бўлиб хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, фуқароларнинг сиёсий-ҳуқуқий маданияти ва ижтимоий-сиёсий ­фаол­­­­­­лиги изчил ошмоқда, ҳу­қу­қий таълим ва билим даражаси тубдан яхшиланмоқда, аҳолининг онгида инсон ҳуқуқ ва эркинликларига ҳурмат туйғуси шакллантирилмоқда, қонун устуворлиги, Конституцияда белгилаб қўйилган меъёрларга сўзсиз риоя этиш таъминланмоқда.

2000 йил 14 декабрда қабул қилинган «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қо­нунда фуқаролик жамияти инс­титутларини меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш, уларни жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш жараёнига кенг жалб этишга оид ҳуқуқий механизм ўз ифодасини топган. Бу қонун ижодкорлиги жараёни, қабул қилинаётган қонунлар сифати ҳамда самарадорлигини оширишда фуқаролар, жамоат тузилмаларининг иштирокида муҳим омил бўлди. Бу борада «Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг ҳаётга татбиқ этилиши қонун ижодкорлигини эркинлаштиришнинг мантиқий давоми бўлди. Ушбу ҳужжатга мувофиқ жамият ва давлат ҳаётининг муҳим масалаларига тааллуқли қонун лойиҳалари умумхалқ му­ҳокамасидан ўтказилмоқда.

Қонунчиликни демократлаштиришда қабул қилинаётган қонунлар ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар сифати ҳам­да самарадорлигини кузатиб бораётган мустақил таҳлил қилувчи тадқиқот институтлари ва марказларининг роли ҳам тобора ортиб бораётир. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амал­даги қонун ҳужжатлари мониторинги институти, Олий суд ҳузуридаги Суд қонунчилигини демократлаштириш ва либераллаштириш ҳамда суд тизими мустақиллигини таъминлаш бўйича тадқиқот маркази, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти шулар жум­ласидандир.

Семинарда Фуқаролик жа­мияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти директори Э.Солиҳов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари У.Муҳаммадиев ва бошқалар шу ҳақида гапирди. Улар Ўзбекистонда қонун лойиҳаларини кенг муҳокама этиш, қонун ижодкорлигининг барча бос­қичларида жамоатчилик фикрини ўрганиш борасида етарлича тажриба тўпланганини қайд этди. Истиқлол йилларида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, «Референдум якунлари ҳамда давлат ҳокимияти ташкил этилишининг асосий принцип­лари тўғрисида» ва «Давлат бош­қарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида»ги Конституциявий қонунлар, «Ўзбекистон Республикасининг Конституция­сига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида», «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш ор­ганлари тўғрисида»ги қонунлар, Ер кодекси ва бош­қа кўп­лаб ҳужжатлар умумхалқ муҳокамасига тақдим этилди.

Президентимиз Ислом ­Каримов томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда ­демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқа­ролик жамиятини ривожлан­тириш концепцияси қонун ижодкорлигини такомиллаш­тириш, давлат ва жамият ишларини бошқаришда фуқаролик институтларининг ўрни ҳамда аҳамиятини ошириш­да янги босқични бошлаб берди. Концепцияда белгиланган вазифаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши фуқаролик жамияти институтларини қонун ижодкорлигини такомиллаштириш, қонун ҳужжатларини жамоатчилик муҳокамасидан ўтка­зишга кенг жалб қилиш учун асос бўлиб хизмат қилаётир. Шу мақсадда қирқдан ортиқ қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича махсус комиссиялар тузилди. Ушбу комиссиялар зиммасига жамоатчилик фикрини ўрганиш вазифаси юкланди.

Бельгия Сенати аъзоси Доминик Тилманснинг сўзларига кўра, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини амалга оширишга фуқаролик институтларини кенг жалб қилиш жараёни давлат ҳамда жамият ўртасида бирлаштирувчи бўғин, концепцияни ҳаётга самарали татбиқ этишнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилаётир. Унинг таъкидлашича, Ўзбе­кистон ва Бельгиянинг қонун ижодкорлиги жараёнида жамоатчилик фикрини ўрганиш амалиёти кўплаб умумий жиҳатларга эга. Яъни, Бельгияда қонун лойиҳаларининг жамоатчилик экспертизаси қонун ижодкорлигининг мажбурий босқичи ҳисобланади. Қонун устида ишлаш кўп вақт олсада, улар юқори сифати ва самарадорлиги, амалиётга муваффақиятли жорий этилиши билан ўзини оқлайди.

Айни пайтда мамлакатимизда яна бир ҳужжат — «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви ор­ганлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳаси кенг муҳокама этилаётир. Бу борада давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 20 март куни қабул қилинган «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғ­рисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини ҳуқуқий тажрибадан ўтказишга оид фармойишига мувофиқ, ҳуқуқни қўллаш амалиётига янги услуб — ҳуқуқий тажриба­ни амалга ошириш жорий этил­ди. Бугунги кунда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти инс­титутлари, Бухоро ва Самар­қанд вилоятларининг юридик ҳамда жисмоний шахслари қонун лойҳаси нормаларини амалда муваффақиятли си­новдан ўтказмоқда.

К.Аденауэр номидаги жам­ғарма бошқаруви аъзоси, ­Тюрингия федерал ерининг собиқ бош вазири Дитер Альт­хауснинг (ГФР) таъкидлашича, германиялик аксарият экс­пертлар Ўзбекистон Республикаси Президенти илгари сурган концепцияни ўрганиб, ислоҳотлар янги босқичга кўтарилгани ва бугун очиқ фуқаролик жамиятини барқарор ҳамда изчил шакллантиришни таъминлашга хизмат қилаётгани борасида якдил хулосага келган. «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фао­лиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳасини такомиллаштиришга доир тажрибанинг ўтказилаётгани Ўзбекистонда қонунчиликни янада демократлаштириш ва бу жараёнга фуқароларни жалб этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганидан далолатдир. Икки вилоятда бу борада тўпланган тажри­ба, шубҳасиз, мамлакат учун ғоят фойдали бўлади.

Яна шуни таъкидлаш керакки, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари мамлакатимизни модернизация қилишда фуқаролик жамияти институтлари иштирокини кенгайтиришга қаратилган «Ўзбекистон Республикасида жамоатчилик назорати тўғрисида», «Экологик назорат тўғрисида» ва «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги қонунлар лойиҳалари устида ҳам фаол иш олиб бормоқда. Мазкур қо­нунлар лойиҳаларининг кенг муҳокама этилаётгани жамоатчиликнинг ижтимоий аҳамиятга эга қўшма лойиҳа ва дас­турларни ҳаётга татбиқ этишда ижтимоий шериклик масалаларида, шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви ор­ганлари фаолияти устидан жамоатчилик назора­тини самарали амалга оширишдан юксак даражада манфаатдорлигидан далолат беради.

— Ўзбекистондаги қонун ижодкорлиги амалиёти билан танишиб, мамлакатингизнинг меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш жараёнида жамоатчилик фикрини ўрганиш соҳасида илғор тажрибага эга эканига ишонч ҳосил қилдим, — деди Корея Республикаси Қонунчилик вазирлигининг қонунчилик ва маъмурий масалалар бюроси бошлиғи Жунг Се Хи. — Буни «Экологик назорат тўғрисида»ги қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамасидан ўтаётгани ва «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳасини синовдан ўтказиш бўйича ҳуқуқий тажриба амалга оширилаётгани мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Таъкидламоқ лозимки, «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви ор­ганлари фаолиятининг очиқ­лиги тўғрисида»ги қонун лойи­ҳаси жамоатчилик фикрини ўрганиш бўйича жамоатчилик эшитувлари, жамоатчилик муҳокамаси ва жамоатчилик экс­пертизаси каби бутун дунёда умумэътироф этилган деярли барча механизмлардан фой­даланилган ҳолда такомиллаштирилмоқда.

Яна шуни қайд этиш жоизки, ҳуқуқий тажрибани ўтка­зиш давомида жамоатчилик, фуқаролик жамияти институтларини жисмоний ва юридик шахслар учун ахборот олишнинг янги имкониятлари ҳа­қида кенг хабардор қилишга доир чоралар кўрилмоқда. Ҳуқуқий тажрибага мувофиқ амалга оширилаётган синов самарадорлиги ва унинг субъектлари ахборот ошко­ралигини таъминлашга доир фаолияти аҳоли томонидан қандай баҳоланаётганини аниқ­лаш мақсадида ижтимоий тад­қиқотлар ҳам ўтказилмоқда. Фуқаролар мазкур синовда иштирок этиш жараёнида қо­нун лойиҳаси амалда қандай қўлланилаётгани, уларнинг давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятига қи­зиқиши ортиб бораётгани, ҳу­қуқий маданияти мустаҳкам­ланиб, жамоатчилик ҳаётида иштироки фаоллашаётганининг гувоҳи бўлмоқда. Фуқаролик институтлари ва чет эллик экспертлар иштирокидаги семинарлар, конференция­ларда қонун лойиҳаси халқ­аро экспертизадан ўтказилаёт­гани ҳам жуда муҳимдир.

— Бундай муҳим мавзудаги халқаро семинарнинг ўтказилиши Ўзбекистонда давлат ва жамият ҳаётида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар жараёнида сиёсий маданият, сиё­сий тизимнинг ўзига хос жиҳатлари инобатга олиниши билан бирга, умуминсоний қад­риятлар ҳамда халқаро тажрибага, айниқса, ҳуқуқ ва қо­нун устуворлиги ғоясига таяниб иш кўрилаётганидан яққол далолатдир, — деди Нотижорат ҳуқуқ маркази директори Любен Панов (Болгария). — Бу Ўзбекистонда демократик ислоҳотлар юксак самаралар беришида муҳим омил бўлаётир.

Халқаро семинар қатнашчилари Ўзбекистон тажрибаси ва халқаро амалиётни ҳар томонлама муҳокама этиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар, уларни амалга оширишга фуқаролик институтларининг кенг жалб қилинаётгани мазкур туб ўзгаришларни чуқурлаштириш, уларнинг самарадорлигини янада ошириш, авваламбор, фуқароларнинг давлат ҳамда жамият ишларини бошқаришда иштирок этиши бўйича конституциявий ҳуқуқ­ларини ҳаётга тўла татбиқ этишга хизмат қиладиган янги босқич экани борасида якдил хулосага келди.

Меҳрибон МАМЕТОВА,

ЎзА мухбири.



DB query error.
Please try later.