26.09.2013

ТЕРМИТЛАР ЗИЁНИНИ БАРТАРАФ ЭТИШ

фаннинг долзарб масалаларидан биридир

— 2012 йил 2 февралда Вазирлар Маҳкамасининг «Республикада термитларга қар­ши курашиш ишларини жадаллаштириш ва уларнинг зарарини бартараф қилиш тўғрисида»ги қарори эълон қилинди — дейди Ўзбекистон Фанлар академияси Ўсимлик ва ҳайвонот олами генофонди инс­титути ҳузуридаги термитларга қарши кураш маркази дирек­тори, биология фанлари доктори, профессор Оловиддин Ҳамроев. — Ўтган вақт мобайнида бу борада бир қатор ишлар амалга оширилди. Термитлар хав­фини камай­ти­риш борасида чора-тадбирлар белгиланди. Лекин бу борада хотиржамликка берилмаслик керак­лигини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди. Шу­ни афсус билан қайд этиш керакки, бу кўзга ташланмаётган ҳа­шаротларнинг зарари йилдан-йилга ортиб бормоқда.

— Республикамиз ҳудудларида термитлар қачон аниқланган?

— 1875 йил Термиз шаҳри атрофида термитлар бўлгани илмий манбаларда қайд этилган. Шундан сўнг мутахассислар 1903 йил Мирзачўл ҳудудида термитларни 16 метр чуқурликкача тарқалганини аниқлаб, уларнинг яшаш тарзини ўрганишни бошлаганлар.

Сўнгги тадқиқотларда термитлар бир уяда 25 мингдан 5 миллионтагача яшаши, гуруҳларига қараб, 6 йилдан 30 йилгача умр кўриши мумкинлиги, она термит бир суткада эса 43 мингтагача тухум қў­йиши аниқланди.

Бу ҳашаротларнинг яшаш тарзи маълум бир қонуниятлар асосига қурилганки, термитларнинг ҳаммаси унга амал қилади. Она термит тухум қўя­ди, энагалар уни парваришлайди, ишчилар сув, озуқа ташийди, қўриқчилар эса уни қўриқлайди, рухсат берилмаган термитларни унинг ёнига ўтказмайди, мабодо биронтаси касалланса, ўша заҳоти ўл­дирилади. Уларнинг иш фаолияти бир-бирига боғлиқ, бир гуруҳи озуқа йиғиш билан банд бўлганда, бошқалари уларга сув етказиб беради. Термитлар сувни ер остидан олиб чиқишади. Африкада термитлар сув олиб чиқиш учун ҳатто 115 метр чуқурликкача тушиши аниқ­ланган.

Жаҳонда термитларнинг 2860 та тури яшаса, шулардан бизда икки тури — катта Касбий орти, Туркистон термитлари учрайди.

Малайзияда 1 гектар ерда 52 турдаги термитлар борлиги қайд этилган. Ўртача ҳисобда бир квадрат метрга 4000 та термит тўғри келади. АҚШ­да эса 18 та тури яшайди. Калифорния штатида термитларга қарши курашадиган 4 минг­га яқин ташкилотлар бор. Америка давлати иқтисодиёти бир йилда термитлардан 1,5 миллиард дол­лар зарар кўрмоқда.

Термитларни турларга ажратадиган бўлсак, бизда асосан ёғочларга зарар келтирадиган, Хитой ва Японияда эса тўғонларни кемирадиган хили учрайди. Англияда лаборатория шароитида термитларни синашганда улар ҳатто чўянни тешишга урингани ўрганилган. Озуқа тўплаш жараёнида унинг турига қараб термитлар ўзидан парчаловчи кислоталар ишлаб чиқаради. Бундан кўриниб турибдики, билвосита ер остидан ўтган ҳар қандай жисм­ни зарарлайди. Ундан ташқари бирон-бир ишлаб турган ус­кунани айрим қисмлари ораларини лой билан тўлдириши натижасида ишдан чиқишига олиб келади.

— Республика термитларга қарши кураш маркази ол­дига қандай вазифалар қў­йилган?

— Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар дезинфекция станциялари ҳамда ўсимликларни ҳимоя қилиш марказлари республика термитларга қарши курашиш маркази билан ҳамкорликда иш олиб бормоқда.

Дезинфекция станциялари томонидан аҳоли пунктларида, ижтимоий соҳа объектларида, корхона ва ташкилотларда ҳамда маданий-тарихий обидаларда бир қатор ишлар қилинмоқда.

Ўсимликларни ҳимоя қилиш марказлари табиий шароитда термитлар тарқалган ҳудудларда (далаларда, чўл зоналарида ва бошқа очиқ жойларда) уларга қарши про­филактик чора-тадбирларни амалга оширади.

Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси зиммасига янги қурилишлар учун ажратилаётган ерларда термитлар бор-йўқлигини аниқлаш ҳамда дунё амалиётида тан олинган термитларга чидамли бино ва иншоотлар қуриш тажрибасини ўрганиб, белгиланган тартибда жорий қилиш вазифаси юклатилди.

Шунингдек, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига республика олий таълим муассасаларида биология, та­биатшунослик ва ўсимликларни ҳимоя қилиш ихтисосликлари бўйича тайёрланаётган бакалавр ва магистрлар ўқув дастурларига «Биозарарланиш асослари», «Ҳашаротлар экологияси» каби махсус курсларни киритиш ва тегишли дарсликлар билан таъминлаш вазифаси қўйилди.

Ҳозир республикамизда бир-неча мингта уй-жой термитлар билан зарарлангани аниқланган. Шуни ҳисобга олган ҳолда биринчи навбатда аҳоли яшаш жойларини термитлар билан зарарланиш даражасини аниқлаш ҳамда зудлик билан керакли чораларни кўриш зарур. Биз бир қанча қидирув-текширув ишларини олиб бордик ва тегишли ташкилотларга ўз хулосаларимизни юбордик.

— Термитларга қарши курашишда қўлланиладиган воситалар ҳақида тўхтал­сангиз?

— Кўпгина давлатларда бу ҳашаротларга қарши препаратлар яратилган. Лекин чет элда ишлаб чиқарилган бу воситалар бизда натижа бермайди. Шунинг учун олимларимиз томонидан маҳаллий термитларга қарши қўлланиладиган препарат ишлаб чиқарилди.

Термитлар билан зарарланишнинг олдини олиш ҳамда йўқ қилишда, қурилиш материалларига, ҳашаротлар тар­қалган ҳудудларга септор-2 маҳаллий препаратини пуркаш усулидан фойдаланмоқдамиз. Ундан таш­қари аҳоли турар-жойлари ва бошқа термитлар билан зарарланган объектларни тозалашда, марказимизда тайёрланаётган емхўракдан фойдаланмоқ­дамиз.

Дала ва чўлларда ходимларимиз томонидан термитлар уяси оғзига керакли миқдорда заҳарли препарат қуйилиши натижасида ҳашаротлар йўқ қилинмоқда. Ҳозирда эса янги технология яратяпмиз. Олдин 150 литр атрофида заҳарли препарат уяга қуйилган бўлса, эндиликда 5 литри билан бутун уядаги ҳашаротларни йўқ қилиш мумкин бў­лади.

Шу ўринда яна бир гапни алоҳида таъкидлашни истардим. Қурилишда термитларга чидамли ёғочлардан фойдаланиш жуда муҳимдир. Бизда ўттиз икки хил дарахт тури синовдан ўтказилди. Аниқланишича уй-жой қурилишида ишлатиладиган оқ тол, мирзатерак, оқ терак, садақайрағоч, каштан ва чинор каби дарахт­лар ёғочи термитлар ҳужумига бардош бера олмайди. Оқ акас, сариқ акас, Зарафшон арчаси, қи­зил арча, виргин арчаси, қа­рағай, япон сафораси каби дарахтлардан олинган ёғоч маҳсулотларига эса бу ҳашаротлар умуман зарар етказа олмайди.

Ҳаётнинг ўзи, табиат одамзот олдига жуда кўп муаммоларни қўймоқда. Уларни бартараф этиш учун эса инсон ақл заковати, билими янада ривожланиши, тараққий этиши зарур.

Шуҳрат ИСЛОМОВ

суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.