24.09.2013

ДАВЛАТ БЮДЖЕТИНИНГ БИРИНЧИ ЯРИМ ЙИЛЛИКДАГИ ИЖРОСИ КЎРИБ ЧИҚИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Қонунчилик палатасининг Кенгаши томонидан таклиф этилган кун тартиби тасдиқланганидан кейин депутатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2013 йил биринчи ярим йиллигидаги ижроси тўғрисидаги масалани кўриб чиқдилар.

Мажлисда таъкидландики, Ўз­бекистон Республикасининг Давлат бюджети 2013 йил биринчи ярим йиллигида Олий Мажлис томонидан маъқулланган кўрсаткичларга мувофиқ, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан жорий йилнинг 18 январь куни Ҳукумат мажлисида белгилаб берилган 2013 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурининг энг муҳим устуворликлари аниқ мақсадга мувофиқ амалга оширилган ҳолда ижро этилди.

Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозининг салбий оқибатларига қарамай, ҳукумат биринчи ярим йилликда иқтисодиётнинг барқарор ўсишини ва макроиқтисодий барқарорликни сақлашга муваффақ бўлди. Кўрилган чо­ра-тадбирлар натижасида иқтисодиёт барча соҳаларининг, шу жумладан саноат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш, чакана товар айланмаси ва хизматлар ҳажмларининг юқори ўсиш суръатлари таъминланди. Ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши 8 фоизни ташкил этди. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобот даврида профицит билан ижро этилди.

Мажлисда қайд этиб ўтилдики, асосий эътибор ҳисобот даврида ижтимоий соҳани молиялаштиришга, яъни таълим, соғ­лиқни сақлаш соҳасини янада ривожлантиришга, аҳолини мақсадли ижтимоий қўллаб-қув­ватлашга, биринчи навбатдаги тўловларни ўз вақтида молиялаштиришга қаратилиб, ушбу харажатлар ҳисобот даврида Давлат бюджети умумий харажат­ларининг 60,9 фоизини ташкил этди.

Мамлакатда қабул қилинган иқтисодий ривожлантиришнинг ўзимизга хос ва мос моделини ва унинг асосида ишлаб чиқилган мамлакатимизни ислоҳ этиш ва модернизация қилиш бўйича пухта ўйланган дастур принципларини изчил рўёбга чиқариш туфайли 2013 йилнинг биринчи ярим йиллигида барқарор юқори ўсиш суръати ва иқтисодиётнинг макроиқтисодий мутаносиблиги таъминланганлиги таъкидланди. Мамлакатни ривожлантириш, янгилаш ва модернизация қилишнинг Ўзбекистон раҳбарияти томонидан тўғри танланган стратегияси туфайли Вазирлар Маҳкамаси жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида давом этаётган глобал молиявий-иқтисодий инқирозга муваффақиятли қарши курашишга, мамлакатнинг иж­тимоий-иқтисодий ривожланишини ва халқ фаровонлигининг ошишини таъминлашга муваффақ бўлди.

Кун тартибидаги масалани кў­риб чиқиш чоғидаги баҳс-мунозаралар жараёнида депутатлар бюджет кўрсаткичларининг ижроси бўйича вазирликлар ва идоралар фаолиятида қайта кўриб чиқишни ёки янада такомиллаштиришни талаб қилаётган масалалар мавжудлигини қайд этдилар. Жумладан, мажлисда таъкидландики, «Давлат бюджетининг ғазна ижроси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни талаблари бузилган ҳолда бир қанча муассасаларда маблағларни мақсадсиз сарфлаш ҳоллари ҳамон юз бермоқда, молиявий ҳуқуқбузарликлар аниқланмоқда.

Савол-жавоблардан сўнг ҳисобот батафсил муҳокама этилди, муҳокама чоғида барча сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳининг вакиллари сўзга чиқдилар.

Хусусан, ЎзХДП фракцияси депутатлари Давлат бюджетининг ижтимоий йўналтирилганлигини, жумладан, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва унинг фаровонлигини оширишга, ижтимоий кўмакка муҳтож қариялар ва ногиронларнинг ижтимоий таъминоти билан боғлиқ харажатларга талай маблағлар ажратилганлигини алоҳида қайд этиб ўтдилар.

Иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурини амалга ошириш юзасидан кўрилган чора-тадбирлар жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида 554 мингтадан ортиқ иш ўринларини ташкил этиш имконини берди, бу иш ўринларининг 60,3 фоизи қишлоқ жойларга тўғри келади. Шунингдек, аҳоли даромадларига солинадиган солиқ юкини камайтиришга доир чора-тадбирларнинг давоми сифатида 2013 йилда жисмоний шахсларнинг даромадларига солинадиган солиқнинг энг паст ставкаси камайтирилди, лекин ушбу тадбир бюджет даромадларининг камайишига таъсир кўрсатмади, аксинча, янги иш ўринлари ташкил этилиши ҳисобига тушум ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 18,1 фоиз кўпайди.

ЎзХДП фракциясининг вакиллари аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини ижти­моий ҳимоя қилишга ажратилаётган маблағлардан манзилли ва мақсадли фойдаланилиши устидан доимий мониторинг ўрнатиш муҳимлигини таъкидладилар. Шу муносабат билан депутатлар ушбу тоифадаги шахсларни манзилли қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш муҳимлигини қайд этдилар.

Шунингдек, депутатлар бюджет интизомига риоя этилиши устидан назоратни кучайтириш зарурлиги тўғрисида фикр билдирдилар. Бюджет даромад қисмининг сифатли ижро этилишига салбий таъсир кўрсатувчи омилларга алоҳида эътибор қаратиш таклиф этилди.

Муҳокама чоғида билдирилган фикр-мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2013 йил биринчи ярим йиллигидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тасдиқлади ва тегишли қарор қабул қилди.

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Ахборот хизматининг расмий ахбороти асосида тайёрланди.



DB query error.
Please try later.