24.09.2013

ВАСИЙЛИК ВА ҲОМИЙЛИК:

ижтимоий муҳофаза кафолатлари мустаҳкамланмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида сиёсий партиялар фракциялари ва Экологик ҳаракатдан сайланган депутатлар гуруҳининг нуқтаи назарларидан келиб чиққан ҳолда, бир қатор қонун лойиҳалари биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Ўзбекистон ХДП фракцияси Президентимизнинг «Мустаҳкам оила йили» Давлат дастури тўғрисида»ги Қарори ижроcи доирасида ишлаб чиқилган «Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокамасига алоҳида эътибор қаратди.

Алия ЮНУСОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Мамлакатимизда васийлик ва ҳомийликка муҳтож шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳи­моя қилишнинг самарали, кўп босқичли тизими яратилган, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича таъсирчан чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Васийлик ва ҳомийлик инс­титутининг ҳуқуқий асосини такомиллаштириш, васийлик ва ҳомийликни амалга оширишнинг самарали механизмларини яратиш жамиятда ижтимоий ҳимоя тамойилларини мустаҳкамлашда муҳим масала ҳисобланади. Бу ота-она қарамоғидан маҳрум бўл­ган вояга етмаган болалар, вояга етган муомалага лаёқатсиз, муомала лаёқати чекланган ҳамда соғлиги туфайли ҳомийликка муҳтож шахсларнинг манфаатлари ҳимоясини кафолатлаш билан бевосита боғлиқдир.

Маълумки, ЎзХДП Дастурида ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож кишилар ҳуқуқ­ларини ҳимоя қилиш, улар ўз имкониятларини рўёбга чиқариши ва жамият ҳаётида иштирок этиши учун зарур шароит яратиш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган. Шундан келиб чиқиб, фракциямиз васийлик ва ҳомийлик институтининг ҳуқу­қий асосларини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган қонун лойиҳаси таҳлилига, унинг ҳар томонлама пишиқ ва пухта бўлишига эътиборни кучайтирди.

Ҳозирда мамлакатимизда васийлик ва ҳомийлик билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатлар асосан Фуқаролик кодекси, Оила кодекси, Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланган «Васийлик ва ҳомийлик тўғрисидаги Низом» ва бошқа меъёрий ҳужжатлар билан тартибга солинади. Мазкур меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар таҳлили васийлик ва ҳомийликка муҳтож барча тоифадаги, айниқса, суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахслар ҳамда соғлиги туфайли васийлик ва ҳомийликка муҳтож шахсларга нисбатан васийлик ва ҳомийликни амалга ошириш механизмларини янада такомиллаштириш зарурлигини кўрсатди.

Амалдаги қонунчиликка кў­ра, васийлик ва ҳомийлик бир ой муддат ичида тайинланиши, васийлик ва ҳомийликка муҳтож шахсларни олдиндан жойлаштириш шакллари аниқ белгиланмагани уларнинг мулкий ва бошқа ҳуқуқлари бузилишига олиб келаётганини таъкидлаш жоиз.

Бундан ташқари, васийлик ёки ҳомийликка олишни истаган шахсларни саралаш, уларнинг педагогик-психологик ва ижтимоий тайёрлигини аниқлаш бўйича аниқ мезонлар мавжуд эмаслиги васийлик ва ҳомийликка муҳтож шахсларнинг мослашишида муайян муаммоларни вужудга келтираётган эди.

Алишер ТИЛЛАБОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Қонун лойиҳасига мувофиқ, васийлик — ўн тўрт ёшга тўлмаган вояга етмаганларга, суд томонидан муомалага лаё­қатсиз деб топилган шахсларга таъминот, таълим-тарбия бе­риш, шунингдек, шахсий ҳам­да мулкий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқу­қий шаклини ифодалайди. Ҳомийлик эса ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган вояга етмаганларга, суд томонидан муомала лаёқати чекланган деб топилган вояга етган шахсларга, шунингдек, вояга етган муомалага лаёқатли бўл­са-да, соғ­лиги туфайли ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини амалга оширолмайдиган шахсларга (улар­нинг илтимосига кўра) таъминот, таълим-тарбия бериш, шахсий ҳамда мулкий ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қи­лишнинг ҳуқуқий шаклини бил­диради.

Қонун лойиҳасида ваколатли органлар фаолиятини муво­фиқлаштириш, уларнинг ҳу­қуқ, мажбурият ва жавобгарликларини, васийлик ва ҳо­мийликнинг самарали механизмларини белгилаш, уни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, васийлик ва ҳомийликка олинган шахсга тегишли мол-мулкни сақлаш ва бошқариш билан боғлиқ қоидаларни такомиллаштириш, васий ва ҳомийларнинг жавобгарликларини белгилаш, шунингдек, бошқа муносабатларни тартибга солиш назарда тутилмоқда.

Васийлик ва ҳомийлик инс­титути такомиллашиши манфаатлари ҳимоя қилинишига муҳтож шахслар қадр-қиммати кафолатланиши, кишилар ўртасидаги меҳр-оқибат, қадрият ва анъаналарнинг, оила муносабатларининг мустаҳкамланишига ижобий таъсир этади. Васийлик ва ҳомийликка муҳтож шахслар, аввало, ёр­дам ҳамда қўллаб-қувватлашга муҳтож кишилар эканини унутмаслик лозим. Бундай шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари халқаро ҳуқуқ меъёрларига мувофиқ келадиган қонун орқали ҳимоя қилиниши, васийлик ва ҳо­мийлик билан боғлиқ муноса­батларнинг тизимлаштирилиши жамиятда ижтимоий бирдамлик янада кучайишида ўзи­га хос аҳа­мият касб этади.

Шуҳрат ТУРСУНБОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Қонун лойиҳаси васийлик ва ҳомийлик механизмларини халқаро меъёр ва замон талабларига мувофиқлаштиришга, жамият ва давлатнинг алоҳида қўллаб-қувватлашига эҳтиёжманд аҳоли манфаатларини ҳар томонлама ҳисобга олиш, ифодалаш ва ҳимоя қилишга қаратилган. Бу Халқ демократик партиясининг Сайловолди дастурида белгиланган вазифалар ҳал этилишига хизмат қилиши билан аҳамиятли.

Шунинг учун ЎзХДП Марказий Кенгаши ҳамда фракцияси ҳамкорлигида жорий йил сентябрь ойининг биринчи ўн кунлигида Сирдарё, Тошкент ва Жиззах вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида партия электорати вакиллари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари аъзолари иштирокида қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган семинарлар ўтказилди. Мазкур тадбирлар давомида билдирилган фикр-мулоҳазалар васийлик ва ҳо­мийлик институтининг ҳуқу­қий асосларини мустаҳкамлашда, фракциямиз позициясини шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга.

Машкура САФАЕВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Қонун лойиҳасида асосий тушунчалар, давлат сиёсатининг йўналишлари, давлат органларининг васийлик ва ҳомийлик соҳасидаги вазифалари ва ваколатларини белгилаб берувчи меъёрлар акс этиши ЎзХДП фракцияси учун принципиал аҳамият касб этади.

Хусусан, қонун лойиҳасида ишга яроқсиз ва ишга яроқлилиги чекланган шахсларнинг ҳисоботини юритиш бў­йича соғлиқни сақлаш органлари зиммасига, соғлиги ҳо­лати бўйича ҳомийликка муҳтож ишга яроқли шахсларнинг ҳисоботини юритиш бўйича меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш органлари зиммасига тегишли вазифалар юкланиши назарда тутилаяпти.

ЎзХДП фракциясининг ишончи комилки, бу васийлик ва ҳомийликка муҳтож шахсларнинг барча тоифаларини жойлаштириш бўйича ишларни самарали ташкил этиш, унинг мониторингини юритиш, мушкул аҳволда қолган болалар, ишга яроқсиз ва ишга яроқлилиги чекланган фуқаролар, шунингдек, ёр­дамга муҳтож кекса ва бош­қа шахслар тўғрисида тўлиқ ва ишончли ахборот олиш учун шарт-шароит яратади. Буларнинг барчаси Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг дастурий мақсадларига ва электорат манфаатларига тўлиқ жавоб беради.

«Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси ҳам биринчи ўқишда муҳокамадан ўтказилди.

ЎзХДП фракцияси аъзоларининг таъкидлашича, васийлик ва ҳомийликни амалга ошириш бўйича самарали механизмлар яратилиши ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, етим болалар муассасалари битирувчиларини қўллаб-қувватлаш ижтимоий ҳимоя соҳасидаги долзарб масалалардан саналади.

Гап шундаки, тегишли қонун ҳужжатларида отаси-онаси вафот этган ёки суд қарори билан вафот этган деб эълон қилинган ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар етим болалар экани белгиланган. Бироқ вафот этган ёлғиз оналар фарзандларининг ижтимоий ҳолати ҳуқуқий амалиётда аниқ белгиланмаган. Ҳолбуки, бу тоифадаги болалар ҳам алоҳида ижтимоий ҳимояга муҳтож. Шу каби номувофиқликларни бартараф этиш мақсадида тегишли қонун ҳужжатлари такомиллаштирилмоқда.

Хусусан, «Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида»ги қонун лойиҳасида ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни васийлик ва ҳомийликка олиш ва жойлаштиришнинг турли шаклларини жорий этиш назарда тутилгани ҳолда, Оила кодексига ва «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш белгиланмоқда.

Фракция аъзолари васийлик ва ҳомийлик билан боғлиқ муносабатларнинг ҳуқуқий асоси такомилига етказилиши ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар ҳуқуқ ва манфаатлари муҳофазасида юзага келаётган қатор масалаларни ҳал қилишга хизмат қилишини таъкидлашди. Қонун лойиҳаларида ижтимоий ҳимоя кафолатларини янада кучайтириш юзасидан фикр-мулоҳаза ва таклифларини билдиришди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида муҳокама қилинган қонун лойиҳалари концептуал жиҳатдан маъқулланди.

Тўлқин ТЎРАХОНОВ

тайёрлади.



DB query error.
Please try later.