24.09.2013

ОЧИҚЛИКНИ ТАЪМИНЛАШ

демократик тараққиётга хизмат қилади

ЎзХДП Марказий Кенгаши ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамкорлигида Бухоро вилоятида «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви ор­ганлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳаси бўйича Бухоро ва Самарқанд вилоятларида ўтказилаётган ҳуқуқий эксперимент, бу жараёнда ЎзХДП ташкилотлари ва депутатлик гуруҳларининг иштироки» мавзусида минтақавий семинар ўтказилди.

Унда ЎзХДП Марказий Кенгаши масъул ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги пар­тия фракцияси аъзолари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари аъзо­лари, Бухоро, Навоий ва Қашқадарё вилоят партия кенгашлари вакиллари, Бухоро вилоят ҳокимлиги, вилоят адлия бошқарма­си, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил инс­титути минтақавий бўли­ми вакиллари ҳамда пар­тия фаоллари иштирок эт­ди.

Тадбир, электорат вакилларининг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашга қаратилган қонун лойиҳасининг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилиш ҳамда қонун лойиҳаси нормаларини такомиллаштириш бўйича асосли таклифлар ишлаб чиқишда партиянинг фаол иштирокини таъминлаш мақсадида ташкил этилди.

Эътиборли жиҳати шундаки, минтақавий семинарда ЎзХДП Навоий ҳам­да Қашқадарё вилоят кенгашлари вакилларининг иштирок этиши мамлакатимиздаги муҳим сиёсий жараён — ҳуқуқий эксперимент бўйича аҳолига атрофлича тушунча бериш имкониятларини янада кен­гайтириш, қонун лойиҳасини яна бир бор атрофлича муҳокамадан ўтказишда долзарб аҳамиятга эга бўлди.

Шарбат АБДУЛЛАЕВА, ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари:

— Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ахборот олиш имконияти кенга­йиши жамоатчилик назоратини кучайишида, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтлари, умуман, фуқароларнинг ижтимоий масъулияти ортишида муҳим омил ҳисобланади. Қонун лойиҳаси нормаларини такомиллаштириш унинг янада ҳаётийлигини таъминлайди. Семинарда давлат ҳокимияти ва бош­қаруви органлари фаолияти очиқлигини таъминлашнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмлари бўйича конструктив таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш юзасидан фикр алмашилди.

Фуқароларнинг ахборот соҳасидаги ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида белгиланган муҳим йўналишлардан биридир. Шу маънода «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши ва қабул қилинишидан аввал синовдан ўтказилиши фуқаролик жамияти барпо этиш йўлидаги ислоҳотларни жадаллаштиришга хизмат қилади.

Саида ЖЎРАЕВА, ЎзХДП Бухоро вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари:

— Иштирокчилар Ўзбекистон ХДПнинг Сайлов­олди дастурида кучли ижтимоий сиёсатнинг ҳу­қуқий асосини ташкил этадиган қонунлар, давлат қарорларининг ижроси юзасидан давлат бошқаруви маҳаллий органлари ходимлари масъулиятини ошириш, аҳолининг аниқ тарзда ижтимоий қўллаб-қувватлашни назарда тутадиган давлат дастурлари бажарилиши устидан парламент ва жамоатчилик назорати тизимини такомиллаштириш каби мақсадлар белгиланганига алоҳида эътибор қаратишди. Демак, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги таъминланиши, ҳеч қандай тўсиқларсиз ахборот олиш имконияти яратилиши ЎзХДП дастурий мақсадлари амалга ошишида муҳим аҳамият касб этади. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлиги электорат манфаатларини янада кенгроқ ҳимоя қилишда самарали восита бўлади.

Шу боис, қонун лойиҳасининг синови бўйича Бухоро ва Самарқанд вилоятларида ўтказилаётган ҳуқуқий экспериментнинг мазмун-моҳияти, зарурияти, партия дастурий мақсад ва ғояларини амалга ошириш ҳамда электорат манфаатларини ҳимоя қи­лишдаги аҳамияти тўғрисида тарғибот-тушунтириш ишларини янада кучайтириш, айниқса, депутатлик гуруҳларининг фаоллигини ошириш зарур. Минтақавий семинарда бу борада билдирилган таклифлар атрофлича муҳокама этилди.

Жойларда партиянинг қуйи ташкилотлари ҳамда маҳаллий Кенгашларда­ги депутатлик гуруҳлари мазкур қонуннинг мазмун-моҳиятини тизимли равишда тарғибот қилиши, фракциянинг қонун лойиҳаси бўйича изчил позициясини шакллантириш учун аҳоли, айниқса, электорат вакиллари томонидан билдирилган таклифларни умумлаштириш ва ўз вақтида тақдим этиб боришни тизимли йўлга қўйиш бўйича аниқ кўрсатмалар ишлаб чиқилди.

Шунингдек, тадбирнинг кейинги қисмида иштирокчилар партия тизими учун кадрлар танлаш ва кадрлар билан ишлашни янада такомиллаштириш масаласини ҳам атрофлича муҳокама қилдилар. Билдирилган фикр-мулоҳазалар, таклифлар асосида партия ташкилотларига тегишли тавсиялар берилди.

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.