24.09.2013

СОҒЛОМ ТУРМУШ ТАРЗИ — ТАРАҚҚИЁТ ВА БАРҚАРОРЛИК ОМИЛИ

Мустақиллик йилларида аҳолининг малакали тиббий хизматдан фойдаланишига доир конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш, шунингдек, тиббий хизматларнинг сифатини яхшилаш учун тизимли равишда ташкилий, иқтисодий ва ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиб келинмоқда.

Хусусан, 1996 йилда фуқароларнинг соғлиқни сақлашга доир ҳуқуқлари давлат томонидан кафолатланишини таъминлаш, фуқароларнинг соғлом турмуш тарзини шакллантириш, давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмаларининг фуқаролар соғлиғини сақлаш соҳасидаги фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш мақсадида «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинди. 1998 йилда Ўзбекистон Республикаси соғ­лиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишнинг Давлат дастури қабул қилинди. Бунда айниқса, юқумли ва вирусли касалликларнинг олдини олиш, аҳолини одамнинг иммунитет танқислиги вируси (ОИВ) чақирадиган ОИТСдан ишонч­ли ҳимоя қилиш бўйича санитария-эпидемиология тизимини тубдан яхшилашга алоҳида эътибор қаратилди.

Одамнинг иммунитет танқислиги вируси (ОИВ) чақирадиган ОИТС касаллиги бугунги кунда барча мамлакатлар учун глобал муаммога айланди. Ушбу касалликнинг ижтимоий аҳамияти биринчидан, бу касаллик асосан аҳолининг меҳнатга қобилиятли қисмини зарарлаши, иккинчидан, касалликка чалинганларни ижтимоий ҳимоя қилиш мажбурияти ва унга кетадиган сарф-харажатларнинг катталиги, учинчидан эса келажагимиз бўлган соғлом зурриётга салбий таъсир кўрсатиши, тўртинчидан, айрим ҳолларда касаллик маънавий-ахлоқий муҳит бузилганлиги оқибатида келиб чиқишидадир. Ўз вақтида буларни олди олинмаса, комплекс курашилмаса, бу иллат маънавиятимизга, иқтисодиётимизга, миллий тараққиёт ва барқарорликка ҳам салбий таъсир кўрсатади.

Республикамизда мазкур касалликнинг олдини олиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. 1999 йил 19 августда «Одамнинг иммунитет тан­қислиги вируси билан касалланишнинг (ОИВ касаллигининг) олдини олиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинди. Мазкур қонун ўтган ўн тўрт йил давомида касалликни профилактика қилишда пойдевор бўлиб хизмат қилди. Бироқ тиббий илм-фаннинг ривожланиши, замонавий даволаш технологияларининг янада такомиллашуви халқаро миқёсда ОИВ касаллиги тарқалишига қарши кураш масаласига ёндошувлар кескин ўзгаришига олиб келди. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши кураш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 2008 йил 26 декабрдаги қарори қонунни такомиллаштиришнинг дастуруламал йўналишларини белгилаб берди. 2009 йил 5 январда мазкур қарорни бажариш мақсадида Ҳукумат қарорига кўра, Ўзбекистон Республикасида ОИВ инфекцияси тарқалиши профилактикаси бўйича саъй-ҳаракатлар миллий режаси, Республика ОИТСга қарши кураш маркази тузилмаси ва минтақавий марказларнинг намунавий тузилмаси, ОИТСга қарши кураш марказлари тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Мазкур ислоҳотлардан келиб чиқиб 2013 йил 22 августда Олий Мажлис Сенатининг ўн иккинчи ялпи мажлисида сенаторлар томонидан маъқулланган «Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик тар­қалишига қарши кураш тўғрисида»ги қонун бир қатор жиҳатлари билан аввалгисидан фарқ қилади. Маъқулланган қонун ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши кураш масалаларини ўз ичига олади. 1999 йилдаги қонуннинг номланиши эса ОИВ касаллигининг олдини олиш тўғрисида бўлиб, унинг мазмуни ҳам асосан касаллик профилактикасига қаратилган эди. Мутахассисларнинг таъкидлашларича, «ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши кураш» масаласи «ОИВ касаллигининг олдини олиш»га нисбатан бир мунча кенг тушунча бўлиб, у касалликнинг олдини олиш, диагностика ва даволаш каби масалаларни ҳам қамраб олади. Қонунда Ўзбекистон Республикасида ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашни ташкил қилиш бўйича ягона тизимга кирувчи давлат органлари ҳамда уларнинг ваколатлари аниқ белгилаб қўйилди. Бунда, айниқса, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ва фуқаролар ўзини ўзи бошқ­ариш органларининг иштироки қонуний асослари мустаҳкамлангани диққатга сазовордир. Шунингдек, қонунда ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашишга доир тадбирларни мувофиқлаштириш бўйича республика комиссияси ва унинг давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан ўтказиладиган ОИВ инфекцияси тар­қалишига қарши курашишга доир тадбирларни мувофиқлаштиришга оид ваколатлари, Республика ва жойлардаги ОИТСга қарши курашиш марказлари фаолиятининг қонуний асослари ўз аксини топди. ОИВ инфекцияси тар­қалишига қарши курашиш соҳасида давлат дас­турларини ишлаб чиқиш ва уларнинг амалга оширилишини таъминлаш мажбурияти қайд этилди. Қонунда тиббий текширув турлари — ихтиёрий, шартли ва мажбурий тиббий текширувлардан ўтиш тартиби алоҳида қайд қилинди. Унга кўра, ихтиёрий равишда ОИВга тиббий текширувдан ўтказиш текширувдан ўтаётган шахснинг хоҳишига кўра, махфийликка риоя этилган ҳолда амалга оширилади. Қон, биологик суюқликлар, одам органлари ва тўқималари донорлари, эллик ёшгача бўлган никоҳланувчи шахслар, ҳомиладор аёллар, инъекция орқали гиёҳвандлик воситаларини истеъмол этишда гумон қилинаётган шахслар, ОИВни юқтириб олган оналардан туғилган болалар, ўз фаолиятида қон, биологик суюқликлар, одам органлари ва тўқималари билан ишловчи тиббий ходимлар, жинсий шеригида ОИВ аниқланган шахслар мажбурий равишда ОИВга тиббий текширувдан ўтказилиши мустаҳкамлаб қўйилди.

БМТ Бош Ассамблеясининг 2001 йил 27 июнда қабул қилинган «ОИВ/ОИТСга қарши кураш ишларида тарафдорлик тўғрисида»ги Декларация­сининг талабларидан келиб чиқиб, ОИВ касаллигига чалинганларнинг камситилишига олиб келиши мумкин бўлган амалдаги қонуннинг 6-моддасидаги «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида турган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларда ОИВ касаллиги аниқланган тақдирда, улар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасидан чиқариб юборилиши мумкин», 12-моддасидаги «Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари Ўзбекистон Республикасига келаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўл­маган шахсларга, улар ўзларида ОИТС/ОИВ касаллиги йўқлигини тасдиқловчи сертификатни қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда ва тартибда тақдим этганлари такдирда, Ўзбекистон Республикасига кириш учун виза берадилар» деган мазмундаги қоидалар янги қонунда ўз аксини топмади.

Бундан ташқари, амалда бўлиб келган қонундаги баъзи атамаларнинг,  бир хиллиги таъминланди.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур қонун фуқароларни иммунитет тан­қислиги касаллигидан самарали муҳофаза қилиш, бу соҳада давлат ор­ганлари ва фуқаролик жамияти инс­титутлари саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, ОИВни юқтириб олганларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, уларни ижтимоий муҳофаза қилишнинг қонуний асосларини белгилаб беради.

Миравзал Миракулов,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти бўлим бошлиғи, юридик фанлар номзоди.



DB query error.
Please try later.