24.09.2013

«МОВИЙ ШАҲАР» САМАРҚАНДГА САЁҲАТ

«Шарқ тароналари» IX мусиқа фестивали иштирокчиси, испаниялик машҳур хонанда Ана Алкаиде Самарқандни ана шундай таърифлаган

Фестиваль якунланган бўлса-да, унинг таассуротлари, ҳаяжони ҳали-ҳануз босилгани йўқ. Буни иштирокчиларнинг дил сўзларидан ҳам билса бўлади. Гарчи фестивалда совриндор бўлмаса-да, Ана Алкаиде Европа мусиқасининг моҳир ижрочиси сифатида томошабинлар кўнглидан жой олди. Хонанда ватанига қайтгач, юртимиз, Самарқанд ва «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали ҳақидаги фикрларини ўз сайтида эълон қилди.

— Мадрид орқали Ўзбекистон пойтахти — Тошкент шаҳрига учдик, — дейди испаниялик хонанда. — У ерда бир қанча вақт бўлганимиздан кейин «Шарқ тароналари» Халқаро мусиқа фестивали ўтказиладиган Самарқандга бордик. Бизнинг Осиёдаги саргузаштларимиз шу тариқа бошланди.

«Шарқ тароналари» дунё халқларининг қадимий қўшиқ ва мусиқаларини, урф-одат ва анъаналарини, асрлар давомида шаклланган маданиятини сақлаб қо­лишга, намойиш этишга, бир-бирига янада яқинлаштиришга, халқлар ўр­тасидаги дўстлик, ҳамжиҳатлик туйғуларини уйғотишга хизмат қилиб келмоқда.

«Шарқ гавҳари» номи билан улуғланадиган Самарқанд дунёдаги энг чиройли тарихий шаҳарлардан бири эканлигини эшитгандим. Ўзбекистонда бўлганлар мени у ерда мўъжизалар кутаётганини айтишганди. Фестивалда қатнашиш учун таклиф­номани қўлимга олган оним­даноқ сабрсизлик билан Ўзбекис­тон сафарини кутдим!

«Шарқ тароналари» фестивали мусиқа садолари остида бутун дун­ёга эзгулик, тинчлик, ўзаро аҳилликни тараннум этмоқда. Биз бутунлай бошқа оламда бўлдик. Ўзбекис­тонда ўзимизни синаш ва тажриба орттириш имконияти пайдо бўлди. Гоҳида юксакликларни забт этиш учун баландроқни кўз­лашга тўғри келади.

Мен Ўзбекистонга, Самарқандга, «Шарқ тароналари» фестивалига боришни орзу қилардим. У ердан жуда катта ғоялар ва жўшқин ил­ҳом билан қайтдим.

Менга фестивалнинг таклифномаси ва Мадрид — Тошкент — Мадрид йўналиши бўйича учадиган самолёт авиачиптасини беришди. Бари худди тушга ўхшарди. Самарқанд — мовий шаҳар. У ердаги қадимий обидалар сизни сеҳрлаб қўяди. Самарқанд — китобларда таърифланган орзулар шаҳри. Менинг юрагим ҳали ҳам Самарқандда, ортга қайтгани йўқ.

Биз дунёнинг энг нуфузли фестиваллари қаторига кирадиган «Шарқ тароналари»да элликдан ортиқ давлатдан келган санъаткорлар ичида Испания номидан чиқиш қилдик. Бу воқеа дунёнинг энг гўзал манзили бўлган Самар­қанддаги Регистон майдонида юз бергани — менинг бахтим. Фестивалда иштирок этган барча санъаткорларнинг бахти. Тадбир бизга жуда ҳам маъқул бўлди. Фестиваль давомида дунёнинг турли давлатларидан келган санъаткорлар билан танишдик, фикр алмашдик.

Самарқандга саёҳат — худди тирик тарихни ўз кўзинг билан кўришдек гап. Сайр қиларкансиз, XV-XVI асрга бориб қолганингизни ўзингиз ҳам сезмай қоласиз. Такрорланмас воқеаларнинг гувоҳига айландик, ўз мусиқамизни тақдим этдик. Ўзбек халқи... Бундай кўнгли очиқ одамларни илгари кўрмагандим. Ажойиб санъатсевар инсонлар даврасида бўлдик, турли қўшиқларга рақсга туш­дик, узундан-узоқ суҳбатлар қурдик. Ўзбекистон, Грузия, Мадагаскар, Озарбайжон, Эрон, Ҳиндистон, Банг­ладеш, Буюк Британия, Буркина-Фасо, Таиланд, Миср, Туркманистон, Австрия, ­Италия ва Франциядан келган санъаткорлар менда катта таассурот қолдирди.

Ҳаётимиз давомида кўпинча атрофни кузатмаймиз. Дунё халқларининг маданияти, бугунги тараққиётидан бехабармиз. Марказий Осиёга қилган сафарим, Ўзбекистонда ўтказган вақтим давомида у ердаги аҳолининг турмуш тарзи билан ҳам яқиндан танишдим, Ўзбекистонни ўзим учун кашф этдим. Тинч-осойишта мамлакат. Ша­ҳарлари чиройли, тоза. Бу юрт­да тарих ва келажакнинг уйғунлигига гувоҳ бўлдим. Одамлар ўзлари истаганча эркин яшашмоқда. Испания билан Ўзбекистон ўр­тасида минглаб километр масофа бўлса-да, қандайдир яқинлик сездим.

Мендаги бу ҳиссиёт, Самар­қанд соғинчидек ажойиб кечинмалар яна қачондир такрорланишини жуда-жуда истардим...  

«Ўзбекистон овози» мухбири

Темур АЪЗАМ тайёрлади.



DB query error.
Please try later.