19.09.2013

БУХОРОДАГИ БУЮК БУНЁДКОРЛИКЛАР

туфайли қадим замин ўзгача чирой очиб, одамлар турмуши фаровонлашиб бормоқда

Мустақиллик кишиларнинг онгу-тафаккури, дунёқараши, ҳаётга муносабатини тубдан ўзгартиргани, янгиланаётган тафаккур билан қилинаётган фидойи меҳнат юксак самаралар бераётганини бугун Бухорода бўлган киши юрак-юракдан ҳис қилади. Боқий шаҳар — Бухоро бўйлаб сайр қилсангиз, кенг ва равон кўчалар, ўзига хос меъморий кўринишга эга кўп қаватли турар-жой бинолари, замонавий хизмат кўрсатиш шохобчаларини кўриб, кўнглингиз ёришади, халқимизнинг тарихий буюк бунёдкорлик салоҳияти Мустақиллик шарофати билан янада юксалганига амин бўлиб, қалбингиз фахр-ифтихорга тўлади.

ТУРМУШ ОБОДЛИГИ

Бу қадим замин дурадгорлик, ёғоч ўймакорлиги, заргарлик, мисгарлик, шунингдек, қоракўл терисини қайта ишлаш бўйича тарихий анъаналарига эга. Сўнгги йилларда Бухорода ипакчилик, қурилиш материаллари саноати ҳамда коммуникация инфратузилмасини тараққий эттириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни янада яхшилаш, хизмат кўрсатиш соҳаси ва сайёҳликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қара­тилаяпти. Бунинг натижасида вилоятнинг иқтисодий-ижтимоий салоҳияти юксалиб бормоқда.

Жорий йилнинг биринчи ярмида вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 2622,2 миллиард сўмни, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 109 фоизни ташкил этди. Хусусан, саноат маҳсулотлари ҳажми 1185,4 миллиард сўмга етди. Халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш 440,8 миллиард сўмдан иборат бўлди.

— Бу мисоллар вилоятимизнинг иқтисодий кўрсаткичлари йилдан-йилга изчил юксалиб, тараққий этиб бораётганини кўрсатади, — дейди вилоят ҳокимлиги иқтисодиёт бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ҳаёт Давлатов. — Таъкидлаш жоизки, вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳияти ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳисобига ҳам тобора ўсиб бормоқда.

Президентимизнинг 2011-2013 йил­ларда саноат кооперацияси негизида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни ошириш тўғрисидаги қарорига асосан вилоятдаги 11 та корхонада 14 та ло­йиҳа бўйича маҳаллийлаштирилган маҳсулот ишлаб чиқариш белгиланган. Жорий йилнинг биринчи ярим йил­лигида маҳаллийлаштириш дастурига киритилган корхоналар томонидан 30,5 миллиард сўмлик маҳаллийлаштирилган маҳсулот ишлаб чиқарилди. Ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг 24,9 миллиард сўмлиги ички бозорга сотилди ва 736,3 минг долларлик маҳсулот эса экспорт қилинди.

Жорий йилнинг шу даврига қадар 67,8 миллион доллар қийматга тенг 737 та лойиҳа амалга оширилиб, жами 4 мингдан ортиқ иш ўрни яратилди.

— Ҳаммамиз гувоҳи, иштирокчи­си бўлиб турибмизки, бугун мамлакатимизда барча соҳаларда чуқур ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилмоқда, — дейди ЎзХДП Бухоро шаҳар кенгаши раиси, халқ депутатлари шаҳар Кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари Робия Казимова. — Буларнинг барчаси замирида халқимизга муносиб турмуш шароити яратиб бериш, юртимизни дунёнинг энг гўзал, энг обод, фаровон мамлакатларидан бирига айлантириш каби эзгу мақсад мужассам.

Айтиш ўринлики, Маҳаллийлаштириш дастурини амалга ошириш орқали вилоятимизда қатор лойи­ҳалар ҳаётга татбиқ этилиб, янги иш ўринлари яратилаяпти. Бир мисол, яқинда Бухоро шаҳрида «Ливадия Бухара» хусусий корхонаси ташкил этилди. Қиймати 135 минг долларга тенг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қуритиш ускуналарини ишлаб чиқаришга мўлжалланган мазкур лойиҳа орқали 30 га яқин иш ўрни яратилди. Шунингдек, лойиҳа қиймати 95 минг долларлик «Бухара Индия Текстиль» қўшма корхонаси ишга туширилиб, 22 та иш ўрни ташкил этилди. Бу ерда бугун болалар ва аёллар кийими ишлаб чиқарилмоқда. Энг муҳими, шундай янгиланишлар орқали вилоят кундан-кун фаровонлашиб, одамлар турмуши обод бўлиб бормоқда.

БУНЁДКОРЛИК ОДИМЛАРИ

Мустақиллик йилларида Бухорода беқиёс бунёдкорлик ишлари амал­га оширилди. Янги уй-жойлар қу­рилди, йўллар кенгайтирилди, кенг кўламли кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди, замона­вий ишлаб чиқариш ва хизмат кўр­сатиш объектлари барпо этилди.

Мамлакатимиз талаба-ёшларининг анъанавий универсиада мусобақасининг жорий йилда Бухорода ўтказилиши муносабати билан шаҳар чиройига чирой қўшилди. 2002 йилда қайта бунёд этилган Бухоро спорт мажмуаси янгича кўринишга эга бўлди. 20 минг томошабинга мўлжалланган спорт мажмуаси тикланди, спортчилар учун барча қулайликлар яратилди.

Сўнгги йилларда вилоятда «Бухоро» халқаро аэропортининг янги тер­минали, вилоят перинатал маркази, қатор ўқув муассасалари ва ташкилотларнинг замонавий бинолари, миллийлик ҳамда замонавийлик уйғунлашган меҳмонхоналар, хизмат кўрсатиш ва сервис шохобчалари қурилди. Бухоро шаҳридаги Марка­зий деҳ­қон бозори қайтадан барпо этилди. Масжиди Калон, Чорбакр, Арк қалъаси каби қатор обидалар таъмирланиб, уларнинг тарихий қиё­фаси тикланди. Бе­восита Президентимиз ташаббуси билан Абдухолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳлари обод этилди.

— Замонавий уй-жой қуриш, қишлоқлар қиёфасини ўзгартириш, олис ҳудудларда яшовчи кишилар шароитини яхшилаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бераяпти, — дейди ЎзХДП Бухоро вилоят кенгаши раиси ўринбосари Баҳриддин Муҳитдинов. — Қишлоқ аҳолиси турмуш шароитини яхшилаш ва обод қилиш бўйича давлат дастури асосида қилинаётган ишлар кишиларнинг ҳаёт тарзи, дунёқарашини тубдан ўзгартирмоқда. Ўтган йили вилоятда миллий ва замонавий меъморчилик анъаналарини мужассамлаштирган 630 та намунавий лойиҳа асосидаги уй-жойлар қурилиб, фойдаланишга топширилган бўлса, жорий йилда 33 та аҳоли пунктида яна 730 та оилага мўлжалланган ана шундай турар-жойлар барпо этилаяпти. Қувонарлиси, қишлоқ жойларда янги уй-жой массивлари қурилиши натижасида кўплаб оилаларнинг замонавий, барча қулайликларга эга уй тўғрисидаги орзуси ушалди. Минг­лаб ватандошларимизнинг турмуш тарзи, тафаккури ўзгариб бормоқда. Одамлар борган сари обод, гўзал жойлар, муносиб шароитларда яшашга интилмоқда.

ТАЪЛИМГА ЭЪТИБОР — КЕЛАЖАККА ЭЪТИБОР

Бугун вилоятда 954 та таълим муассасаси фаолият кўрсатаяпти. 534 та умумтаълим мактаби, 345 та мактабгача таълим муассасаси, 14 та «Баркамол авлод» болалар маркази, 40 та болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, 19 та мусиқа ва санъат мак­таби шулар жумласидандир. Айни кунда 411 та мактаб замонавий компьютерлар билан таъминланган. Мазкур таълим муассасаларининг барчаси «ZiyoNet» ахборот тармоғи орқали Интернет тизимига уланди.

Жорий йилда вилоятдаги 25 та таълим муассасасида янги ўқув бинолари қурилиб, 10 та таълим муассасасида капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Жумладан, «Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси» маблағлари ҳисобидан 5 та янги типдаги спорт зали, 1 та ёпиқ сув ҳавзаси, 3 та му­сиқа ва санъат мактабини қуриш ишлари олиб борилмоқда.

Энг муҳими, таълим соҳасига кўр­сатилаётган ғамхўрлик, эътибор самараси кўпчиликни қувонтирмоқда. Кимё фани бўйича 47-халқаро Менделеев олимпиада­си бронза медаллари совриндорлари Азиз Ҳамроқулов, Суннат Фазлиев, Рустам Ҳамроқулов каби бухоролик ёшларнинг ютуқлари бунинг яққол далилидир. Спорт соҳасида бухоролик ёшлар эришаётган ғалабалар тўғрисида ҳам кўплаб мисоллар келтириш мумкин.

— Лицейимизда 800 нафарга яқин ўқувчи таълим олади, — дейди Бухо­ро давлат тиббиёт институти қошидаги 2-сон Ғиждувон академик лицейи директори, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳи аъзоси Зебо Абдуллаева. — Уларнинг замонавий билимга эга бўлиши, чет тилларни пухта ўрганиши учун барча шароит яратилган. Яқинда лицейимизда инглиз тилини ўқитиш бўйича 2 та компьютерлаштирилган махсус синф ташкил этилди.

АҲОЛИ САЛОМАТЛИГИ ЙЎЛИДА

Айни кунда Бухоро вилоятида 467 та тиббиёт муассасаси фаолият юрит­моқда. Улар 23 та шаҳар ва туман кўп тармоқли марказий поликлиника, 11 та стоматологик поликлиника, 342 та қишлоқ врачлик пункти, 33 та шифохона, 13 та тез тиббий ёрдам бўлими, диагностика, она ва бола скрининг ва перинатал марказларидан иборат. Сўнгги йилларда тиббиёт соҳасининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, фуқаролар соғ­лигини таъминлаш бўйича улкан ишлар олиб борилди. Она ва бола перинатал ҳамда скрининг маркази бинолари жаҳон андозаларига мос тарзда қуриб, фойдаланишга топширилди, қишлоқ врачлик пунктларининг моддий-техник базаси яхшиланди.

— Жорий йилда Инвестиция дас­тури бўйича вилоятдаги даволаш муассасаларининг қурилиш-монтаж ишлари учун 14 миллиард 699 миллион сўм маблағ ажратилган, — дейди вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Икром Амонов. — Бу орқали Пешку, Жондор тумани, Бухоро шаҳар тиббиёт бирлашмалари, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказининг 120 ўринли хирургия, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг реанимация бўлимлари, вилоят онкология диспансерининг радиологик бўлими биноларида қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда.

— Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, бу борадаги ишларнинг самарадорлигини оширишда ЎзХДП ташкилотларининг иштироки ўзига хос ўрин тутмоқда, — дейди вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси бош мутахассиси, ЎзХДП аъзоси Маъмура Сафоева. — Президентимизнинг 2009 йил 1 июлдаги 2009-2013 йилларда аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилиши, жисмоний ва баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги ишларни янада кучайтириш ва самарадорлигини ошириш Дастури тўғрисидаги қарори ижросини таъминлаш аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Яқинда бу қарорнинг Бухоро шаҳрида бажарилиши бўйича Бухоро шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳи томонидан назорат-таҳлил ишлари олиб борилди. Шу асосда сессия муҳокамасига тегишли масала киритилди. Айни пайтда сессияда қа­бул қилинган қарор ижроси бўйича амалий иш олиб борилаяпти. Биз бундан кейин ҳам аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом авлодни тарбиялаш ишларига жиддий эътибор қаратамиз.

ЯНГИ ИШ ЎРИНЛАРИ — ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯ КАФОЛАТИ

2008 йилда бошланган, бугунги кунда тобора чуқурлашиб бораётган жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози дунёнинг ҳатто энг ривожланган мамлакатларида ҳам бир-биридан мураккаб ижтимоий-иқтисодий муаммоларни келтириб чиқармоқда. Ана шундай бир шароитда мамлакатимизда ижтимоий ҳамда иқтисодий соҳаларда ўтказилаётган ислоҳотлар туфайли аҳоли турмуш даражаси юксалиб бораяпти. Энг муҳими, ҳар йили парламент томонидан тасдиқланадиган махсус дастур асосида минглаб янги иш ўринлари ташкил этилиб, одамларнинг фаровон яшаши учун мустаҳкам кафолат яратилаяпти.

«2013 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъ­минлаш дастури»га асосан Бухоро вилоятида 74 мингга яқин янги иш ўрни ташкил этиш белгиланган. Йилнинг биринчи ярим йиллигида 38179 та иш ўрни яратилди. Шундан 10 мингдан ортиғи уй меҳнати­нинг барча шаклларини ташкил этиш ҳисобига очилган бўлса, 2361 таси ишлаб чиқариш, ижтимоий ва бозор инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда ишламай турган корхоналар фаолиятини тиклаш ҳисобига ташкил этилди.

— Дастур ижросини таъминлаш партиямиз электорати ҳисобланадиган ижтимоий ҳимояга муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шароитларда рақобатлашишга тайёр бўлмаган кишилар манфаатига хизмат қилади, — дейди ЎзХДП Бухоро вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари Саида Жўраева. — Шундан келиб чиқиб, маҳаллий Кенгашлардаги ЎзХДП депутатлик гуруҳлари касб-ҳунар коллежлари битирувчилари учун янги иш жойлари ташкил этиш, жойларда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш тармоқларини, оилавий тадбиркорлик, касаначиликни ривожлантириш бўйича қатор ташаббуслар билан чиқаяпти, бандлик Дастури ижроси бўйича мунтазам мониторинг олиб бормоқда. Бу янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича белгиланган вазифалар бажарилишида муҳим аҳамият касб этади, албатта.

НЕФТЧИЛАР ШАҲАРЧАСИ

Қум барханлари ва олис чўл ҳудудида жойлашган Қоровулбозор вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётида ўз ўрнига эга туманлардан ҳисобланади. Бу ерда Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи жойлашган. Завод бир йилда 2,5 миллион тонна углеводород хомашёсини қайта ишлаш қувватига эга. Унинг автобензин, авиакеросин, дизель ёқилғиси, углеводород эритгичи, мазут, суюлтирилган газ, олтингугурт каби маҳ­сулотлари иқтисодиёт ривожида му­ҳим аҳа­миятга эга.

2008 йил ноябрь ойидан бошлаб заводда экологик жиҳатдан тоза ва совуқ ҳароратга чидамли дизель ёқилғиси ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани яна бир янгилик бўлди. Бундан ташқари, «Боинг» ва «Аэробус» русумли ҳаво лайнерларига мўлжалланган «Джет-А-1» русумли авиация ёқилғиси ишлаб чиқарила бошланди.

— Кейинги йилларда Нефтчилар шаҳарчасида аҳоли яшаш шароитини яхшилаш мақсадида қатор бун­ёдкорлик ишлари амалга оширилди, — дейди заводнинг тех­ника хавфсизлиги бўйича му­ҳандиси, ЎзХДП аъзоси Даврон Музаффаров. — Натижада шаҳарчада замонавий ижтимоий инфратузилма вужудга келди. Бу ерда «Ёшлар маркази» фаолияти йўлга қўйилди. Микроиқлимни юмшатиш ва ишчи-ходимларнинг мароқли ҳордиқ чиқариши учун умумий майдони 12 гектардан иборат сунъий кўл барпо этилди. Шунинг­дек, шаҳарчада спорт-соғломлаштириш мажмуаси, 320 ўринли замонавий маданият саройи, байрам тадбирлари ўтказишга мўл­жалланган концерт зали, барча қулайликка эга деҳқон бозори, интернет тармоғига уланган компьютер хоналари ишлаб турибди.

Нефтчилар шаҳарчасида ижтимоий объектлар ва уй-жойлар қурилиши давом этмоқда. Яқинда бу ерда замонавий типдаги ўйингоҳ барпо этиш ҳам кўзда тутилаяпти.

— Заводимиз 4 та халқаро стандарт сертификатига эга бўлган Марказий Осиёдаги ягона корхона ҳи­собланади, — дейди директор ўринбосари, ЎзХДП бошлан­ғич ташкилоти етакчиси Нодир Тешаев. — Ай­ни кунда заводда уч мингдан ортиқ ишчи-ходим меҳнат қилаётган бўлса, 2006 йилдан ҳозирги кунга қадар касаначилик асосида 600 дан ортиқ иш ўрни яратишга муваффақ бўлдик. Завод ишчи-ходимларининг 150 нафарга яқини партиямиз аъзоси. Уларни бирлаштирган бошланғич ташкилотимиз партиямиз дастурий мақсадларини амалга ошириш, ғояларини кенг тарғиб қи­лишга алоҳида аҳамият бериб келаяпти.

ЎзХДП МУНОСИБ ИШТИРОК ЭТМОҚДА

Бухоро вилоятида ЎзХДПнинг 27143 нафар аъзоси бор. Улар 728 та бошланғич ташкилотга бирлашган. Халқ депутатлари вилоят Кенгашида 19 нафар, туман ва шаҳар Кенгашларида 104 нафар ЎзХДПдан сайланган депутат фаолият юритиб келаяпти.

Туман, шаҳар ва вилоят Кенгашларидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳлари томонидан партия дас­тури, 2011-2014 йилларга мўл­жалланган Ҳаракат дастури асосида электорат манфаати билан боғлиқ турли масалалар сессиялар, доимий комиссиялар муҳокамасига олиб чиқилмоқда. Хусусан, Бухоро шаҳар, Бухоро, Вобкент, Ромитан ва Шофиркон туманларида ҳудудларни ва соҳаларни ривожлантириш масалалари атрофлича таҳлил этилиб, янги иш ўринлари яратиш, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишни кенгайтиришга қаратилган қарорлар қабул қилинишига эришилди. 2013 йилнинг биринчи ярим йиллигида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳлари томонидан жа­ми 12 та масала депутатлик гуруҳлари йиғилишларида кўрилди, 2 та масала доимий комиссия, 7 та масала шаҳар ва туман Кенгашлари сессияларига олиб чиқилди.

Хусусан, Ромитан туман Кенгаши сессиясига «2013 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури ижроси тўғрисида», Бухоро шаҳар Кенгаши сессиясига 2009-2013 йилларда аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғ­лом бола туғилиши, баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги ишларни янада кучайтириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари Дастури тўғрисида, Шофиркон туман Кенгаши сессиясига «Туманда 2013 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш манзилли дастурида белгиланган параметрларнинг олти ойлик якунлари ҳамда замонавий инфратузилма ривожланиши ҳисо­бига янги иш ўринлари яратиш тўғрисида», Вобкент туман Кенгаши сессиясига эса туманда болалар спортини ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишларнинг ҳолати ва истиқболлари тўғрисидаги масалалар киритилди...

Бухоро вилоятининг бугунги ижтимоий-иқтисодий салоҳияти, соҳаларда қўлга киритилган ютуқлар, бун­ёдкорлик ишлари билан танишиб бўлгандан сўнг Бухоро маданий марказига йўл олдик. Президентимиз ташаббуси ва ғояси асосида бунёд этилган муҳташам «Кўҳна ва боқий Бухоро» монументи олдида невараларини етаклаб юрган онахон диққатимизни тортди.

— Ғиждувон туманидаги Карна маҳалласида яшайман, — дейди биз билан суҳбатда 101 ёшли Ҳабиба она Зарипова. — Невараларим билан бу ерга кўп келаман. Йўл-йўлакай қишлоқ ва шаҳарларни томоша қилиб, янги-янги ўзгаришларни кўраман, хурсандлигимдан ўзимга сиғмай кетаман. Шукрки, фарзандларимиз ҳеч кимдан кам бўлмай, обод, кўркам жойларда тинч-омон яшаяпти. Ана шундай файзли, қут-баракали кунларни кўриш бизга ҳам насиб этди. Бу ишларнинг ҳаммаси халқимиз учун, болаларимиз учун, албатта.

Ҳабибахон она Мустақиллигимизнинг 22 йиллик шодиёналари арафасида Президентимиз фармонига биноан «Шуҳрат» медали билан тақдирланди. Онахон Бухородаги ўз­гаришлар ҳақида фахрланиб гапираркан, қўлини дуога очди: Юртимиз тинч, элимиз обод, Юртбошимиз омон бўлсин!

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.