19.09.2013

ЖИЗЗАХ: ВИЛОЯТНИНГ САНОАТ САЛОҲИЯТИ ЮКСАЛМОҚДА

Республикамиз минтақаларида бўлгани каби Жиззах вилоятида ҳам муҳим стратегик дастурлар ишлаб чиқилиб, етакчи соҳаларни модернизация қилиш, илғор техника ва технологиялар билан жиҳозлаш, замонавий корхоналарни барпо этиш ишлари қизғин бормоқда.

— «2013-2015 йилларда Жиззах вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш Дастури»га кўра, ушбу даврда жами 338 та лойиҳани амалга ошириш белгиланган — дейди, вилоят ҳокимлиги иқтисодиёт бош бош­қармаси бошлиғи Тохир АБДУНАЗАРОВ. — Бунинг учун 711,5 млрд сўмлик инвестиция жалб этилади ва натижада 9488 та янги иш ўрни яратилади. Бу асосан янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш, мавжудларини кенгайтириш, кичик корхона ва микрофирмаларни ташкил қилиш, якка тартибдаги тадбиркорликни ривожлантириш, уй меҳнати, касаначилик ва оилавий тадбиркорликдан унумли фойдаланиш, фермер хўжаликлари, айниқса, паррандачилик, чорвачилик, балиқчиликни ривожлантириш, ишламаётган корхоналар фаолиятини тиклаш ҳисобига яратилади.

Вилоятда иқтисодий ислоҳотларни жадал давом эттириш бўйича Президентимиз ҳамда ҳукумат томонидан белгиланган устувор вазифаларнинг ижросини тўлақонли таъминлаш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирларнинг ижобий натижалари макроиқтисодий кўрсаткичларда ҳам ўз аксини топмоқда. Жорий йилнинг биринчи ярмида ялпи ҳудудий маҳсулот 109,7, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 113,9, қишлоқ хўжалиги ялпи маҳсулоти 106,3, капитал қўйилмалар 123,1, қурилиш ишлари 114,5, чакана товар айланиши 115,0, жами хизматлар 119,2 фоизни, умумий экспорт эса 87,1 фоизни ташкил қилди.

Вилоятда саноат тармоғини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳозирда мавжуд жами 1307 та саноат корхонасининг 18 таси йирик, 1289 таси кичик корхона ва микрофирмалардир. Улар асосан кимё, машинасозлик, қурилиш соҳасида, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ва табиий ресурсларни қайта ишлаш ҳамда истеъмол моллари ишлаб чиқариш тармоқлари бўйича фаолият юритмоқда. Ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотларининг ҳажми 371,4 млрд сўмни ёки ўсиш суръати ўтган йилнинг биринчи ярмига нисбатан 113,9 фоизни ташкил этди. Худди шунингдек, полиграфия саноатида 69,8 фоиз, кимё саноатида 40,8, озиқ-овқат саноатида 28,4, электроэнергетикада 25, металлургия саноатида 18,2, қурилиш материаллари саноатида 12,5, енгил саноатида 7,8, ўрмон ва ёғочсозлик саноатида 2,2 фоизга ўсиш суръатлари таъминланди.

Жорий йилнинг биринчи ярмида 171013,8 млн сўмлик истеъмол маҳсулотлари ишлаб чиқарилди ва бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 116,9 фоизни ташкил этди. 98,9 фоиз маҳсулот нодавлат секторлари ҳиссасига тўғри келди. Истеъмол моллари таркибининг 63,9 фоизи озиқ-овқат, 36,1 фоизи эса ноозиқ овқат маҳсулотларидир.

Бу йилги Маҳаллийлаштириш дастуридан ўрин олган «Жиззах аккумулятор заводи», «Сэндвич Панел», «Иморат АДА», «Евроазия Карпет», «Эталон Сангзор» корхоналарида маҳаллий хомашё негизида буюмлар ва материаллар ишлаб чиқариш бўйича тегишли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Улар томонидан биринчи ярим йилликда 32863,5 млн сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 20676,7 млн сўмлик маҳсулот сотилган, шундан 1101,8 минг АҚШ доллари миқдоридаги товарлар экспорт қилинган. Муҳими, 2037,1 минг АҚШ доллари миқдорида валюта иқтисод қилинишига эришилган.

Бундан ташқари, вилоят ҳокимлиги ахборот хизматидан олинган  маълумотларга кўра, шу йилнинг биринчи ярми якунлари билан Ғаллаорол туманида ишлатилган автошиналарни қайта ишлаб хомашё (гранула)га айлантирувчи лойиҳа қиймати 1,3 миллиард сўмлик «Алишер савдо Инвест» МЧЖ ҳамда «Тошкентвино» комбинатининг Бахмал филиалида қиймати 3,8 миллиард сўмлик, йилига 4000 тонна мева-сабзавотни қайта ишловчи концервалаш цехидир. Бу, юзлаб янги иш ўринлари яратилди, деганидир.

Вилоятнинг географик ўзига хосликлари инобатга олиниб, Президентимизнинг «Жиззах» махсус индустриал зонасини барпо этиш тўғрисида»ги Фармонининг қабул қилиниши ҳудудда саноатни ривожлантириш, яъни барқарор иш ўринлари яратилишида алоҳида аҳамият касб этди. Унга кўра, асосий вазифалари ва йўналишлари ички ҳамда ташқи бозорларда рақобатбардош бўлган маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича замонавий, юксак технологияли ва инновацион ишлаб чиқаришларни ташкил этишга қаратилган бир қатор лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган. Бу эса ҳудудда қўшма корхоналар сонини янада ошириши табиий. Айни пайтда вилоятда хорижий сармоя иштирокидаги корхоналар сони 54 тани ташкил этади. Ўтган даврда Ғаллаорол туманида «QUYTOSH GRANIT», Жиззах шаҳрида «RAINBOW COLOURS FASHION» ва «BASIC CONSTRUCYION PROCESS» каби МЧЖ шаклидаги хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар рўйхатдан ўтказилди.

Биргина 8 та — «Бахмал Голден Аплее», «Престиж дери», «Евроазия Карпет», «Фориш текстиль», «Фориш текстиль групп», «Rustex invect», «Агро Гумуш» ва «Эрия пластик» хорижий корхоналар томонидан амалга оширилган маҳсулот экспорти 8340,9 минг долларни ташкил этди. Бу вилоят умумий экспортининг 8,9 фоизи деганидир.

Республикамиз миқёсида ҳар йили анъанавий тарзда қабул қилинаётган бандлик дастурининг ижросига қаратилаётган чора-тадбирлар ўз самарасини бермоқда. Жорий йилнинг биринчи ярмида дастурда 21 минг 962 та иш ўрни яратиш белгиланган эди, амалда 23 минг 698 та янги иш жойи барпо қилинди. Дастурнинг 2013 йилги режасига мувофиқ, жами 278 та корхонада техник жиҳатдан янгилаш ишларини олиб бориш ва 3604 та янги иш ўрнини яратиш кўзда тутилган. Яқинда барпо этилган «JIZZAX PLASTEKS» МЧЖ қўш­ма корхонаси ҳам шу мақсадга хизмат қилади.

Президентимизнинг «2011-2015 йилларда Ўзбекистон Республикаси саноатини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисида»ги ҳамда «Тўқимачилик саноати корхоналарини жадал ривожлантиришни рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорлари мамлакатимиз енгил саноати тараққиёти учун кенг имкониятлар эшигини очиб берди. Ушбу қарорлар асосида Тошкент шаҳридаги «ТAR­LEPLAST» МЧЖ ҚК ва Тошкент вилояти Янгийўл туманидаги «PLAS­TEKS» МЧЖ ҳамкорлигида Жиз­захдаги собиқ пайпоқ тўқув фабрикаси қайта ташкил этилиб, «JIZZAX PLASTEKS» МЧЖ қўш­ма корхонаси барпо этилди.

Бундан кўзланган асосий мақсад вилоятда пахта толасини қайта ишлашни йўлга қўйиш, аҳоли бандлигини таъминлаш орқали ҳудуд иқтисодий салоҳиятини янада оширишга ҳисса қўшишдир, дейди қўшма корхона ижрочи директори Асқаржон ИНОҒОМОВ. Ушбу лойиҳанинг биринчи босқичи амалга оширилиши натижасида 800 та янги иш ўрни ташкил этилади. Иккинчи босқичи (2013-2015 йиллар)да эса яна 900 дан ортиқ янги иш ўрни барпо этиш режалаштирилган.

Мазкур қў­ш­ма корхона биринчи бос­қичда йилига 12000 тонна пахта хо­­­­­м­ашёсини қайта ишлаб, 8515 тонна пахта толаси ҳамда 4500 тонна трикотаж матоси ишлаб чиқариш қувватига эга. Тайёр маҳсулотларнинг 100 фоизи экс­портга мўлжалланган ва бунинг натижасида республикамизга четдан йилига 20110000 евро миқдорида валюта кириб келади.

Корхона ҳо­зирданоқ хорижий корхоналар билан фьючерс шартномаси имзолаган. Айни пайтда бу ерда 200 нафардан зиёд киши меҳнат қилмоқда, уларнинг қарийб 90 фоизи ёшлардир. Шу босқичда яратиладиган яна 600 та янги иш ўрнига ҳозирданоқ талабгорлар кўп. Шуниси эътиборлики, иш ўринларининг 60 фоизи хотин-қизлар учун мўлжалланган.

— Президентимиз шу йилнинг июль ойида корхонамизга келганида мен ва ҳамкасбларим билан суҳбатлашди, — дейди корхона бош технологи Хушнуджон Аширматов. — У киши келгуси режаларимиз билан қизиқиб, бундай замонавий ишлаб чиқариш корхоналари фақат биз ёшлар учун барпо этилаётганини алоҳида таъкидлади.

Вилоят саноат салоҳиятининг юксалишида, албатта хорижий сармоя киритиш учун мисли кўрилмаган молиявий-моддий шарт-шароитлар мавжудлиги, қулай инфратузилма муҳити яратилгани муҳим омил бўлмоқда. Дарҳақиқат шундай. Яқиндагина Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг давлат ташрифи доирасида «Жиззах» махсус индустриал зонага Хитойдан тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этган ҳолда, кимё, фармацевтика, электр техника, нефть-кимё сингари саноат маҳсулотлари ва истеъмол товарлари ишлаб чиқариш юзасидан янги корхоналар ташкил этиш ҳақида бир қатор битимларнинг имзолангани ҳам бундан далолатдир.

Обиддин МАҲМУДОВ,

«Ўзбекистон овози»  махсус мухбири.



DB query error.
Please try later.