17.09.2013

ПАРТИЯНИНГ ЖАМОАТЧИЛИК ҚАБУЛХОНАЛАРИ

электорат манфаатини ҳимоя қилишнинг самарали механизмига айланиши керак

Одамлар ишончини қозониш, уларни ўйлантираётган масала ечими бўйича кўмак бериш сиёсий партиянинг халқ орасидаги обрўйини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бунга эришиш эса ўз-ўзидан бўлмайди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси тизимида ташкил этилган Жамоатчилик қабулхоналари партия аъзолари ва электорат вакиллари муаммоларини ўрганиш, уларга ҳар томонлама кўмак беришга қаратилган.

Ўтган давр мобайнида минглаб фуқароларнинг мурожаатлари ўрганилди, ҳар бир мурожаат партия фаоллари ва депутатлар томонидан пухта ўрганилиб, уларнинг аксарияти тегишли идора ва ташкилотлар ёрдамида ҳал этилди, қолганларига юридик маслаҳатлар берилди. Биргина жорий йилнинг ўтган олти ойи давомида Жамоатчилик қабулхоналари фаолиятига назар ташласак, бунга яна бир бор амин бўламиз.

ЎзХДП тизимидаги 207 та Жамоатчилик қабулхонасига 2013 йилнинг ўтган олти ойи давомида 4 мингга яқин мурожаат тушган. Уларнинг 70 фоиздан кўпроғи ўз ечимини топган, қолганлари ҳал этиш учун тегишли ташкилотларга юборилган. Айниқса, ЎзХДП Қорақалпоғистон республикаси, Хоразм, Жиззах, Бухоро, Наманган вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳар кенгашлари ҳузуридаги Жамоатчилик қабулхоналари фаолияти намунали ташкил этилган. Фуқароларни қабул қилиш хоналари замонавий коммуникация воситалари, ҳуқуқий-сиё­сий адабиётлар билан таъминланган ҳамда ҳуқуқий маслаҳатхона фаолияти ташкил этилган. Бундан ташқари доимий равишда кўчма Жамоатчилик қабулхоналари ташкил этиб борилади. Уларда депутатлар, сиёсатшунос ва ҳуқуқшунослар иштироки таъминланган.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, Жамоатчилик қабулхоналарига тушган мурожаатларнинг аксарияти коммунал соҳа, бандлик масаласи, иш ҳақи, нафақа ва пенсияларни вақтида олиш каби ижтимоий соҳаларга тўғри келади.

Айтиш лозимки, Жамоатчилик қабулхоналарига тушган мурожаатлар таҳлили вилоятларда қайси йўналишларда муаммолар борлиги, нималарга кўпроқ эътибор қаратиш лозимлигини кўрсатиб турибди. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳлари аъзолари доимий комиссия ва сессия­лар муҳокамасига масала киритишида айнан Жамоатчилик қабулхоналарига тушаётган мурожаатлар таҳлили муҳим ўрин тутади.

Бугунги кунда Жамоатчилик қабулхоналари фаолиятини янада кучайтириш, уларни замон талаби даражасида шакллантириш зарур. Бу Ўзбекистон Халқ демократик партияси ғояларига хайрихоҳ бўлган кишилар ишончини оширишга, электорат муаммоларининг эътиборсиз қолмаслигига, сиёсий партиянинг жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Мўътабар КАРИМОВА, ЎзХДП Жиззах вилоят кенгаши раиси:

— Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Жамоатчилик қабулхоналарига 250 га яқин мурожаат келган бўлса, уларнинг 80 фоизини тегишли идора ва ташкилотлар ёрдамида ижобий ҳал этишга эришдик. Мурожаатларга ечим топиш учун биринчи галда масалани депутатлар ва партия фаоллари ўртасида муҳокама қиламиз. Уларнинг фикрларини ўргангач, энг маъқул ечимга тўхталамиз. Шундан сўнг, мурожаат маълум бир депутатга юклатилади. Бу билан иш якунланмайди, албатта. Масала ҳал этилмагунга қадар депутатлардан иборат махсус ишчи гуруҳи назоратида туради.

Вилоятимизнинг чекка ҳудудларида ўтказилаётган давра суҳбати ва ўқув-семинарлар доирасида кўчма Жамоатчилик қабулхоналари ташкил этишга жиддий эътибор қаратаяпмиз. Шу боис мазкур ҳудудларда истиқомат қилаётган аҳолининг партиямиз фаолиятига қизиқиши ва ишончи ортиб бораяпти.

Раимберган САБУРОВ, ЎзХДП Хоразм вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари:

— Ҳозирда Жамоатчилик қабулхоналари фаолиятида изчиллик кузатилмаётган айрим туман партия кенгашлари билан алоҳида иш олиб бораяпмиз. Бу борада партия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳлари масъулияти ва ташаббускорлигини ошириш бўйича режа ишлаб чиққанмиз. Албатта, партия ташкилоти ва депутатлик гуруҳи фаол бўлса, ҳудудда мурожаатларга ечим ҳам топилади. Шу боис, улар фаолиятини кучайтириш учун ўқув машғулотлари, семинар-тренинг, давра суҳбатлари ташкил этиб бораяпмиз. Соҳага доир ўқув қўлланмаларидан кенг фойдаланишга урғу бераяпмиз. Шу билан бирга, Жамоатчилик қабулхоналарининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавий компьютер ва коммуникация воситалари, зарур сиёсий-ҳуқуқий адабиётлар билан таъминлашга ҳам эътибор қаратяпмиз.

Назира МАТЁҚУБОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП Марказий Кенгаши Экс­перт­лар гуруҳи аъзоси:

— Жамоатчилик қабулхоналари фаолияти самарасини янада ошириш мақсадида Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши томонидан қатор таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилиб, жойлардаги партия ташкилотларига етказилмоқда. Уларга кўра, Ўзбекистон ХДП Жамоатчилик қабулхоналари ишини янада такомиллаштириш учун муайян масалаларга эътиборни кучайтириш талаб этилмоқда.

Аввало, Жамоатчилик қабулхоналарини меъёрий-ҳу­қуқий ҳужжатлар билан бойитиш ҳамда қабулхоналар иш кунларини аҳоли учун қулай бўлган дам олиш кунларида ташкил этиш мақсадга мувофиқдир. Шунинг­дек, қандай муаммолар бўйича мурожаатлар бўлаётгани ва ҳудудлар бўйича таққослаш механизмини кучайтириш, намунали қабулхоналар иш тажрибасини оммалаштириш, жойларда ҳар ойда бир марта кўчма қабулхоналар ташкил қилиш, вилоят ва туман оммавий ахборот воситалари билан самарали ишлаш лозим.

Сиёсий партияни халққа яқинлаштирадиган, жамиятда таъсир кучини оширишга хизмат қиладиган энг муҳим масала — одамлар манфаатини самарали ҳимоя қилишдир. Демак, ЎзХДП бу борада Жамоатчилик қабулхоналари  имкониятларидан тўлақонли фойдаланиши зарур бўлади. Бу электорат манфаатларини барча ҳудудларда тизимли ўрганиш, шу асосда партия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳларининг ташаббускорлигини ошириш, ижтимоий ҳимоя билан боғлиқ масалаларни маҳаллий Кенгашлар даражасида комплекс равишда ҳал этишда муҳим аҳамият касб этади.

Нурали ОРИПОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.