17.09.2013

ТИНЧЛИК ВА ТОТУВЛИК — ЮТУҚЛАРИМИЗ АСОСИ

Президентимиз Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма икки йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги табрик сўзи катта қизиқиш билан ўрганилмоқда

Давлатимиз раҳбари Ватанимиз мустақиллигининг 22 йиллигига бағишланган байрам тантаналарида мустақиллик маъно-мазмуни, аввало, ҳуқуқ эканини алоҳида таъкидлади: «Мустақиллик — бу ҳеч кимга қарам бўлмасдан, ўз миллий манфаатларимизни, узоқ ва давомли мақсадларимизни кўзлаб, иқтисодиётимизнинг барқарор суръатлар билан ўсишини таъминлаш, аҳолимизнинг фаровонлигини, халқаро майдонда Ватанимизнинг обрў-эътиборини муносиб даражага кўтаришдир».

Айни кунларда «Маҳалла» хайрия жамоат фонди томонидан бошқа давлат ва нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорликда давлатимиз раҳбарининг мазкур нутқида баён этилган фикрларни барча фуқаролар йиғинларида чуқур ўрганиш юзасидан кўплаб учрашувлар, анжуман ва давра суҳбатлари ўтказилмоқда.

Пойтахтимизнинг Учтепа туманидаги «Ширин» маҳалла фуқаролар йиғинида ана шундай маърифий тадбир бўлиб ўтди. Жумладан, солиқ ва ички ишлар ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган «Мустақиллик — энг аввало ҳуқуқ демакдир» мавзусидаги кўргазмали семинарда мустақилликни мустаҳкамлаш, огоҳ ва ҳушёр бўлиб, ён-атрофга дахлдорлик ҳисси билан яшашнинг ҳаётий зарурати ҳақида сўз борди.

«Ватан тақдири учун масъулмиз» мавзусидаги давра суҳбатида маҳалла фаоллари, турли соҳалар вакиллари, кўпни кўрган отахон-онахонлар билан ҳудуддаги таълим муассасалари ўқувчилари ва ёшларнинг мулоқоти бўлиб ўтди.

— Аҳолининг турли қатламлари иштирок этаётган бундай тадбирларда мамлакатимизнинг ўзига хос тараққиёт йўли, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган ва юксак самаралари халқаро ҳамжамият томонидан ҳам кенг эътироф этилган «ўзбек модели»нинг ҳар бир юртдошимиз ҳаётидаги муҳим аҳамияти ҳақида батафсил сўз юритилмоқда, — дейди «Ширин» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Гулжаҳон ­Ҳасанова. — Изчиллик билан ўтказилаётган бундай маънавий тарғибот тадбирлари йигирмадан зиёд миллат вакиллари яшайдиган маҳалламиз аҳолисининг тинч-тотув ҳаёт кечириши, ҳудуд ободлиги ва саранжом-саришталигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Маҳаллада яшайдиган икки минг нафардан зиёд ўғил-қиз қизиқишига қараб турли тўгаракларга қамраб олинган. Жумладан, маҳаллада «Ораста қизлар» тўгараги ишлаб турибди. Шахмат-шашка, волейбол, баскетбол каби спорт секциялари ҳамиша гавжум.

Ширин маҳалласида истеъдодли ва салоҳиятли ёшлар кўп. Сузиш бўйича кўп карра Ўзбекистон чемпиони Анна Плюсова — маҳалла фахри.

— Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида юртимизда спортни, жумладан, болалар спортини ривожлантиришга қаратилаётган улкан эътибор қизларнинг спорт билан мунтазам шуғулланишида ҳам муҳим омил бўлмоқда, — дейди Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтининг 3-босқич талабаси А.Плюсова. — Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган «Умид ниҳоллари», «Баркамол авлод», «Универсиада» спорт мусобақаларида ғолиблар сафидан жой олганимдан фахрланаман. Мақсадим — бутун куч-ғайратимни ишга солиб, Ватанимиз байроғини жаҳон спорт майдонларида баланд кўтариш, жаҳон чемпиони бўлиш!

Маҳалла ҳудудидаги 287-умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси Озода Хўжаёрова фанларни пухта ўзлаштириш, спорт билан мунтазам шуғулланишдан ташқари, бадиий адабиётга — шеърлар машқ қилишга жуда қизиқади. Ватанимиз мустақиллигининг йигирма икки йиллиги байрами арафасида унинг «Ватан, сен истаган фарзанд бўламан» китоби нашрдан чиқди. Келгуси йил мактабни тамомлаб, хорижий филология йўналишидаги академик лицейда ўқишни мақсад қилган Озода ин­г­лиз тилини ҳам пухта ўрганмоқда.

— Юртбошимизнинг Мустақиллик байрамига бағишланган тантанали маросимдаги табригида биз, ёшларга қарата: «Маррани доимо баланд қўйиб яшанг, азиз болаларим, давр бизники, марра бизники!», деган сўзлари эзгу орзуларимизга мустаҳкам қанот бағишлайди, — дейди О.Хўжаёрова. — Президентимиз «сизлар учун, сизларнинг бахту саодатингиз учун бутун борлиғимни бағишлашга ҳам тайёрман», дедилар. Биз, ёшлар давлатимиз раҳбарининг бу юксак ишончини оқлаш учун бор куч-ғайратимизни сафарбар этишга ҳамиша тайёрмиз.

Оилавий тадбиркор Мавлуда Мамарасулова тадбиркорларга яратилган имкониятлардан кенг фойдаланиб, яқинда тикув цехи очди. Ўндан ортиқ қиз иш билан таъминланди.

— Келгусида банк кредитидан фойдаланиб, фаолиятимизни янада кенгайтиришни мақсад қилганмиз, — дейди М.Мамарасулова. — Чунки юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, тадбиркорлик билан шуғулланаман, деган инсонга барча йўллар кенг очиқ. Бундай кенг ва улкан имкониятлар барчамизни Ватанимиз мустақиллигининг қадрига етишга ва уни янада мустаҳкамлашга, бунёдкорлик завқи, ғайрати билан яшашга ундайди. Зеро, давлатимиз раҳбари жуда тўғри таъкидлаганидек, «истиқлолга эришмасдан туриб, бундай юксак натижаларга етиб боришимиз мумкинмиди? Бунга жавоб-битта: Йўқ ва асло йўқ».

Сайёра ШОЕВА,

ЎзА мухбири.



DB query error.
Please try later.