17.09.2013

ХХР РАИСИ СИ ЦЗИНЬПИННИНГ ЎЗБЕКИСТОНГА ДАВЛАТ ТАШРИФИ ЯКУНЛАРИ ХОРИЖЛИК МУТАХАССИСЛАР НИГОҲИДА

Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг Ўзбекистон Республикасига давлат ташрифи хорижий мамлакатларнинг ижтимоий-сиёсий, академик ва ишбилармон доиралари вакилларида катта қизиқиш уйғотди.

Кўпгина эксперт ва кузатувчиларнинг фикр билдиришича, ХХР раҳбари ташрифининг якунлари Ўзбекистон — Хитой муносабатларида муҳим босқич бўлиб қолгани ҳолда замонавий ривожланишнинг қатор долзарб йўналишлари бўйича икки мамлакатнинг қарашлари яқин эканлигини яна бир бор намойиш қилди.

Д. ШАДЕ, Европада прогноз ва хавфсизлик таҳлили институтининг тадқиқотчиси:

— Хитой раҳбарининг Ўзбекис­тонга ташрифи муҳим воқеа ҳи­собланади ва у Пекиннинг Марказий Осиёга ўз ташқи сиёсатидаги устувор йўналишлардан бири сифатида, Ўзбекистонга эса минтақада унинг иштирокисиз ҳаётий муҳим қарорлар қабул қилинмайдиган стратегик давлат сифатида қарашини кўр­сатади.

Олий даражадаги мазкур ташрифнинг муҳимлигини Хитойнинг Ўзбекистон билан иқтисодий мулоқотни ривожлантириш ва мус­таҳкамлашга бўлган интилиши тасдиқлайдики, ушбу мулоқот Си Цзиньпиннинг «Буюк Ипак йўли иқтисодий камари» ғоясига асослангандир. Ташриф чоғида имзоланган ҳужжатларнинг салмоқли тўплами Ўзбекистоннинг Хитой ташқи сиёсатида алоҳида ўрин тутишини кўрсатади.

Ўзбекистон геосиёсий жойлашуви ҳамда узоқни кўра оладиган стратегияси нуқтаи назаридан минтақада ўта муҳим аҳа­миятга эгадир. Шу боис Ўзбе­кистон ва Хитой ўртасидаги фаол ҳамда конструктив шериклик мулоқоти томонлар манфаатларига мувофиқ келади. Чунки бундай мулоқот, умуман олганда, барқарор минтақани шакллантириш учун ҳаётий муҳим аҳамият касб этади.

П. МОРВИДЖ, Нью-Йорк Давлат университетининг профессори:

— ХХР Раиси Си Цзиньпиннинг Тошкентга давлат ташрифи Хитой — Ўзбекистон икки томонлама муносабатлари изчил ўсувчанлигини яна бир карра тасдиқлади.

Хитой ва Ўзбекистон стратегик шерик мамлакатлар ҳисобланадики, савдо-иқтисодиёт соҳасидаги ҳамкорлик кўламлари йил сайин кенгайиб бормоқда. Икки мамлакат ўртасида умумбашарий аҳамиятга эга бўлган энг долзарб масалалар юзасидан келишмовчиликлар йўқ.

Энг муҳими шундаки, ҳамкорлик ўзаро манфаатли асосда амалга оширилмоқда — у ҳар икки мамлакат манфаатларига жавоб беради. Ташриф якунлари бўйича умумий қиймати 15 миллиард АҚШ долларидан зиёд миқдорга тенг бўлган лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишни кўзда тутадиган 31 та ҳужжат имзолан­ди. Бу ХХР ва Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳиятларига мос келадиган даражага чиқиш учун муштарак интилишнинг мавжуд эканлигидан далолат беради.

Шу ўринда самарали макро­иқтисодий сиёсати туфайли Ўз­бекистон ва Хитой жаҳон молия­вий-иқтисодий инқирози таъсиридан энг кам зарар кўрган ҳамда иқтисодий ўсишнинг юқо­ри ва барқарор суръатларини таъминлашга муваффақ бўлган давлатлар сирасига киришини қайд этмаслик мумкин эмаски, дунёда бундай мамлакатлар кўп эмас.

Шуни таъкидлаш жоизки, Пекин ва Тошкент ўртасидаги икки томонлама муносабатлар азалий дўстлар ҳамда вақт синовидан ўтган стратегик ҳамкорларнинг очиқ ва ишончли мулоқоти ҳи­собланади. Икки халқ маданий-гуманитар қадриятларининг бир-бирига яқинлиги ҳамда умумий тарихий муштаракликларнинг мавжудлиги том маънодаги дўс­тона ва ўзаро ишончли муносабатларни қўллаб-қувватлаш учун муҳим омилдир.

Э. РОЛАН, Франция сиёсий ва халқ­аро муносабатлар марказининг етакчи эксперти:

— ХХР Раиси Си Цзиньпиннинг Марказий Осиёдаги энг барқарор ривожланаётган давлатига буюрган мазкур ташрифи, шунингдек, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов билан бўлиб ўтган конструктив музокаралари ўзаро манфаатли ҳамкорликни сифат жиҳатдан кенгайтириш нуқтаи назаридан фавқулодда муҳим ҳисобланади.

Ўзбекистон — Хитой икки томон­лама алоқаларида кузатилаётган фаоллик ҳам сиёсий, ҳам савдо-иқтисодий ва сармоявий соҳалардаги ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга кўмаклашади.

Шуни қайд этиш керакки, ташриф якунлари бўйича эришилган натижалар ҳамда қатор муҳим сиёсий ҳужжатларнинг имзоланиши Пекиннинг минтақадаги стратегик жиҳатдан муҳим мамлакати билан ҳамкорликни янада ривожлантиришга бўлган қизиқишини таъкидлайди.

Дато Юсуф ХАШЕМ, «Глобалист» журналининг муҳаррири ва ношири (Малайзия):

— Си Цзиньпиннинг Хитой раҳбари сифатида Ўзбекистонга буюрган биринчи давлат ташрифи муҳим тарихий аҳа­миятга эгадир.

Стратегик ҳамкор мамлакатлар бўлган Ўзбекистон ва Хитой кўпгина халқаро масалаларнинг ҳал этилиши борасида ўхшаш ва бир-бирини қўллаб-қувватлашга асосланган нуқтаи назарларга эга бўлишгани баробарида минтақавий хавфсизликни таъминлаш, экстремизм, терроризм, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланиши сингари замонавий таҳдидларга қарши курашда ҳамкорлик қилмоқда.

2014 йили АЙСЕФ халқаро ҳарбий контингентининг Афғонистондан олиб чиқиб кетилиши олдинда тургани ҳамда бу мамлакат ҳудудидаги қўшни давлатлар хавфсизлигига таҳдид соладиган ислом радикал ташкилотлари ва террорчи тизимлар фаоллашувининг эҳтимоли муносабати билан хавфсизлик соҳасидаги икки томонлама ҳамкорлик алоҳида долзарблик касб этади.

ШҲТ доирасидаги ҳамкорлик икки томонлама яқин алоқаларнинг салмоқли таркибий қисми ҳисобланади. Ҳар икки давлат Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг муваффақиятли ривожланиши ҳамда унинг ишида фаол қатнашишга алоҳида аҳамият қаратади. ШҲТ йўналишидаги ҳамкорлик бугунги кунда минтақада ва умуман олганда, бутун дунёда барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш ишида муҳим омил бўлмоқда.

Макс СЕЙ, Осиё стратегия ва лидерлик институтининг вице-президенти (Малайзия):

— Хитойнинг Ўзбекистон билан алоқалари ривожланишидаги изчиллик бу давлатлар ўртасидаги икки томонлама муносабатларнинг барқарор ўсувчан эканлигидан далолат беради. Хитой томони Ўзбекистон билан юқори даражадаги мулоқотни қўллаб-қувватлашдан манфаатдордир. Чунки Ўзбекистон нафақат минтақада, балки унинг сарҳадларидан ташқарида ҳам геосиёсий вазиятнинг ривожланишида муҳим ўрин тутадики, Марказий Осиёдаги ҳолат дунёдаги кўпгина мамлакатларда, жумладан, йирик давлатларда ҳам сиё­сатнинг шаклланишига ўз таъсирини ўтказади.

Менинг фикримча, Ўзбекистон раҳбариятининг инвестицияларни жалб қилишга йўналтирилган, яъни айнан сармоялари қўшимча иш ўринларини яратишга, янги замонавий ишлаб чиқаришни ривожлантириш ҳамда ўз маҳсулотини жаҳон бозорларига экс­порт қилиш учун шароитларни кенгайтиришга имкон берадиган мамлакатлар билан ўзаро ҳамкорлик сиёсати тўғри сиёсат ҳи­собланади. Шу маънода, Хитой тажрибаси Ўзбекистон иқтисо­диётини ривожлантириш учун фойдали бўлиши мумкин.

Фахад аль-МЕКРАД, сиёсатшунос (Кувайт):

— Хитой — ишончли ва прагматик шерик ҳисобланадики, у биринчи навбатда савдо-иқтисодий, сармоявий алоқаларни ривож­лантиришни кўзлайди. Пекиннинг ташқи сиёсати ҳам, энг аввало, ай­нан ана шундай вазифаларнинг ҳал этилишига қаратилган.

Ўзбекистон катта ва хилма-хил табиий ресурсларга, ривожланган индустрияга ҳамда яхши интеллектуал салоҳиятга эгадир. Мен Ўзбекистоннинг тинчликсевар ҳамда чуқур ўйланган ташқи сиёсатини юқори баҳолайман. Айнан Президент Ислом Каримов томонидан тўғри танланган ташқи сиёсий йўл туфайли мамлакат халқ­аро ҳамжамият субъектла­ри ўртасида катта обрў ва ҳурмат қозонгани баробарида дунёнинг кўпгина мамлакатлари билан, шу жумладан, ХХР билан ҳамкорликни изчил ривожлантирмоқда.

Шуни ҳам қайд этишни истар эдимки, Ўзбекистоннинг Хитой билан кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш йўлидан бориши катта истиқболларга эгадир, чунки Ўзбекистон — Хитой муносабатлари ўзаро манфаатдорлик хусусиятига ҳамда бошқа дўстона ва чуқур тарихий алоқаларга асослангандир.

Ванг СИНЛОНГ, China Cotton Industries LTD компаниясининг президенти (ХХР):

— Ўзбекистон Марказий Осиё­даги минтақа барча мамлакатлари билан чегарадош бўлган ягона давлат ҳисобланади. Унда катта транзит, саноат, юқори малакали кадрлар салоҳияти, стратегик аҳамиятга молик фойдали қазилмалар ва табиий ресурслар мавжуд.

Хитой, ўз навбатида, Ўзбекис­тоннинг саноат соҳасидаги салоҳиятини ривожлантиришга кўмаклашиши мумкин бўлган замонавий технологиялар ва сармоя ресурсларига эга.

Ишончим комилки, Хитой ва Ўзбекистоннинг молия институтлари ва йирик компаниялари ўртасида имзоланган сармоявий ҳамкорлик бўйича битимлар иқтисодиёт ва инвестициялар жабҳаларидаги икки томонлама ҳамкорликни сифат жиҳатидан юқори даражага кўтариш имконини беради.

Мамлакатларимиз ўртасида иқтисодиётни, қишлоқ хўжалиги, энергетика ва телекоммуника­цияларни биргаликда ривожлантириш зарурлиги юзасидан умумий тушунча мавжуд.

«Жиззах» махсус индустриал зонаси доирасида мамлакатларимиз раҳбарларининг ташаббуси билан ташкил этилган юқори технологиялар саноат парки икки томонлама сармоявий ҳамкорликнинг кенгайишига хизмат қилади, деб ўйлайман. Чунки у ерда хориж корхоналарининг самарали фаолият кўрсатиши учун зарур инфратузилма ва қулай сармоявий муҳит яратилгандир.

«Жаҳон» АА



DB query error.
Please try later.