17.09.2013

ОЛИМП ЧЎҚҚИСИНИ КЎЗЛАБ...

Олимпия ўйинларида Ватанимиз байроғини сарбаланд этиш — ҳар бир спортчимизнинг олий мақсади

Мамлакатимизнинг етакчи спортчилари қатори таэквондо (WTF) билан шуғулланаётган йигит-қизлар ҳам 2016 йили Бразилияда бўладиган нав­батдаги ёзги Олимпиадада муносиб қатнашиш учун қизғин тайёргарлик кўрмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 25 февралда қабул қилинган «Ўзбекистон спортчиларини 2016 йилда Рио-де-Жанейро (Бразилия)да бўлиб ўтадиган XXXI ёзги Олимпия ва XV Паралимпия ўйинларига тайёрлаш тўғрисида»ги қарори бу жараённи замон талаблари асосида ташкил этишда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

— Президентимиз Ислом ­Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда спортнинг барча турлари каби таэквондо ҳам изчил ривожланмоқда, — дейди Ўзбекистон таэквондо (WTF) ассоциацияси бош котиби Аббос Латипов. — Бугун мамлакатимизда йигирма мингдан ортиқ ўғил-қиз таэквондонинг «кёруги» — яккама-якка кураш йўналиши билан мунтазам шуғулланмоқда. Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия инс­титутининг таэквондо бўлимида 120 нафардан зиёд юқори малакали мутахассис, мураббий ва мураббия тайёрла­наётир. Мамлакатимизда фао­лият юритаётган олимпия захиралари коллежлари, ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар олимпия захиралари спорт мактабларида таэквондо (WTF) бўлимлари, қатор спорт секциялари ва тўгараклари мамлакатимиз олимпия захираларини мустаҳкамлаш учун маҳоратли спортчиларни тарбиялашга хизмат қилмоқда.

Таэквондо — Олимпия оиласидаги энг ёш спорт турларидан. Олимпиадада таэквондо мусобақалари 2000 йилдан ўтказиб келинмоқда. 1973 йилда тузилган Жаҳон таэквондо федерацияси икки юздан зиёд миллий федерацияни бирлаштирган. Ўзбекистон таэквондо (WTF) ассоциацияси 1993 йилда Жаҳон таэквондо федерациясига аъзоликка қабул қи­линган.

Истиқлол йилларида мам­лакатимизда таэквондонинг Олимпия ўйинлари дастурига киритилган «кёруги» йўналиши кенг оммалашмоқда. Ўзбек таэквондочиларидан Рашид Аҳмедов ўсмирлар, Эдуард Хегай ва Акмал Эргашев катталар ўртасида таэквондо WTF бўйича жаҳон чемпионатларида кумуш, Евгений Ли ва Ирина Дергач бронза медалларга сазовор бўлган. Ўзбекистон таэквондо усталари Осиё ўйин­лари ва қитъа чемпионатларида йигирма медални қўлга киритган. Бундай юксак натижалар самарасида мамлакатимиз таэквондочилари дунёдаги энг кучли ўн жамоадан бири сифатида эътироф этилмоқда.

2016 йили Бразилияда бўладиган Олимпия ўйинларига тайёргарлик дастурига мувофиқ, Ўзбекистон таэквондо (WTF) ассоциацияси раҳбарияти минтақавий федерациялар фаолиятини кучайтириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, машғулот ва мусобақаларни замонавий талаблар даражасида ташкил этиш учун шароит яратиш, халқаро майдонда юксак натижалар кўрсатишга қодир спортчиларни саралаб бориш тизимини такомиллаштириш бўйича кенг кў­ламли ишларни амалга оширмоқда.

— Олимпиадага тайёргарлик дастурига биноан, олимпия захирасини истеъдодли ёшлар билан бойитиш мақсадида мамлакатимиз бўйлаб селекция ишларини амалга ошираётирмиз, — дейди таэквондо (WTF) бўйича Ўзбекистон терма жамоаси катта мураббийи Паҳлавон Собиров. — Жорий йилнинг ўзида барча вилоятлардан жами 60 нафар спортчи саралаб олинди. Пойтахтимизда ўтган якуний босқичда улар ўн беш нафар мураббий кузатувида узоқ ва яқин масофага югуриш, умумий жисмоний тайёргарлик ва яккама-якка кураш бўйича синовдан ўтди. Энг юқори натижа кўрсатган 17 таэквондочи танлаб олинди. Улар орасидан энг кучли етти нафари эса терма жамоамиз сафида халқ­аро миқёсдаги чемпионат ва мусобақаларда қатнашди.

Ўзбекистон ўсмирлар ва катталар терма жамоалари халқаро мусобақаларга тайёргарликни Таэквондо (WTF) ассоциацияси тасарруфидаги спорт мажмуасида олиб боради. Пой­тахтимизда жойлашган бу замонавий иншоотда машғулотлар ҳафтасига олти кун, уч маҳалдан давом эттирилмоқда. Жисмоний, техник ва тактик тайёргарлик машқларидан таш­қари маънавият дарслари ҳам ўтказилмоқда. Зеро, Президен­тимиз Ислом Каримов «Юксак маънавият — енгилмас куч» китобида таъкидлаганидек, иро­даси бақувват одам ўзига ишонади ва ҳар қандай мураккаб вазифани ҳам ўз зиммасига олишдан чўчимайди.

Таэквондочиларимиз маш­ғулотларда ўзлаштирган билим-кўникмаларини расмий мусобақаларда синовдан ўт­казмоқда. 2013 йилнинг март ойида Гамбург шаҳрида ўтган «Германия опен» халқ­аро турнирида Жасур Бойқўзиев олтин, Баҳром Абдуллаев бронза медални қўлга киритди. Июль ойида Жанубий Кореяда ўт­казилган «Чун-чон Корея опен — 2013» халқ­аро мусобақасида иқ­тидорли ёш спортчилардан Умида Абдуллаева, Мадина Рўзиева, Нигора Турсунқулова, Ёсинхўжа Зиёвудди­нов, Аббос Алиқулов, Нурлан Бойхўжаев, Жавлон Рустамов, Ниёзбек Пўлатов олтин медалга сазовор бўл­ди, яна битта кумуш ва бешта бронза медаль қўлга киритилди. Август ойида Хитойнинг Нанкин шаҳри мезбонлик қилган ўс­мирлар ўр­тасидаги II Осиё ўйинларида Ғани­жон Хурил­боев ва Динора Мамадиброҳимова бронза медалга ло­йиқ топилди.

— Ҳар бир спортчи ўз ғалабаси билан Ватанини шарафлашни орзу қилади, — дейди таэквондо (WTF) бўйича Осиё вице-чемпиони Жасур Бойқўзиев. — Мамлакатимизда биз, спортчилар ҳам ўз қо­билиятимиз, истеъдодимиз ва салоҳиятимизни намоён эти­шимиз учун кенг имкониятлар яратилган. 2016 йили бўладиган Олимпия ўйинларида муносиб қатнашиб, халқимиз ва Президентимиз ишончини оқ­лашни мақсад қилганмиз.

2014 йилги спорт мавсумида ҳам масъулиятли мусобақалар кўп. Хусусан, апрель ойида Тош­кент шаҳри таэквондо (WTF) бўйича Осиё чемпионатига мезбонлик қилади. Қитъамизнинг энг кучли таэквондо усталари майдонга чиқадиган ушбу мусобақада ҳамюртларимиз яккама-якка беллашув ва комплекс машқ бажариш бўйича ўз маҳоратини намойиш этади.

Жаҳон таэквондо федера­цияси 2014 йилдан эътиборан кадетлар — 14 ёшгача ўғил-қизлар ўртасида жаҳон биринчилигини ўтказишга қарор қилди. Жаҳон чемпионатининг дастлабкиси 2014 йилнинг февраль ойида Боку (Озарбайжон) шаҳрида бўлади. Ўзбекистон таэквондо (WTF) ассоциацияси раҳбарлари ай­ни пайтда бўлажак чемпионатда қатнашадиган терма жа­моани шакллантириш учун ёш спортчилар орасида кузатув ва саралаш ишларини давом эттирмоқда.

— Шу йилнинг октябрь ойида кадетлар ўртасида бўладиган мамлакатимиз биринчилиги жаҳон чемпионатига саралашнинг сўнгги ва асосий бос­қ­ичидир, — дейди Ўзбекистон таэквондо (WTF) ассоциациясининг иқтидорли спортчиларни танлаш бўйича бош мутахассиси Бобур Қўзиев. — Синовлардан муваффақиятли ўт­ган ёш таэквондочилар терма жамоа сафида кадетларнинг илк жаҳон чемпионатида қатнашади ва улар келажакда олимпиячилар захирасидан жой олади.

Шунингдек, 2014 йилнинг март ойида Хитой Тайпейида таэквондо (WTF) бўйича жаҳон сара­лаш турнири бўлади. Унда дунё­нинг кўплаб мамлакатлари вакиллари қатори саккиз нафар таэквондочимиз ҳам 2014 йили Хитойнинг Нанкин шаҳрида ўсмирлар ўртасида бўладиган II Олимпия ўйинлари лицензиялари учун курашади.

Ҳа, Олимпия ўйинларидек йи­рик спорт анжуманларида ғалаба қозониш ўз-ўзидан бўлмайди. Бунинг учун ҳар бир олимпия­чига доимий эътибор, тинч ва осойишта турмуш, замонавий шарт-шароитда пухта тайёргар­лик ҳамда малакали мураббийлар кўмаги керак. Озод ва обод Ўзбекистонимизда бу омилларнинг барчаси мавжудлиги спортчиларимизнинг Олимп чўққисини забт этишига катта умид ва ишонч бағишлайди.

Зоҳир ТОШХЎЖАЕВ,

ЎзА мухбири.



DB query error.
Please try later.