Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
14.09.2013

ШҲТ нинг Бишкек саммити

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 12-13 сентябрь кунлари Бишкекда ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этди.

Саммитнинг асосий тадбирлари 13 сентябрь куни бўлиб ўтди. ШҲТга аъзо Давлат раҳбарлари кенгашининг мажлиси тор доирадаги учрашув билан бошланди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов, Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев, Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин, Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбоев, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон иштирок этди.

Мажлисда халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар, шунингдек, ШҲТни янада ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти амалий мулоқот ва минтақавий ҳамда глобал муаммоларни ҳал этишнинг самарали йўлларини биргаликда топиш учун қулай имконият экани таъкидланди.

Ташкилотга аъзо давлат раҳбарлари мажлисни кенгайтирилган таркибда давом эттирдилар. Уларга кузатувчи давлатлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари ҳам қўшилди.

Халқаро муносабатларда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш масалалари, замонавий сиёсат ва иқтисодиётнинг бугунги ҳолатига жиддий таъсир кўрсатаётган шиддатли жараёнлар рўй бераётгани қайд этилди. Глобал хавф ва таҳдидларга қарши биргаликда самарали курашиш, ШҲТ маконида барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққиётни таъминлаш вазифалари устувор аҳамият касб этмоқда.

ШҲТга аъзо давлатлар халқаро терроризм, сепаратизм ва экстремизм, трансмиллий уюшган жиноятчилик, наркотик моддалар, психотроп моддалар ва уларнинг прекурсорларининг ноқонуний айланишига, ахборот хавфсизлигига таҳдид солаётган хавфларга қарши фаол ҳамда изчил курашмоқда. Ушбу соҳалардаги ҳамкорликнинг норматив базасини янада такомиллаштиришни қўллаб-қувватламоқда.

Президентимиз Ислом Каримов ўз нутқида мажлис иштирокчилари эътиборини Сурия ва Афғонистонда рўй бераётган воқеаларга қаратди. Хунрезликлар Суриядан ташқарига ёйилишига йўл қўймаслик даркор. Афғонистон муаммосини ҳарбий йўл билан бартараф этиб бўлмайди, унинг сиёсий ечимини топиш, БМТ шафелигида музокаралар ўтказиш ва қарама-қарши кучларнинг муросага келишига эришиш бу борадаги ягона тўғри йўлдир. Ўзбекистон Афғонистон билан муносабатларни фақат икки томонлама асосда йўлга қўяди.

Ўзбекистон раҳбари йирик қўшма лойиҳаларни, айниқса, транспорт-коммуникация соҳасидаги лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, ШҲТ Тараққиёт жамғармаси ва Ривожланиш банкини ташкил этиш муҳимлигини таъкидлади. Ислом Каримов Оролбўйи минтақасида мураккаб экологик вазият юзага келганини қайд этар экан, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва Оролни қутқариш халқаро жамғармаси ўртасида ҳамкорлик механизмларини ишлаб чиқиш, экологик муаммоларни ҳал этишда ШҲТ салоҳияти ва имкониятларидан фойдаланиш зарурлигига эътиборни қаратди.

Саммит иштирокчилари миллий иқтисодиётларни янада модернизация қилиш, инвестицион ҳамкорликни ривожлантириш, транспортда ташиш, коммуникациялар, инновацион технологиялар, агросаноат соҳаларида ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлади. ШҲТ маконида яшаётган халқлар манфаати йўлида яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорликни, маънавий яқинлик, маданиятлараро мулоқотни ривожлантиришга хизмат қиладиган илмий-техник ва маданий-гуманитар, туризм соҳаларидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш муҳимлиги қайд этилди.

Давлат раҳбарлари кенгаши мажлиси якунлари бўйича қабул қилинган Бишкек декларациясида амалий ҳамкорликни янада ривожлантиришга оид асосий ёндашувлар, кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштириш учун барча саъй-ҳаракатларни йўналтиришга қаратилган муштарак интилишлар ўз ифодасини топган.

Давлат раҳбарлари ШҲТга аъзо мамлакатларнинг узоқ муддатли яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома қоидаларини амалга ошириш бўйича 2013-2017 йилларга мўлжалланган ҳаракат режасини имзоладилар.

Саммитда ШҲТга аъзо мамлакатлар ҳукуматлари ўртасида илмий-техникавий ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг мажлисидаги иштироки доирасида давлатимиз раҳбари ва Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбоевнинг учрашуви бўлди.

Икки давлат раҳбарлари ШҲТ саммитини юксак савияда тайёрлаш ва ўтказиш борасида Қирғизистон томони амалга оширган саъй-ҳаракатлар хусусида фикр алмашдилар.

Президент Ислом Каримов давлат раҳбарлари даражасида имзолаш учун тайёрланган ШҲТ доирасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва ташкилот фаолиятини такомиллаштиришга йўналтирилган қатор ҳужжатларнинг қабул қилиниши муҳим эканлигини таъкидлади.

Музокаралар чоғида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорликка доир масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Томонлар ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, икки томонлама транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантиришга қаратилган аниқ таклиф ва чора-тадбирларни муҳокама қилдилар.

Чегара ҳудудларда биргаликдаги саъй-ҳаракатлар учун шароитларни яхшилаш, шунингдек, икки давлатнинг яхши қўшничилик алоқаларини ривожлантиришга бевосита дахлдор бўлган бошқа масалалар юзасидан ўзаро келишувга эришилди.

ЎзА



DB query error.
Please try later.