14.09.2013

СУРХОНДАРЁ ВИЛОЯТИ: БУ ҚАДИМ ЮРТДА КЎНГЛИ ОБОД, БУНЁДКОР ОДАМЛАР ЯШАМОҚДА

Президентимиз айтганидек, ободлик кўнгилдан бошланади. Кўнгли обод инсон ўз юртини боғу боғзорга, гулу гулзорга айлантиради. Бугун Сурхондарёга борган киши бунга ишонч ҳосил қилади. Бу қадим юртда кўнгли обод, бунёдкор одамлар яшамоқда, меҳнат қилмоқда, келажак пойдеворини қўймоқда.

Сурхондарёга йўлингиз тушса сизни, албатта, Амударё қирғоқлари бўйида қад ростлаган муқаддас қадамжо — Ҳаким ат-Термизий ҳазратлари зиёрат­гоҳига олиб боришади. Икки томони анвойи гул ва арчазорлар билан қопланган йўлдан борар экансиз, бу ерларда чаман яратганларга раҳмат айтасиз. Бир вақтлар қаровсиз ва хароб ҳолда ётган қадамжо мажмуаси бугун ҳар кимнинг ҳавасини келтиради, қараган одамнинг кўнгли ёри­шади.

Дарҳақиқат, бу масканга келган ҳар бир зиёратчи мустақилликнинг нақадар улуғ неъмат эканини ўз кўзи билан кўриб, қалби билан ҳис қилади.

Кампиртепа, Саполлитепа, Дал­варзинтепада олиб борилаётган археологик изланишлар бу заминнинг қадим цивилизация бешикларидан бири эканини исботлади. Бу эса дунё қадимшунос олимларининг диққат-эътиборини тортди.

Истиқлол йилларида «Алпомиш» достонининг 1000 йиллиги кенг нишонланди, Бойсун БМТнинг ЮНЕСКО ташкилоти томонидан этнографик макон, дея эътироф этилди. Ҳар икки йилда дунё полвонлари Термиз шаҳрида йиғилиб, Ҳаким ат-Термизий хотира турнирида Президент сов­рини учун ўзбекча курашиши анъанага айланди.

— Термиз шаҳридаги «Сурхон» спорт мажмуаси, Марказий Осиё­да ягона Термиз археология музейи, «Сурхон-Термиз-Силк» қўш­ма корхонаси, Жарқўрғон туманидаги «Сурхонтекс» қўшма корхонаси, Қумқўрғон туманидаги «Сурхон комбинати» масъулияти чекланган жамияти, Сари­осиёдаги Хонжиза полиметалл рудалар кони каби ўнлаб корхоналар ҳар бир сурхондарёлик учун фахр-ифтихор манбаи, вилоятимизни барқарор ривожлантиришнинг ўзига хос кафолатига айланди, — дейди вилоят «Нуроний» жамғармаси раиси, халқ депу­татлари Сурхондарё вилоят Кенгашидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳи аъзоси Орзиқул СОАТОВ. — Юқоридаги каби йирик корхоналарнинг ташкил этилиши аҳоли турмуш даражасини ошириш, уларни муқим иш жойи ва даромад манбаи билан таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.

ФАРОВОН ТУРМУШ

2013 йилнинг биринчи ярим йиллигида вилоятда ижтимоий соҳа объектлари учун 48045,9 млн. сўм маблағ сарфланди. Жумладан, умумтаълим мактабларини реконструкция қилишга 10063,9 млн. сўм маблағ йўналтирилди. 2 та умумий ўрта таълим мактаби биносининг капитал реконструкцияси якунланиб, 192 ўринга мўлжалланган ўқув биноси фойдаланишга топширилди.

Касб-ҳунар коллежларини қуриш ва реконструкция қилишга 8682,1 млн. сўм маблағ ишлатилди. Термиз давлат университетида 400 ўринли талабалар ётоқхонаси, Ахборот-ресурс мар­кази ва бошқа ўқув биноларини қуриш-таъмирлаш ишлари амал­га оширилмоқда.

Соғлиқни сақлаш объектларини қуриш ва реконструкция қи­лиш ишларига жами 16436,3 млн. сўм маблағ йўналтирилди.

Вилоятда аҳоли саломатлигини сақлаш тизимини такомиллаштириш, соғлиқни сақлаш муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш мақсадида туман тиббиёт бирлашмаларини, вилоят даволаш-профилактика му­ас­сасалари ҳамда ҚВПлар қу­риш учун 14 млрд. 332 млн. 600 минг сўм маблағ сарфланди. Ша­ҳар ва туман тез тиббий ёрдам станцияларига 6 та санитар автомашиналари олиб келинди.

Болалар спортини ривожлантириш жам­ғармаси маблағлари ҳисобидан спорт заллари, сузиш ҳавзаси, мусиқа ҳамда санъат мактабларини қуриш ва капитал реконструкция қилиш бўйича 5125,3 млн. сўм маблағ йўналтирилди.

Қишлоқ аҳоли пунктларида ичимлик суви таъминотини янада яхшилаш ҳамда намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган уй-жой массивларида ичимлик суви тармоқларини тортиш учун 7711,0 млн. сўм маблағ сарфланди.

Вилоятда жорий йилнинг биринчи ярмида ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 1779,7 млрд. сўмни ташкил этиб, 2012 йилнинг шу даврига нисбатан 111,0 фоизга бажарилди.

Мева-сабзавот, узум, гўшт ва сут маҳсулотларини қайта ишлов­чи янги қуриладиган, реконструкция ва модернизация қилинадиган корхоналар манзилли дастурига мувофиқ бу йил вилоятда 25 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган. Бу воҳа бозорлари янада тўкин бўлади, минглаб иш ўрни яратилади, аҳолининг турмуш даражаси юксалади, деганидир.

МУСИҚИЙ ФАВВОРА

Бир пайтлар кўримсизгина бўлган Термиз шаҳрини бугун таниб бўлмайди. Айни кунларда шаҳар марказида савдо ва маиший хизмат кўрсатиш билан биргаликда 11 та кўп қаватли уйларни қуриш ишлари якунига етказилмоқда. Улар битиши билан 1000 га яқин оила замонавий шарт-шароитга эга уй-жойга кўчиб ўтади. «Ёшлар маркази»га мўлжалланган бинонинг капитал реконструкцияси ҳам охирига етиб қолди, Бобур номидаги боғ ажо­йиб ва сўлим масканга айлантирилди. Энг улуғ ва энг азиз байрам — Ватанимиз мустақиллигининг 22 йиллик шодиёналари кунлари эса бу ерда камалакранг жилоланадиган мусиқали фаввора ишга тушди.

Шаҳардаги марказий кўчаларни туташтирувчи ўнга яқин автомобиль йўлларида хавфсизликни таъминлаш мақсадида темир тўсиқли панжара ўрнатилиб, икки томонлама йўл 4 метрга кен­гайтирилди, йўл ёқаларини ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишлари бажарилди. Шаҳарнинг Навоий ва Султон-Саодат кўчаларини боғловчи йўл барпо этилди. Термиз шаҳ­рининг бош режасига мувофиқ, унинг ҳудудига яна 82 гектар майдон қўшилади. Бугунги кунда Термиз халқаро аэропортидан Термиз шаҳригача бўлган ва Мангузар қишлоғи орқали ўтган йўл кенгайтирилиб, қайта қурилмоқда. Йўлнинг ҳар икки томонида замонавий меъморчилик ва шаҳарсозлик талаблари даражасидаги кўп қаватли турар-жой, жамоат ва сервис хизматлари кўрсатадиган бинолар қурилиши кўзда тутилган.

— Истиқлол йилларида воҳада сайёҳлик тез ривожлана­япти, — дейди Термиз Археология музей директори, «Дўст­лик» ордени соҳиби Исмоил ­БОТИРОВ. — Ўтган асрнинг охир­ларида йилига бор-йўғи 35-40 нафар сай­ёҳ келган бўлса, жорий йилнинг ўтган 6 ойида 6 минг нафардан ортиқ сайёҳ ташриф буюрди. Бу вилоятда сайёҳлик инфраструктураси ҳам жадаллик билан ривожланаётганининг яна бир исботидир.

ЯНГИ ИШ ЎРИНЛАРИ

Муайян соҳада банд бўлган одам жамият равнақига фаол ҳисса қўшиш, ўз оиласи фаровонлигини таъминлаш имконига эга бўлади. Шу боис Ўзбе­кистон ХДП дастурий мақсадларида иқтисодиётнинг турли тармоқларида иш ўринлари яратиш, бандлик даражасини ошириш масаласига чуқур эътибор қаратилган. Партия ташкилотлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари шунга мувофиқ тарзда вилоятда аҳолини иш билан таъминлаш, Бандлик дастури ижроси бўйича жамоатчилик ва депутатлик назоратини кучайтиришга, шу йўлда амалий натижаларни кўпайтиришга ҳаракат қилмоқда.

Жорий йилнинг ўтган олти ойида вилоятда 200 дан ортиқ янги ишлаб чиқариш иншоотлари фойдаланишга топширилди. «2013 йилда янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури»га асосан вилоятда 65943 та янги иш жойи яратилиши белгиланган. Ярим йиллик якунига кўра, 35165 та янги иш ўрни очилди.

Айни пайтда вилоятда ЎзХДП­нинг 34 минг нафарга яқин аъзоси 760 дан ортиқ бошланғич ташкилотга бирлашган. Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП депутатлик гуруҳида 28 нафар, шаҳар ва туман Кенгашларидаги депутатлик гуруҳларида 200 дан ортиқ депутат фаолият юритмоқда. Бугунги кунда вилоятда электорат манфаатларини ҳимоя қилишда, ижтимоий ислоҳотларнинг самарадорлигини оширишда бу куч ва салоҳиятдан унумли фойдаланишга ҳаракат қи­линмоқда.

Партиямизнинг Сайловолди дастури ва 2011-2014 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастурида белгиланган вазифалар асосида ўтган йили депутатлик гуруҳлари ташаббуси билан халқ депутатлари туман, шаҳар ва вилоят Кенгашлари сессиялари муҳокамасига 21 та масала киритилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди. Мазкур қарорларнинг бажарилиши юзасидан изчил депутатлик назорати ўрнатилди.

2013 йилнинг ўтган даврида вилоят Кенгашидаги депутатлик гуруҳи вилоят Кенгаши сессияларига ёшларнинг юқори билим олиши ва уларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган 2 та масалани киритди. Хусусан, депутатлик гуруҳи томонидан вилоят касб-ҳунар коллежлари ҳамда академик лицейлари битирувчиларини ишга жойлаштириш юзасидан олиб борилаётган ишлар ўрганилди. Сессияда мазкур масала атрофлича муҳокама қилиниб, бу борадаги ишларни яхшилашга доир чора-тадбирлар белгиланди.

Депутатлик гуруҳи ташаббуси билан вилоят Кенгаши сессиясида кўриб чиқилган «Вилоятда умумтаълим мактабларининг 9-синф битирувчиларини ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига тўлиқ қамраб олиш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бандлигини таъминлаш ҳамда янги 2013-2014 ўқув йилига тайёргарлик самарадорлигини ошириш тўғ­рисида»ги масала ҳам таълим сифатини ошириш, ёшлар банд­лигини таъминлашга хизмат қи­лади, албатта.

ҚИШЛОҚ УЙЛАРИ

Давлатимиз раҳбарининг Қиш­лоқ жойларда уй-жой қурилиши кўламини кенгайтиришга оид чора-тадбирлар тўғрисидаги қарори қишлоқларнинг янги қиёфасини белгилаб берди. Ўтган тўрт йил давомида вилоятда намунавий лойиҳа асосида 2 минг 75 та шинам уй-жой барпо этилди. Шунча оила барча қулайликларга эга уй-жойларга кўчиб кирди. «Обод турмуш йили»да 13 та туман қишлоқларидаги 23 та массивда 810 та уй-жой бунёд қилинмоқда.

— Олтмиш икки ёшдаман, — дейди деновлик Сафар Абдужабборов. — Туманимизнинг «Хитоян» массивида барча шароитларга эга 145 та намунавий уй қурилди. Улардан бирига катта фарзандим Шуҳратжон кўчиб ўтди. Шинам меҳмонхона, мўъжаз ошхона, ажойиб болалар хонасини кўриб қувондим. Бу уйлар иссиқ ва совуқ сув, табиий газ, электр-энергия билан таъминлангани кўнгилларни янада шод этди. Массивда новвойхона, озиқ-овқат ва саноат моллари билан савдо қиладиган дўконлар, сартарошхона, пойабзал таъмирлаш устахоналари ишлаб турибди...

Президентимиз айтганидек, ободлик кўнгилдан бошланади. Кўнгли обод инсон ўз юртини боғу боғзорга, гулу гулзорга ай­лантиради. Бугун Сурхондарё­га борган киши бунга ишонч ҳосил қилади. Бу қадим юрт­да кўнгли обод, бунёдкор одамлар яшамоқда, меҳнат қилмоқда, келажак пойдеворини қўй­моқда.

Басандабону ЖАЛИЛОВА,

Абдумалик ҲАЙДАРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбирлари.


DB query error.
Please try later.