14.09.2013

ХИТОЙ ХАЛҚ РЕСПУБЛИКАСИ РАИСИ СИ ЦЗИНЬПИННИНГ ЎЗБЕКИСТОНГА ДАВЛАТ ТАШРИФИ

Хитой оммавий ахборот воситаларида кенг ва батафсил ёритилмоқда

Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг шу йил 8 — 10 сентябрь кунлари Ўзбекистон Республикасига давлат ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги икки томонлама муносабатлар тарихида муҳим воқеа бўлиб қолди. Мазкур ташриф якунлари ўзаро ҳамкорликнинг юқори даражада эканлиги ҳамда уни янада ривожлантиришга бўлган интилишдан далолат беради.

Ташрифдан олдиноқ ХХР ­оммавий ахборот воситалари бунга жуда катта эътибор қаратди. Жумладан, шу йил 8 сентябрь куни «Синьхуа» ахборот агентлиги ўзаро ҳамкорликнинг кўп қиррали йўналишлари, жумладан, икки томонлама муносабатларни чуқурлаштириш истиқболлари ҳамда стратегик шерикликни мус­таҳкамлаш масалалари юзасидан Хитой Халқ Республикасининг Тошкентдаги элчихонаси вакиллари билан бўлиб ўтган суҳбатни эълон қилди.

Хитой Халқ Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Чжан Сяо ўз интервьюсида ХХР Раиси Си Цзиньпиннинг Ўзбекистонга ташрифи Ўзбекистон — Хитой муносабатларида тарихий воқеа бўлиб қолажагига умид билдирди. «У икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш учун пухта замин яратади, уни сифат жиҳатдан янги даражага кўтаради ҳамда минтақада тинчлик, барқарорлик ва тараққиёт таъминланишига ўз ҳиссасини қўшади».

Шунингдек, дипломат мамлакатларимизнинг кўп томонлама тузилмалар ва ташкилотлар, жумладан, БМТ ва ШҲТ доирасида яқин ҳамкорлик қилаётганини қайд этди. ШҲТ доирасидаги биргаликдаги саъй-ҳаракатлар икки томонлама стратегик муносабатларнинг муҳим таркибий қисми бўлиб қолди, дея таъкидлади Чжан Сяо.

Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси маслаҳатчиси Ван Кайсюань эса Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 2012 йили Хитойга буюрган расмий ташрифи икки мамлакат ўртасида стратегик ҳамкорликни ўрнатиш имконини бергани баробарида икки томонлама савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга кучли туртки бўлганини қайд этди.

Унинг ҳисоблашича, икки томонлама савдо-иқтисодий муносабатларимиз намуна бўладиган алоқалар сирасига киради, чунки кейинги пайтларда икки мамлакатнинг сармоялар соҳасидаги ҳамда нохом-ашё жабҳасидаги ўзаро ҳамкорлигида сифат ўзгаришлари кузатилаётир. Ван Кайсюань ижобий ҳамкорликнинг мисоли сифатида «Жиззах» махсус индустриал зонасини тилга олар экан, у ерда ҳозирнинг ўзидаёқ хитойлик сармоядорлар иштирокида тўртта лойиҳа амалга оширилаётгани, жорий йил охирига қадар яна учта лойиҳа ҳаётга татбиқ этилишини айтди.

Шу билан бирга, ХХР оммавий ахборот воситаларининг хабар беришларича, Хитой ва Ўзбекис­тон «1992 йили ўзаро дипломатия муносабатлари ўрнатгани ҳолда Хитой — Ўзбекистон икки томонлама муносабатларининг ўсувчан ва бар­қарор ривожланиши учун қулай тамойиллар қўл­лаб-қувватланишига доимий равишда кў­маклашиб келмоқда. Икки мамлакат ўртасида олий даражадаги алоқалар фаоллашаётир, ўзаро сиёсий ишонч борган сари кучаймоқда».

ХХР Раиси Си Цзиньпин Тошкентга келгач, 9 сентябрь куни «Синьхуа» унинг интервьюсини тарқатди. Унда таъкидланганидек, «Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги анъанавий дўст­лик ўз илдизлари билан узоқ ўтмишга бориб тақалади. 2000 йиллардан кўпроқ давр­лар аввалроқ халқларимиз Буюк Ипак йўлида бир-бири билан яқин алоқада бўлганлар. Дипломатия муносабатлари ўрнатилганидан буён ўтган 21 йил давомида томонларнинг умумий саъй-ҳаракатлари туфайли Хитой — Ўзбекистон муносабатлари барча соҳаларда изчил ривожланмоқда. Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги абадий дўстлик ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш — мутлақо тўғри бўлган стратегик танлаш эканлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда. Мен Президент Ислом Каримов билан бўладиган музокара ва учрашувларни орзиқиб кутмоқдаман. Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик шерикликни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, икки мамлакатнинг барча соҳалардаги ўзаро манфаатли ҳамкорлигини кенгайтириш, шунингдек, ўзаро қизиқиш касб этадиган муҳим халқ­аро ва минтақавий муаммолар юзасидан батафсил фикр алмашувлар ташриф кун тартибидан жой олган. Аминманки, томонларнинг муштарак саъй-ҳаракатлари натижасида ушбу ташриф муваффақият билан якунланиши баробарида Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари нуфузининг ошиши учун қўшимча равишдаги кучли туртки бўлиб хизмат қилади».

«Guangming Daily» газетаси ХХР Раиси Си Цзиньпиннинг Ўзбекис­тон Республикасига ташрифини ёритишда давом этар экан, нашр эксперт Син Гуанчэннинг «Хитой — Ўзбекистон муносабатларининг истиқболлари» сарлавҳали мақоласини чоп этди. Унда қайд этилишича, Си Цзиньпиннинг Ўзбекистонга ташрифи Хитой ва Ўзбекистоннинг биргаликдаги саъй-ҳаракатларини янада ривожлантиришга кўмаклашади.

Муаллиф дипломатия муносабатлари ўрнатилган дастлабки кунларданоқ Хитой ва Ўзбекистон Ҳамкорликнинг асосий тамойиллари тўғрисидаги Қўшма баёнотни, Дўстлик, ҳамкорлик ва шериклик муносабатлари тўғрисидаги шартномани имзолагани ва улар биргаликдаги саъй-ҳаракатларини янада фаоллаштириш учун ҳуқуқий доирани яратган бўлса, Стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисидаги Қўшма декларациянинг имзоланиши икки томонлама ҳамкорликни стратегик шериклик даражасига олиб чиққанини таъкидлайди.

Син Гаунчен томонларнинг икки давлат раҳбарлари ташаббуси билан тузилган Ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон — Хитой ҳукуматлараро қўмитаси ва унинг сиёсат, хавфсизлик, иқтисодиёт, молия, қишлоқ хўжалиги, транспорт, энергетика, маданият, фан ва техника масалалари бўйича кичик қўмиталари доирасида икки томонлама муносабатларни фаол равишда ривожлантираётганини қайд этади.

Син Гаунчен ўз мақоласи якунида Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик икки томонлама ва кўп томонлама шаклларда Марказий Осиёда тинчлик ва бар­қарорликни таъминлаш ишига бундан кейин ҳам кўмаклашишига ишонч билдиради.

«Жэньминь Жибао» газетаси «Хитой — Ўзбекистон амалий ҳамкорлигининг янги босқичи» сарлавҳали мақолани эълон қилди. Унда таъкидланганидек, дипломатия муносабатлари ўрнатилганидан буён томонлар яқин алоқаларни қўллаб-қувватлашаётгани ҳолда сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар муносабатларни изчил ривожлантиришмоқда.

Хитой компаниялари вакилларининг фикр-мулоҳазаларини қаламга олар экан, нашр икки мамлакат ўртасида яқин ва дўстона муносабатлар юзага келгани малакали ишчи ресурсларига, жуда мақбул сармоявий муҳит, барқарор ички сиёсат ва қулай жўғрофий жойлашувга эга бўлган Ўзбекистонда бизнес олиб бориш учун ажойиб имконият яратганини қайд этади.

Мазкур мақолада Россия, Шар­қий Европа ва Марказий Осиё институти вакили Су Чаннинг қуйидаги фикрлари ҳам келтирилади: «Хитой ва Ўзбекистон долзарб халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан яқин алоқани қўллаб-қувватламоқда, иқтисодиёт, энергетика, савдо-сотиқ ва ўзаро қизиқиш касб этадиган бошқа соҳаларда ҳамкорликни фаол ривожлантирмоқда».

ХХР Раиси Си Цзиньпиннинг Ўзбекистонга давлат ташрифи тафсилотлари ҳамда икки томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш истиқболлари мавзуси Хитой оммавий ахборот воситаларида, жумладан, «Синьхуа» ахборот агентлиги, «Global Times», «China Daily», «Жэньминь жибао» газеталари, Хитой ахборот Интернет-маркази, Хитой халқаро радиоси ва бошқа нашр­лар томонидан кенг ёритилди.

Эълон қилинган материалларда қайд этилишича, учрашувлар чоғида икки давлат раҳбарлари Си Цзиньпин ва Ислом Каримовнинг икки томонлама муносабатларни ривожлантириш, шунингдек, томонларни қизиқтирадиган ўта муҳим ва долзарб минтақавий ҳамда халқаро аҳамиятга молик муаммолар юзасидан самимий ва чуқур фикр алмашувларлари бўлиб ўтди.

Таъкидланганидек, томонлар Ўзбекистон — Хитой муносабатларини янада ривожлантириш ва чуқурлаштиришнинг кенг доирадаги масалалари бўйича муҳим келишувларга эришдилар.

 «Жэньминь жибао» газетасида қайд этилишича, «Икки давлат раҳбарлари томонидан қабул қилинган Стратегик шерикликнинг икки томонлама муносабатларини янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш тўғрисидаги Қўшма декларация Хитой — Ўзбекистон муносабатларини янги ба­ланд­­ликка олиб чиқишга кў­маклашади». Шунинг­дек, «Имзоланган Дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шарт­нома икки томонлама муносабатлар тараққиётининг тамойиллари ва йўналишларини белгилаб бериши» ҳам қайд этилган. Мазкур газетада қабул қилинган Стратегик шерикликнинг икки томонлама муносабатларини янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш тўғрисидаги Қўшма декларациянинг тўла матни чоп этилган.

«Синьхуа» ахборот агентлиги тарқатган хабарга кўра, Марказий Осиёдаги биринчи Конфуций институти 2005 йили Тошкентда очилган эди. ХХР ­Раиси Си Цзиньпиннинг Ўзбекистонга ташрифи чоғида «Буюк Ипак йўли чорраҳасидаги» Самарқанд шаҳрида Конфуций инс­титутини ташкил этиш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди.

Шу билан бирга, агентлик икки мамлакат ўртасидаги прагматик ҳамкорликни мустаҳкамлаш юзасидан ХХР Раиси Си Цзиньпиннинг бешта таклифини тақдим этади:

Биринчидан, ҳар икки томон 2017 йилга бориб товар алмашувлар ҳажмини 5 миллиард долларгача ошириши, яқин вақт ичида эркин савдо ҳудудини яратиш ва ўзаро сармояларни кенгайтириш бўйича Хитой — Ўзбекистон музокараларини бошлаш лозим; иккинчидан, энергетика соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш, Хитой — Ўзбекис­тон газ қувурининг узоқ муддат бехатар ва барқарор ишлашини таъминлаш, газ ишлашда, ёқиладиган сланец ўзлаштирилишида ҳамда қайта янгиланадиган энергия манбаларини қидиришда ҳамкорликни кенгайтириш керак; учинчидан, икки мамлакат ин­фратизилмалари ўртасида транс­­порт-коммуникация алоқаларини кенгайтиришга кўмаклашиш ва ­Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темир йўли ҳамда автотрассасини имкон қадар тезроқ очиш керак; тўртинчидан, махсус саноат туманини ва намунали аграр комплексни биргаликда барпо этиш, икки давлат ўртасида миллий валюталардаги ўзаро ҳисоб-китобларни кенгайтириш ва илмий-техникавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш лозим; бешинчидан, икки давлат ўртасидаги маданий-гуманитар алмашувларга кўмаклашиш, йилни муайян мавзуга бағишлашни биргаликда ташкил қилиш ва ўтказиш, биродарлашган вилоятлар ва шаҳарлар сафини кенгайтиришга кўмаклашиш керак.

Шунингдек, томонлар имзолаган ҳужжатлар, Хитой етакчисининг Ўзбекистондаги учрашув ва музокаралари матнлари ҳамда бошқа маълумотлар ҳам мазкур ахборот агентлиги материалларида ўз аксини топган.

«China Daily» газетаси Хитойнинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Гао Юйшэньнинг «Мустақил Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов 1992 йили Хитойга ташриф буюрган МДҲ маконидаги биринчи давлат раҳбари бўлди. Бу ташриф икки томонлама муносабатлар учун яхши заминга асос солди», деган фикрларини келтиради.

«Гарчи ХХР Раиси Си Цзиньпин илк маротаба Марказий Осиё мамлакатларига ташриф буюраётган бўлса-да, ил­га­ри у бир неча бор Ислом ­Каримов билан учрашган, бунинг натижасида улар ўртасида яқин муносабатлар шакл­ланган», дейди Гао Юйшэнь. Унинг сўзларига қараганда, Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликнинг муҳим жиҳатларидан бири икки давлат етакчилари ўртасидаги чуқур ўзаро ишонч бўлиб, у ўзаро алоқаларнинг муваффақиятли тараққиётини таъминлади ҳамда томонларга ўзаро қизиқиш уйғотадиган масалалар юзасидан «чуқурлашган консенсусга эришиш» имконини берди.

«Жаҳон» АА


DB query error.
Please try later.