12.09.2013

ҚАШҚАДАРЁ ВИЛОЯТИ: ИСЛОҲОТЛАР САМАРАСИ

одамлар ҳаёти, тақдиридаги ўзгаришларда намоён бўлмоқда

Ғалла режаси уддаланган кунлар. Мамлакатимиз раҳбарининг табригида Қашқадарё вилоятининг Косон, Қарши, Яккабоғ туманлари эътироф этилганлиги барчага қувонч ва ўзгача руҳ бағишлади. Ўша кунларда вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармасида Шодиёр Хўжаназаров билан учрашдим.

У киши биология фанлари номзоди. 1980-йилларнинг иккинчи ярмида вилоят агросаноат бирлашмаси раисининг ўринбосари бўлган. Ҳозир уруғлик пахта инспекцияси раҳбари, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳи аъзоси, вилоят Кенгашидаги қишлоқ ва сув хўжалиги доимий комиссияси раиси. Олимнинг кабинетидаги бир сурат эътиборимни тортди. Унда Юртбошимиз деҳқонлар билан суҳбатлашиб турган лаҳза муҳрланган.

— Бу сурат саксон еттинчи йи­ли, ғўза кўсак туга бошлаган кезларида олинган, дея изоҳ беради Шодиёр Хўжаназаров ва фикримни уқиб, гапида давом этади: — Мендан воҳадаги улкан ўзгаришлар ҳақида кўп сўрашади. Курашлар билан ўтган мураккаб даврни шарҳлаш осонми? 1988 йил июнь ойида бўлган вилоят сессиясида Ислом Каримов: Қашқадарё — буюк Ватан ичра яна бир азиз ватанимдир. Қашқа­дарё дардини юрагимга жуда яқин оламан. Қашқадарёни, унинг одамларини яхши кўраман. Уларни бало-қазолардан асраш учун керак бўлса ўзимни ҳам аямайман, деган эди. Мана, энди гапнинг мағзини чақинг. Ўшанда жами 143 хўжаликдан 136 таси қарз гирдоби­га ботган, 60 минг гектар суғориладиган ерни шўр босганди.

Кейин улуғ ишлар бошланиб кетди. Ўн йиллаб ташлаб қў­йилган ариқ, зовурлар қазилди, ер унумдорлиги, уруғчиликка эътибор ошди. Илк бор 31 минг гектар суғориладиган ерга ғалла экилди. Режалар уддаланди...

Ўша йиллардаги бемисл ҳа­ракатлар ва ўзгаришларни эслайман. Қишлоқ хўжалигидаги илк ислоҳотлар шу заминда куртак отганлиги рост. Воҳани меҳр ва меҳнат оёққа қўйгани ҳақиқат.

Президентимизнинг фармони ҳамда Давлат дастури асосида Қашқадарё вилоятида кейинги беш йилда мелиорация учун 58 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланди. Биргина туманлараро «Сечанкўл» коллекторини таъмирлаш учун 10 миллиард сўмлик маблағ ўзлаштирилди. Айни пайтда тупроғи шўрланган майдонлар 6-7 минг гектарга тушди. Исло­ҳотлар самараси ўлароқ, 2012 йилнинг ўзида 913 минг тоннага яқин ғалла, 424 минг тоннадан ортиқ пахта, 800 минг тоннага яқин сабзавот, узум, мева етиштирилди. Чорвачилик, пар­рандачилик, балиқчилик, асаларичилик ривожланиб бораяпти. Шаҳрисабз, Китоб, Якка­боғ ва бошқа туманларда интенсив боғлар барпо этилди.

Бу изланишлар, шубҳасиз, ернинг ҳақиқий эгалари бўлган фермерлар фаолиятида ўз аксини топмоқда. Бугунги фермер — қишлоқдаги бунёдкорликлар ташкилотчиси ва ташаббускоридир.

Ғузор туманидаги «Истиқлол» фермер хўжалиги шарбат тайёрлаш цехи ҳамда 1 гектар майдонда замонавий иссиқхона ташкил қилди. Қарши тума­нидаги «Бахт» фермер хўжалиги раҳбари, ЎзХДП аъзоси Ибройим Холиёров ташаббуси билан сутни қайта ишлайдиган цех қурилган бўлса, энди гўшт маҳсулотлари тайёрлайдиган кичик корхона фаолият кўрсатаяпти. Нишон туманидаги «Саидалиев Муҳриддин» фермер хўжалиги сунъий қопламли мини футбол майдончаси, дўкон, автомобилларга хизмат кўрсатиш тармоғини ишга туширди.

Бугунги кунда Ғузор кенгликларида 70 дан ортиқ газ ва нефть конлари мавжуд. Юртбошимиз мустақилликнинг дастлабки кунларидаёқ, Кўкдумалоқ ва бошқа конларни ишга тушириб, ёқилғи-энергетика мустақиллигига эришиш зарурлигини таъкидлаган эди.

«Шўртаннефтгаз» унитар шўъба корхонаси, «Шўртангазкимё» мажмуи — халқимизнинг улуғ орзулари рўёби. Дунёга машҳур корхона маҳсулотларини Украина, Қозоғистон, Хитой, Грузия, Эрон, Афғонистон, Туркманис­тон, Туркия каби давлатларга экспорт қилмоқда. Шу кунгача 1 миллион тоннадан зиёд полиэтилен ишлаб чиқарилди.

— Мен шу юртда туғилганимдан, ўз касбим билан фахрланаман. Оддий меҳнаткашни қадрлагани учун Юртбошимизга минг раҳмат, — дейди Муборак газни қайта ишлаш заводи темирчиси, Ўзбекистон Қаҳрамони, ЎзХДП фаоли Қобил Мўминов. — Газни қай­та ишлаш корхонасидаги янгиликлардан бири, ўтган йиллар давомида пропан-бутан ишлаб чиқаришнинг учала нав­бати ишга тушди. Бу мосламаларнинг қуввати бир йилда 12 миллиард кубометр газни қайта ишлаб, 258 минг тонна суюлтирилган газ, 125 минг тонна конденсат ажратиш имконини беради.

— Мамлакатимиз иқтисодиёти юксалишида корхонамизнинг ҳам ўз ўрни бор, — дейди Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи бош инженери Рўзмат Ражабов. — Бугун бу ерда 200 минг тонна маҳсулот тайёрланмоқда. Ҳозир корхонанинг иккинчи навбати қурилаяпти. Бу йилига 600 минг тонна калийли ўғит тайёрлаш ва унинг катта қисмини экспорт қилиш имконини беради.

Темир йўл ва бу завод туманга катта тараққиёт нафасини олиб келди. Шу жойда 2 та 50 ўринли ётоқхона, меҳмонхона, 150 та намунавий лойиҳа асосида уй бунёд этилди. Агробизнес, транспорт, агросаноат касб-ҳунар коллежлари билан шартнома асосида ёш кадрлар тайёрланмоқда. Чунки келгусида корхонада 3000 нафар ишчи меҳнат қилади.

Вилоят иқтисодиёт бошқармаси ходими Дилором Холму­родова қуйидаги маълумотлар­ни тақдим қилади: — Агар 2000 йилда ялпи ҳудудий маҳсулот 241 миллиард сўмни ташкил қилган бўлса, 2012 йилда 7 триллион 538 миллиард сўмга етди. Аҳоли жон бошига маҳсулот ишлаб чиқариш ҳам 94 минг сўмдан 2 миллион 688 минг сўмга кўтарилди.

Қашқадарёда бугун тадбиркорлар турфа юмушларга қўл урмоқда. Косон туманидаги «Бону косметикс» кичик корхонаси ифорли совунлар ишлаб чиқараяпти. Ғузордаги «Офарин» корхонаси йодланган туз қадоқлаяпти. Китоб туманидаги «Севинч» фирмаси 100 миллион сўм маблағ эвазига ускуналар олиб келиб, кунгабоқар ёғи тайёрлашни йўлга қўйди. Қамаши туманидаги «Умид» ишлаб чиқариш корхонаси алюмин профилли эшиклар, темир панжаралар тайёрлар эди. Яқинда 300 миллион сўм маблағ сарфлаб, тошни майдалайдиган замонавий «тегирмон» ҳам ишга туширилди.

— Мустақиллик бизга шундай руҳ бердики, тинмай меҳнат қилгинг, яратгинг келади, — дей­ди Қарши тумани Қоратепа қишлоғида яшовчи Дилдора Расулова. — Мен ёшлигимдан тикувчиликка қўл урганман. Ҳозир 15 нафар шогирдим билан сўзана, зардевор, ироқи кашталар тикаяпмиз. Қизим ҳам имтиёзли кредит эвазига тикиш машинаси сотиб олди. Маҳсулотларимизни Малайзия давлатига сотгандик. Энди 400 дона тўқилган сўмкага Германиядан буюртма тушди. Хуллас, меҳнатим орқасидан фарзандларимни ўқитаяпман, кам бўлмаяпман...

Дарҳақиқат, воҳада улкан қурилишлар амалга ошди ва давом этмоқда. «Обод турмуш йили» Давлат дастури изчил бажариляпти. Айни пайтда Шаҳрисабз шаҳри, Яккабоғ, Китоб ва бошқа туманлар марказларида катта бунёдкорликлар олиб бориляпти. Қарши шаҳри марказидаги 20 минг ўринли стадион, истироҳат боғи, Ўзбекистон кўчасидаги кўркам, янги иморатларни томоша қилган киши ўз ҳайратини яшира олмайди.

Қашқадарё вилоят ҳоки­мининг биринчи ўринбосари Эркин Мамадиёров мустақиллик йилларида амалга оширилган қурилишлар ҳақида гапиради. Уларнинг кўлами жу­да катта. Санаб адоғига етиб бўлмайди. Воҳадаги 1118 та мактабнинг барчаси замонавий бинога эга. Мавжуд 136 та коллеж ва 7 та академик лицей биноларида ҳамма шароитлар муҳайё. Айни кунларда Қарши давлат университетининг янги биноси қурилиши ниҳоясига етказилмоқда. Таълим муассасаларида ҳам 25 та жойда қурилиш, таъмирлаш ишлари якунланаяпти. Яна 18 таси тез кунда фойдаланишга топширилади. Бу йил 3 та мусиқа ва санъат мактаби қурилиши жадал олиб борилмоқда.

Қашқадарёлик спортчилар эришаётган ғалабалар салмоғи ҳам тобора ошиб бормоқда. Айниқса, вилоятнинг футбол жамоалари, якка курашлар усталари қўлга киритаётган ютуқлар қувончли бўлмоқда. Ўтган йили ноябрь ойида Англиянинг Торнмурт шаҳрида кураш бў­йича 16 ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасида ўтган жаҳон чемпионатида Жалолиддин Шерназаров олтин медалга сазовор бўлди. Қаршилик Шаҳзода Ортиқова каратэ бўйича Осиё чемпионати олтин медали билан тақдирланди. Биргина болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилгандан буён 143 та замонавий спорт иншооти қурилди. Бу йил ҳам 11 та болалар спорт иншооти қурилиши давом этаяпти. Стадионлар, бассейнлар, спорт заллари ҳақида ҳар қанча ифтихор билан гапирса арзийди. Қарши шаҳрида бадиий гимнастика саройи барпо этиш учун 6 мил­лиард 669 миллион сўм маблағ ажратилган.

— Бугунги давр қурилишларига қўйилган талаблар жуда юқори, — дейди Китоб туманидаги «Воҳа машъали» корхонаси бошлиғи Санжаржон Ғаниев. — Корхонамизда барча қурилиш механизмлари бор. Ҳозирда 70 дан ортиқ қурувчи меҳнат қилаяпти. Талабни ўйлаб, ўзимиз бўёқ тайёрлайдиган цех қурдик.

Бундай қулай шароит, кўплаб қурилиш ашёларининг вилоятда тайёрланиши қурилиш ва бунёдкорлик ишларида юксалиш омили бўлмоқда. Қашқадарё вилояти қишлоқларида янги намунавий лойиҳа асосида қурилаётган уйлар одамларнинг эртанги кунга бўлган ишончини оширмоқда. 2010-2012 йилларда 2510 та ана шундай уйлар қурилди. Бу йил 24 та массивда 1050 янги уй тикланмоқда.

Қашқадарё қурилишлари ҳақида кўп гапириш мумкин. Мустақиллик йилларида амалга оширилган бунёдкорликларнинг қиёси йўқ. Хорижий ҳамкорлар билан «Шўртангазкимё» мажмуи яқинида қурилаётган қиймати 4 миллиард доллардан ортиқ янги қўшма корхона йилига 1,5 миллион тонна синтетик ёқилғи, жумладан, соф дизель ёқилғиси, авиакеросин ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқаради. Шунингдек, тезкор поездлар қатнайдиган «Мароканд — Қарши» темир йўли қурилишида 10 миллиард сўмга яқин маблағ ўзлаштирилди.

Қашқадарё вилоятида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, янгиланиш ва ўзгаришларда Ўзбекистон Халқ демократик партияси вилоят кенгаши, барча даражадаги пар­тия ташкилотлари ҳамда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари ҳам фаол иштирок этмоқда.

...Хона эшигини очиб кирган киши тортинчоқ экан. Умидсизликка тушгани юз-кўзидан билиниб турарди. Санжар Қурбонов уни ўтиришга таклиф қилди, чой қуйиб узатди. Танишишди. Тоғли Жовуз қишлоғида яшовчи ўқитувчи Шуҳрат Сафаров экан. Унинг 2 ёшли ўғли Муҳаммаджон ҳаракатлана олмас, ота-онасини эса «Боламиз юриб кетадими ёки ногиронлигича қоладими?», деган ўй қийнаркан.

— Ўзим отаман, набираларим бор, — дейди ЎзХДП Китоб туман кенгаши раиси, туман Кен­гашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари Санжар Қурбонов. — Дарров яхши шифокорлар маслаҳатини олдик, улар Тошкентга ташхис қўйишга олиб бормаса бўлмайди, деган хулосага келди. «Соғлом авлод учун» Халқаро хайрия жамғармаси туман бўлими билан боғландик, бир қисм маблағни ҳо­мийлар берадиган бўлди.

Ўтган йили хусусий тадбиркор Акбар Нурматов биздан ёр­дам сўради. Хуллас, 30 миллион сўм кредит олишига кўмак­лашдик. Ҳозир мармар кукуни тайёрлайдиган ускуналарни ўрнатиб, ишини бошлаб юборган. Умуман, маҳаллий хомашёдан фойдаланиш ва янги иш ўринлари яратишга кўмаклашиш Ҳаракат дастуримизга киритилган.

— Туман кенгашидаги 28 депутатдан 13 нафари партиямиздан сайланган, — дейди ЎзХДП Деҳқонобод туман кенгаши раиси Ашур Норбоев. — Шу йилнинг март ойида халқ депутатлари туман Кенгаши сессиясига ҳудудимизда янги иш ўринлари ташкил этиш масаласини киритдик. Қабул қилинган қарор ижроси депутатлик гуруҳимиз назоратида.

— Ўтган йиллар орасида тажрибамиз ошди, сиёсий кураш олиб бориш усулларини ўргандик, — дейди ЎзХДП Яккабоғ туман кенгаши раиси Неъмат Жумаев. — Олдинги йилда депутатларимиз қишга тайёргарлик масаласини туман Кенгаши сессияси кун тартибига киритди. Шунингдек, 20 дан ор­тиқ коллеж ўқувчисига ўз бизнесини ташкил этиши учун банк кредитлари ажратилишида кўмаклашилди. Бу йил туман ғаллачиликда яхши муваффақиятларга эришди. Пахта толасини қайта ишлайдиган корхоналар кўпайиб бормоқда. Янги боғлар барпо этилаяпти. Муваффақиятларда партиямиз аъзолари, депутатларимиз ҳиссаси борлигидан фахрланамиз.

— Анча йилдан буён туман кенгашига етакчилик қилиб келаётган Неъмат Жумаевнинг мулоҳазаларида давр руҳи, шу кун талаби сезилиб турибди, — дейди ЎзХДП вилоят кенгаши раиси, вилоят кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари Олим Равшанов. — Аввало, пар­тиямиз вилоят кенгаши йиллар давомида чиниқди, ўз хайрихоҳларига эга бўлди. Ҳозир 845 бошланғич партия ташкило­ти 33827 аъзони бирлаштириб турибди. Шу йил давомида 560 киши, асосан ёш­лар партиямиз сафига келиб қўшилди.

2013 йилнинг ўтган даврида Жамоатчилик қабулхоналарига 316 та мурожаат тушди. Улардан 46 таси иш ҳақи ва пенсия юзасидан, 57 таси ижтимоий масала ва соғлиқни сақлаш соҳаси бўйича, 23 таси эса банклардан кредит олиш ва бошқа масалалар ҳақида эди. Биз уларни атрофлича ўрганиб, 57 фоиз мурожаатни ижобий ҳал қилишга муваффақ бўл­дик. Бошқа мурожаатлар тегишли идора ва ташкилотлар эътиборига ҳавола этилди.

Айни пайтда вилоят кенгашига 20 нафар, маҳаллий кенгашларга 187 нафар депутат партиямиздан сайланган. Пар­тиямизнинг Ҳаракат дастурини амалга оширишда уларга таянамиз. Воҳада хизмат кўр­сатиш ва сервис, касаначиликни ривожлантириш борасида кўп ишлар қилинмоқда. Биз ҳам бунга муносиб ҳисса қў­шишга ҳаракат қилаяпмиз. Ўт­ган йили 40 нафар, бу йил эса 50 нафар чеварга имтиёзли кредит олишда кўмаклашилди. Натижада улар ўз бизнесларига эга бўлди, янги иш ўринлари очилди.

Шунингдек, ЎзХДП Қарши шаҳар кенгаши кўп масалаларда ибрат кўрсатмоқда. Халқ де­путатлари Қарши шаҳар Кенгашидаги 30 нафар депутатдан 16 таси партиямиз вакиллари. Ўтган йили депутатлар гуруҳи аҳолини ичимлик суви билан таъминлашни яхшилаш масаласини сессия муҳокамасига олиб чиқди. Шу йилнинг май ойидаги сессияда иккита масала — шаҳар аҳолисига транспорт хизмати кўрсатиш ва шаҳардаги ободончилик ишлари муҳокама қилинди. Сессия қабул қилган қарор назоратга олинган. Касби, Косон, Нишон туманларидаги депутатлик гуруҳларимиз ҳам электорат манфаатларига хизмат қиладиган бир қатор масалаларни кўтариб чиқмоқда. Шу йилнинг ўт­ган даврида маҳаллий Кенгашлар сессиялари кун тартибига депутатларимиз томонидан 9 та муҳим масала киритилди.

ЎзХДП Қашқадарё вилоят ташкилотлари фаолияти таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, воҳада амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларда, партиямиз аъзолари, депутатларимиз фаол иштирок этишга интилмоқда.

Бутун мамлакатимизда бўл­гани каби Қашқадарёда ҳам юз бераётган улкан янгиланишлар, бунёдкорликлар, изчил та­раққиётнинг бош мақсади инсон ва унинг фаровон турмушига қаратилган. Буни ўзимиз, яқинларимиз ва ён-атрофимиздаги инсонлар тақдири, ҳаётида кўриб турибмиз.

Юнус УЗОҚОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.