10.09.2013

«МЕН ВАТАНИМ РАВНАҚИГА ҲИССА ҚЎШИШНИ ИСТАЙМАН»

У тонг отишини кузатишни яхши кўради. Шунинг учун бугун ҳам эрта уйғонди. Тинч-осуда Тошкент узра тонг ёришиши «Ўзбекистон» меҳмонхонасининг юқори қаватидан бошқача кўринар экан... Осмон топ-тоза, мовий, қуёш нури борган сайин шаҳарни чулғаб олмоқда. У «Ўзбек халқига тинчлик ва омонлик керак» рисоласини қўлига олиб, яна бир марта ўқишга тутинди... Бироз ўтиб соатига қаради, вақт бўлди. Пастда ҳамма тўпланаётгандир... У ҳаяжон билан лифт томон юрди...

Ишонч ва Қатъият

«Ёш сиёсатчи» кўрик-танловининг республика босқичи иштирокчилари Хотира майдонидаги Мотамсаро Она ва Мустақиллик майдонидаги Бахтиёр Она ҳайкаллари пойига гулдасталар қўйишди. Ана шу муқаддас майдонда туриб, у кўп нарсани ҳис этди.

Дунё ижтимоий-сиёсий майдонидаги вазият, Марказий Осиёда тинчлик-осойишталикни таъминлашнинг долзарб масалалари бўйича эрталаб ўқиган рисоласида айтилган фикрлар маъно-моҳиятини чуқурроқ англай бошлади.

Термиз давлат университети талабаси, «Ёш сиёсатчи — 2013» танлови республика бос­қичи иш­тирокчиси Суннатилла Бозорбоев ана шундай ўй-хаёл ва ишонч билан баҳсга киришди. Танловнинг бошқа иштирокчилари ҳам юқори натижаларни кўрсатишга аҳд қилганди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси «Истиқбол» ёш­лар қанотининг «Ёш сиёсатчи — 2013» кўрик-танлови «МЕН ВАТАНИМ ТАРАҚҚИЁТИГА ҲИССА ҚЎШИШНИ ИСТАЙМАН!» шиори остида ташкил этилди.

2008 йилдан буён ўтказилаётган танлов ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимларини ошириш, истеъдод ва иқтидорини рўёбга чиқариш, ташаббусларини қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Танлов шартларини белгилашда ЎзХДП Дастури ва Сайлов­олди дастурида белгиланган вазифаларни амалга ошириш, ёшларда фаол фуқаролик позициясини шакллантириш, юртимизни ривожлантириш жараёнига дахлдорлик туйғусини кучайтириш билан боғлиқ масалаларга алоҳида эътибор қаратилган. Танловнинг дастлабки йилида мамлакатимизнинг барча туман ва шаҳарларидан 4 минг нафарга яқин йигит-қиз иштирок этган бўлса, бу йил уларнинг сони 11700 дан ошди.

Кўрик-танловни ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси Ҳотамжон КЕТМОНОВ кириш сўзи билан очди.

— Юртимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, йигит-қизларимизни баркамол инсон сифатида тарбиялаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган, — деди у. — Бунинг натижасида ёшлар мамлакатни демократлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш жараёнларининг фаол иштирокчисига айланмоқда. Уларнинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий билимларини янада ошириш, мамлакатимизда изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнига дахлдорлик ҳиссини кучайтириш — долзарб вазифа. Бу давлат ва жамоат ташкилотлари, шу жумладан, сиёсий партиялар зиммасига ҳам алоҳида масъулият юклайди. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Халқ демократик пар­тияси мазкур жараёнда фаол иштирок этишга алоҳида эътибор қаратмоқда, «Истиқбол» ёшлар қаноти орқали ёшлар ташаббусларини амалга оширишга кўмаклашмоқда.

Фахр билан айтиш жоизки, бугунги кунда ёшларимиз ҳар бир соҳада энг зарур замонавий билимларни эгалламоқда, барча жабҳаларда фаол меҳнат қилмоқда. Улар қайси соҳада ишлаши, ўқишидан қатъи назар, ўз олдига қўйган мақсади томон дадил интилмоқда. Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг «Истиқбол» ёшлар қаноти ёшларнинг билимлари ва фаоллигини оширишда янада фаоллик кўрсатиши зарур, деб ўйлайман. Демократик ислоҳотларни чуқурлаштиришда ёшлар иштирокини кучайтириш, зукко, ташаббускор ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий билимлари, дунёқарашини юксалтиришга қаратилган лойиҳаларни кўпайтириш, айниқса, муҳим.

Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, бугунги кунда партиямиз сафида бирлашган 380 мингдан зиёд аъзоларимизнинг 31 фоизи, яъни қарийб 116 минг нафари ёшлар. Пар­тиямизга аъзо бўлиш, қолаверса, кўрик-танловда иштирок этиш истагини билдираётган йигит-қизлар сафининг йилдан-йилга ортиб бораётгани ёшлар ташаббускорлиги юқори эканидан далолатдир.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ғолибликни қўлга киритган 14 нафар иштирокчи республика бос­қичида 3 та шарт бўйича беллашишди.

— Танловни ўтказишдан мақсад фақат ғолиб ва сов­риндорларни аниқлаш эмас, — дейди ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Рустам КОМИЛОВ. — Асо­сий мақсадимиз ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий-сиёсий жараёнларга қизиқишини рағбатлантириш, барча ҳудудлардаги партиямиз ёш аъзолари ўртасида партиямизнинг мақсад ва вазифаларини амалга ошириш борасида фикр ва тажриба алмашиш имконини берувчи муҳит яратишдан иборат. Икки кун давомида қатнашчиларнинг бир-бирига қаерда яшаши, қайси соҳада ўқиши ёки ишлашидан қатъи назар, ёшларимиз ҳаммаси чуқур билимга эгалигини, Ватанимиз равнақига ўз ҳиссасини қўшишга қатъий эътиқоди ва иродаси борлигини кузатдик. Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, кўрик-танлов иштирокчилари келгусида вилоят «Истиқбол» қаноти раҳбар лавозимларида фаолиятларини давом эттирадилар.

— Кўрик-танлов ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимини оширишда муҳим аҳамиятга эга,  — дейди Олий Мажлис Қонун­чи­лик палатаси депутати, «Ёш сиёсатчи» кўрик-танлови ҳакамлар ҳайъати аъзоси Абдуғаффор ҚИРҒИЗБОЕВ. — Танлов шартларига асосан иштирокчилар қабул қилинган қонун ва қарорлар мазмун-моҳияти, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси ғоялари, сиёсий партиялар ва улар фаолиятининг ҳуқуқий асослари ҳақида етарли билимга эга бўлишлари керак. Ёшлар танловга жиддий тайёргарлик кўришибди. Билимдонлик синови шартида аксарият иштирокчилар билетни олиб, саволларни ўқиши биланоқ жавоб беришга ошиқишди. Уларнинг билимга чанқоқлиги кишини қувонтиради.

— Танловнинг барча ҳудудларда ўтган саралаш босқичлари бугун ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий жараёнларга бефарқ эмаслигини кўрсатди, — дейди ЎзХДП «Истиқбол» ёшлар қаноти етакчиси Шоҳруҳ АБДУРАҲМОНОВ. — Хусусан, танловнинг Андижон вилоят бос­қичида ёшларнинг ҳунармандчилик ва касаначиликни ривожлантириш, маҳаллий хомашёни қайта ишлаш корхоналари ташкил этиш, хизмат кўрсатиш ва сервис объектларини барпо этишга қаратилган кўплаб лойиҳалари кўриб чиқилди. Сурхондарё вилоятида эса мазкур соҳаларда иш ўринлари яратиш, тикув цехи ва таъмирлаш устахоналари, новвойхона, гўшт ва сутни қайта ишлаш, қишлоқ аҳолиси учун замонавий хизматлар кўрсатиш билан боғлиқ лойиҳалар тақдим этилди. Қувонарлиси, туман ва шаҳар босқичларида истиқболли деб топилган айрим лойиҳалар партия ташкилотлари, депутатлик гуруҳлари, шунингдек, ижтимоий ҳамкор ташкилотлар кўмаги билан амалга ошди, янги иш ўринлари яратилди.

Икки кун давомида иштирокчилар барча шартлар бўйича билим ва маҳоратларини намойиш этишди... «Ёш сиёсатчи — 2013» кўрик-танлови якунига етди. Учта шарт­да кўрсатган натижаларига кўра, Наманган вилояти вакили Мўътабар Қозие­ва биринчи, Сирдарё вилояти вакили Мадина Абдусаломова иккинчи, Тошкент шаҳри вакили Умид Ҳошимов учинчи ўринга сазовор бўл­ди. Ғолиб ва совриндорларга диплом, турли номинация­лар бўйича сертификат ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

ИСТИҚБОЛЛИ ЛОЙИҲАЛАР ТАҚДИМ ЭТИЛДИ

Биринчи шартда иштирокчилар туман ва шаҳарларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш хусусиятларини таҳлил қилган ҳолда, ўзи истиқомат қилаётган ҳудудда ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш фаолиятини йўлга қўйиш бўйича амалга оширилиши мумкин бўлган лойиҳалар тақдим этиши керак.

Шу ўринда айтиш жоизки, бу йил танловнинг туман ва шаҳар босқичларида иштирок этиш учун партиямиз ёш аъзолари қарийб 12  мингга яқин лойиҳа ташаббусини тақдим этишди. Улардан энг истиқболли, деб топилган 200 таси танловнинг ҳудудий бос­қичларида қатнашди.

Иштирокчилар ўз лойиҳаларининг молиявий асослари, уларни амалга ошириш ва ривожлантиришнинг истиқболлари ҳақида батафсил маълумот беришди.

Барча лойиҳаларда аҳоли банд­лигини таъминлаш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш, экологик муаммоларни бартараф этиш, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишни ривожлантириш орқали ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий тараққий эттириш, қишлоқларда замонавий инфратузилмани шакллантириш каби устувор масалаларга урғу берилди.

Улмекин ШУМАНОВА, Бухоро вилояти:

— Қоровулбозорданман. Лойиҳам тош кесиш цехи фаолиятини йўлга қўйиш ҳақида. Туманимиздаги Нав­баҳор ва Чўлқувар қишлоқ фуқаролар йиғинлари ҳудудида жойлашган қир-адирларда қурилишда кенг фойдаланиш мумкин бўлган тошлар кўп. Уларни қурилиш-таъмирлашда ишлатишга қулай шакл ва ўлчамда кесиш билан шуғулланадиган цех ташкил қилиш мумкин. Тақдим этаётган лойиҳамда шундай цех фаолиятини йўлга қўйиш кўзда тутилган. Мақсад — иморатлар қурилишида безак сифатида ишлатиладиган махсус тошларни тайёрлаш. Таҳлиллар, ҳисоб-китобларга кўра, цех фаолиятини йўлга қўйиш учун 60 миллион сўмга яқин маблағ кетади. Яъни, цех қурилишига 25 миллион сўм, керакли асбоб-ускуналар харид қилиш ва ўрнатишга 20 миллион сўм, бошқа харажатлар учун 15 миллион сўм кетади. Цех ишга тушса, 8 нафар касб-ҳунар коллежи битирувчисини иш билан таъминлаш мумкин...

Ҳурлиман НУРЖАНОВА, Қорақалпоғистон Республикаси:

— Лойиҳамда ҳар томонлама фойдали масала кўзда тутилган. Атроф-муҳитга жиддий зарар етказадиган турли пластмасса буюмлар, полиэтилен халтачалар, идишлар ва бошқа чиқиндиларни қайта ишлаш, хўжаликда кенг фойдаланиш учун хилма-хил иккиламчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришдан иборат. Унинг амалга ошиши чиқиндиларнинг экологияга салбий таъсирини камайтириш, арзон пластмасса маҳсулотларига бўлган эҳтиёжни қондириш, юқори ҳақ тўланадиган барқарор иш ўринлари яратиш имконини беради...

Мамлакат ЖЎРАЕВА, Андижон вилояти:

— «Ахборот олиш эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги Қонун асосида лойиҳа ишлаб чиқдим. У «istiqbolnuri.uz» интернет сайтини яратишни ўз ичига олади. Бундан мақсад «Истиқбол» ёшлар қаноти учун махсус веб-сайт очиш, ахборот коммуникация технологиялари имкониятларидан самарали фойдаланган ҳолда, ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимлари ва фаоллигини оширишга кўмаклашиш, Халқ демократик партияси ғояларини таъсирчан йўллар билан ёшлар орасида янада кенгроқ тарғиб қилишдир.

Сайт дизайнида, ишлаш тартибида фойдаланувчиларнинг ёши, қизиқишлари алоҳида ҳисобга олинади. Хусусан, турли мавзуларни муҳокама қилиш, таклиф бериш, фикр-мулоҳаза алмашиш имкониятлари яратилади. Бугунги ёшлар психологияси ўзига хос, уларнинг эътиборини тортиш, қизиқтириш учун тарғибот-тушунтириш воситаларини такомиллаштириш устида мунтазам ва изчил иш олиб бориш лозим...

Фарҳод Аминов, Фарғона вилояти:

Бу йил «Ёш сиёсатчи» юқори савияда ташкил қилинди. Лойиҳа тақдимотидаги чиқишларни залдаги ёшлар катта қизиқиш билан куза­тишди.

Ҳудудларни ривожлантириш, бар­қарор ишлаб чиқаришни йўлга қўйишда қандай технология ва андозалардан фойдаланиш зарур? Ғояни қай тарзда амалга ошириш мумкин? Яратиладиган иш ўринлари доимий бўлишининг кафолатлари қандай таъминланади?

Ёш сиёсатчилар ана шу жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда, ўз лойиҳаларини тақдим этишди. Мен аёлларни соғломлаштириш маркази ташкил этиш ғояси билан чиқдим. Танловга тақдим этган лойиҳамни келгусида амалга ошириш ниятидаман.

Аброр ХОЛБОЕВ, Қашқадарё вилояти:

— Иккинчи — билимдонлик синови шартида сиёсат ва ҳуқуқ йўналишидаги саволларга жавоб бериш керак эди. Бу шартга тайёрланиш жараёнида мамлакатимиз қонунчилигини,  Конституциямизни, халқ­аро ҳуқуқий ҳужжатларни, сиёсатшунослик дарсликлари ва ҳуқуқий адабиётларни чуқур ўрганишга ҳаракат қилдим. Қонунларни диққат билан ўқиш мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини, ҳуқуқларимизни таъминлашда уларнинг аҳамиятини янада теранроқ тушунишга ёрдам беради. Халқаро ҳуқуқий ҳужжатларни ўрганиш, уларни таҳлил қилиш жараёнида дунё, давлатлар ва инсон ҳақидаги тасаввур, дунёқараш янада кенгаяди.

Кучли фуқаролик жамияти қуришнинг асосий шартларидан бири фуқароларнинг сиёсий-ҳуқуқий билими ва маданияти юқори бўлишидир. Шундай экан, қонунларни билиш, дунёда ва мамлакатимизда кечаётган ижтимоий-сиёсий жараёнлардан доимий равишда хабардор бўлиб бориш ҳаммамиз учун муҳим, деб ўйлайман.

Мўътабар ҚОЗИЕВА, Наманган вилояти, ЎзХДП «Ёш сиёсатчи – 2013» кўрик-танлови ғолиби:

— Танловда иштирок этишдан мақсадим, аввало, ўз билимларимни синовдан ўтказиш, бошқа вилоятлардаги тенг­дошларим билан танишиш, ўзаро фикр алмашиш, улар билан дўстлашиш эди. «Ёш сиёсатчи» бу имкониятни берганидан хурсандман. Сиёсий-ҳуқуқий билимларимни мустаҳкамлашда, ўзимга ишончим ортишида танлов менга катта ёрдам берди. Келгусида депутатликка номзодимни қўйиш, туманимизни ривожлантириш бўйича ташаббуслар билан чиқиш ниятим бор.

Шаҳноза АЛИЕВА, Навоий вилояти:

— Кармана туманидаги 28-мактабда яқинда иш бошладим. Аудиторияга фикримни аниқ-равшан етказишга қийналар эдим. Бу камчиликдан қутилиш, ўзимга бўлган ишончни мустаҳкамлаш учун «Ёш сиёсатчи» кўрик-танловида қатнашдим. Аввалига жуда ҳаяжонландим. «Ҳаммаси ўзимга боғлиқ, бу менинг қўлимдан келади», деб ўзимга ўзим далда бердим. Вилоят босқичида қийинчилик билан ғалаба қозондим.

Республика босқичида тинг­ловчилар анча кўп, аудитория катта бўлишига қарамай, танловнинг учинчи — нотиқлик санъати шартини ортиқча ҳаяжонсиз ўтказдим. Энди ўзимга ишончим ортди. Лекин бундан кейин янада кўпроқ ўқишим, изланишим кераклигини анг­ладим.

* * *

«Ўзим истиқомат қилаётган ҳудудни ривожлантириш, муайян ижтимоий масалани ҳал қилиш учун қандай ташаббуслар билан чиқиш мумкин? Истиқболли лойиҳа тузиш ва уни амалга ошириш учун нима қилишим керак?». «Ёш сиёсатчи» танловининг барча босқичларида иштирок этган 11 мингдан ортиқ ёшлар ана шу саволлар ҳақида ўйлаб кўришди. Имкон қадар жавоб ҳам топишди. Демак, ижтимоий-иқтисодий фаоллик кўрсатишга интилувчан ёшлар сафи янада кенгайди.

... Суннатилла танловда муваффақиятли қатнашди, «Энг билимдон иштирокчи» бўлди... Танлов шартлари якунига етди, аммо қоидалар ўша-ўша: Ватан равнақига ҳисса қўшиш учун фақат олдинга интилиш, ҳеч қачон тўхтаб қолмаслик керак.

Тўлқин ТЎРАХОНОВ, Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбирлари.

Суратлар муаллифи Санжар ШОТЎЛАГАНОВ.



DB query error.
Please try later.