10.09.2013

Ўзбекистон – Хитой: Стратегик ҳамкорликнинг янги уфқлари

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг таклифига биноан Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин 8 сентябрь куни давлат ташрифи билан мамлакатимизга келди.

Ташрифнинг асосий тадбирлари 9 сентябрь куни бўлиб ўтди. Кўксарой қароргоҳида ХХР Раисини расмий кутиб олиш маросими бўлди. Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Ислом Каримов ва Си Цзиньпин шоҳсупага кўтарилдилар. Ўзбекистон ва Хитойнинг давлат мадҳиялари янгради. Давлат раҳбарлари фахрий қоровул сафи олдидан ўтдилар.

Ислом Каримов ва Си Цзиньпиннинг тор доирадаги суҳбатида томонлар Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантиришга доир кенг кўламли масалалар, ўзларини қизиқтирган минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашдилар.

Ислом Каримов Ўзбекистонда Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг мамлакатимизга илк давлат ташрифига икки томонлама муносабатлардаги тарихий воқеа, Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги ҳамкорликнинг тобора мустаҳкамланиб бораётган асосларининг яна бир кўриниши сифатида қаралишини таъкидлади.

Си Цзиньпин икки давлатнинг ўзаро ҳамкорлигига юксак баҳо берди, Хитой ва Ўзбекистон халқларининг туб манфаатлари ва умумий тараққиётга хизмат қиладиган бундай учрашувлар муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этди.

Ўзбек ва хитой халқлари ўртасидаги ўзаро муносабатлар тарихи узоқ асрларга бориб тақалади. Қадимий Мовароуннаҳр ва Чин юрти ўртасидаги савдо-сотиқ ва маданий алоқалар чой, пахта, ипак, қоғоз ва бошқа маҳсулотларнинг бутун дунёга тарқалишида муҳим ўрин тутган.

Бугунги кунда икки давлат ўртасидаги алоқалар Дўстлик, ҳамкорлик ва шериклик муносабатлари тўғрисидаги шартнома ҳамда Стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларация руҳида барча соҳаларда ривожланмоқда. Ўзаро манфаатдорликка асосланган ҳамкорлик муносабатларнинг барча йўналишларини қамраб олган. Давлат раҳбарларининг ўзаро ишончга асосланган шахсий мулоқотлари бунда муҳим омил бўлмоқда. Олий даражадаги учрашувлар ва ташрифлар мунтазам амалга оширилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 2012 йил июнь ойида Хитойга расмий ташрифи ўзаро алоқаларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарди. Стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларациянинг имзоланиши ташрифнинг энг муҳим воқеаси бўлди. Умуман, ташриф якунида 5,3 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги 45 савдо-иқтисодий, сармоявий ва молиявий битим ва шартномалар имзоланди.

Ўзбекистон ва Хитой халқаро майдонда икки мамлакат манфаатларига оид энг муҳим масалаларда бир-бирини сиёсий қўллаб-қувватлаб, БМТ, ШҲТ сингари халқаро тузилмалар доирасидаги ҳамкорлигини тобора кенгайтириб келмоқда.

Шунингдек, томонлар минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш борасида ҳам ўзаро фаол ҳамкорлик қилмоқда. Иккала мамлакатнинг кўплаб минтақавий ва халқаро муаммоларни ҳал этиш бўйича ёндашувлари бир-бирига ўхшаш ёки яқин эканлиги таъкидланди. Масалан, Ўзбекистон ва Хитой Афғонистон муаммосини ҳарбий йўл билан ҳал этиб бўлмаслигини, унинг сиёсий ечимини топиш, БМТ шафелигида музокаралар ўтказиш ва қарама-қарши кучлар ўртасида муросага эришиш бу борадаги ягона тўғри йўл, деб ҳисоблайди.

Ислом Каримов Ўзбекистон Хитой билан ўзаро ишонч, ҳурмат ва манфаатдорлик асосида жадал ривожланиб бораётган ҳамкорликни юксак қадрлашини таъкидлади. Ўзбекистон Хитой билан муносабатларни барча соҳаларда ривожлантириш, айниқса, энергетика, транспорт, савдо, телекоммуникация ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдордир.

Си Цзиньпин Хитой Ўзбекистонга вақт синовидан ўтган ишончли дўст, яқин қўшни ва стратегик ҳамкор сифатида қарашини таъкидлади. Мамлакатларимиз ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан буён ўтган 21 йил мобайнида икки томонлама алоқалар изчил суръатда ривожланиб келаётир. Ҳамкорликнинг барча йўналишларида улкан натижаларга эришилди, бир қатор йирик қўшма инвестиция лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилди.

ХХР Раиси Хитой олий даражадаги учрашувлар чоғида эришилган стратегик келишувларни ҳаётга татбиқ этиш борасида Ўзбекистон билан бундан буён ҳам самарали ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканлигини маълум қилди.

Парламентлараро ҳамкорлик изчил ривожланмоқда. 2011 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши Доимий қўмитаси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланган.

Икки мамлакат ўртасида ҳукуматлар даражасидаги делегацияларнинг ўзаро ташрифлари мунтазамлик касб этмоқда. 2004-2013 йилларда Ўзбекистон ва Хитой ташқи сиёсат маҳкамалари ўртасида 10 маротаба сиёсий маслаҳатлашувлар ўтказилди.

2011 йилнинг октябрь ойида Пекинда Ўзбекистон – Хитой ҳукуматлараро ҳамкорлик қўмитаси таъсис этилди. Қўмита доирасида савдо-иқтисодий ва сармоявий, хавфсизлик, маданий-гуманитар, энергетика, транспорт ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича олти қуйи қўмитанинг йиғилишлари ўтказилди.

Фаол алоқалар, жумладан, БМТ, ШҲТ доирасида долзарб масалалар юзасидан ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Пекин Ўрта Осиёда экологик мувозанатни бузиши мумкин бўлган гидроэнергетик лойиҳаларни амалга оширишда қатнашмасликка оид позициясини тасдиқлади, минтақадаги трансчегаравий дарёлардан оқилона фойдаланиш тамойилларини қўллаб-қувватлайди. Ўзбекистон Хитойни ҳудудий яхлитлик, “уч ёвуз куч” – терроризм, экстремизм ва сепаратизмга қарши курашиш масалаларида доим қўллаб-қувватлайди.

Ўзбекистон ва Хитой раҳбарлари мулоқотни икки мамлакат расмий делегацияларининг кенгайтирилган таркибдаги музокарасида давом эттирдилар.

Мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик ҳамкорликнинг устувор мақсадли вазифалари, шунингдек, икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий ва гуманитар соҳаларда кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантиришга оид истиқболли масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон Хитой билан стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатдорлик ва тенгликка асосланган кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтиришга устувор аҳамият қаратади.

Ўзаро савдо айланмаси барқарор ўсиб бораётгани алоҳида эътиборга молик. Хусусан, кейинги беш йилда товар айирбошлаш ҳажми қарийб тўрт баробар ошди. 2007 йилда бу кўрсаткич 904 миллион долларни ташкил этган бўлса, 2012 йилда 3,4 миллиардга етди. Жорий йилнинг биринчи ярми якунларига кўра, товар айирбошлаш ҳажми 2,3 миллиард долларни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 59 фоиз кўп демакдир.

Сармоявий ҳамкорлик икки мамлакат ҳукуматлари ўртасида 2010 йилда имзоланган нохомашё ва юқори технологиялар соҳаларидаги ҳамкорлик дастури доирасида амалга оширилмоқда.

Бугун томонлар турли лойиҳалар, авваламбор, юқори технологиялар соҳасидаги лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш борасидаги ҳамкорликни фаол ривожлантирмоқда.

Мамлакатимизда Хитой капитали иштирокидаги 455 корхона фаолият юритмоқда. Уларнинг 70 таси юз фоиз Хитой сармояси асосида ташкил этилган. Юртимизда Хитойнинг 71 компанияси ваколатхонаси ишлаб турибди.

2002 йилдан бошлаб Хитой инвестициялари ва кредитлари иштирокида умумий қиймати 6,75 миллиард доллар бўлган 83 инвестиция лойиҳаси, шу жумладан, 5,75 миллиард доллар миқдоридаги тўғридан-тўғри инвестициялар жалб этилган 52 лойиҳа, 992,4 миллион долларлик имтиёзли кредитлар йўналтирилган 31 лойиҳа амалга оширилди ва амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 2012 йил июнь ойида Хитойга ташрифи чоғида ўттиздан ортиқ инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга қаратилган 5,3 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги ҳужжатлар имзоланганини алоҳида қайд этиш жоиз.

Хитой Халқ Республикаси Раисининг ушбу ташрифи доирасида умумий қиймати 15 миллиард долларга тенг лойиҳаларни амалга оширишга оид 31 ҳужжат имзоланди.

Ўзбекистон 2011 йилда ХХР раҳбарияти томонидан илгари сурилган Хитой компаниялари иштирокида Ўзбекистон – Хитой юқори технологиялар саноат паркини ташкил этиш тўғрисидаги ташаббусни қўллаб-қувватлади. Жорий йилнинг март ойида ушбу парк “Жиззах” махсус индустриал зонаси шаклида ташкил этилди. Мазкур паркнинг Сирдарё вилоятида филиали бўлади. Июнь ойидан бошлаб ушбу индустриал зона ҳудудида мобиль телефонлар, қурилиш материаллари ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Бундан ташқари, ушбу ташриф давомида Хитойнинг тўғридан-тўғри инвестицияларини жалб этиш орқали мазкур парк ҳудудида юқори технологияларга асосланган қўшма корхоналарни очиш бўйича 14 келишувга эришилди.

Бир қатор Хитой компаниялари мамлакатимиздаги углеводород конларини қидириш ва қазиш ишларида фаол иштирок этмоқда. Хитой Миллий нефть-газ корпорацияси (CNPC) нафақат истиқболли углеводород конларини қидириш ва ишга тушириш, балки Муборак газ-кимё мажмуасида табиий газни чуқур қайта ишлаш лойиҳасини амалга оширишда ҳам қатнашмоқда.

Иккала мамлакат Хитойга узлуксиз табиий газ етказиб беришни таъминловчи Ўзбекистон – Хитой газ қувурини қуриш ва ишга туширишни стратегик муҳим аҳамиятга молик лойиҳа деб билади. Ташриф давомида имзоланган Ўзбекистон – Хитой газ қувурини қуриш ва ишга тушириш тамойиллари тўғрисидаги битимга қўшимча протокол йилига 30 миллиард куб метр газ етказиб бериш қувватига эга тўртинчи линия қурилишини назарда тутади.

Мамлакатларимиз ўртасида энг қисқа темир йўл тармоғини барпо этиш ўзаро иқтисодий ҳамкорликнинг долзарб стратегик йўналишларидандир. Бу Хитойнинг Марказий Осиё мамлакатларига, ундан кейин Жанубий Осиёга чиқишини таъминлайди. Ўзбекистон Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли қурилишини қўллаб-қувватлайди. Ангрен-Поп йўналиши бўйича темир йўл қурилиши бу борадаги ишларнинг мантиқий давоми бўлади. Бу йўл Хитойнинг Жанубий Осиё мамлакатларига тўғридан-тўғри чиқиши учун имконият яратади. Жорий йилнинг июнь ойида «Ўзбекистон темир йўллари» давлат акциядорлик компанияси ва Хитойнинг «China Railway Tunnel Group» компанияси ўртасида довондан туннель орқали ўтадиган Ангрен-Поп темир йўл линиясини қуриш бўйича умумий қиймати 455 миллион долларлик шартнома имзоланиши билан хитойлик ҳамкорлар иштирокида бу борадаги ишлар бошлаб юборилди.

Молиявий соҳадаги ҳамкорлик, хусусан, Хитой Давлат тараққиёт банки ва Эксимбанки билан алоқалар фаол ривожланмоқда. Хитой молия институтларининг жами кредитлари ҳажми 4,5 миллиард доллардан ошади. Улар мамлакатимизнинг соғлиқни сақлаш, таълим, энергетика, транспорт ва телекоммуникация соҳаларига йўналтирилган.

Давлатимиз раҳбари Ислом Каримовнинг 2011, 2012 йилларда Пекинга ташрифлари доирасида эришилган келишувларга мувофиқ, ХХРнинг имтиёзли кредитлари асосида мамлакатимиз кимё саноати, энергетика, қишлоқ ва сув хўжалиги, транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бўйича қарийб 400,6 миллион доллар миқдоридаги 7 лойиҳа ишлаб чиқилмоқда.

Хитой раҳбарининг мазкур ташрифи чоғида Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси билан Хитой Давлат тараққиёт банки ўртасида 11,6 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги истиқболли инвестиция лойиҳаларини биргаликда молиялаштириш бўйича битим имзоланди.

Мамлакатларимиз ўртасида маданият, фан ва техника соҳаларидаги ҳамкорлик ҳам изчил ривожланмоқда. 2003 йилда Хитойнинг Чанчунь шаҳрида ўтган 6-жаҳон ҳайкалтарошлари форуми доирасида буюк миниатюрачи Камолиддин Беҳзод ҳайкали очилди. Бу ўзбек маданияти намояндасига Хитойда ўрнатилган илк ҳайкалдир.

Икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлашда “Ўзбекистон – Хитой” ва “Хитой Халқ Республикаси – Марказий Осиё мамлакатлари” дўстлик жамиятлари муҳим аҳамият касб этмоқда.

2013 йил 15 май куни Шанхай шаҳрида Хитойда биринчи марта Шанхай университети ҳузуридаги ШҲТ Жамоат дипломатияси илмий тадқиқот институти негизида Ўзбекистон тадқиқотлари ва таълим алмашувлари маркази очилди.

Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ва Хитой Маданият вазирлиги ўртасида имзоланган 2011-2013 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик тўғрисидаги дастур маданият соҳасидаги алоқалар ривожига хизмат қилмоқда. 2011 йилда Пекин ва Сиань шаҳарларида Ўзбекистон маданияти ҳафталиги, 2012 йилда Тошкент ва Самарқандда Хитой маданияти ҳафталиги ўтказилди. Жорий йилда Хитойнинг бир қатор йирик шаҳарларида "Ўзбекистоннинг таниқли рассомлари асарлари" бадиий кўргазмалари ташкил этилди.

Умуман, 2012-2013 йилларда Хитойда Ўзбекистон маданияти, тарихи ва санъатига бағишланган йигирмадан ортиқ тадбир ўтказилди. Икки мамлакат маданият ва санъат намояндаларининг қатор ўзаро ташрифлари амалга оширилди. Жумладан, хитойлик санъаткорлар “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали, “Асрлар садоси” анъанавий маданият фестивали, “Art Week Style.uz” санъат ҳафталиги тадбирларида фаол иштирок этиб келмоқдалар.

Таълим соҳасида давлатлар ва идоралараро, жумладан, ўзбек ва хитой тилларини ўрганиш доирасида талаба ва стажёрлар алмашиш тобора кўпаймоқда. Тошкентдаги Конфуций номидаги институтда ҳар йили 350 дан зиёд тингловчи сабоқ олади. 2010 йилнинг июнь ойида Хитой миллатлар марказий университети рус тили ва Марказий Осиё халқлари тиллари факультетида ўзбек тили бўлими очилди. 2012-2013 ўқув йилидан бошлаб Пекин чет тиллар университетида ўзбек тили ўқитилиши йўлга қўйилди.

Шунингдек, икки томонлама келишувга мувофиқ ва ШҲТ доирасида ХХР ҳукумати 2012-2013 ўқув йилида ўзбекистонлик 120 талаба ва стажёрга грант ажратди. Конфуций номидаги институт орқали Ланчжоу университетида ўзбекистонлик етмишга яқин талаба таҳсил олмоқда.

Ташриф доирасида имзоланган Самарқанд шаҳрида Конфуций институтини ташкил этиш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги битим таълим соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни янада фаоллаштиришга хизмат қилади.

Томонлар туризм соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратмоқда. 2010 йилдан Ўзбекистон Республикасига Хитой фуқароларининг гуруҳ бўлиб саёҳат қиладиган туристик мамлакат мақомини бериш жараёни бошланди. Мамлакатимизнинг туризм соҳасидаги салоҳияти «China Outbound Travel & Tourism Market-2013» (апрель, Пекин) ҳамда «WTF – 2013» (май, Шанхай) халқаро профессионал туризм ярмаркаларида кенг намойиш этилди.

Кўксарой қароргоҳидаги музокаралар якунида Ислом Каримов ва Си Цзиньпин Дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома ҳамда Икки томонлама стратегик ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва ривожлантириш ҳақидаги қўшма декларацияни имзоладилар.

Шунингдек, техник-иқтисодий ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро битим, иқтисодий, молиявий, нефть-газ, таълим соҳаларидаги муносабатларни янада ривожлантиришга қаратилган қатор ҳужжатлар имзоланди.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда икки давлат раҳбарлари бугун томонлар ўртасида бўлиб ўтган музокаралар ва муҳокамалар ўзаро тушуниш, ишчанлик ва ўзаро ишонч руҳида ўтганини таъкидладилар. Уларнинг натижалари муҳокама қилинган масалаларнинг аксарияти бўйича томонларнинг позицияси ўхшаш ва яқинлигини намоён этди. Икки давлат раҳбарлари эришилган келишувлар Ўзбекистон-Хитой муносабатларини янада ривожлантириш ва икки мамлакат халқларининг фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилишини алоҳида таъкидладилар.

Ушбу ташриф Ўзбекистон-Хитой муносабатларида яна бир муҳим босқич бўлгани қайд этилди. Томонлар изчил ривожланиб бораётган сиёсий, иқтисодий ва гуманитар ҳамкорликни юксак қадрлайди. Музокаралар замонавий тараққиётнинг бир қатор долзарб йўналишлари бўйича, жумладан, "уч ёвуз куч"га қарши ҳамкорликда курашиш зарурлиги, икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш ва кўплаб халқаро муаммоларни ҳал этиш масалалари бўйича томонларнинг қарашлари яқин эканлигини яна бир бор намоён этди. Томонлар олий даражадаги мулоқотларни изчил давом эттиришга, иқтисодиёт, энергетика, молия, сармоя, юқори технологиялар каби соҳалардаги ҳамкорликни янада фаоллаштиришга, гуманитар алоқаларни кенгайтиришга, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини оширишга тайёр эканини билдирди.

Куннинг иккинчи ярмида Ислом Каримов ва Си Цзиньпин Мустақиллик майдонига ташриф буюрди. Олий мартабали меҳмон ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу ниятларимиз рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйди. Хитой раҳбари Президент Ислом Каримов раҳнамолигида Мустақиллик майдонида амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ишларига юксак баҳо берди.

ХХР Раиси Олий Мажлис Сенатига ташриф буюриб, парламентимиз юқори палатаси фаолияти билан танишди. Сенат Раиси Илгизар Собиров билан учрашув чоғида олий мартабали меҳмон Сенат фаолиятининг ўзига хос жиҳатлари билан батафсил таништирилди.

Шу куни Си Цзиньпин пойтахтимизнинг энг асосий диққатга сазовор жойларидан бири – Темурийлар тарихи давлат музейига ташриф буюриб, Соҳибқирон ва унинг авлодлари ҳақида ҳикоя қилувчи ноёб экспонатларни томоша қилди.

ХХР Раисининг Ўзбекистон Республикасига давлат ташрифи давом этмоқда.

ЎзА



DB query error.
Please try later.