07.09.2013

ЁШЛАР ҚАЛБИДА ЖЎШ УРГАН ҒУРУР

уларни катта мақсадлар сари янада дадил интилишга ундайди

Аввал хабар қилганимиздек, ЎзХДП «Истиқбол» ёшлар қаноти «Ёш сиёсатчи – 2013» кўрик-танлови республика бос­қичи олдидан танлов иштирокчилари мустақиллик йилларида пойтахтимизда барпо этилган иншоотлар, бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишди. Ёш сиёсатчилар дастлаб Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ЎзХДП фракция аъзолари билан учрашиб, миллий парламентимиз фаолияти, қонун ижодкорлиги жараёни ҳақида ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди. Шунингдек, ёшлар Ўзбекистон ­Халқаро анжуманлар саройи, Маърифат маркази, Симпозиумлар саройи ва «Бунёдкор» футбол стадионида бўлишди.

Мамлакат ЖЎРАЕВА, Андижон вилояти, хусусий тадбиркор:

– Мен жудаям ҳаяжондаман. Олий Мажлис биносида Қонунчилик палатаси депутатлари билан учрашганимизда, қонун лойиҳалари муҳокама этиладиган залларда ўтирганимда ич-ичимдан қувониб кетдим. Танловнинг республика бос­қичида қатнашиш учун бор кучимни сарфлаганим зое кетмаганини англадим.

Мамлакатимиздаги қонун ижодкорлиги жараёни билан яқиндан танишиб боришга ҳаракат қиламан. Фракциямиз аъзоларининг қабул қилинаётган қонунлар, муҳокама этилаётган қонун лойиҳалари, умуман, бугунги кунда парламент томонидан амалга оширилаётган ишлар хусусида берган маълумотлари билимларимни янада мустаҳкамлади.

Ботурали АБДУЛЛАЕВ, Самарқанд вилояти, Булунғур миллий ҳунармандчилик касб-ҳунар коллежи тарих фани ўқитувчиси:

– Тошкентга биринчи келишим. Бу ердаги ободончилик, бунёдкорлик ишларини телевизорда кўрардим. Ўзбекистон Халқаро анжуманлар саройини ўз кўзим билан кўришни жуда истардим. Бугун сарой биноси билан танишиш, унинг салобати-ю ҳашаматидан баҳра олиш имконига эга бўлдим.

Конференция заллари, сарой чиройига чирой бериб турган қандиллар, кўркам зиналар, айниқса, саройнинг кириш фо­йесидаги нақшинкор деворий асар хотирамда муҳрланди. Юртимизда Миллий ва замонавий меъморчилик анъаналари уй­ғунлашган бундай маҳобатли саройлар борлиги барчамизни ғурурлантиради, албатта.

Мадинабону АБДУСАЛОМОВА, Сирдарё вилояти, Гулистон давлат университети талабаси:

– Инглиз ва рус тилларини чуқур ўрганаяпман. Тил билган – эл билади, деб бежиз айтилмаган. Тилни мукаммал ўзлаштирсак, дунёга чиқишимиз, ўзимизни кўрсатишимиз осонлашади. Илм-фан ютуқларидан хабардор бўлиб боришимизда ҳам тил билишнинг аҳамияти катта. Пойтахтимиздаги Маърифат маркази ва Симпозиумлар саройида бўлганимда биз ёшларга катта имкониятлар яратилганини яна бир бор ҳис қилдим.

Вилоятимиздаги ахборот-ресурс марказлари ҳам замонавий технологиялар билан таъминланган. Бадиий адабиёт бўладими, сиёсий-ҳуқуқий адабиётларми, тил ўрганишга оид китоблар дейсизми, истаганимизни топишимиз мумкин. Тенгдошларим билан улардан самарали фойданишга ҳаракат қилаяпмиз.

«Мен Ватаним равнақига ҳисса қўшишни хоҳлайман» шиори остида ўтказилгани учун ҳам бу танловда қатнашишга ҳаракат қилдим. Ун­да иштирок этаётган ҳар бир ёш «Ўзим яшаётган ҳудуд, Ватаним равнақи учун қандай ҳисса қўшсам экан?», деган саволга жавоб топишга интилади. Ўзининг иқтидорини ишга солиб, ҳудуд равнақига ҳисса қўшадиган лойиҳаларни яратишга интилади.

Беҳзод ЖЎРАЕВ, Жиззах вилояти, Жиззах давлат педагогика институти талабаси:

– Футболга жуда қизиқаман. «Сўғдиёна» жамоасининг кичик  ёшлилар таркибида икки йил тўп сурдим. «Бунёдкор» стадионини ўз кўзим билан кўришни орзу қилардим. Бугун шу ниятим амалга ошди. Ҳақиқатан ҳам жуда гўзал иншоот экан.

Спорт билан бирга санъат ҳам жону дилим. Вилоятда нодавлат радио тармоғида «Сўнги сониягача салом» дастури, «Ўзбекистон» телерадиоканалида ҳар якшанба эфирга узатиладиган «Қўҳна замин оҳанглари» кўрсатувида бошловчилик қиламан. Келгусида ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимларини оширишга қаратилган радио эшиттириш ва телекўрсатувлар яратиш истагим бор. Аммо мақсадга эришиш учун хоҳишнинг ўзи камлик қилади. Шунинг учун сиёсий-ҳуқуқий билимларимни ошириш мақсадида танловда қатнашаяпман.

* * *

Кеча Тошкентда «Истиқбол» ёшлар қаноти «Ёш сиёсатчи – 2013» кўрик-танлови республика босқичи якунланди. Иштирокчилар учта шарт – «Лойиҳа тақдимоти», «Билимдонлик синови», «Нотиқлик санъати» бўйича билим ва маҳоратларини намойиш этишди. Икки кун давом этган баҳслардан сўнг ғолиб ва совриндорлар аниқланди.

(Бу ҳақда газетамизнинг кейинги сонларидан бирида батафсил ахборот  берилади).

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.