Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Sentabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 29 30 31 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
07.09.2013

ДЕПУТАТЛИК НАЗОРАТИ ТИЗИМЛИ БЎЛИШИ ЗАРУР

ЎзХДП Марказий Кенгаши ва Тошкент вилоят кенгаши Чирчиқ шаҳрида «Депутатлик назорати ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш» мавзусида семинар ўтказди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, ЎзХДП Марказий Кенгаши масъул ходимлари, халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи аъзолари, маҳаллий партия кенгашлари фаоллари, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Тошкент вилоят бўлими мутахассислари мавзу юзасидан фикр алмашди.

Иштирокчилар «Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида»ги Конституциявий қонун билан берилган ваколатлардан самарали фойдаланишда партия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳлари ҳамжиҳатлигини янада мустаҳкамлаш, электорат манфаатларига алоқадор қарорлар, тегишли дастурлар бажарилишида депутатлик назоратини кучайтириш масалаларига эътибор қаратишди.

Айтиш керакки, халқ депутатлари Тошкент вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳлари қонунлар, давлат дастурлари ҳудудларда бажарилишини таъминлаш мақсадида сессия ва доимий комиссияларга қатор масалаларни киритиб келмоқда. Хусусан, партия Сайловолди дастури, 2011-2014 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида депутатлик гуруҳлари томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларни қўллаб-қувватлаш, манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қатор масалалар ўрганилиб, вилоят Кенгашининг доимий комиссиялари, сессиялар муҳокамасига олиб чиқилди. Шулар асосида вилоятда қатор ишлар амалга оширилди. Бу жараёнда партия ташкилотлари ҳамда депутатлик гуруҳлари ўз ташаббуслари билан муносиб иштирок этди.

Аммо маҳаллий Кенгашлардаги ЎзХДП депутатлик гуруҳлари фаолиятини янада кучайтириш, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида жамоатчилик ҳамда депутатлик назоратини тизимли йўлга қўйиш ҳамон муҳим вазифа ҳисобланади. Семинарда бу борада қатор фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Тошкент вилоят партия кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари Сирожиддин Аъзамов депутатлик назорати ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш бўйича олдинда турган вазифалар хусусида сўз юритди.

— Хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида янги иш ўринлари ташкил этиш партиямиз электорати бандлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Жорий йил апрель ойида халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида билдирилган танқидий фикрлардан хулоса чиқариб, жойларда хизмат кўрсатиш ва сервисни ривожлантириш бўйича қатъий иш олиб борилмоқда. Партия ташкилотлари ҳамда депутатлик гуруҳлари ҳам бу масалага жиддий эътибор қаратаяпти. Хусусан, тегишли дастурларда белгиланган вазифалар бажарилиши бўйича депутатлик ҳамда жамоатчилик назорати кучайтирилди. Юзага келаётган масалалар маҳаллий Кенгашлар доимий комиссияларида муҳокама этилмоқда.

Тегишли дастурларга асосан 2013-2015 йилларда вилоятдаги давлат аҳамиятига молик бўлган ҳамда ички автомобил йўллари, сув, иссиқлик таъминоти янада яхшиланиши кўзда тутилган. Шунингдек, тиббиёт муассасалари, маданият, спорт иншоотлари реконструкция қилиниб, ўқув диагнос­тика, замонавий компьютер технологиялари билан таъминланади.

Хусусан, Бўка, Зангиота, Ўрта Чирчиқ ва Оҳангарон туманларида 85 километрдан зиёд йўллар янгидан қурилади, реконструкция қилинади. Ангрен шаҳрида 13,5 километр йўл капитал таъмирланади. Умуман, вилоят бўйича 250 километр ички йўллар капитал таъмирдан чиқарилади. Бу мақсадлар учун 81 миллиард сўм сарфланиши кўзда тутилган. Бундан ташқари, аҳолига сифатли транспорт хизмати кўрсатиш мақсадида 135 та янги автобус ажратилиб, 42 та янги йўналиш очилиши кутилмоқда. Вилоятни ҳар томонлама ривожлантириш, аҳолига қулайлик яратиш, кўплаб янги иш ўринлари яратишга қаратилган бундай кенг кўламли ишлар режадагидек амалга оширилишида партиямиз ташкилотлари, депутатлик гуруҳларимиз фаол иштирок этиши зарур. Бунда депутатлик назорати имкониятларидан самарали фойдаланиш биз учун ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Боймурод ЮСУПОВ, ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим мудири:

— Ҳақиқатан ҳам хизмат кўрсатиш ва сервис ривожи ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига қулай шароит яратишда, иш топишда қийинчиликларга дуч келаётган кишилар, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлашда долзарб масала ҳисобланади.

Партиямиз дастурий мақсадларидан келиб чиқиб, маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари соҳани ривожлантиришга қаратилган ташаббусларни илгари суриш орқали аҳоли бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Жумладан, хизмат кўрсатиш бўйича ўз ишини йўлга қўйишга интилаётган йигит-қизлар билан учрашувлар ўтказилаяпти, улар дуч келаётган масалалар ўрганилаяпти. Аммо бу ҳали етарли эмас, деб ўйлайман. Биз депутатлик гуруҳлари фаоллигини оширган ҳолда бу борадаги ишларнинг барча ҳудудларда тизимли ташкил этилишига эришишимиз лозим. Масалан, имконияти чекланган кишиларнинг сервис соҳасида бандлигини ошириш олдимизда турган асосий вазифалардан бири, менимча. Демак, бу борада депутатлар ўз ваколатларидан самарали фойдаланиши, назорат олиб бориши зарур.

Аброр РОЗИХЎЖАЕВ, «Ўзбектуризм» миллий компанияси Тошкент вилоят бўлими бошлиғи:

— Вилоят Кенгашининг нав­батдан ташқари сессиясида билдирилган танқидий фикрлардан хулоса чиқарган ҳолда, вилоят ҳудудида намунавий лойиҳалар асосида 12 хил хизмат (чакана савдо, суратхона, соат тузатиш, пойабзал ва чарм буюмлари, маиший техникани таъмирлаш, кир ювиш  компьютер хизматлари ва бош­қалар) кўрсатишни яхшилашга эътибор қаратилаяпти. Бунда хизмат кўрсатиш шохобчаси биноларининг архитектураси, ҳудудлар бўйича жойлашуви ҳисобга олиниши муҳимдир. Бу очилаётган иш ўринларининг барқарорлигини, хизмат кўрсатишнинг сифатини белгилайди. Жорий йил давомида вилоят бўйича 1144 та шохобча очилиши кутилаяпти.

Шунга мувофиқ тарзда вилоятда туризм соҳасини ривожлантириш муҳим масала ҳисобланади. Вилоят ҳудудида эътиборга молик 372 та маданий мерос объекти бор. Вилоятнинг тарихий маданий меросини қайта тиклаш мақсадида 2013-2015 йилларда туризм объектларини қуриш ва мавжудларини таъмирлаш бўйича дастур ишлаб чиқилди. Айни пайтда бу борада амалий ишлар олиб борилаяпти.

Белгиланган вазифалар ижро этилиши маҳаллий вакиллик ҳокимиятининг доимий назоратида бўлиши зарур, назаримда. Жараёнда юзага келаётган муаммоларни ҳал этишда ҳам депутатларнинг иштироки, ваколатларидан фойдаланиб, ишнинг самарали бажарилишига таъсир кўрсатиш муҳимдир.

Семинарда, шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Алия Юнусова, Тошкент вилояти иқтисодиёт бошқармаси бўлим бошлиқлари Равшан Мамасолиев, Зокиржон Саидов, Чирчиқ шаҳар партия кенгаши раиси, халқ депутатлари Чирчиқ шаҳар Кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари Дониёр Азиз­хўжаев, «Нуроний» хайрия жам­ғармаси вилоят бўлими раҳбари Раҳматулла Шералиев мавзу юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Мутасадди ташкилотлар билан ижтимоий шерикчилик асосидаги муносабатларни янада кучайтириш, депутатлик гуруҳларининг аниқ режа асосида ишлашини таъминлаш, ташаббускорлик ва талабчанликни ошириш бўйича фикр-мулоҳаза ҳамда таклифлар айтилди. Шулар асосида депутатлик назорати ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш юзасидан тавсиялар берилди. 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.