Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
07.09.2013

ЎЗБЕКИСТОН – ХИТОЙ: СТРАТЕГИК ШЕРИКЛИКНИ МУСТАҲКАМЛАШ ЙЎЛИДА

Жорий йил 8 сентябрь куни Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг Ўзбекистон Республикасига давлат ташрифи бошланади

Маълумки, Ўзбекистон ва Хитой халқлари ўртасидаги алоқалар тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади. Юртимиз мустақилликка эришганидан кейин, яъни 1992 йилнинг 2 январида Ўзбекистон ва Хитой ўртасида дипломатия муносабатлари ўрнатилганидан сўнг минг йиллик тарихга эга бўлган мамлакатларимизаро алоқалар янгича тараққиёт ва мазмун-моҳият касб этди. Ўтган йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси – Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги ўзаро шериклик муносабатлари ўзининг ўсувчанлиги билан ажралиб турдики, бугунги кунда ҳам сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги алоқалар тобора равнақ топиб бормоқда.

 

Замонавий босқичда икки давлат ўртасида ўзаро ишончга, очиқлик ва ҳурматга асосланган фаол сиёсий мулоқот олиб борилмоқда — мамлакатларимиз ўртасида барча даражалардаги делегацияларнинг, биринчи галда, давлатлар раҳбарлари даражасидаги мунтазам ташриф алмашувларнинг мавжуд эканлиги бу фикрни яққол тасдиқлайди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом ­Каримов давлат ва расмий  ташрифлари билан олти маротаба Хитой Халқ Республикасига ташриф буюрди. Амалга оширилган ташрифлар икки томонлама муносабатлар тарихидаги муҳим воқеалар бўлиб қолгани баробарида кўп қиррали Ўзбекистон — Хитой муносабатларининг янада кенгайиши ва чуқурлашувига кўмаклашди. Ўз навбатида, ХХР раислари Цзян Цзэминь 1996 йили, Ху Цзиньтао 2004 ва 2010 йиллари Ўзбекистонга ташриф буюрди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 2012 йил июнь ойида Хитойга буюрган расмий ташрифи алоҳида диққатга моликдир. Чунки у Ўзбекистон — Хитой муносабатларида ўтган йиллар давомида эришилган эътиборга сазовор барча муваффақиятларни нафақат мустаҳкамлади, балки ўзаро алоқаларни стратегик муносабатлар даражасига олиб чиқди. Мазкур ташриф чоғида қиймати 5,3 миллиард АҚШ долларига тенг бўлган 45 та савдо-иқтисодий, сармоявий ва молия­вий битим ва шартномалар имзоланди. Икки давлат раҳбарлари томонидан ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги йўналишлари белгилаб берилган Стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларациянинг имзоланиши эса учрашувнинг энг муҳим маҳсули бўлди.

Олий даражадаги мунтазам ва мазмундор мулоқотлар икки томонлама ҳамкорликнинг салмоқли шартномавий-ҳуқуқий заминини шакллантириш имконини бердики, бугунги кунда уларнинг сони 250 тадан зиёд ҳужжатни ташкил этади.

Ҳозирги пайтда ҳар икки давлат халқаро майдонда, жумладан, БМТ ва бошқа нуфузли халқ­аро тузилмалар доирасида сиёсий жиҳатдан бир-бирини ўзаро қўллаб-қувватламоқда. Хитой ҳамиша Ўзбекистон танлаган тараққиёт йўлини қўллаб- қувватлаган. Ўз навбатида, ­Хитой раҳбариятининг чуқур ўйланган ва вазмин сиёсий йўли, унинг ягона Хитой масаласи бўйича қатъий сиёсати, «уч бало» — терроризм, экстремизм ва айирмачиликка қарши  олиб бораётган муросасиз кураши Ўзбекистонда юксак баҳоланади.

Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти доирасидаги ҳамкорлик икки томонлама муносабатлардаги муҳим жиҳат ҳисобланади. Ўзбекистон ва Хитой  ШҲТ муваффақиятли ривожига ҳамда унинг фаолиятида фаол иштирок этишга алоҳида аҳамият беради. Мазкур ташкилот йўналишидаги ҳамкорлик бугунги кунда минтақада ва умуман, дунёда барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш ишида муҳим омил бўлмоқда.

Сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасида парламентлараро ҳамкорлик ҳам фаол ривожланмоқдаки, унинг доирасида икки мамлакат парламент делегация­ларининг қонун ижодкорлиги фаолияти, ўтказилаётган де­­­­­­мо­к­­­­­ратик ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг ҳуқуқий жиҳатдан таъминланиши сингари  соҳаларда ўзаро тажриба ўрганишга қаратилган мунтазам ташриф алмашувлари ва учрашувлари амалга оширилмоқда. 2011 йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва  Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши Доимий қўмитаси ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум имзоланиши Ўзбе­кис­­тон-Хитой парламентлараро алоқалари ҳуқуқий асосининг янада мустаҳкамланишига хизмат қилди.

Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши Доимий қўмитасининг раиси У Бангонинг 2011 йилнинг сентябридаги ташрифи бу йўналишдаги муҳим воқеа бўлди. Мазкур ташриф икки давлат парламент аъзолари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлагани баробарида ўзаро алоқалар қамровини кенгайтирди. 2012 йилнинг январида эса Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши Доимий қўмитаси раисининг ўринбосари Чен Чжили ХХР Раиси Ху Цзиньтаонинг махсус вакили сифатида Ўзбекистонга ташриф буюрди ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом ­Каримов томонидан қабул қилинди.  

Икки мамлакат ўртасидаги муносабатларнинг тизимли ривожланишида Ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон — Хитой ҳукуматлар­аро қўмитаси муҳим ўрин тутади. Мазкур тузилма доирасида олтита кичик қўмита ташкил этилган бўлиб, улар савдо-иқтисодий ва сармоявий, маданий-гуманитар, илмий-техникавий, энергетика, транспорт, хавфсизлик ва қишлоқ хўжалиги соҳаларини қамраб олган.

Савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик 1992 йилнинг январида имзоланган тегишли битим бандлари асосида амалга оширилмоқда. 2009 йил 14 октябрда имзоланган Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ҳукуматлари ўртасида Стратегик товарлар билан узоқ муддатли савдо-сотиқ қилиш тўғрисидаги битим ҳамда 2010 йилнинг 10 июнида имзоланган икки мамлакат ҳукуматлари ўртасида нохом-ашё ва юқори технология соҳаларида ҳамкорлик дастури ушбу жаб­ҳадаги шерикликнинг жадал ривожланишига хизмат қилаётир. 

Давлатларимиз ўртасида ўта қулай муносабатлар муҳити ҳукм­рондир. Фаол  алоқалар ва имзоланган ҳужжатлар ўзаро товар айирбошлашнинг  оғишмай ўсиб боришига кўмаклашмоқдаки, 2012 йили унинг ҳажми  ўтган йилга нисбатан 24 фоизга ортгани ҳолда 3,36 миллиард АҚШ долларини ташкил этди.

Ўзбекистон корхоналари Хитой бозорида талабгор бўлган кенг кўламдаги экспорт товарларини ишлаб чиқармоқда. Кимё, нефтни қайта ишлаш ва нефть-кимё маҳсулотлари, пласт­масса, полиэтилен, рангли металлар, каолин ва бошқа турдаги маҳсулотлар шулар жумласидандир. Ўз навбатида, Хитойдан механика ва электр асбоб-ускуналари, қора металлар, пластмасса ва ундан тайёрланган маҳсулотлар импорт қилинади.

Хитой Халқ Республикаси Давлат тараққиёт банки ва ХХР Эксимбанки кредитлари асосида Ўзбекистонда нефть-газ, телекоммуникация, соғлиқни сақлаш ва қишлоқ хўжалиги сингари жаб­ҳаларда қатор лойиҳалар ҳаётга тадбиқ этилмоқда.

Сармоявий ҳамкорлик кўламлари ҳам йил сайин кенгайиб бормоқда. Ўзбекистонга киритилган 4 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги Хитой сармоялари ушбу фикрни яққол тасдиқлайди. Бугунги кунда республикамизда хитойлик сармоя­дорлар иштирокидаги 450 дан ортиқ корхона фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг 69 таси юз фоиз Хитой сармояси асосида ташкил этилган. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигида 71 та Хитой компаниясининг ваколатхоналари аккредитациядан ўтган. Уларнинг фаолияти экспорт-импорт опера­ция­ларини ўтказиш, тўқимачилик товарларини ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, ахборот технологиялари ва яна бошқа кўплаб соҳаларни ўз ичига олади.

Хитой Миллий нефть-газ корпорацияси томонидан Ўзбекис­тоннинг нефть ва газ ресурсларига бой ҳудудларида геология қидирув ишларини олиб бориш бўйича қатор лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилаётгани ҳолда «Ўзбекистон-Хитой» газ қувурининг қувватини янада ошириш борасида ўзаро ҳамкорликдаги ишлар олиб борилмоқда.

Савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш мақсадида 2013 йили Хитойнинг Пекин, Сучжоу, Ханьчжоу ва Шеньянь шаҳарларида ўтказилган  сармоявий форумлар чоғида Хитой компаниялари иштирокида 51 та лойиҳани амалга ошириш бўйича 300 миллион АҚШ долларидан ортиқ қийматга эга бўлган келишувлар имзоланди. Жорий йил июль ойида Тошкентда «Жиззах» махсус индус­триал зонаси — Хитой компаниялари учун улкан сармоявий имкониятлар майдони» мав­зуига бағишланган анжуман бўлиб ўтди. Унинг якунида «Жиззах» махсус индустриал зонасида қўшма сармоявий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишга қаратилган, умумий қиймати 100 миллион АҚШ долларидан зиёд бўлган 21 та битим имзоланди.

Икки мамлакатнинг яқинлашувига кўмаклашаётган яна бир омил маданий-гуманитар ҳамкорликдир. Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳамда Хитой Халқ Республикаси Маданият вазирлиги ўртасида имзоланган ва 2010-2013 йилларга мўлжалланган Маданий алмашувлар дас­тури доирасида томонлар мунтазам равишда бадиий ва фотокўргазмалар ўтказишмоқда, концертлар ташкил этилаётир, икки мамлакат фольклор жамоалари Ўзбекистон ва Хитойда ташкил этиладиган хилма-хил тадбирларда мунтазам равишда иштирок этишмоқда.

Жорий йили Хитойнинг қатор йирик шаҳар ва провинцияларида «Ўзбекистондаги таниқли мусаввирларнинг ижодий ишлари» деган умумий ном остида бадиий кўргазмалар туркуми ташкил этилди. Улар ХХР жамоатчилигини мамлакатимиз маданияти ва санъати билан яқиндан таништириш мақсадида ташкил этилди. Ўз навбатида, Хитой маданият ва санъат арбоблари «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали, «Аср­лар садоси» анъанавий маданият фестивали, «Art Week Style.uz» санъат ҳафталиги тадбирларида фаол иштирок этишмоқда. Хусусан, жорий йилнинг 25-30 август кунлари афсонавий Самар­қанд­да бўлиб ўтган «Шарқ тароналари» IX халқаро мусиқа фестивалида хитойлик санъаткорлар ўзларининг муваффақиятли чиқиши билан иккинчи ўринни қўлга киритиб, томошабинларнинг олқишларига сазовор бўлдилар.

Хитойда ўзбек халқининг маънавий қадриятлари ва бетакрор тарихий меросига катта ҳурмат билан ёндошилади. 2003 йилда Чанчунь шаҳрида ўрта асрлар даврининг машҳур муссаввири, миниатюра рассомчилигининг машҳур дарғаси Камолиддин Беҳзод ҳайкалининг очилиши ўзбек маданиятига нисбатан алоҳида ҳурмат белгиси бўлди.

Гуманитар алоқаларнинг кенгайиб бориши ҳақида фикр юритилар экан, ўзаро сайёҳлар алмашинуви соҳасидаги ижобий тамойил ҳақида ҳам тўхталиш жоиздир. 2009 йил июнь ойида «Ўзбектуризм» Миллий ком­пания­си ва ХХР Миллий сайёҳлик маъмурияти ўртасида имзоланган Ўзаро англашув меморандуми ҳамда Хитой томонидан республикамизга ХХР фуқаролари учун сайёҳлик йўналишидаги мамлакат мақомининг берилиши бу борадаги алоқаларнинг кенгайиб боришига хизмат қилмоқда.

Таълим соҳасидаги ҳамкорлик хусусида эса шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ўзбек ёшлари орасида хитой тилини ўрганишга бўлган интилиш йил сайин ўсиб бормоқда. Бу борада Тошкент шаҳрида 2005 йилдан бери фаолият кўрсатаётган Конфуций институтининг хизмати катта бўлмоқда. Мазкур институт кўплаб ёшларга хитой тилининг асосларини ўзлаштириш, Хитойнинг ўтмиши, маданияти ва замонавий тараққиёти билан яқиндан танишиш учун ажойиб имкониятларни яратмоқда. ­Самарқанд шаҳрида Самарқанд давлат чет тиллари институти базасида Конфуций институтининг филиалини очиш масаласи ишлаб чиқилмоқда. 2007 йилдан буён Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида Хитой томонидан беғараз ёрдам тариқасида тақдим этилган замонавий лингофон асбоб-ускуналари билан тўла жиҳозланган ­Хитой тили маркази муваффаққиятли фаолият кўрсатмоқда.

2012 йилдан буён Пекин чет тиллар университетида ўзбек тили ўқитилиши йўлга қўйилган. 2013 йилнинг 15 май куни Шанхайда Шанхай университети ҳузуридаги ШҲТ Жамоат дипломатияси илмий-тадқиқот инс­титути базасида «Ўзбекистон тадқиқотлари ва маърифий алмашувлар маркази»нинг очилиши маросими бўлиб ўтди. Яқин ойларда Шанхай шаҳрида буюк ўзбек шоири ва давлат арбоби Алишер Навоийнинг ҳайкали очилади.

Барча соҳалардаги икки томонлама алоқалар тараққиётининг барқарор ўсиш суръатларини ҳисобга олган ҳолда, шуни комил ишонч билан айтиш мумкинки, Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг Ўзбекистон Республикасига буюражак давлат ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро муносабатлар тарихида муҳим воқеа бўлади ҳамда у Ўзбекистон-Хитой стратегик шериклигининг янада мустаҳкамланиши, чуқурлашуви ва янги мазмун билан бойишига хизмат қилади.

«Жаҳон» АА



DB query error.
Please try later.