07.09.2013

«МЕН СЕНИ СЕВАМАН, ЎЗБЕКИСТОН, МЕН СЕНИ СЕВАМАН, САМАРҚАНД!»

«Шарқ тароналари» IX халқаро мусиқа фестивалининг Гран-При соҳиби ҳиндистонлик Рашми АГАРВАЛ дил сўзларини ана шундай изҳор этди

«Шарқ тароналари» IX халқаро мусиқа фестивалида ўзининг юксак ижрочилик маҳорати, ширали овози  билан томошабинлар олқишига ва ҳайъат аъзоларининг эътирофига сазовор бўлган ҳиндистонлик санъаткор билан интернет орқали боғланиб, суҳбатлашиш истагини билдирдик. У эса таклифимизни мамнуният билан қабул қилди.

— Менинг қалбимда Сизнинг юртингиз билан боғлиқ унутилмас хотиралар қолди, — дея сўз бошлади ҳиндистонлик хонанда. — Ишонасизми, жисман Ҳиндистонда бўлсам ҳам юрагим ҳамон Ўзбекистонда. Мен ўзбек халқини, Ўзбекистонни ҳеч қачон унутмайман. Ватанингиз — тинч, кўчалар — тоза. Бу ҳар қандай одамнинг кайфиятига ижобий таъсир қилади. Мен тарихий китоб­лар орқали Ўзбекистон тарихи ҳақида кўп ўқигандим. Айниқса, Бобурийлар давлатининг асоси сизнинг юртингизда пайдо бўлгани эътиборимни тортганди. Ўзбекистон халқи — дунёдаги энг тинчликсевар халқлардан бири. Юртдошларингиз биз, санъаткорларга керак бўлган барча қулайликларни яратишга интилишди. Ўзбек ошхонаси жуда маъқул бўлди. Таомлар жуда мазали.   

Ватанингизда ўтказган вақтимиз давомида ҳеч қандай муаммога дуч келганимиз йўқ. Мен вақтимни жуда ҳам яхши, мазмунли ўтказдим. Санъаткор учун бундай фестивалда қатнашиш — катта бахт. Дун­ёнинг турли чеккасидан келган хонандаларнинг қўшиқларини тингладик, уларнинг маданияти билан танишдик. Бу борада Ўзбекистон катта тажрибага эга бўлиб бормоқда. Менда Ўзбекистонга бориш имконияти яна пайдо бўлса, бу ишни албатта амалга ошираман. Мен илк борган пайтимдаёқ бу юртни яхши кўриб қолдим, бемалол айта оламанки, бу ҳиссиёт мени ҳеч қачон тарк этмайди.  Ўзбекистонга бўлган меҳрим баланд ва ўзгармайди. 

— «Шарқ тароналари» фестивалида кучли санъаткорлар кўп эди. Саҳнага чиққанда ўзингизни қандай ҳис этдингиз?

Агар сиз кучли ижодкорлар орасига тушиб қолсангиз, ўзингизнинг энг яхши жиҳатларингизни кўрсатишга ҳаракат қиласиз. Менда ҳам худди шундай бўлди. «Шарқ тароналари»да дунёнинг энг кучли санъаткорлари йиғилган эди. Ана шундай ҳолатда мендан ўзимнинг бор имкониятларимни намойиш этиш талаб этиларди. Мен буни уддалай олдим, деб ўйлайман.

— Афсонавий Самарқанд шаҳри ҳақида нима дея оласиз?

— Самарқанд — тамоман бетакрор шаҳар. Регистон майдони, Амир ­Темур мақбараси, Биби Хоним масжиди, Имом ал-Бухорий зиёратгоҳи... Мен илгари булар ҳақида кўп эшитганман, ўқиганман. Аммо Ўзбекистонга келиб билдимки, бу жойлар мен ўйлаганимдан ҳам чиройлироқ, маҳобатлироқ экан. Самарқанд меваларининг таъми ҳам умуман бошқача. Самар­қанд нони эса — алоҳида мавзу. Бунақа ширин нон бутун дунёда бўлмаса керак. ­Самарқанд аҳолисининг бахтли эканлиги уларнинг юзидан кўриниб турибди. Уларга боққанда сиз ўзингизни хотиржам ҳис қила бошлайсиз. Айтганча, бу тарихий шаҳарнинг аёллари жуда ҳам чиройли экан.

Мен Ўзбекистонга ўз гуруҳим билан бордим. Кўришга улгурган жойларим менда чуқур таассурот қолдирди. Келаси сафар бу жаннатмакон диёрга оилам билан келишни ният қилдим.

—      Ўзбек қўшиқчилик санъати ҳақида нима дея оласиз?

Ўзбек халқининг санъати ва маданиятига юксак баҳо берилиши бежиз эмас. Юртингиздаги маданий бойликлар, такрорланмас музейлар, галереялар ва театрлар билан ҳар қанча фахр­ланса арзийди. Ўзбекис­тон халқи, айниқса, аёлларнинг санъатсеварлиги эътиборимни торт­ди. Чиқишларим пайтида рақсга тушаётган одамларни кўрдим. Улар орасида болалар ҳам борлиги мени илҳомлантириб юборди. Улар менга қўшилиб бирга куйлашди. Бу жуда ҳам таъсирли, ҳаяжонли, фахр­ли...  

Сизни Гран-При соҳиби деб эълон қилишганида қалбингизда қандай ҳиссиётлар кечди?

— Бу бетакрор туйғу эди! Мукофотлардан бирига сазовор бўлишимни кўнглим сезганди. Мукофотлар эълон қилинаётган вақтда ҳаяжоним кучайиб кетди. Гран-При ғолиби сифатида мени эълон қилишганида гуруҳимиз билан туйган қувончимизни таърифлаш қийин. Бу чиндан ҳам, кутилмаган ҳол эди. Мен ҳиссиётлар оғушида қолдим, хурсандчилик ва бахт мени қуршаб олганди. Бир оғиз ҳам гапира олмадим. Нима қилишни билмай, қотиб қолдим. Мен бу ерда ватаним Ҳиндистон шарафини ҳимоя қилдим. Қўлга киритган Гран-При совринимни юртимга бағишлайман. Бу — мен учун катта шараф.

Регистон майдонида бундай сов­ринни қўлга киритиш ҳамма санъаткорга ҳам насиб этавермайди. Бундай нуфузли фестивалда қатнашишни ўзим учун фахр деб биламан! Самарқандда қўшиқ куйлаганимдан ғурурланаман. Мен Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовга алоҳида миннатдорлик билдираман. Айнан у киши «Шарқ тароналари»дек ажойиб фестивални ташкил этиб, бутун дунё санъаткорларини бир жойга жамлади. Ўзбекистон халқига ҳам меҳр ва қўллаб-қувватлаб турганликлари учун катта раҳмат! Улар мени ва гуруҳим аъзоларини кутганимиздан ҳам яхшироқ қўллаб туришди.

— Ўзбекистонда дўстларингиз борми?

Ўзбекистонга келган пайтимда бу ерда битта ҳам дўстим йўқ эди. Лекин ҳозир мухлисларим, дўстларим кўплигини айта оламан. Бир жиҳатни алоҳида таъкидлашим керак, бизнинг алоқаларимиз шунчаки дўстликдан иборат эмас. Ўзбек халқи билан бизни опа-укачилик, ака-сингилчилик муносабатлари боғлаб туради. Ишонаманки, биз бу алоқаларни охиригача ушлаб турамиз. Мен ўзимни Ўзбекистоннинг дўсти деб ҳисоблайман. Шунчаки эмас, энг яхши дўстлардан бири.

— Ўзбекистон халқига тилакларингиз?

— Мен халқингизга ҳаёти ҳар доим яхши бўлишини тилайман. Юртингиз дунёнинг энг ривожланган давлатлари қаторига тезроқ кирсин, халқингиз доимо бахтли ва аҳил яшасин. Худо хоҳласа, биз яна Самарқандда учрашамиз! Сўзим охирида шуни айтмоқчиман:

«МЕН СЕНИ СЕВАМАН, ЎЗБЕКИС­ТОН, МЕН СЕНИ СЕВАМАН, САМАРҚАНД!»

«Ўзбекистон овози» мухбири

Темур АЪЗАМ суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.