05.09.2013

ЛОЙИҲАЛАР ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАНМОҚДА

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда мазкур комиссия аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Мамлакатни жадал ривожлантиришнинг бугунги шароитида ННТлар ­Президентимиз Ислом Каримовнинг қўллаб-қувватлаши натижасида демократик қадриятлар, инсон ҳуқуқ ва эркинлиги, қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим омил бўлмоқда. Фуқароларнинг ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллиги ва сиёсий-ҳуқуқий маданиятини ошириш учун шароит яратиш, жамиятда манфаатлар тенглигини таъминлашга ёрдам бераётир. Мазкур жараёнда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамда унинг маблағларини бошқ­ариш бўйича Парламент комиссия­си муҳим ўрин тутмоқда. Улар ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари фаолиятини такомиллаштиришни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, ижтимоий аҳамиятга эга дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш учун маблағ ажратмоқда.

2008-2013 йилларда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари давлат бюджетидан давлат субсидиялари, ижтимоий буюртмалари ва грантлари шаклида 30 миллиард сўм миқдорида молиявий ёрдам олди.

Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси раиси А.Саидовнинг қайд этишича, ННТ ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг жорий йил 10 июндан 15 июлгача бўлиб ўтган иккита танловда давлат грантларини олиш учун тақдим этилган лойиҳаларини кўриб чиқиш муҳим масалалардан бири бўлди.

Тадбирда давлат грантини олиш учун «Шаҳарлар, маҳаллалар ва кўчаларни ободонлаштиришни яхшилаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш масалаларини ҳал этишда аҳоли ҳамда ННТлар фаоллигини ошириш» танлови якунлари бўйича 48 лойиҳани амалга оширишга 690 миллион сўм ажратишга қарор қилинди.

Парламент комиссияси «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати, «Келажак овози» ёшлар ташаббуслари маркази, Ёшларни иш билан таъминлашга кўмаклашувчи марказ ва бошқа ёшлар ташкилотлари фаолиятига алоҳида эътибор қаратди. Бу борада касб-ҳунар коллежларини битирган йигит-қизларни ишга жойлаштиришга қаратилган қатор ло­йиҳалар ҳаётга татбиқ этилаётгани қайд этилди.

Шунингдек, Парламент комиссияси ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари томонидан тегишли танловда иштирок этиш учун тақдим этилган 120 дан ортиқ лойиҳани кўриб чиқди. Ўрганишлар натижасида аҳамиятли деб топилган 43 лойиҳа танлаб олинди ва уларни амалга ошириш учун 600 миллион сўм ажратилди.

Мамлакатимизда ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари томонидан аҳолининг ижтимоий ёрдамга муҳтож қатламлари экологик маданиятини ошириш ва бандлигини таъминлаш, уларнинг даромад манбаларини кўпайтириш, таълим сифатини янада яхшилашга кўмаклашиш,  хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий мавқеини мустаҳкамлаш, қўшимча касб эгаллаши, ёшлар ўртасида соғ­лом турмуш тарзини тарғиб қилиш, экологик барқарорликка эришиш, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишни рағбатлантиришга қаратилган 359 лойиҳа амалга оширилаётир. Ушбу лойиҳаларнинг барчаси Парламент комиссияси томонидан қўллаб-қувватланди ва 2012-2013 йилларда бунинг учун  5 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилди. Йиғилишда яна 101 лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш учун 1 миллиард 290 миллион сўм ажратиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Меҳрибон МАМЕТОВА,

ЎзА мухбири.



DB query error.
Please try later.