Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
05.09.2013

БУЮК БУНЁДКОРЛИКЛАР, ЯНГИЛАНИШЛАР ЭЗГУ МАҚСАДЛАР ЙЎЛИДА

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультети магистратура босқичида ўқийман. Таътил мен учун ҳақиқий байрам. Сабаби, оёғим уйга, қалбим гўзал диёрга бошлайди. Янгиланишларни кўришга шошиламан. Ҳар гал Қорақалпоғистоним ажойиб совға ҳозирлайди. Ўз чиройини кўз-кўз қилади. Бу гал ҳам худди шундай бўлди. Нукусдаги янги аква парк реконструкция қилинибди. Марказий бозор эса мени жуда ҳайратлантирди. Айниқса, гиламдай тўшалган текис кўчалар манзилимга тезда элтди. Энди айтингчи, шундай гўзалликни кўриб, билиб туриб севинмай, фахрланмай, юртда юрт соғинчи билан яшамай бўладими? Фахру ифтихорим Қорақалпоғис­тоним, қудратли қалъам Нукусим. Қаерга борсам ҳам сени меҳринг мени ўзига тортиб туради.

Қумар БЕГНИЯЗОВА, Зулфия номидаги Давлат мукофоти лауреати,  ЎзХДП фаоли.

ТУРМУШИМИЗ ЯНАДА ОБОД БЎЛМОҚДА

Мустақиллик йилларида мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган турли давлат дастурларининг амалга оширилиши халқимиз ҳаётига реал таъсир этиб, ҳар бир фуқаронинг ўз умридан рози бўлиб яшашига хизмат қилмоқда. Айниқса, Обод турмуш йили Давлат дастурининг изчил амалга оширилиши юртимиз тараққиётида янги-янги саҳифалар очаяпти.

Қорақалпоғистон Республикаси бўйича мазкур дастур ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг олти ойи давомида 411 миллиард сўм, 38,1 миллион доллар, 199,9 минг евро миқдорида маблағ йўналтирилди. Бугунги кунда республика аҳолиси 1721,9 мингни ташкил қилса, унинг 989,7 мингги, яъни 57,5 фоизи меҳнатга лаёқатли кишилардир. Шундай экан, янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш масаласи долзарб аҳамиятга эга. Режага кўра, йил давомида қарийб 50 минг янги иш ўрни яратиш назарда тутилган эди. Ярим йилликда 25423 та янги иш ўрни ташкил этилди.

— Энг муҳими, одамларнинг иш ҳақи, даромадлари ошиб бораётгани, оиласи фаровонлиги таъминланаётгани, турмушимиз янада обод бўлаётганидир, — дейди Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон республика кенгаши раиси Қуват Қурбанбаев. — Амалга оширилаётган бу ислоҳотлар кишилар ҳаёти даражасини кўтаришга хизмат қилаётганини ҳам кўрсатади. Мисолларга қарайдиган бўлсак, Қорақалпоғистон Республикаси бўйича ўртача иш ҳақи шу йилнинг июнь ойида 733,2 минг сўмни ташкил этди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 119,2 фоизга ошган. Шунинг ўзи ҳам халқимизнинг ижтимоий ҳимояси йилдан-йилга кучайиб бораётганини кўрсатади.

Бизнинг партиямиз Дастурида аҳолининг ижтимоий ҳи­моя­га муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш, даромадларини ошириш, ўзи ва оиласи фаровонлигини таъминлаши учун шароит яратиб бериш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Қорақал­поғис­тонда амалга оширилаётган ўзгаришларга 30 минг нафарга яқин аъзони бирлаштирган партия ташкилотимиз, маҳаллий вакиллик ҳокимиятидаги қарийб 190 нафар депутатимиз ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшишга ҳаракат қилмоқда.

Ҳақиқатдан ҳам, улуғ мақсадларни кўзлаб бошланган ишлар мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ўз натижасини кўрсатмоқда. Президентимизнинг 2009 йил 3 августдаги «Қишлоқ жойларда уй-жой қурилиши кўламини кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қишлоқларимиз қиёфаси бутунлай ўзгаришига, обод бўлишига хизмат қилмоқда. Бугун қишлоқ ва овулларимизда одамларнинг ҳаёт тарзини бундан йигирма икки йил аввалгиси билан мутлақо таққослаб, қиёслаб бўлмайди.

2013 йилда Қарақалпоғистоннинг 13 та тумани 18 та массивида жами 550 та уй-жой қурилиши режалаштирилган. Бу уй-жойларда шаҳарлардагидек шарт-шароитлар яратилмоқда. Шу сабабли уйлар шунчаки қуриб қўйилмасдан, 16,1 км сув, 20,2 км табий газ қувурлари, 16,1 км электр тармоқлари тортиш, ҳамда 20,4 км йўл қурилиши жадал олиб борилмоқда. Шунингдек, 8 та массивда жами 14 та ижтимоий соҳа ва инфратузилма объекти қурилиши режалаштирилган. 4 та маҳалла гузари, 2 та савдо комплекси, 3 та бозор, 1 та новвойхона, 3 та маиший хизмат кўрсатиш мажмуаси, 1 та мини банк кишиларнинг оғирини енгил, узоғини яқин, мушкулини осонлатишга хизмат қилади.

— Мустақиллик туфайли Қорақалпоғистонда рўй берган ўзгаришлар, янгиланишларни сон-саноғи йўқ, — дейди «Қорақалпоғистон тонги» газетаси бош муҳаррири, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Гулистон Аннақличева. — Биргина энг чекка ҳудудлар, олис овулларда ҳам намунавий лойиҳалар асосида замонавий уй-жойлар қурилишини олайлик. Кенг, ёруғ, шинам ва озода, ҳар қандай оила муносиб турмуш кечириши учун барча қулайликларга эга бўлган уйларда яшаш — элнинг бахти, саодатидир.

Биз Ватан деганда, аввало, ўз уйимизни тушунамиз. Уй-жой масаласи халқимиз учун ҳар доим долзарб бўлиб келган. Энди бир холис баҳо берайлик. Бундан йигирма икки йил олдин қандай аҳволда яшардик, бугун қандай шароитларда ҳаёт кечираяпмиз? Бу саволга юртимизнинг ҳар бир фуқароси ўз ҳаёти мисолида жавоб бериши мумкин. Шунинг учун ўйлайманки, Президентимизнинг қишлоқ жойларида намунавий лойиҳалар асосида уй-жойлар қуриш ташаббуси халқимиз ҳаётини бутунлай янги босқичга олиб чиқди. Шу сабабли ҳаётимизнинг ҳар лаҳзаси мазмунли, гўзал ва бунданда улуғвор орзу-умидларга тўла.

ИҚтисодий ислоҲотлар самараси

Иқтисодий ислоҳотлар изчиллик билан олиб борилаётгани мамлакатимизда беқиёс ўзгаришлар, юксак марраларни забт этишда мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилмоқда. Қорақалпоғистон Республикасида ҳам иқтисодиёт йилдан-йил ўсиб бораяпти. Биргина жорий йилнинг олти ойида саноат моллари ишлаб чиқариш ҳажми 461,2 миллиард сўм, ёки ўсиш суръати ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 112,1 фоизни ташкил этди. Ҳудудий тасарруфдаги саноат корхоналари томонидан 97,5 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, 2012 йилнинг биринчи олти ойига нисбатан 113,8 фоизни ташкил қилди.

Шу рақамларнинг ўзи бир вақтлар фақат қишлоқ хўжалигига ихтисослашган, пахта хомашёси етиштириш асосий мақсад ҳисобланган Қорақалпоғистонда ҳам саноат жадал ривожланаётганининг ёрқин исботидир. Қолаверса, жорий йилнинг яримида халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш ҳажми 152,6 миллиард сўм ёки ўсиш суръати 119,5 фоизни, кишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми 266,6 миллиард сўм ёки ўсиш суръати 109,2 фоизни ташкил этди.

Президентимизнинг Вазирлар Маҳкамаси мажлисида белгилаб берган вазифаларни амалга ошириш мақсадида 2013-2015 йилларда Қорақалпоғис­тонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури ишлаб чиқилди. Мазкур дастур доирасида 2013-2015 йилларда саноат, сервис ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида умумий қиймати 387,2 миллион долларга тенг бўлган жами 3225 та лойиҳа амалга оширилиши ва 13 мингдан ортиқ янги иш ўрни ташкил этилиши режалаштирилган.

Президентимизнинг 2010 йил 15 декабр­даги «2011-2015 йилларда Ўзбекистон Республикаси саноатини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисида»ги Қарорининг бажарилиши бўйича Қорақалпоғис­тон Республикасида 2011-2015 йилларда жами 102 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган бўлиб, уларнинг 45 таси озиқ-овқат ва 57 таси ноозиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан боғлиқ лойиҳалардир. Дастур бўйича 2011-2012 йилларда ва 2013 йилнинг январь-июнь ойларида жами 90 та лойиҳа амалга оширилиб, 55,2 миллион долларлик инвес­тициялар ўзлаштирилди. Бунинг натижасида 1174 та янги иш ўрни яратилди.

Амударё туманидаги «Мангит ип-йигирув фабрикаси» базасида Буюк Британиянинг «Welroy Technology LLP» компанияси томонидан масъулияти чекланган жамият шаклидаги 8 минг тонна ип-калава ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган «AMU­DARYTEX» хорижий корхонаси ташкил қилинди. Бугунги кунда жами 32,6 миллион евролик ускуналар тўлиқ олиб келинди.

Амударё туманидаги «ASIA SILK» шўъба корхонасида лойиҳа қиймати 800 минг долларлик трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ишлари олиб борилмоқда. Лойиҳа амалга оширилиши натижасида йилига 1800 тонна трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилади ва 50 та янги иш ўрни очилади.

Буларнинг барчаси иқтисодий ислоҳотлар самараси исботидир. Янги корхоналар нафақат иқтисодий тараққиёт, балки юзлаб янги иш ўринлари очилиши орқали минглаб кишиларнинг турмушига бевосита таъсир кўрсатади, ҳамюртларимиз ғурурини оширади, фахр-ифтихорини кучайтиради.

Равон йЎллар

Мамлакатда кишилар ҳаёти даражаси, иқтисодиёт юксалиши, давлатнинг обрў-эътиборини, юртнинг ободлигини кўрсатадиган муҳим омиллардан бири шубҳасиз йўллардир. Истиқлолга эришганимиздан сўнг замонавий йўл қурилишига жуда катта эътибор берила бошланди. Қорақалпоғистон Республикасида ҳам бу ишлар жадал олиб борилмоқда.

Халқаро аҳамиятдаги автомобиль йўлларида (А-380 «Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу» йўлининг тегишли қисмларида) 50,7 миллиард сўмлик иш бажарилиб, 40 км йўл қисми фойдаланишга топширилди.

Шунингдек, давлат аҳамиятдаги автомобиль йўлларининг тўла ва ўрта таъмирлаш ишлари бўйича 2013 йил январь-июнь ойларида 2,3 миллиард сўмлик капитал таъмирлаш ишларини амалга ошириш белгиланган. Манзилли дастурга киритилган 11 та объектдан 6 та объект бўйича 1 июль ҳолатига 1,7 миллиард сўмлик иш бажарилган ва 5 км йўл қисми фойдаланишга топширилган.

Маҳаллий аҳамиятдаги йўлларни таъмирлаш бўйича
1 1,68 миллиард сўмлик иш бажарилиб, 3 км йўл қисми фойдаланишга топширилган.

Ички хўжаликлараро автомобиль йўлларининг 53,6 км қисмини таъмирлаш ишларига маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 5,5 миллиард сўм ажратилиши режалаштирилган бўлиб, 2,7 миллиард сўм ўзлаштирилиб, 17,2 км йўлда таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

Энг муҳими, нафақат йўллар текис ва равон бўлиб бораяпти, шу билан бирга, йўл инфратузилмаси ҳам изчил ривожланаяпти. 2013 йилда Ўзбекистон миллий автомагистрали бўйида 4 та йўл инфратузилма объекти қурилиши режалаштирилган. Айни пайтда бу борада ҳам жадал иш олиб борилмоқда.

БарҚарор янги иш Ўринлари

Кичик бизнес нафақат иқтисодиётимиз ривожи, балки ижтимоий масалаларни, жумладан партиямиз электорати муаммоларини ҳам бир вақтнинг ўзида ҳал қилиш борасида катта имкониятлар яратмоқда. Қорақалпоғистонда 2013 йилнинг биринчи ярмида 1296 та кичик бизнес субъекти ташкил этилди. Умуман, бу соҳани ривожлантириш ҳисобидан 18125 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган бўлиб, амалда 18505 та янги иш жойи вужудга келди. Бугунги кунда воҳада жами иш билан банд бўлганларнинг 72 фоизи айнан кичик бизнесда меҳнат қилади. Бу тармоқнинг ялпи ҳудудий маҳсулот ишлаб чиқаришдаги улуши 47,2 фоизга етди.

Қорақалпоғистон Республикаси тижорат банклари томонидан кичик бизнесни ривожлантириш мақсадида 2013 йилнинг олти ойида банкларнинг ўз маблағлари ҳисобидан 135,1 миллиард сўм миқдорида кредитлар ажратилди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 137 фоизни ташкил қилди.

— Партиямиз аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами манфаатини ҳимоя қилар экан, биз бу борада энг аввало мазкур қатлам вакиллари ўзини ўзи ижтимоий муҳофаза қилиши учун шароит яратиш масалаларига катта эътибор қаратаяпмиз, — дейди ЎзХДП Амударё туман кенгаши раиси Мақсуд Саъдуллаев. — Иш топишда қийналиб турган, жисмоний имконияти чекланган кишилар, кўп болали, кам даромадли оилалар вакиллари, уйда ўтирган аёллар, касб-ҳунар коллежларини битирган ёшларнинг кўпчилигида бирор-бир иш бошлаш, хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга интилиш бор. Фақат уларга озгина сармоя керак. Биз турли ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда уларни қўллаб-қувватлаб бораяпмиз.

Масалан, шу йилнинг май ойи охирида тижорат банклари ва бошқа ташкилотлар иштирокида «Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш ва уларнинг бандлигини таъминлаш» мавзусида ижтимоий-иқтисодий форум ўтказдик. Унда 100 нафарга яқин битирувчи ўз бизнес лойиҳалари билан иштирок этди. Шундан 77 нафар йигит-қизга ҳунармандчилик, касаначилик, хизмат кўрсатиш ва сервис, чорвачилик, паррандачилик соҳаларида ўз фаолиятини йўлга қўйиши учун имтиёзли микрокредитлар ажратиш бўйича тижорат банкларининг сертификатлари топширилди. Айни пайтда уларнинг кўпчилиги ўз ишини йўлга қўйди.

ЭЛЕКТОРАТ МАНФААТИ ҲИМОЯСИ

Минтақада ислоҳотларни изчил амалга ошириш, уларнинг ижтимоий самарадорлигини таъминлашда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон республика кенгаши, депутатлик тузилмаларининг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Партиянинг барча ташаббуслари аҳолининг ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд қатлами ҳаёти даражасини кўтариш нуқтаи назаридан амалга оширилмоқда.

— Партиямиз электорати манфаатларини ҳимоя қилишда энг самарали йўл вакиллик ҳокимиятининг имкониятларидан, ундаги депутатларимиз ваколатларидан самарали фойдаланишдир, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги ЎзХДП фракцияси раҳбари Қазақбай Жанибеков. — Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига партиямиздан сайланган 24 нафар, халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларидаги 165 нафар депутат электорат манфаатларини самарали ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Жорий йилнинг олти ойида депутатлик гуруҳларимиз жойларда ЎзХДП сайловолди дастурида белгиланган вазифаларга мувофиқ тарзда 13 та масалани ўрганди. Шундан 4 таси сессиялар муҳокамасига олиб чиқилди, 9 таси тегишли доимий комиссияларда муҳокама этилиб, сессиялар кун тартибига киритиш учун тавсия қилинди.

Биз кўтараётган масалалар нафақат жойларда партиямиз электорати манфаатини ҳимоя қилиш, балки ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш билан бевосита боғлиқ. Шу сабабли депутатлик гуруҳларининг ишларини такомиллаштириш, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришдаги аниқ вазифаларни ва партия электорати муаммоларини ижобий ҳал этишдаги таъсирини кучайтириш, шунингдек, уларнинг ишлари сифатини ҳам ошириш лозим.

— Сиёсий партияларнинг куч ва салоҳияти кўп жиҳатдан депутатлик гуруҳлари амалга ошираётган ишлар билан белгиланади, — дейди Беруний туман партия кенгаши раиси Халилла Ешимбетов. — Депутатлар фаол ва ташаббускор бўлса, партия электорати манфаати ҳимояси шунчалик самарали таъминланади. Халқ депутатлари туман Кенгашининг 30 нафар депутатидан 18 нафари Ўзбекистон ХДП вакилларидир. 2648 нафар аъзо 51 бошланғич ташкилотга бирлашган. Депутатлик назорати натижасида 4 маҳаллада 1600 хонадоннинг табиий газ билан таъминланиши янада яхшиланди. Депутатлик гуруҳимиз фаолиятидан бундай мисолларни кўп келтириш мумкин. Муҳими, аҳоли турмуш фаровонлигига хизмат қилувчи масалаларни ўрганиб, сессияларга олиб чи­қаёт­ганимиз, сессия қарорлари бажарилишини назорат қилиш орқали ижтимоий масалалар жойида ва ўз вақтида ечим топишига эришаётганимиздир...

Бугунги ёруғ кунларга, ютуқ ва марраларга эришимизнинг энг асосий омили мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик, меҳр-оқибат, миллатлараро тотувлик, албатта. Бундай юртда одамлар бунёдкорлик, яратувчанлик кайфияти, эзгу орзу умидлар, янада баланд марраларни забт этиш иштиёқи билан яшайди. Бундай юртда тараққиёт, юксалиш ва фаровонлик бардавом бўлади. Бундай юртда эл чинакам бахт-саодатга эришади.

Рейимбой ЕШИМБЕТОВ,

Мнажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбирлари.



DB query error.
Please try later.