Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
05.09.2013

ЎЗБЕКЧА САЛОМГА ЯПОНЧА РАҲМАТ

— Э, сиз Ўзбекистонданмисиз? Жуда чиройли, жаннатмакон юрт! Одамлари меҳмондўст, дастурхони тўкин!

Хорижда юрган одам учун юрти, халқи ҳақидаги эътирофдан бошқа ёқимли сўз бўлмаса керак. Япония Халқаро Ҳамкорлик Ташкилоти томонидан ташкил этилган «Кичик бизнесни ривожлантириш тамойиллари» ўқув курсида қатнашиш учун Японияга йўл олар эканман, жуда қаттиқ ҳаяжонда эдим. Сабаби — Ўзбекистонда тадбиркорлик субъектларига яратилган шарт-шароитлар, хорижлик сармоядорлар учун берилаётган имтиёзлар тўғрисида хорижлик ишбилармонлар, профессор ва талабалар ўртасида инглиз тилида тақдимот қилиш масъулиятини ҳис қилиб тургандим.

Менинг тақдимотим энг охирига қўйилганлиги учун бошқа давлатлардаги қонунчилик имтиёзлари, тадбиркорлар учун яратилган шарт-шароитлар, экспорт-импорт шартларини тинглаб ўтириб, беихтиёр ўзим тайёрлаган тақдимотдаги рақамлар билан солиштира бошладим. Юртимизда қулай бизнес юритиш мақсадида амалга оширилаётган ишлар салоҳияти, хорижлик сармоя­дорлар учун берилган имтиёзлар акс этган рақамлар бошқа давлатларникига қараганда анча юқори эди. Мен «Нотўғри ёзиб қўймадиммикан?» деган ўй билан, беихтиёр интернет орқали ушбу рақамларни қайтадан текшира бошладим. Йўқ, ҳаммаси тўғри.

«Ассалому алайкум», яъни ўзбекчасига бу сизга ва сизнинг хонадонингизга тинчлик тилайман, деб сўз бошладим. Бош­қалардан фарқли равишда, ўзбек тилида бошланган саломлашишдан сўнг залда сув қўйгандек жим-житлик пайдо бўлди. Тақдимотда мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, кичик бизнесни ривожлантириш борасида қабул қилинган қонунлар, яратилган имтиёзлар, эркин индустриал зоналар, хорижлик сармоядорлар иштирокида фаолият кўрсатаётган қўшма корхоналар, автомобиль ишлаб чиқариш заводлари, қишлоқларда қурилаётган уй-жойлар тўғрисида батафсил сўзлаб бердим, фотосуратларни кўрсатдим. Якунда юртимиздан олиб борган миллий қандолатчилик маҳсулотларини тингловчиларга совға сифатида тақдим қилдим.

Тақдимот бошлангандан бери бошқа иштирокчиларга тинмай саволлар бераётган япониялик профессор соф ўзбек тилида «Катта раҳмат!» деганида бутун зал ўрнидан туриб қарсак чалди. «Мен Ўзбекистонда бўлганман», дея япон тилида давом этиб, Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган ишлар, хусусан, бош­қа давлатларга ўхшамаган, ўзига хос янгиликлар, масалан, ҳар бир йилнинг маълум бир ном билан аталиши, оилавий тадбиркорлик соҳасига алоҳида эътибор қаратилиб, қонун қабул қилинганлиги, бу эса бошқа давлатларга ўрнак бўлиши ҳақида тўлқинланиб гапирди.

Яна бир профессор мен кийиб олган миллий атлас табиий мато эканлиги, шойи ишлаб чиқариш Ўзбекистонда ривожланганлиги тўғрисида, франциялик талаба эса Самарқанддаги «Шоҳи Зинда» мақбараси ҳақида ўтирганларга маълумот бера кетди. Бош­қа профессор мен олиб борган миллий қандолатчилик маҳсулотлари Тошкентнинг эски шаҳар мавзесида тайёрланиши, бу маҳсулотларнинг экологик тоза, кимёвий моддалар қўшилмасдан меъёрига етказилганлиги тўғрисида гапирди.

Ўзбекистон ҳақидаги тақдимотдан сўнг залда пайдо бўлган жонланишни кўриб, журналистлар ҳам кетма-кет суратга ола кетишди.

Мен эса хурсандчилигимдан кўз ёшларимни тўхтата олмай қолдим. Сўнгги йилларда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, ёшларга, тадбиркорликка бўлган эътибор, ҳар йили юртимизда ўтказилаётган халқаро конференциялар, маданият ҳафталиклари тўғрисида хорижликларнинг тўлқинланиб гапиришлари менга бундан 20 йил аввалги ҳолатни эслашга мажбур қилди: 1993-94 йилларда АҚШга «Акселс» дастури орқали 12-синфга ўқишга борганимда, мендан «Ўзбекистонда телевизор борми?», «Сизлар ҳам машиналарда юрасизларми?», «Ўзбекистон қаерда жойлашган?» дея сўрашганда, жуда қаттиқ ўкингандим: «Нега менинг юртимни ҳеч ким билмайди?..»

Мана, орадан 20 йил ўтгач, хорижликлар нафақат Ўзбекистон деган юртни таниши, балки Самарқанддаги «Шоҳи Зинда» мақбараси тарихию, Тошкентнинг «Эски шаҳар» мавзесида тайёрланган маҳсулотларгача билишаётгани, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни бошқа давлатларга ўрнак қилиб кўрсатишаётгани мен учун жуда катта фахр эди. Бутун ўқишим давомида қайси корхона раҳбари билан учрашмай, завод ишчилари билан гаплашмай, Ўзбекистонданман, десам, «Ҳа, Ўзбекистон жуда чиройли диёр», дея гап бошлашса, гуруҳимиздаги бошқа давлатлар вакиллари менга ҳавас билан қарашаётганини сездим.

Бутун дунё мамлакатимизда амалга оширилган ишларнинг салоҳиятини тан олаётгани, ЎЗБЕКни таниётганини кўриш мени мус­тақиллигимизни янада қадрлашга ўргатди.

* * *

Гуруҳ раҳбари «Ким мактаб ўқувчилари учун ўз миллий ўйинлари, рақсларини кўрсатиб бера олади?» дея сўради. Гуруҳимиздан фақат мен хоразмча рақс ва миллий ўйинимиз — «Оқ теракми, кўк терак»ни мактаб ўқувчиларига кўрсатиб беришга тайёргарлик кўрадиган бўлдим. Интернет ор­қали «Хоразм лазгиси»нинг энг чиройли ижросини топдим.

Мактабга кириб борар эканмиз, у ерда йил якуни бўйича  фестиваль бўлаётганининг шоҳиди бўлдик. Мен юқори синф ўқувчиларидан иборат кичкина гуруҳ тузиб, уларга рақс ҳаракатларини ўргата бошладим. Қисқа тайёргарликдан сўнг мактаб ҳовлисида «Лазги» баралла янграй бошлади. Япон ўқувчиларининг ўзбекча рақс тушаётгани нафақат мени, балки гуруҳимиздаги бошқа давлат вакилларини ҳам ҳаяжонга солди. Айниқса, уларнинг бир-бирлари билан талашиб суратга тушишларини кўриш мароқли эди. Ўзбек миллий ўйини бўлган — «Оқ теракми, кўк терак»ни япон тилида айтиб ўйнаш, нафақат ўқувчилар, балки ўқитувчилар, ота-оналар учун ҳам қизиқ туюлиб уларнинг биз билан ўйнашларига сабаб бўлди. Тадбир якунида мактаб директори ўзбекларнинг рақси, ўйини орқали халқимизнинг чаққон, қувноқ, тадбирли, уқувли эканлигини кашф қилганини таъкидлаб, Ўзбекистонга бўлган қизиқиши ортганлигини, келгуси йилда япон ўқувчилари билан Ўзбекистонга сафар қилиш истаги борлигини билдирди.

* * *

Мазкур япон мақоли «Кўчатни эксанг 10 йил ҳосил оласан, мутахассисларни «эксанг» — ўқитсанг 100 йил натижасини кўрасан» деган маънони англатади.

Ўқув курси давомида мен бу мақолнинг аҳамияти қанчалик катта эканлигини чуқур англадим. Айниқса, Хиросима шаҳрида жойлашган Кичик ва ўрта бизнес университетига борганимизда, мазкур университет ўз корхонаси, ташкилоти келажаги учун масъул бўлган раҳбар кадрларни тайёрлашга, ўқитишга катта эътибор қаратаётганлиги, катта маблағ, куч сарфлаётганлигига гувоҳ бўлдим.

Ўқув дастурлари мавзуси хилма-хил эканлигига қарамасдан, асосий мақсад ўзи ишлаётган ташкилотнинг муаммосини шахсий муаммосидек қабул қиладиган, корхонаси учун жонини фидо қилишга тайёр бўлган, мустақил фикрлайдиган ходимларни етиштириш экан. Мустақил фикрлайдиган ходим ким? Агар бундай ходим «яратиш»ни уч босқичли жараён сифатида кўрадиган бўлсак, биринчи босқичда қилиниши керак бўлган ишларни амалга ошириш, шу жумладан, пайдо бўлиши мумкин бўлган муаммоларни кўра билиш қобилиятига эга; иккинчи босқичда турли нуқтаи назарлар, фикрларни таҳлил қилиш ва энг маъқулини танлашга қодир; учинчи босқичда мазкур таҳлилларни амалда қўллаш ва натижаларини баҳолаш қобилиятига эга бўлган мутахассисларни тайёрлашни тушуниш мумкин.

Шу мақсад йўлида университет бир вақтнинг ўзида ўнлаб мавзуларда ўқув курсларини ташкил этади, чекка вилоятлардан келган корхона вакилларини ётоқхона билан таъминлайди, ҳар бир корхонада мавжуд бўлган муаммоларни уч босқичда таҳлил қилиш ва ҳал этишда амалий кўмак беради. Иштирокчиларга «Мустақил ходим» бўлишда амалий ёрдам бериш ва улар ўртасида ўзаро тараққиётни ривожлантириш мақсадида гуруҳлараро муҳокамаларга, интерактив баҳс-мунозараларга кенг аҳамият берилган. Шу билан бирга, Япония иқтисодиётига катта ҳисса қўшаётган, катта ҳаётий ва иш тажрибасига эга бўлган корхоналар раҳбарлари, ўз ишининг устаси ҳисобланган тадбиркорларни мазкур ўқув курсларига эксперт, тренер, ўқитувчи сифатида жалб этиш орқали университетнинг таълим даражаси, ўқув сифати кўтарилган.

Университетда амалга оширилаётган ишлар, кадрлар тайёрлашнинг ўзига хос услублари, натижаларидан шу даражада таъсирландимки, менинг Ўзбекистонда амалга оширишим зарур бўлган лойиҳам мавзуси ҳам «Ўзбекистонда кичик бизнес субъектлари учун университет ташкил этишнинг намунавий лойиҳаси» бўлди. Муҳими, мазкур лойиҳа Хиросима университети профессорлари томонидан юқори баҳоланди.

Профессор Кеничи Нохара Японияда бу университетлар 1957 йилда очилганлиги, 56 йил давомида бутун Япония бўйлаб 9 та университет фаолият кўрсатаётганлигига қарамасдан, мазкур даргоҳларда фақат Японияда фаолият кўрсатаётган тадбиркорлар ўқишаётганлигини маълум қиларкан, ҳали Ўзбекистонга нафақат Япониядан, балки бутун дунёдан тадбиркорлар келиб, Ўзбекистон тажрибасини ўрганишларига, мамлакатда тадбиркорлик субъ­ектлари учун Халқаро Университет очилишига ишонч билдириб, «Мени ҳам халқаро эксперт сифатида дарс беришга таклиф қилиш эсингиздан чиқмасин» дея қўшиб қўйди. Қувонарлиси, бу тўғрисида Ўзбекистон Савдо-саноат палатасига хат ҳам ёзиб юборди.           

 Дилфуза АБУЛҲАСАН,

 Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси эксперти.



DB query error.
Please try later.