03.09.2013

«ЭНГ МУҚАДДАС БОЙЛИГИМИЗ – ИСТИҚЛОЛИМИЗ!»

танлови ғолиблари тақдирланди

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши мамлакатимиз мустақиллигининг 22 йиллигига бағишлаб «Қадр-қимматим, таянчим ва ифтихоримсан, мустақил Ўзбекистон!» шиори остида эълон қилган «Энг муқаддас бойлигимиз – истиқлолимиз!» мавзуидаги танлов якунланди. Шу муносабат билан партия Марказий Кенгашида танлов ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди.

Унда Марказий Кенгаш масъул ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Тошкент шаҳар ҳамда вилоят партия кенгашлари фаоллари, «Ўзбекистон овози» ва «Голос Узбекистана» газеталари бирлашган таҳририяти ходимлари иштирок этди.

Танловдан кўзланган асосий мақ­сад Президентимизнинг «Ўзбе­кистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма икки йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги Қарори ижросида партиянинг самарали иштирокини таъминлаш, газеталаримиз саҳифаларида она юрт тақдирига дахлдорлик ҳисси билан йўғрилган, мазмунан теран, таҳлилий материалларни кўпайтириш, барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини янада кенгроқ тарғиб қилишдан иборат эди.

ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси Ҳотамжон Кетмонов тақдирлаш маросимини очар экан, Ватанимиз мус­тақиллигини мустаҳкамлаш, фуқароларда дахлдорлик ҳиссини, ор-номус, фахр-ифтихор, қадр-қиммат каби фазилатларни янада кучайтириш, уларни маҳорат билан ифода этиш, мамлакатимизда кечаётган жараёнларга холис баҳо бериш, партия нашрларида чоп этилаётган материаллар таъсирчанлигини оширишда бу каби танловлар муҳим ўрин тутишини алоҳида таъкидлади.

Танловга тақдим этилган мақолаларда мамлакатимизнинг ўзига хос ва ўзига мос тараққиёт йўли — ўзбек модели ўтган йиллар давомида юртимизда яшаётган ҳар қайси инсон, ҳар бир оила, бутун жамият ҳаётида синовдан ўтиб,  ҳар томонлама ўзини оқлагани чуқур очиб берилди. Шунингдек, халқимизнинг онгу тафаккури, дунё­қараши, меҳнатга, ҳаётга муносабати бутунлай ўзгариб, ўз кучи ва имкониятларига ишончи мустаҳкамланиб бораётгани акс эттирилди. Танловда нафақат «Ўзбекистон овози» ва «Голос Узбекистана» газеталари, минтақавий партия кенгашлари нашр­ларининг ижодий ходимлари, партия фаоллари, балки таниқли олимлар, ёзувчилар ўзларининг 50 га яқин мақолалари билан иштирок этди.

Худойберди ТЎХТАБОЕВ, Ўзбекистон халқ ёзувчиси:

– Мен кўп жойларда учрашувларда бўламан. Одамларнинг ўй-фикр­лари, орзу-умидлари, турмуши, фаолияти билан қизиқаман. Улар билан суҳбатлашиб, ўз ҳаётидан рози эканликларидан қувонаман. Мана, яқинда Тошкент вилоятининг Пскент, Оҳангарон, Зангиота туманларида бўлдим. Очиғи, ёшларнинг ғайрати, шижоати, меҳнатга иштиёқини ўз кўзим билан кўриб, уларга ҳавасим келди. Ўзимнинг ёшлигим, қандай шароитда ўсиб-улғайганимиз билан бугунги кунни хаёлан таққослаб кўрмоқчи бўлдим. Аммо ўша давр билан мустақиллик замонини қиёслаб бўлмади. Бунинг иложи йўқ.

Фермерлар, деҳқонларнинг кўпи — ёшлар. Бири боғдорчилик қилган, бошқа бири полиз маҳсулотлари етиштириб юртдошларимиз дастурхонини безатиш билан маш­ғул. Ёзган мақолаларимда эл хизматидаги истиқлол фарзандларининг фидойилиги, жонкуярлигини, оиласи, рўзғори бутлиги, жамият ривожига ҳисса қўшиш учун интилиши, жойларда ислоҳотлар ўзининг шунчалик самарасини бераётгани, уларнинг барчаси одамлар турмуш тарзида ўз ифодасини топаётганини ифодалашга ҳаракат қилдим. Шунга қайта-қайта амин бўлдимки, халқимизнинг бунёдкорлик фазилатлари янада жўш уриб, турмуш тарзимиз бутунлай ўзгариб бораяпти.

Комила КАРОМОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

– Айни кунларда мустақиллигимизнинг 22 йиллиги юртимиз бўйлаб кенг нишонланмоқда. Бу улуғ байрамни муносиб кутиб олишга партиямиз ҳам муносиб ҳисса қўшишга интилгани қувонарли. Партия Марказий Кенгаши ташаббуси билан ўтказилган «Энг муқаддас бойлигимиз — истиқлолимиз!» танлови ҳам фикримизнинг далилидир. Чиндан ҳам, ҳаётимизда деярли ҳар куни бир ўзгариш, янгиланишга гувоҳ бўламиз. Аммо ҳар доим ҳам унинг моҳиятини, қандай мақсадларни кўзлаб амалга оширилаётганини чуқур ўйлаб, мушоҳада қилиб кўрмаймиз. Шундай экан, истиқлол йилларида эришилган ютуқлар, амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини одамларга тушунтириш, ёшлар онгига сингдиришда ёритилган мақолаларнинг аҳамияти катта бўлди, десам адашмайман.

Иброҳим ЖОНУЗОҚОВ, «Ўзбекистон овози» газетасининг Жиззах вилояти бўйича мухбири:

Биз одатда зафарлар, ютуқлар борасида сўз кетган чоғ, кўпинча чиройига-чирой қўшилаётган ша­ҳару қишлоқларимиз, гуркираб ўсаётган иқтисодиётимиз, қурилаётган йўл­лар, иншоотлар, хуллас, бунёдкорлик ишлари ҳақида гапирамиз. Жиззах вилояти мисолида ҳам бу каби ишлар ҳақида кўп гапириш мумкин. Айниқса, Президентимизнинг жорий йил 19 июнь куни ҳудудларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан яқиндан танишиш мақсадида вилоятимизга ташрифидан сўнг ободончилик ва бунёдкорлик ишлари янада авж олди. Бугун бутун вилоят ҳудуди ўзгача қиёфа касб этган. Туманларда янги турар-жой бинолари, ишлаб чиқариш корхоналари барпо этилаётгани, айниқса, қувонарли. Мен ёзган мақолаларда булар дарёдан томчидек акс этди, холос. Бундай тарихий ўзгаришлар ҳақида қанча ёзсак кам аслида.

Тадбирда, шунингдек, ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Шарбат Абдуллаева, «Ўзбекистон овози» газетаси бош муҳаррирининг биринчи ўринбосари Фаррух Ҳамроев сўзга чиқиб, танлов журналистлар, ижодкорлар ўртасида ижодий рақобат муҳитини, партия фаолларининг дахлдорлик туйғулари, фуқаролик позициясини ривожлантиришга хизмат қилганини, кейинги йилларда уни янада такомиллаштириб бориш зарурлигини таъкидлашди.

Танлов якунига кўра, Ўзбекистон Халқ ёзувчиси Худойберди Тўхтабоев биринчи, «Ўзбекистон овози» газетасининг Жиззах вилояти бўйича мухбири Иброҳим Жонузоқов иккинчи, ЎзХДП Тошкент вилоят кенгаши раиси ўринбосари Меҳрож Дархонов учинчи ўринни эгаллади. Рағбатлантирувчи мукофот «Қарақалпақстан ҳаўазы» газетасининг масъул котиби Кенесбай Сейдановга насиб этди. Ғолибларга ЎзХДП Марказий Кенгашининг қимматбаҳо совғалари топширилди. Шунингдек, турли номинациялар ғолиблари «Ўзбекистон овози» ва «Голос Узбекистана» газеталари бирлашган таҳририятининг эсдалик совғалари, партия Марказий Кенгашининг фахрий ёрлиқ ва дипломларига сазовар бўлишди.

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.