03.09.2013

УСТОЗ МУАЛЛИМНИНГ ҚУВОНЧИ

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ҳар бир инсоннинг меҳнатини муносиб қадрлаш, эл-юрт равнақи йўлидаги хизматларини рағбатлантириш эзгу анъанага айланди. Президентимиз фармонига мувофиқ энг улуғ, энг азиз байрамимиз — мустақиллигимизнинг 22 йиллиги арафасида бир гуруҳ юртдошларимиз Ватанимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирлангани бунинг ёрқин ифодасидир. Мукофотланганлар қаторида пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманидаги 40-умумтаълим мактабининг математика ва информатика фанлари ўқитувчиси Турғун Азларов ҳам бор. Президентимиз фармони билан бу устоз муаллим Ўзбекистон Қаҳрамони фахрий унвони билан тақдирланди.

— Ушбу қувончли хушхабарни эшитганимда наҳотки мендек оддий бир ўқитувчига давлатимизнинг энг юксак унвони берилган бўлса, деб ўйладим. Қалбимда чексиз ҳаяжон уйғонди, — дейди Ўзбекистон Қаҳрамони Турғун Азларов. — Мамлакатимизда мус­тақилликнинг дастлабки кунларидан мактабга, хусусан, ўқитувчилар меҳнатини эъзозлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани биз, педагогларни ёш авлод тарбияси йўлида янада катта ғайрат билан ишлашга унда­моқда.

Президентимиз Ислом ­Каримов «Юксак маънавият — енгилмас куч» китобида таъкидлаганидек, мактаб деган улуғ даргоҳнинг инсон ва жамият тараққиётидаги ҳиссаси ва таъсирини, нафақат ёшларимиз, балки бутун халқимиз келажагини ҳал қиладиган ўқитувчи ва мураббийлар меҳнатини ҳеч нарса билан ўлчаб, қиёслаб бўлмайди. Чунки ўқитувчи ва мураббийлар минглаб мурғак қалбларга эзгулик ёғдусини улашади, келажакка тийран нигоҳ ташлаб турган ўғил-қизларни мустақил фикрлашга, мустақил яшашга ўргатади.

Т.Азларов информатика фани бўйича мамлакатимизда кўзга кўринган мутахассислардан. Ўнлаб илмий-методик рисолалари, хусусан, 8-9-синфлар учун нашр этилган «Информатика ва ҳисоблаш техникаси асослари» фани бўйича дастур ва дарсликлари умумий ўрта таълим тизимида кенг қўлланилмоқда. Унинг муаллифлигида 1998-1999 йилларда мазкур фан бўйича дастур ишлаб чиқилиб, кенг доирада синовдан ўтказилди. Ушбу дас­турга мувофиқ 2001 йилда «Информатика ва ҳисоблаш техникаси асослари» фани бўйича 8-синфлар учун дарслик нашр этилди. Моҳир муаллим 2002 йилда Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими вазирликлари томонидан «Йилнинг энг яхши дарслиги ва ўқув адабиёти муаллифи», деб эътироф этилди.

Турғун Азларов умумий ўрта таълим тизимида информатика фанини ўқитиш жорий этила бошланган кундан ҳозиргача мактабда дарс бериш билан бирга, ўқитувчиларнинг малакасини ошириш, ўқув-методик адабиётларни тайёрлаш ишларида фаол иштирок этиб келмоқда. Қирқ йиллик фаолияти давомида замонавий ахборот технологиялари соҳаси бўйича юзлаб салоҳиятли кадрлар тайёрлашга катта ҳисса қўшди.

Бугунги шиддаткор даврда тараққиёт замонавий ахборот технологиялари ривожига ҳам боғлиқ. Бу информатика фани ўқитувчилари зиммасига катта масъулият юклайди. Буни чуқур англаган Турғун Азларов фанга доир дарслик мажмуалари яратиш, дастур ва режалар тузишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бугун унинг муаллифлигидаги ўнлаб рисолалар таълим тизимига самарали татбиқ этилаётир.

— Буюк аждодларимизнинг илму фандаги кашфиётлари бугунги авлодларни улуғликка ундамоқда, — дейди Т.Азларов. — Мамлакатимизда ахборот технологиялари ривожига катта эътибор қаратилаётгани ёшларимизни улуғ аждодларга муносиб фарзанд бўлиб камолга етишга руҳлантиради. Мустақиллик йилларида қўлга киритган ютуқларимиз ҳақида ўйлаганимда, аввало, таълим соҳасида юз берган буюк ўзгаришлар хаёлимдан ўтади. Чунки ана шу ўзгаришлар туфайли халқимизнинг дунёқараши, онгу тафаккури, келажакка ишончи мустаҳкамланди. Юртбошимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган бундай оламшумул ишлар замирида ҳеч кимдан кам бўлмаган авлодни камол топтиришдек эзгу мақсад мужассам. Бундан шу юртнинг бир фуқароси, оддий бир ўқитувчи сифатида чексиз фахрланаман.

Собиқ тузум даврида ёшларимизнинг тўғридан-тўғри жаҳон фан олимпиадасига бориб, юртимиз байроғини баланд кўтаришини ҳатто тасаввур қилолмасдик. Бугун истеъдодли ёшларимизнинг аниқ фанлар борасидаги илмий кашфиётлари жаҳонда тан олинишига кўникиб қолдик. Бунга шукрона келтириш билан бирга, уларнинг салмоғини янада ошириш йўлида ғайрат билан хизмат қилишимиз керак.

Тинчлик-осойишталик барқарор юртдагина юксалиш бўлади. Мустақиллик йилларида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида қурилган ё таъмирланган замонавий билим масканлари билан илгариги тангу тор мактаблар шароитини таққослаб кўрсак, бу ютуқлар замири, асоси бўй кўрсатади. Қай бир туманга ёки қишлоққа борсам, аввало, мактаблардаги информатика хоналари билан танишаман. Уларнинг шаҳардаги мактаблардан фарқи йўқ. Бугунги авлод учун булар балки оддий ҳолдек туюлар. Аммо уларнинг замиридаги саъй-ҳаракатлар, маблағларни ўйлаб кўрсак, бу ишлар ўз-ўзидан бўлмагани, халқ ибораси билан айтганда, осмондан тушмагани аён бўлади.

Т.Азларовнинг ўз касбига меҳри, тиришқоқлиги ва меҳнаткашлиги фарзандларига ҳам «юққан». Қизи Назокат Ворисова ота изидан бориб, 40-мактабда Турғун ака билан информатика фанидан дарс беради. Ўғиллари Акмалхўжа ва Акромхўжа информатика фанидан ўтказилган республика фан олимпиадаларида юқори ўринларни қўлга киритган. Айни пайтда мамлакатимиз иқтисо­диёт тармоқларида самарали хизмат қилаётир.

— Инсоннинг аввало оиласида тинчлик ва хотиржамлик, ишида барака, рўзғорида тўкинлик, ёнида оқил ва соғлом фарзандлари бўлса, ҳар қандай ютуқнинг салмоғи янада ортади, — дейди Турғун ака. — Бугун оилам, фарзанду невараларимнинг қувончи чексиз. Мамлакатимизда ҳар бир инсоннинг бахтли ҳаёт кечириши учун яратилаётган улкан шароитларнинг самарасини ўз оилам мисолида кўриб, қувонаман. Одамзот бу ёруғ дунёда яшар экан, фарзандларининг камолини кўришни орзу қилади. Бугун барча орзуларим ижобат бўлаётганига шукроналар айтаман.

...Турғун Азларовнинг Ўзбекис­тон Қаҳрамони бўлгани ҳақидаги хушхабар бир зумда бутун мамлакатимизга ёйилди. Муаллимнинг Кўкча даҳасидаги мўъжазгина ҳовлиси фарзандлари, ҳамкасблари, собиқ ўқувчилари, шогирдлари, қўни-қўшни, маҳалла-куй, узоқ-яқиндан келган меҳмонлар билан тўлди. Педагог меҳнатининг бундай юксак шарафлангани ҳар бир меҳмоннинг кўнглини тоғдек кўтарди. Таълимга эътибор — миллат келажагига эътибор эканини барча якдиллик билан таъкидлади.

Ҳа, бу юксак унвон Турғун ­Азларов яратган ва ўз меҳнати билан парваришлаб келаётган саховатли боғнинг тотли мевасидир.

Матназар ЭЛМУРОДОВ,

ЎзА мухбири.



DB query error.
Please try later.