Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Noyabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 31 1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 1 2
01.09.2013

ИРИНА БОКОВА: ОДАМЛАРИНГИЗ ТАРИХ, МАДАНИЯТ ВА УРФ-ОДАТЛАРИНГИЗНИ ҚАДРЛАШИ МЕНДА КАТТА ТААССУРОТ ҚОЛДИРДИ

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти — ЮНЕСКО Бош директори Ирина Бокова «Шарқ тароналари» IX халқаро мусиқа фестивали Матбуот маркази учун интервью берди.

— 27 августда фестивалнинг тантанали очилиш маросими бўлди. Унда Сиз бевосита иштирок этдингиз ва Президентимизнинг нутқини тингладингиз. Сизда қандай таассуротлар пай­до бўлди ва умуман мусиқа фестивалининг ривожланиш бос­қичлари тўғрисида фикрларингизни билдирсангиз.

— ЮНЕСКО томонидан қўл­лаб-қувватлаб келинаётган мазкур фестивалда қатнашиш менга хуш кайфият бағишлайди. Бу бизнинг Ўзбекистон билан ҳамкорликда амалга ошираётган лойиҳамиз. Бу йил ЮНЕСКО учун ўзига хос йил, номоддий маданий меросни асраш тўғрисидаги Конвенциянинг ўн йиллигини нишонлаймиз. Биз ҳар доим ЮНЕСКО маданий ме­росни асраш борасида қили­надиган саъйи-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашини таъкидлаб келамиз. Бунга Самарқанд шаҳри ёрқин мисол, бу шаҳардаги кўплаб ёдгорликлар дунё маданий меросидан муносиб ўрин эгаллаган. Албатта, тўққизинчи бор ўтказилаётган «Шарқ та­роналари» фестивали доирасида биргаликдаги ҳаракатларимиз ўзбек халқининг ўзлигига хос маданий меросини асрашга ҳисса қўшаётганини кўриш ме­ни қувонтиради. Фестивал­­да 50 дан ортиқ давлат вакиллари қатнашаяпти. Дунёнинг кўплаб давлатларида ўз анъаналарини бор гўзаллиги билан асрашга интилиш кучайиб бораётганига гувоҳ бўлиб турибмиз.

«Шарқ тароналари» фестивали­нинг очилиш маросимида бирин­чи бўлиб қатнашган ЮНЕСКО Бош директори эканлигимдан фахрланаман. Менда анъанавий ижрочилик, фольклорга бўлган эътибор катта таассурот қолдирди. Бу Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг табрик сў­зида ҳам ифодасини топди. Бу байрам — ўзбек маданий меросининг тантанаси, биз ранг-баранг либос, рақсларни кўрдик, қайсики улар байрамнинг мазмун-моҳиятини бор бўйи билан очиб беришга хизмат қилди. Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан келган санъаткорларнинг кенг қамровли, ранг-баранг концерт дастурини дунёнинг турли давлатларидан йиғилган фес­тиваль қатнашчилари катта ҳая­жон ва иштиёқ билан томоша қилишди.

— Сиз фестивалнинг тантанали очилиш маросимига миллий кийимимизда чиқдингиз. Бу барчани ҳайрон қолдирди ва ёқимли таассурот уйғотди. Либосни ўзингиз танладингизми?

— Президентингизга ўзбек хал­қи ва унинг анъаналарига ҳур­матим юксаклигини билдириш мақсадида шундай қилдим. Чиндан ҳам ўзбек миллий либоси жуда чиройли ва ажойиб тарзда тикилган. У менга ёқди, буни бошқалар ҳам сезганидан хурсандман.

— Кўп давлатларда бўлган­сиз, Самарқанд Сизни нима­си билан ҳайратга солди?

— Албатта, ўқиш, суратларини томоша қилиш ва ўз кўзинг билан кўрган нарса ўртасида катта фарқ бор. Самарқанд — ноёб шаҳар. Бу шаҳарда Амир Темур ва унинг авлодлари ҳукм­ронлиги даврида бунёд этилган гўзал бинолар, мадраса ва масжидлар сақланиб қолган. Бу ер­да ислом цивилизацияси тарихи, астрономия, фалсафа, адабиёт соҳаларида кашфиётлар қилинган. Улар шаҳар тарихида муҳим аҳамиятга эга. Шаҳардаги тарихий ёдгорликлар ҳайратга солди, аммо одамларингиз тарихингизни, маданият ва урф-одатларингизни қадр­лаши менда катта таассурот қолдирди. Бу, менинг назаримда, жуда муҳим аҳамиятга эга. Одамларингизнинг миллий урф-одатларга амал қилиши, тарих ва мада­ниятга ҳурмат билан муносабатда бўлиши мени ҳая­жонлантириб юборди. Мен ҳар доим таъкидлайман, агар одамлар ўз тарихини қадрласа ва унга мансублигини ҳис қилса, улар ўзга халқларнинг тарихига бағри­кенглик билан муноса­батда бў­лади. Шу боис бу фазилатни барчада тарбиялаш керак.

— Ўзбекистондаги ёдгорликларни таъмирлаш борасида қандай ҳамкорликларга эришилди? Бу борада қандай ишлар амалга ошири­лади?

— Биз биламизки, жуда кўп­лаб маданий бойликлар жойлашган Самарқандга ўхшаш катта шаҳарларда ўзига хос хусусиятлар бўлади. Бундай жойларда тарихий ёдгорликларга ҳам иқлим шароити, ҳам келиб-кетаётган сайёҳлар таъсир ўтказаётганини кўряпмиз. Бундан ташқари, ёдгорликларда табиий емирилиш жараёнлари кечади. Самарқандда ёдгорликларни асраш борасида катта ишлар қилинганига, бу ишлар давом этаётганига гувоҳ бўл­дик. Бу йўналишдаги ишларга катта аҳамият берилаётганини ҳам кўрдик. Лекин ёдгорликларни, маданий бойликларни асраш бўйича барча масалаларни ҳал қилдик, деб бўлмайди. Шу боис биз ёдгорликларни асраш, емирилишдан сақлаш ва уларни келгуси авлодларга етказиш борасида ҳукуматлар, маҳаллий ҳокимият ва экспертлар билан ҳамкорлик қилишга тайёрмиз.

— Фестиваль дастурига ижрочилар кўриги билан бирга илмий анжуман ҳам киритилган. Сизнингча, бу миллий маданиятларни асрашда қандай ўрин тутади?

— Фестивалнинг катта ютуғи ҳам шундаки, унда илмий анжуман ҳам ўтказилади. Ҳозирги кунда номоддий меросни асраш билан чекланиб бўлмайди, бу йўналишда амалга оширилган изланишларни ўрганиш ва тажриба алмашиш ҳам керак. Биз ЮНЕСКОдаги иш тажрибамиздан биламизки, меросни асраш номоддий меросни рўйхатга олишдан бошланади. Айрим давлатларда бу борада муаммолар юзага келмоқда, шу боис изланиш ва тажрибалардан хабардор бўлиш муҳим аҳамиятга эга. Маданиятлар бир-бирига таъсир қилади, айрим урфлар қўшни давлат ёки минтақага таъсир ўтказади. Шу боис биз етакчи ёки соф маданият бўлмайди деймиз. Ҳар бир давлатдаги маданият бошқа маданиятлар таъсирида шаклланган, айниқса, Буюк ипак йўлидаги мамлакатлар маданияти бўйича ўтказилаётган изланишларда шунга эътибор қаратиш лозим. Бу борада Ўрта Осиё маданияти  тарихи бўйича тақдим этилаётган долзарб лойиҳа-тадқиқотларни қўллаб-қувватлаб ке­лаяпмиз. Лекин халқаро ва минтақавий ҳамкорликларнинг ўз ўрни бор. Шу боис илмий анжуманлар дунёдаги миллий маданият тадқиқотчилари ва эксперт­лари учун катта манбадир. Айтиш мумкинки, бундай маданий ҳамкорликнинг ўрни беқиёс.

— Ташрифингиз давомида кўплаб мусиқий таълим муассасаларида ҳам бўлдингиз. Бундан кўзланган мақсад тўғрисида ҳам тўхталсангиз.

— Мен кўпроқ санъат соҳасидаги таълимга эътиборимни қаратдим. Бу ишлар менда катта таассурот қолдирди. Тошкент­даги В.Успенский номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейини, болалар мусиқа ва санъат мактабини бориб кўрдим. Мусиқани мактабдан бўш вақтда ўтиш тизими диққатимни тортди. Бу ЮНЕСКО вакиллари учун аҳамиятли, чунки биз кейинги вақтда бу йўналишдаги ишларга эътибор қаратяпмиз. Мисол учун, биз ҳар йили санъат таълимига бағишланган ҳафталик ўтказамиз. Бу ёшларнинг маънавий, маданий ва эстетик бойлигини, билимини оши­ришга, дунёқараши кенгайишига, ижодий имкониятлари ривожланишига, иқтидори юзага чиқишига ёрдам беради. Агар биз болаларда фикрлаш ва ишга ижодий ёндашиш қобилия­тини шакл­лантирсак, бу кейинчалик уларнинг танлаган касбида ўз самарасини беради. Шахсий ва жамоат ишларида фойдаси тегади.

— Сиз Самарқанднинг тарихий жойлари билан бирга ўз анъаналарига эга бозорларида ҳам бўлдингиз. Таассуротларингиз қандай?

— Самарқанд — икки ярим минг йил­дан зиёд тарихга эга бўлса-да, ҳамон навқирон шаҳар. Бу ерда бозорнинг ўзига хос анъаналари сақланиб қолган. Турмуш ўртоғим билан бозордан қуруқ мева харид қилдик. Менга бозорда савдолашиш керак дейишди, бу ишни эплай олмайман. Биз чамаси бозордаги барча ширинликлардан татиб кўрдик. Улар жуда мазали экан.

«Ўзбекистон овози» мухбири

Насиба СОБИРОВА тайёрлади.



DB query error.
Please try later.